Кириш магистрлик диссертация мавзусининг асосланиши ва унинг долзарблиги


§3.3. Ўзбекистон иқтисодиётнинг инновацион рақобатбардош-лигини такомиллаштириш йўллари


Download 0.77 Mb.
bet22/26
Sana09.04.2023
Hajmi0.77 Mb.
#1344074
TuriДиссертация
1   ...   18   19   20   21   22   23   24   25   26
Bog'liq
O\'zbekistonda-ijtimoiy-iqtisodiy-rivojlanishining-asosiy-makroiqtisodiy-ko\'rsatkichlari

§3.3. Ўзбекистон иқтисодиётнинг инновацион рақобатбардош-лигини такомиллаштириш йўллари
Бозор иқтисодиёти шароитида миллий иқтисодиётнинг инновацион рақобатбардошлик муҳитини шакллантириш узоқ муддатли ва мураккаб жараён бўлиб, у жуда кўплаб омилларнинг таъсири остида боради. Миллий иқтисодиётни таркибий жиҳатдан қайта қуриш зарурлиги энг аввало таркибий ўзгаришларни иқтисодиётнинг устувор тармоқларида амалга ошириш, уларнинг мақсад ва вазифаларини белгилаш ҳамда ўзаро мувофиқлаштиришни тақозо этади. Бугунги кунда иқтисодиётни барқарорлаштиришга кўп укладли бозор иқтисодиётини шакллантириш, бозор инфратузилмасини янада такомиллаштириш, ишлаб чиқариш механизмини ихтисослаштириш, иқтисодий қонунлар мутаносиблигини таъминлаш орқали эришиш мумкинлиги амалда яққол намоён бўлмоқда.
Миллий иқтисодиёт инновацион рақобатбардошлигининг ўзгариши энг аввало бозордаги иштирокчилар сонига боғлиқ бўлади. Бозорга киришдаги эркинлик, турли тўсиқларнинг мавжуд бўлмаслиги, рентабелликнинг меъёрдаги даражаси, маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш учун қулай шарт-шароитларнинг мавжудлиги тармоқдаги корхоналар сонининг ўсишига ва охир-оқибатда рақобатнинг кучайишига олиб келади. Рақобатнинг амал қилиш тамойилларининг ўзгаришини фақат тармоқлардаги корхоналар сонининг ўсиши орқалигина баҳолаш аниқ хулосалар чиқариш учун етарли эмас. Чунки, корхоналар сонининг ўсиши тармоқдаги ўзгаришларни миқдор жиҳатдан тавсифласада, уни сифат жиҳатидан баҳолаш имконини бермайди. Бозор иштирокчилари сонининг фақат йирик корхоналар ҳисобига ўсиши натижасида эса рақобат муҳити ижобий эмас, балки салбий томонга ҳам ўзгариши мумкин
Иқтисодиётнинг инновацион рақобатбардошлигини оширишда иқтисодиётдаги концентрация даражасини ўрганиш ҳам муҳим ҳисобланади. Тармоқлар ўзларининг табиий, иқтисодий ва технологик хусусиятларига кўра концентрациялашувга мойиллиги билан ажралиб турадилар. Рақобатнинг амал қилиш тамойилларининг ўзгариши шунингдек маҳсулот ва хизматларга нарх белгилашнинг эркинлиги орқали ҳам аниқланади. Маълумки, рақобат нархларнинг эркинлигини тақозо этади. Бироқ, табиий монополияларнинг мавжудлиги, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати, иқтисодий хавфсизлик чора-тадбирлари, миллий ишлаб чиқарувчини ташқи рақобатчилардан ҳимоя қилиш (протекционизм) сиёсатини қўллаш каби сабабларга кўра барча маҳсулот ва хизматларнинг нархлари ҳам эркин тарзда шаклланмайди. Шунга қарамай, нархнинг эркин шаклланишига шарт-шароитлар яратиш – рақобат муҳитининг асосий талабларидан бири ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, олдиндан эркин нарх белгилаш тартиби амал қилиб келаётган тармоқлар, масалан, қишлоқ хўжалигида бу борадаги имкониятлар чекланганлиги сабабли, нархлар шаклланиши эркинлик даражаси кўрсаткичи катта миқдорда бўлмайди. Аксинча, монопол мавқенинг мавжудлиги туфайли нархининг шаклланиши давлат томонидан тартибга солинувчи тармоқларда эркинлаштириш тадбирлари ўтказилиши натижасида бу кўрсаткич салмоқли бўлиши мумкин. Рақобат даражасининг юксалишида кўп укладли иқтисодиётнинг шаклланиши муҳимдир. Айниқса, хусусий сектор салмоғи ҳамда мавқеининг ошиб бориши узоқ йиллар давомида ҳукм сурган давлат монополизмига барҳам бериб, соғлом рақобат учун кенг йўл очади.
Кичик корхоналарнинг товар ишлаб чиқиш ва хизмат кўрсатиш бўйича давлат буюртмасини бажариш ҳуқуқини олиш учун танловда иштирок этиш механизмини ишлаб чиқиш долзарб вазифа ҳисобланади. Чунки рақобат муҳитини вужудга келтирувчи шартлардан бири – бозор субъектлари сонининг кўплиги бўлиб, бу шартни таъминлашда кичик бизнес корхоналарини ривожлантириш энг самарали йўл ҳисобланади.
Фикримизча, кичик корхоналарга давлат буюртмасининг ажратилиши икки йўналишда амалга оширилиши мумкин. Биринчиси – бу корхоналарнинг давлат буюртмасини бажариш ҳуқуқини олиш учун танловда бевосита иштирок этиши. Иккинчи йўналиш – бу давлат буюртмаларининг кичик корхоналарга йирик корхоналар орқали берилишидир. Бунда давлат ўз иш ҳажмининг маълум қисмини кооперация алоқалари орқали кичик корхоналарга тақдим этган йирик ишлаб чиқарувчилар учун маълум рағбатлантириш ва имтиёзлар белгилайди. Бу имтиёз ва рағбатлар миқдори кичик корхоналар фойдасига воз кечилган иш ҳажмини бажаришдан олинувчи наф миқдоридан юқори бўлади. Натижада ҳам кичик бизнес корхоналари иш ҳажми билан таъминланади, ҳам кооперация алоқаларининг йўлга қўйилиши орқали рақобат муҳити кучаяди.
Иқтисодий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисидаги ахборот маълумотлари базасини шакллантиришнинг энг арзон ва қулай йўли – Интернет халқаро электрон тармоғидан фойдаланиш ҳисобланади.18 Бунда давлат томонидан махсус электрон саҳифа ташкил этилиб, унда мамлакат ичидаги ва чет эллардаги мавжуд ресурслар тўғрисидаги маълумотлар унга жойланади.
Яқин келажакда ижро ҳокимияти идораларининг вазифаси бўлиб иқтисодий муҳитни такомиллаштириш ва тадбиркорлик иқлимини яхшилаш, миллий иқтисодиётни модернизациялаш ва юксалтириш, унинг жаҳон хўжалик алоқалари тизимига нисбатан фаол қўшилиши учун шароит яратишдан иборат бўлмоғи лозим. Бунинг учун эса давлат томонидан қуйидаги тадбирларнинг амалга оширилиши зарур:
- алоҳида иқтисодий субъектларга тақдим этиладиган турли имтиёз ва енгилликларни бекор қилиш йўли орқали рақобат шароитини бир хиллаштириш ҳамда табиий монополияларни ислоҳ қилиш;
- ҳуқуқий ва жисмоний шахсларга солиқ юкини камайтириш;
- импорт тарифи ставкаларини қисқартириш ва бир хиллаштириш;
- кредит қийматини пасайтириш;
- тўловни амалга оширмаслик муаммоларини ҳал этиш ва айирбошлашни натураллаштириш даражасини қисқартириш;
- банк тизимини таркибан қайта тузишни тугаллаш ва уни реал секторга қаратиш, ижрога мажбурлаш бўйича ишларни йўлга қўйиш;
- стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган инфратузилма объектларини, инновацион-технологик жиҳатдан юксалиш учун имкон берувчи, шунингдек, экологик хавфсизликни таъминловчи лойиҳаларни давлат инвестициялари билан қўллаб-қувватлаш;
- давлат дастурлари шаклида амалга оширилувчи фундаментал тадқиқотлар ва устувор илмий-техникавий йўналишларни молиялаштиришни кўпайтириш ва ҳ.к.
Шундай қилиб, давлатнинг ишлаб чиқарувчилар учун тенг иқтисодий шароитларни яратиши миллий иқтисодиётнинг инновацион рақобатбардошлигини ошириш ҳамда монопол ҳолатларнинг олдини олишдаги энг самарали тадбирлардан бири ҳисобланади.
Республикадаги инновацион фаолият давлат томонидан (қонунчилик ва ўзгарув­чан солиқ тизими, давлат ва идора жамғармалари, давлат томонидан молиялаштириладиган йирик дастурлар ва бошқалар орқали) тартибга солинади. Устувор давлат дастурларига оид инновация лойиҳаларини тадбиқ этиш бўйича масъулият Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси зиммасига юклатилган. Мамлакатимизда яратилган илмий ҳажмдор инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш масалаларини кўриб чиқишни Иқтисодиёт вазирлиги қошида ташкил этилган Технологиялар трансфери агентлиги, инновацияларни патент билан ҳимоялаш ишларини Интеллектуал мулк агентлиги амалга оширади. Экспортга чиқариладиган инновациялар, лицензия­ларни сотиш ва инвестицияларни жалб этиш масалалари Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги кўмагида амалга оширилади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, бизнинг олим ва изланувчиларда янги инновацион ихтиролар яратишга салоҳият ва иштиёқ мавжуд, бироқ бу таклифларни саралаш, мукаммалаштириш, ишлаб чиқариш ва истеъмолга жорий этишда кўплаб муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Албатта барча муаммолар молиявий рағбатлантириш ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлашга бориб тақалмоқда, деб бўлмайди. Ихтирочилар асосан назарий билимларга асосланганлиги, соҳа юзасидан амалиёт ўташ имконияти бўлмагани ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва инвесторлар билан иқтисодий ҳамкорлик муносабатларига киришилмаганлиги ҳам муаммолардан биридир.
Таъкидлаганимиздек, инновацион ривожланиш мамлакатнинг иқтисодий ўсиш омилларидан биридир. Инновациялар ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади, моддий ресурслардан оптимал фойдаланиш имконини беради, аҳоли турмуш даражаси ва даромадлари ўсишига туртки бўлади.
Шундай экан, республикамиз иқтисодиётини инновацион ривожланиш йўлига ўтишдаги муаммоларини ечими юзасидан қуйидаги таклифлар келтирмоқчимиз:
- инновацион лойиҳаларни тайёрловчи, ўзида соҳа бўйича мутахассис бўлган иқтидорли кадрларни жамловчи илмий марказлар фаолиятини ривожлантириш;
- хорижий ва миллий Инновацион ярмаркаларни мунтазам ташкил этиб бориш ҳамда уларда қобилиятли талабалар иштирокини таъминлаш;
- давлат ва нодавлат ташкилотлари орқали инновацион лойиҳаларни молиявий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳамда ишлаб чиқарувчи ва инвесторлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишига кўмаклашиш;
- ишлаб чиқариш корхоналари, илмий марказлар ва олий ўқув юрти персонал ва талабалари ўртасида “Энг яхши таклиф” учун номинациясини эълон қилиш ҳамда ғолибларни рағбатлантириш;
- кадрларни хорижий мамлакатларга малака ошириш ва амалиёт ўташ учун юбориш ва бошқалар.
Ҳозирги пайтда жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида технологик укладнинг ўзгариши кузатилмоқда. Юқори самарали ва экологик хавфсиз технологиялар даври келмоқда. Шундай экан, замонга мослашиш, инсон меҳнатини тежаш мақсадида ишлаб чиқариш ва қисман хизмат кўрсатиш соҳасини автоматлаштириш, экологик муаммоларнинг олдини олган ҳолда технологик янгиланиш, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларга фан-техниканинг сўнгги ютуқларини жорий этиш–барқарор иқтисодий ривожланиш омили десак, муболаға бўлмайди. Республикамизда нефть ва газ, автомобиль, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, таълим ва бошқа бир қатор соҳаларда замонавий технологиялар кенг ривожланмоқда.



Download 0.77 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   18   19   20   21   22   23   24   25   26




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling