Оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, давлат органининг қарорига мувофиқ давлат мулки бўлган мол-мулк негизида оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси (давлат корхонаси) ташкил этилиши мумкин.
Давлат корхонасининг таъсис ҳужжати унинг уставидир. Оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат корхонасининг фирма номи унинг давлат корхонаси эканлигини кўрсатиши керак. Давлат корхонасининг мол-мулки етарли бўлмаганида давлат унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўлади. Давлат корхонаси уни тузган давлат органининг қарорига мувофиқ қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.
Қайси тармоққа қарашлилигига кўра корхоналар ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш (машинасозлик, кўмир қазиб чиқариш, суғурта ва ҳоказо) соҳаларига мансуб бўлиши мумкин.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури ва кўринишига кўра, корхоналар саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, молия-кредит ва бошқаларга бўлинади.
Технологик умумийлигига кўра, корхоналар ишлаб чиқариш жараёнини узлуксиз ва дискрет равишда, кимёвий ёки механик жараёнларнинг устунлиги асосида юритувчиларга бўлинади.
Тайёр маҳсулотнинг мақсадларига кўра, барча корхоналар иккита катта гуруҳга бўлинади: ишлаб чиқариш воситаларини ишлаб чиқарувчилар ва истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар.
Фойдаланилувчи хом ашё турига кўра, саноат корхоналари қазиб чиқарувчи ва қайта ишловчи корхоналарга тақсимланади.
Йил давомида ишлаш муддатига кўра, корхоналар мавсумий ва йил бўйи фаолият юритувчиларга бўлинади.
Ишловчилар сонига кўра корхоналар йирик, микрофирма ва кичик корхоналарга тақсимланади.
Микрофирмалар. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра7 ишлаб чиқариш тармоғининг ўртача йиллик ходимлари сони 20 кишигача бўлган ҳамда хизмат кўрсатиш ва бошқа ноишлаб чиқариш соҳасидаги ўртача йиллик ходимлари сони 10 кишигача бўлган; улгуржи, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 5 кишидан ошмаган корхоналар микрофирмалар қаторига киритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |