МАФТУНКОР ВА ҒАРОЙИБ ОЛАМ ИЖОДКОРИ
“Сарҳадлар” туркумидан
Олим ОТАХОН
Роман очколар бнлан ютса, ҳикоя нокаутлар билан ғолиб келади.
Роберто Арльт
Испан адиби, нозиктаъб бадиҳагўй, испантилли халқлар адабиётининг билимдони ҳисобланган Мигель Эрраэснинг Хулио Кортасар ижодига бағишланган “Ҳодисаларнинг бошқа хусусияти” китобида: “Кортасар ижоди менинг олам ҳақидаги тасаввурларимни ўзгартириб юборди. Унинг китобларини ўқиб, савиям ошди, билим доирам кенгайди, эҳтимолдан йироқ бўлмаган ўзга воқеликни инкишоф этди”, дея ёзади. Ҳолбуки, бугун ҳам буюк Кортасар асарларини ўқиган китобхон шундай ҳолга тушади, кутилмаган таассуротлардан ақли шошади, ҳаёт ҳақида, кўз ўнгида юз берган воқеалар, одамлар ўртасидаги ихтилофли муносабатлар, урф-одатларнинг моҳияти, уларнинг негизлари ҳақида беихтиёр ўзгача фикр юрита бошлайди, зеҳни кенгайгандек, кўп нарсаларни атрофидагилардан фарқли равишда теранроқ ва атрофлича англаётгандек бўлади. “Ўйиннинг тугаши”, “Саккизбурчак”, ‘Ҳозирча Лилиана йиғлаяпти” тўпламларидаги ҳикоялар фикримизнинг ёрқин далили бўла олади. “Саккизбурчак” тўпламини испантилли мамлакатлардаги адабий танқидчилик “бу китоб ҳозирги замон адабиёти сарҳадларида портлаган бомба”деб баҳолашган эди. Мазкур тўпламдан ўрин олган “Чўнтакдан топилган ён дафтардаги ёзувлар», “Шу ерда, лекин қаерда ва қандай қилиб”, “Изларини излаб”, “Ҳозирча Лилиана йиғламоқда”, “Қора мушукнинг бўйни” ёки “Ҳар қандай олов — олов” китобидаги ҳикоялар, хусусан “Жанубий йўл”, “Сеньорита Кора”, “Туш пайтидаги орол”, “Жон Хауэлл учун қўлланма”, “Ўзга осмон” каби ҳикояларини ўқиган, мен адабий тафаккури бой, савияси юксак китобхонни назарда тутиб ўқиёлган одам, дейишни истардим, нафақат Америка, балки жаҳон адабиётининг ривожига ёхуд мисли кўрилмаган даражада юксалишига сабаб бўлган фусункор реализм методининг ажойиб намунаси сифатидагина эмас, қайси жиҳатлари бизникига ўхшаш, қай жиҳатлари бизнинг ҳаётдан кескин фарқ қилувчи, таъбир жоиз бўлса, сирли воқеликка чиқиш — кўчиб ўтиш имкониятлари ва ўша йўллар тафсилотларини ғаройиб мушоҳадалар орқали акс эттира олгани билан ҳайратга солади. Мутолаага берилган одам, юқорида айтганимиздек, Мигель Эрраэс ҳолатини бошдан кечирмай иложи йўқ. Бу ҳикоялар унинг дунёқарашини ўзгартириб юборади…
Журналда эълон қилинаётган «Беморларнинг саломатлиги” ҳикояси ҳақида узоқ мулоҳаза юритиш, зарурат туғилса, мунозара қилиш мумкин. Лекин мен бир нарсага эътиборингизни қаратишни истардим, ёзувчи оддий воқеадан шундай қизиқарли, ҳаққоний, ҳаётий ҳикоя яратганки, беихтиёр Эвелин Пиконнинг кифтини келтириб айтган “ҳикоя ҳикояга айланиши учун Кортасардан фойдаланади” деган ибораси эсга тушади.
Ҳикоя жуда оддий воқеа асосига қурилган. Алехандро деган йигит ишлаш учун чет элга кетган; у онасиинг эрка ўғли; катта хонадон соҳибаси кўрпа- тўшак қилиб ётади — дарди оғир, ана шундай вазиятда уйига қайтиб келаётган Алехандро йўлда автомобиль ҳалокатига учрайди ва жон беради, табиийки, оғир ётган онага бу фалокат ҳақида оила аъзолари ҳам, қариндош-уруғлар ҳам лом-мим дейишолмайди. Мана шу ҳаётий воқеани Кортасар шундай ҳикояга айлантирадики, Эвелин Пикон таъбири билан айтсак, ўша воқеа Кортасардан фойдаланиб, тугал бир ҳикоя қиёфасига кирган.
Касалманд она ҳам ўзига етгунча куйинчак, меҳрибон, у ўз соғлиғидан кўра кўпроқ оила аъзолари, синглиси, укаси, болалари ҳақида қайғуради. Ҳар куни хабар олиб турувчи доктор Бонифас кўрсатмаларига биноан барча оила аъзоларининг бирдан-бир ташвиши: Алехандронинг ўлимини онага билдирмаслик. Хонадонда ёлғон-яшиқлар, баҳоналардан иборат “тизим” ишга тушади. Ростгўй, диёнатли одамлар: ёшу қари фақат ёлғон тўқиш хаёли билан яшайди. Ҳаттоки кекса Клелия хола “ўйин”да фаол қатнашади, инсульт бўлиб, тилдан қолиб ётиб қолганида ҳам томошада иштирок этаверади; жиянлари, укаси ва ҳаттоки ўлиб кетган Алехандронинг қаллиғи, унашиб қўйилган келин Мария Лаура ҳам онани чалғитишда бир-биридан ўтказиб жонбозлик қилади. Алехандродан ҳар ойда икки марта келиб турган мактубларни овоз чиқариб ўқиш маросимлари, унга онанинг ёзган хатини жўнатиш тадориклари, эҳ-ҳе, “уч кунга келиб кетсин, ҳеч бўлмаса”деган онанинг ўтинчига нима жавоб қилишни билмай, эсанкираб қолишганда “ўта вазмин, ақли расо, тўғрисўзлиги билан одамларга ибрат бўлиб қолган” Роке тоға: “Уругвай билан Бразилия ҳукумати тескари бўлиб қолиб, чегаралар ёпилган эмиш”, деган важ-корсон топиб беради. Ана энди бу давлатлараро низога “бағишланган мақолалар”, бу низони бартараф қилиш учун БМТ томонидан тузилган комиссияларнинг фаолияти ҳақидаги “шарҳлар”ни изоҳлашлар бошланади, бамисли бутун бошли институт шу масала билан шуғулланаётгандек туюлади.
Лекин энг ёмони, мана шундай кўламдаги лузумсиз ёлғон-яшиқлар авж олган дилхун “спектакл”да бемор она ҳам иштирок этади. У ҳаммасини сезса-да, болалари — Роса, Карлос ва укаси Роке тоға билан синглиси Клелия холани аяганидан билиб билмаганга олади ўзини ва шу орқали ёлғончиларни бевосита қўплаб-қувватлаб туради. Пировардида, ким кимни алдаяпти ёки ким кимни эҳтиёт қиляпти, англаб бўлмайдиган вазият юзага келади, ҳосил бўлган бу жумбоқнинг камида ўнта жавоби бор, лекин қайси жавобни танлашни билмайсан киши. Касал она ўғлининг бевақт, ёш ўлиб кетганини билади ва ич-ичидан қийналади, шу билан бир қаторда ўғлининг фожиали ўлимини яшираман, деб қийналиб кетган қон-қариндошларига озгина енгил бўлар дея, ўзини билмаганга солади ва бу билан бир дарди ўн бўлади.
Бошқача талқин қилиш ҳам мумкин, Хулио Кортасар асарлари турли-туман шарҳлар, изоҳларга йўл беради, зотан, аргентиналик буюк адиб яратган бадиий олам, бадиий ҳақиқат ҳақиқий олам ва ҳаётий ҳақиқатга заррача зид келмайди.
Ижод фалсафаси, ижод моҳияти ана шундай ёндошувни тақозо этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |