Эксперт текширув ўтказиб бўлганидан кейин намуналарни муҳрланган ҳолда ўз хулосасига қўшиб қўяди.
Суриштирувчи ёки терговчи, суд муҳокамасида эса суд ва тарафлар эксперт тақдим қилган тажриба намуналарини кўздан кечирадилар, шундан сўнг улар ашёвий далил сифатида жиноят ишига қўшиб қўйилади.
1. Эксперт, тадқиқот ўтказиш чоғида зарур бўлса, турли моддий объектлардан тажриба учун намуна олишга ва уларни текширишга ҳақли. Бундай намуналарни эксперт бевосита ўзи ёхуд экспертиза муассасасининг бошқа мутахассислари ёрдамида олиши мумкин. Бу ҳақда эксперт алоҳида баённома тузади ёхуд ўз хулосасида кўрсатади.
2. Экспертиза жараёнида намуналар олишни кузатиш учун суриштирувчи ёки терговчи таклиф қилиниши ёхуд улар ўз ташаббуси билан ҳозир бўлиши мумкин. Бу ҳақда терговчи ва эксперт баённома тузади.
3. Эксперт томонидан олинган намуналар суриштирувчи, терговчи ёки суддан келган намуналар каби ўралган, имзоланиб муҳрланган ҳолда сақланади ва хулосага илова қилиниб тегишлича суриштирувчига, терговчига ёки судга юборилади. Бундай намуналар жиноят ишида ашёвий далил ҳисобланади.
196-модда. Намуналар олишда шахс ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши
Эксперт текшируви учун намуналар олишда қўлланиладиган усуллар ва илмий-техникавий воситалар инсон ҳаёти ва саломатлиги учун хавфсиз бўлиши лозим. Кучли оғриқ берадиган мураккаб тиббий тадбирлар ва усулларни қўллаш намуна олиниши лозим бўлган шахснинг розилиги билан, башарти у ўн олти ёшга тўлмаган ёки руҳий касал бўлса, унинг қонуний вакили, васийлари ёки ҳомийларининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.
Намуна олиш намуна олинувчини ечинтириб яланғочлаш билан боғлиқ бўлса, шифокор, бошқа мутахассис, холислар намуна олинувчи шахс билан бир жинсда бўлишлари лозим.
1. Намуна олишда қўлланилган услуб ва воситалар ҳақида намуна олинадиган шахсни хабардор қилиш ва ундан розилик олиш шарт. Агар намуна олинадиган шахс ўн олти ёшга тўлмаган ёки руҳий касал бўлса, бундай розилик унинг ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи қонуний вакиллари, васий ёки ҳомийларидан, у тарбияланаётган болалар муассасасининг маъмуриятидан олиниши керак.
2. Розилик олинмасдан, тегишинча далолатнома билан расмийлаштирилмасдан, намуна олиш процессуал қонун талабини бузиш деб ҳисобланади ва намуна мақбул эмаслиги сабабли, ундан фойдаланиб чиқарилган эксперт хулосаси шахсни айблаш учун далил тарзида асос бўлолмайди.
3. Намуна олиш шахснинг яланғоч бўлишини тақозо қилса, уни амалга оширишда иштирок этаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор, эксперт, мутахассис, холис ва бошқа шахслар намуна олинаётган шахс билан бир жинсда бўлиши шарт. Бу ахлоқ-одоб юзасидангина эмас, қонун талабларига кўра мажбурийдир. Унга риоя қилмаслик олинган намунани мақбул эмас деб ҳисоблаш учун асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |