205 - м о д д а. Ҳокимият ёки мансаб ваколатини
суиистеъмол қилиш
Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, яъни мансабдор шахснинг ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб;
в) масъул мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноят объекти давлат ҳокимияти, бошқарув ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг нормал фаолият кўрсатишини таъминлайдиган ижтимоий муносабатлар, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳисобланади.
Давлат ҳокимияти органларининг нормал фаолиятини бузиш орқали айбдор шахс давлат ҳокимиятига тажовуз қилган ҳисобланади.
2. Жиноят объектив томондан қуйидаги уч муқаррар белгидан иборат:
t шахснинг ўз мансаб ваколатидан фойдаланиши кўринишидаги қилмиш;
t фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зарар етказиш шаклидаги жиноий оқибатлар;
t қилмиш ҳамда келиб чиққан жиноий оқибатлар ўртасида сабабий боғланишнинг мавжудлиги.
3. Мансабдор шахснинг ўз мансаб ваколатидан фойдаланиши икки шаклда:
t ҳокимият ваколатини;
t мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш шаклларида намоён бўлади.
Ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш деганда, мансабдор шахснинг ўз мансаб мавқеидан фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларига қарши қасддан фойдаланишини тушуниш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |