385-модда. Айблов хулосаси билан келган жиноят иши
юзасидан прокурорнинг қарори
Прокурор ёки унинг ўринбосари айблов хулосаси билан келган жиноят ишини кўпи билан беш суткада кўриб чиқиши ва қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши шарт:
1) ишни судга юбориш учун асослар мавжуд деб топиб, айблов хулосасини тасдиқлаш;
2) ўз қарори билан айблов мазмунидан айрим бандларни чиқариб ташлаш, енгилроқ жиноятни назарда тутувчи қонунни қўллаш ва шу ўзгартиришлар билан айблов хулосасини тасдиқлаш;
3) қўшимча тергов ўтказиш учун ишни ўз кўрсатмалари билан терговчига қайтариш;
4) ишни юритишни тўхтатиш;
5) ишни тугатиш.
Башарти айбловни тўлдириш ёки уни оғирлаштириш томонига ёхуд ҳақиқий ҳолатларга кўра аввалги айбловдан жиддий фарқ қиладиган томонга ўзгартириш талаб қилинса, прокурор ёки унинг ўринбосари қўшимча ёки ўзгартирилган айб эълон қилиш учун ишни қўшимча терговга қайтаради.
1. Айблов хулосаси билан келган ишни прокурор ёки унинг ўринбосари беш суткадан кечиктирмай кўриб чиқиши ва айблов хулосасини тасдиқлаб ишни судга юбориши, асослар бўлса, - иш юритишни тўхтатиши, тугатиши ёки қўшимча терговга қайтариши лозим.
2. Қонунга кўра, айбни тўлдириш, оғирлаштириш ёки жиддий фарқ қиладиган мазмунда ўзгартириш лозим деб топса, прокурор ёки унинг ўринбосари ишни қўшимча терговга қайтаради. Башарти айбловни қисман камайтириш, енгиллаштириш зарур бўлса, бу ҳақда кўрсатиб айблов хулосасини тасдиқлайди. Бундай ўзгартиришларни прокурор ва унинг ўринбосари ўз қарори билан эътироф этиши амалиётда мақул ҳисобланади.
3. Суд муҳокамаси давомида бартараф этилиши мумкин бўлган камчиликлар сабабли жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш мақсадга мувофиқ эмас, чунки бу ишни имкон борича мазмунан тезроқ ҳал қилишга путур етказади.
4. Қонун талабларига кўра асослар мавжуд бўлса, прокурор ёки унинг ўринбосари унга айблов хулосаси билан келган жиноят ишини тўхтатиш ёки тугатиш тўғрисида 373-374-моддаларга биноан қарор қабул қилиб ёхуд бу ҳақда терговчига тегишли кўрсатма бериб, жиноят ишини терговчига қайтаришга ҳақли. Бу ҳақда терговчи иш бўйича ҳуқуқий манфаати бор шахсларга хабар беради ва уларнинг ҳуқуқларини тушунтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |