Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимға кеча тонг отгунча уйқу келмади.
Лаҳза-лаҳза чиқдиму, чекдим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаю, ул шўхи бадхў келмади.
Оразидек ойдин эрконда гар этти эҳтиёт,
Рўзғоримдек ҳам ўлғонда қоронғу келмади.
Ул париваш ҳажридинким, йиғладим девонавор,
Кимса бормуким, анга кўрганда кулгу келмади.
Кўзларингдин неча сув келгай, деб ўлтурманг мени,
Ким бори қон эрди келган, бу кеча сув келмади.
Толиби содиқ топилмас, йўқса ким қўйди қадам,
Йўлғаким, аввалқадам маъшуқе ўтру келмади.
Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглин уйин,
Не учунким, бода келган уйга қайғу келмади…
Do'stlaringiz bilan baham: |