49-БОБ. ЖИНОЯТ ИШИНИ СУДДА КЎРИШ УЧУН ТАЙИНЛАШ
395-модда. Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ёхуд бошқачақарор қабул қилиш тартиби
Судья жиноят ишини айблов хулосаси билан ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш учун ишни судга юбориш тўғрисидаги қарор билан қабул қилиб олгач, қуйидаги ҳал қилув қарорларидан бирини қабул қилиш тўғрисида қарор (ажрим) чиқаради:
1) ишни судда кўриш учун тайинлаш тўғрисида;
2) жиноят иши юзасидан иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисида;
3) жиноят иши юзасидан иш юритишни тугатиш тўғрисида.
Ишни судда кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги ёхуд бошқача қарор қабул қилиш ҳақидаги масала судья томонидан иш судга келиб тушган кундан бошлаб етти суткадан кечиктирмай ҳал қилиниши лозим. Ушбу муддат шу суднинг раиси томонидан кўпи билан уч суткагача узайтирилиши мумкин. (ЎзР 27.12.1996 й. 357-I-сон Қонуни таҳриридаги модда)
1. Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш босқичида айбланувчининг айбдорлик масаласи ҳал этилмай, айблов хулосаси билан тамомланган жиноят иши материали, тиббий йўсиндаги мажбурий чораларини қўллаш масаласи суд мажлисидакўриб чиқиш учун асосларнинг етарли ёки етарли эмаслиги ҳал этилади. Судья иш материаллари билан танишиб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
1) жиноят иши барча талабларга тўлиқ жавоб беради деб ҳисобласа, уни судда кўриш учун тайинлаш тўғрисида;
2) суд муҳокамасида иш кўриш учун тўсқинлик мавжуд деб ҳисобласа, уни тўхтатиш тўғрисида;
3) ишни тугатиш учун асослар мавжуд деб ҳисобласа, уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
2. ЖПКнинг 401-моддаси бўйича жиноят ишини тугатиш фақат суд мажлисида амалга оширилади. ЖПКнинг 421-моддасида жиноят иши тугатилиб, оқлов ҳукми чиқарилади ёки асослар мавжуд бўлганида айбдорга жазо белгиламайдиган айблов ҳукми чиқарилади.
3. Ишни судда кўриш учун тайинлаш ёки бошқа мазмундаги қарорлар қабул қилиш, иш судга келиб тушган кундан эътиборан етти суткадан кечиктирмай ҳал қилиниши керак, иш ҳажмининг кўплиги муддатни узайтиришга асос бўлади. Суд раиси иш материалини ҳажмига кўра у билан танишиш муддатини уч суткага узайтириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |