Мактабдаги ўртоқларимга бошимдан ўтган воқеалар ҳақидаги гапириб берсам, ишонқирамасдан қарашди


Download 0.59 Mb.
bet39/69
Sana04.02.2023
Hajmi0.59 Mb.
#1163706
1   ...   35   36   37   38   39   40   41   42   ...   69
Bog'liq
эртага ўлдиргани бораман

Давоми бор
Аҳрор Шариф таржимаси

Эртага ўлдиргани бораман. 38-қисм


- Мен уларни яқин атрофдан қидирдим, аммо ҳеч кимни учратмадим, — деди Гасему оила аъзоларимни назарда тутиб.
Оёқларим билан ердаги лойни титиб, бошимни ушлаганча ўтирардим. Ичим ғазабга тўлди. Нафасим хириллаб чиқар, юрагим портлаб кетай дер эди. Шу билан бирга бошим устида нимадир чиқиб олганга ўхшар, кутганимдан ҳам оғирроқ бўлган бу нарса қаддимни букиб қўяёзганди.
Бу тепаликда дам олиш учун тўхтайдиган бўлсак, Гасемуни йўқотиб қўямиз, шунда яқинларимни йўқотиб қўйиш эҳтимоли ошади деб ўйлаб қолдим. Бошим худди ёниб кетай дер эди. Қўлларимни қулоқларимга қўйиб, беҳудага сиқишга ҳаракат қилдим. Ўзимга нима бўлаётганини ҳис қила олмайдиган ҳолатга келдим. Шунга қарамай ўрнимдан турдим, Гасемунинг ортидан эргашдим, бўйнидан бўғишга уриндим, бор кучим билан қисдим:
- Нафас олишга қийналяпман, — Гасему ҳириллади.
У мени ирғитиб юборди, ерга йиқилганимда қўлимга ўғир дастаси тушиб қолди. Уни қўлимга олди ва Гасемуни савалашга тушдим. У ерга йиқилди, бир амаллаб ўрнидан туришга ҳаракат қилганида бурнидан қон оқаётган эди. Дўстларим мени орқага тортишга ҳаракат қилди. Гасему менга қаради ва хафагарчилик оҳангида деди:
- Нима бўлаётганини тушунмаяпман.
Гасему манго дарахти ёнига борди, эҳтиёткорлик билан кундага ўтирди, бурнидан оқаётган қонни қўли билан артиб қўйди.
Дўстларим мени ерга ётқизиб қўйиб, даҳанаки жангга киришиб кетишди. Баъзилари Гасемунинг айби туфайли ота-оналаримиз билан кўриша олмадик деб ҳисоблади, бошқалари эса у бўлмаганида ҳаммамиз ўлиб кетардик деган фикрни иддао қилишди. Менга бунинг заррача аҳамияти йўқ эди. Бор фикру ҳаёлим оиламни кўриш эди. Дўстларимнинг даҳанаки жангги муштлашувга айланиб кетди, бир-бирини уришди, тепишди. Алҳажи Жумани ёнаётган уйлардан бири томон итариб юборди. Шими ёнаётган Жума бақирганча зир югуриб оловни ўчиришга уринди. Жума ўзига келиб олганидан сўнг ердан каттакон тош олди ва Алҳажини кўзлаб отди. Тош Алҳажининг бошининг орқа томонига тегди. Дўстимизнинг бўйнидан вишиллаб қон оқишни бошлади. Қонни кўрган Алҳажи ғазаб отига минди ҳамда Жумани қувлашга чоғланди, бироқ бунга Гасему ҳалақит берди. Гасему Алҳажини ушлаб қолди ҳамда қонаётган бошини латта билан боғлаб қўймоқчи бўлди. Ҳаммамиз худди сафаримиз якун топгандек қишлоқ вайроналарига қараганча сукутга чўмдик.
- Ҳеч биримиз айбдор эмасмиз, — Гасему секин гап бошлади.
Унинг гапларидан ғашим келди. Гасемуни роса дўппослагим келди. Бироқ узоқдан қишлоқ томон яқинлашаётган одамларнинг бақир-чақирлари режаларимизни ўзгартириб юборди ҳамда яқин атрофдаги кофе даласига беркиниб олиб, воқеалар ривожини кузатишга мажбур бўлдик.
Ўндан ошиқ исёнчилар қишлоққа кириб келишди. Барчасининг кайфияти чоғ, шод-хуррам ҳолда қишлоққа кириб келишди. Иккитаси мендан бироз каттароқдек кўринди. Кийимлари қип-қизил қон бўлган йигитлардан бири одамнинг бошини кўтариб келаётганини кўриб этим жимирлаб кетди. Бошнинг бир пайтлар елкага уланиб кетган қисмидан ҳамон қон оқарди. Бошқа бир исёнчи қўлида газ балон билан гугурт кўтариб олганди. Улар ерга ўтирди, қарта ўйнашни бошлади, марихуана чекишди ва кун давомида қилган ишларини айтиб, мақтанишди.
- Бугун учта қишлоқни кулини кўкка совурдик, — гердайиб сўз қотди ҳаммадан хурсанд кўринган озғингина йигит.
Аскарлардек кийиниб олган бошқа бир исёнчи суҳбатга қўшилди:
- Ҳа, бир неча соат ичида учта қишлоқни вайрон қилганимиз жуда ажойиб натижа.
G3 автоматини қўлида бироз ўйнатганидан сўнг исёнчи сўзида давом этди:
- Қишлоқни олов ичида қолдирганимдан завқландим. У ердаги ҳаммани ушладик. Ҳеч ким қочиб кета олмади. Бу жуда ажойиб. Буйруқни ортиғи билан бажардик, олдимизга қўйилган вазифани амалга оширдик. Командир бу ерга етиб келганида жуда хурсанд бўлса керак. У музаффарона бош чайқаб, ўйинни тўхтатиб ўзига қараб турган бошқа исёнчиларга қиё боқди. Қолганлар ҳам унга жавобан бош чайқашди. Ҳаммалари бир бирига беш ташлашгач, ўйинларини давом эттиришди.

Эртага ўлдиргани бораман. 39-қисм


- Баъзи одамлар бошқа қишлоқларга қочиб кетишди, — тик турган қўзғолончи гапга аралашди. У бироз тин олди, пешонасидаги терни артиб ташлади ва сўзида давом этди:
- Улар менимча қишлоқдан тутун чиқаётганини кўриб нималар содир бўлаётганини таҳмин қилишган. Ўз стратегиямизни ўзгартиришимиз керак. Кейинги сафар ҳамма қишлоқларга бирданига ҳужум қиламиз.»
Қолган қўзғолончилар унинг гапларига аскарлардек кийиниб олган йигит гапирганидек жиддий эътибор қаратишмади. Қўзғолончилар қарта ўйнашда давом этишди соатлаб суҳбатлашишди, сўнгра ҳеч бир сабабсиз осмонга ўқ узишди. Шу пайтда ҳамроҳларимдан бири чўчиб тушганидан қимирлаб кетди, қуриган дарахт шохлари эса кутилмаган шовқин чиқариб юборди. Қўзғолончилар сергак тортишиб ўйинни тўхтатишди ва шовқин келган томонларни кўздан кечира бошлашди. Иккитаси биз томонга қуроллари билан шай ҳолатда юриб келди. Улар жуда тез-тез юриб, эринмасдан эгилиб ҳар бир бурчакни қараб чиқишди. Режалаштирганимиздек ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, жуфтакни ростлашни бошладик. Ортимиздан ўқлар ёмғири ёғилди, кофе даласини кесиб ўтиб ўрмон ичига кириб кетдик. Ҳаммамиздан олдинда кетаётган Гасему қаерга кетаётганимизни билар эди. Барчамиз унинг ортидан эргашдик.
Ўрмон чегарасига етиб келганимизда, Гасему тўхтади ва етиб олишимизни кутиб турди.
- Сўқмоқ бўйлаб тўғри юрамиз, — деди бизга Гасему.
Гасемунинг олдига келганимда менга қараб кулиб қўйди. Нега кулаётганини билолмай хуноб бўлдим, ноўрин кулгиси ғашимни келтирди. Югурганча уни қувиб ўтиб майсалар бош кўтарган сўқмоқ бўйлаб одимладим. Сувга шўнғиётган одам нафас олиш учун бошини сувдан чиқарганидек Алҳажи олдиндаги буталарни кесиб кетарди. Баъзи буталар менга келиб урилди, бироқ мен юришдан тўхтамадим. Ўқлар ҳалигача бизни тақиб қиларди. Бир неча соат йўл юрганимиздан сўнг ўрмоннинг ичкарисига кириб қолганимизни англадик. Сўқмоқ тамом бўлди, аммо осмон қуёшни ютиб юбориб ой қайта туғилгунгача югуришда давом этдик. Ўқлар тепамиздан учиб ўтар, аммо қоронғу бўлгани учунми, буталарни тешиб ўтаётган ўқнинг қизиллигини кўриш мумкин эди. Ой тўсатдан қаергадир йўқолди, ўзи билан биргаликда юлдузларни ҳам олиб кетди. Ҳаво айниб, ёмғир ёға бошлади. Осмоннинг кўз ёшлари бизни қизил ўқлардан сақлаб қолди.
Тунни буталар остида ёмғирга бўкиб ўтказдик. Ўрмонда биздан бўлак зоғ ҳам йўқ эди. Гасему ёш болалардек йиғлашни бошлади. Бунақа воқеалар содир бўлса негадир қўрқиб қоламан. Болалигимда ёши катта одам фақатгина олдида ҳеч қанақа чора қолмасагина йиғлаши керак деб ўргатишганди. Гасему оғриқдан ерга йиқилиб, ғужанак бўлиб олди. Уни ўрнидан турғизишга ҳаракат қилар эканмиз нега йиғлаётганини сабабини топгандек бўлдим. Ўтган кеча таъқибчилардан қочиб кетаётганимизда унга ўқ теккан экан. Ўнг оёғидан оқаётган қон ва яранинг йиринглаётганини кўриб бошқача бўлиб кетдим.
У биқинини қўли билан қаттиқ ушлаб олган, ҳеч қўйворишни истамасди. Алҳажи Гасемунинг бошини кўтарганида Гасему биқинидан ўқ егани маълум бўлди. Қон худди тешилган сув бочкасидан оқаётгандек вишиллаб чиқарди. Гасему терлашни бошлади. Алҳажи Гасемунинг биқинига қўлимни қўйиб туришим қонни тўхтатиши мумкинлигини айтди. Бу ишни сўзсиз бажарганимга қарамасдан қон оқиши тўхтамади. Гасему менга маъюс қиё боқди, унинг кўзлари соққасига чуқурроқ киргандек таассурот уйғотди. У билагимдан ушлаш мақсадида бир амаллаб ўнг қўлни кўтарди. Кўзларидан ёш ҳамон оқсада, йиғлашни тўхтатди. Қон ҳеч тўхтай демасди. Муса қоннинг оқишига тоқат қила олмасдан хушидан кетди. Алҳажи ва мен Гасемунинг кўйлагини ечиб ташладик ҳамда биқин қисмини кўйлаги билан боғлаб қўйдик. Қолган ҳамроҳларимиз карахт аҳволда бизга баҳолиқудрат ёрдам беришди. Муса ўрнидан турди ҳамда бизга қўшилди.

Эртага ўлдиргани бораман. 40-қисм


Зўрға нафас олаётганига қарамасдан Гасему яқин атрофда йўл борлигини, агар дала томон ортга қайтадиган бўлсак, сўқмоққа етиш йўлини тушунтиришини айтди. Тунда умуман бошқа йўлдан юрганимиз аён бўлди. Гасему қўлларини менинг ва Алҳажининг елкасига қўйди. Биз уни кўтариб олдик ҳамда буталар орасидан қадам ташлаб йўлга тушдик. Ҳар замонда тўхтаб пешонасидан оқаётган терларни артиб туришимизга тўғри келди.
Кун пешиндан оғганида Гасему оғирлашиб, бутун танаси титрай бошлади ва биздан ерга қўйишимизни илтимос қилди. Қорнини ушлаганча дод-вой қилиб, у ёқдан бу ёққа ағдарилди. Оғриғи кучайганиданми, ағдарилишга ҳам мадори қолмади. Белини бироз кўтарганча осмонга қараб ётди. Кўзлари нимагадир қадалди, оёқлари ҳам қалтираб қолди, қўллари ҳам қалтирашда оёқлари билан пойга ўйнади, ниҳоят қалтираш бармоқларига ўтди, тўсатдан Гасему қимирламай қўйди, бироқ унинг кўзи ҳамон очиқ эди. 
- Уни кўтариб оламиз, — Алҳажининг овозида титроқ бор эди. Гасемунинг қўлларини елкамга қўйдим. Алҳажи ҳам менинг ишимни такрорлади. Оёқлари судралса ҳам юришда давом этдик. Гасемунинг қўллари муздек эди. Танасидан ҳамон тер оқар, қон ҳам ҳали тўхтамаган эди. Ҳеч биримиздан бир сўз чиқмади. Ҳаммамиз нима содир бўлганини яхши билардик.
Қабристонга келганимизда Гасемунинг кўзлари ҳамон очиқ эди. Алҳажи ҳаётга тўймай кетган кўзларни ёпиб қўйди. Марҳумнинг атрофида чўккаладик. Унинг қонлари ҳамон бармоқларимда ва билакларимда ўрнашиб қолганди. Гасемуни ўғир дастаси билан урганимдан жуда қаттиқ афсусландим. Бурнида ҳамон қон қотиб қолган эди. Пиқиллаб йиғлаб юбордим. Бироқ ўзим хоҳлагандек бақириб йиғлай олмадим. Қуёш ўз ишини якунлаб, уйқуга кетишга тараддуд кўраётганди. Унга қўшилиб Гасемунинг жони ҳам мангулик сари кетаётган эди. Жасад атрофида ўтирар эканман ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмадим. Юзим қаттиқлаша бошлади. Шамол менга қарши эсар экан, танам шабададан роҳатланмаслиги учун ҳаракат қилдим. Ҳамроҳим вафот этган бир маҳалда танамни яйратишни ўзимга эп кўрмадим. Тун бўйи кўзимга уйқу келмади. Кўзим гоҳ намланар, гоҳ бутунлай қуриб қоларди. Нима дейишни, нима ҳақида ўйлашни билмасдим. Сўнгги нафаси чиқиши олдидан бармоқлари қалтираган Гасему нимани ҳис қилгани ҳақида бир муддат ўй сурдим…

Download 0.59 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   35   36   37   38   39   40   41   42   ...   69




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling