13-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси томонидан мурожаатларга доир масалалар бўйича реал вақт режимида маслаҳатлар бериш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси негизида турли тармоқлар ва фаолият соҳаларидан малакали мутахассисларни маслаҳатчилар сифатида жалб этган ҳолда, мурожаатларга доир масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларга реал вақт режимида маслаҳат бериш амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси негизида реал вақт режимида маслаҳат бериш, бир томондан, маслаҳатчилар ўртасида, шунингдек бошқа томондан, ўзини қизиқтирадиган масала юзасидан тезкор тартибда ахборот олиш истагида бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўртасида ахборот айирбошлаш йўли билан таъминланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси негизида турли тармоқлар ва фаолият соҳаларидан малакали мутахассисларни маслаҳатчилар сифатида жалб этган ҳолда, мурожаатлар реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан давлат органларининг, ташкилотларининг ишонч, тезкор алоқа телефонлари орқали ва видеоконференцалоқа воситасида ҳам берилиши мумкин. Ҳозирги кунда жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини pm.gov.uz сайтидаги махсус мурожаат шаклини тўлдириш орқали, 0-800-210-00-00 мурожаатлар рақамига ёки 1000 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш ёки Халқ қабулхоналарига ташриф буюриб йўллаш имкониятига эга. Шунингдек, фуқаролар Виртуал қабулхонада шахсий кабинет очишлари мумкин. «Фуқароларнинг шахсий кабинети» модулидан кўзланган мақсад — фуқароларга виртуал қабулхона тизимида ишлашда юқорида даражада қулайлик яратиш, муайян шахснинг мурожаати билан боғлиқ барча ёзишмаларни бир жойда сақлашдан иборат. Шахсий кабинетга эга бўлган мурожаат қилувчилар ҳар бир янги мурожаатни юборишда шахсий маълумотларни такроран киритишларига зарурат туғилмайди. Шахсий кабинетда мурожаатчининг давлат органлари билан барча ёзишмалари (барча мурожаатлар ва жавоб хатлари) сақланади, бу эса аниқ мурожаатни ва унга жавобни топиш жараёнини осонлаштиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |