286-модда. Ҳукмнинг фуқаровий даъво ва бошқа мулкий ундиришларбилан боғлиқ қисмини ижро этиш
Ҳукмнинг ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги ажримнинг фуқаровий даъвони қаноатлантиришга, шунингдек, бошқа мулкий ундиришларга оид қисми фуқаровий-процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ижро этилади.
1. Суд ҳукми ва ажримининг фуқаровий даъвони қаноатлантиришга, шунингдек, бошқа мулкий ундиришларга оид қисми фуқаровий-процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ижро этилади.
2. Ҳукмнинг фуқаровий даъвога оид қисми ФПКнинг 377-моддасида белгиланган муддат ичида мажбурий тартибда ижро этиш учун топширилиши мумкин.
34-БОБ. МОЛ-МУЛКНИ ЖАБРЛАНУВЧИ ЁКИ ФУҚАРОВИЙ ДАЪВОГАРГА ҚАЙТАРИШ
287-модда. Йўқолган мол-мулкни қайтариш
Жиноят содир этилиши натижасида жабрланувчи ёки юридик шахснинг йўқолган ва ашёвий далил деб эътироф этилган мол-мулки эгасига қайтарилиши лозим. Жабрланувчи вафот этган тақдирда унинг мол-мулки меросхўрларига, тугатилган юридик шахснинг мол-мулки эса, унинг ҳуқуқ ворисига ўтказилади.
Эгасини аниқлаб бўлмаган мол-мулк давлат эгалигига ўтказилади.
Мол-мулкни қайтариб бериш ёки уни давлат эгалигига ўтказиш суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ажримига асосан, иш тугатилганда эса, суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суднинг ажримига кўра амалга оширилади.
1. Суриштирувчи, терговчи, прокурорва суд иш бўйича айбланувчи ва судланувчидан жиноят натижасида зиён кўрган жабрланувчига унинг мол-мулкини қайтариб берилишини таъминлашлари, фуқаровий даъвогар деб тан олишлари ва тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб беришлари лозим.
2. Жиноят иши бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган жиноят нарсалари уларнинг эгаларига қайтарилиши лозим.
3. Жиноят содир этилиши ёки ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши натижасида мол-мулки йўқолган ёки шикастланган шахс вафот этган тақдирда жиноят процессида фуқаровий даъво қўзғатиш ва уни қувватлаш ҳуқуқига марҳумнинг меросхўрлари эгадирлар.
Йўқолган мол-мулк тугатилган юридик шахсга тегишли бўлиб, жиноят ишида ашёвий далил сифатида эътироф этилган бўлса, у ҳолда йўқолган мулк ушбу юридик шахснинг ворисларига қайтарилиши зарур.
Жиноят иши бўйича эгасини аниқлаб бўлмаган мол-мулк давлат эгалигига ўтказилиши лозим.
4. Суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ажримига асосан мол-мулк тегишлиги бўйича қайтариб берилади ёки у давлат эгалигига ўтказилади, иш тугатилганда эса бу ҳаракат суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суднинг ажримига кўраамалга оширилади.
5. Судда кўриладиган иш бўйича терговчи ёки прокурор мол-мулкни қайтариб бериш ёки уни давлат эгалигига ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши мумкин эмас. Бунга фақат суд ваколатли.
Do'stlaringiz bilan baham: |