Монетар сиёсатнинг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари
ЙИЛДА ПУЛ-КРЕДИТ СОҲАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР
Download 1.07 Mb.
|
2016 Пул-кредит кўрсатгичлар
2016 ЙИЛДА ПУЛ-КРЕДИТ СОҲАСИДА
АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР 2016 йилда Марказий банк томонидан миллий валюта барқарорлигини таъминлаш вазифасидан келиб чиқиб амалга оширилган пул-кредит сиёсати мураккаб ташқи иқтисодий жараёнлар, экпорт товарлари нархларининг пасайиши ва асосий савдо ҳамкор давлатларидаги иқтисодий ўсишнинг секинлашиши каби ноқулай шароитларда олиб борилди. Бунда инфляция даражасининг 5,5-6,5 фоизлик мақсадли кўрсаткичлари доирасида бўлишини таъминлаш учун зарур шароитларни яратиш билан бир қаторда ташқи иқтисодий омилларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсирларини камайтириш ҳамда мувозанатли ўсиш суръатларига эришиш ва макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш вазифаларидан келиб чиқилди. Хусусан, ташқи талабнинг паст даражада сақланиб қолиниши шароитларида иқтисодий ўсишни таъминлашда мамлакат иқтисодиётида ички талабни рағбатлантиришга ҳамда мос равишда ишлаб чиқариш ҳажмини, унинг самарадорлигини оширишга ва бунда мавжуд ички захиралардан тўлиқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, мамлакатимизда олиб борилаётган пул-кредит сиёсати ҳам ушбу макроиқтисодий сиёсатга мувофиқлаштирилиб, кўзда тутилган иқтисодий ўсиш суръатларининг пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш билан бир пайтда монетар омилларнинг инфляцияга таъсирининг олдини олишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб борилди. Ушбу мақсадларга эришишда резерв пуллар (пул базаси) ҳамда пул массаси мос равишда операцион ва оралиқ мақсадлар сифатида белгиланиб, ушбу кўрсаткичларнинг ўзгариши мониторинг қилиниб, бошқариб борилди. Резерв пуллар миқдорининг ўзгариши динамикаси мақсадли кўрсаткичлар доирасида сақлаб турилиб, унинг ўсиши асосан мамлакатимиз тўлов балансининг ижобий сальдо билан ижро этилиши натижасида Марказий банк соф ташқи активларининг ошиши ҳисобига юз берди. Ўз навбатида, Марказий банк соф ички активларининг қисқариши резерв пуллари миқдорини камайтирувчи омил бўлди. Бунда давлат бюджетининг профицит билан ижро этилиши, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ҳисобварағида пул маблағларининг кўпайиши ҳамда стерилизацион операциялар доирасида тижорат банкларининг Марказий банкдаги махсус депозитлари ҳажмининг ошиб бориши Марказий банк соф ички активларининг камайишига олиб келди. (Шу ўринда таъкидлаш лозимки, глобал молиявий-иқтисодий инқироз ва ундан кейинги даврда дунёнинг аксарият етакчи мамлакатларида экспорт ҳажмининг қисқариши, тўлов баланси ҳолатининг ёмонлашиши ҳамда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида экспансион пул-кредит сиёсатининг амалга оширилиши ва давлат қарзлари ҳажмининг ошиши натижасида ушбу давлатларда аксинча ҳолат кузатилиб, резерв пуллар ҳажмининг ўсиши асосан Марказий банкларнинг соф ички активлари ҳажми кенгайиши ҳисобига юзага келди. Резерв пуллари миқдорининг бундай омиллар ҳисобига ўсиши, яъни Марказий банк томонидан тижорат банклари ликвидлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит ажратилиши, очиқ бозордаги операциялар ҳажмининг оширилиши, давлат бюджетининг сезиларли даражадаги тақчиллик билан ижро этилиши, келгусида ушбу мамлакатларда назорат қилиб бўлмайдиган инфляцион босимнинг ошиши ва молиявий беқарорликнинг вужудга келиши хавфини туғдирмоқда.) 2016 йил якунлари бўйича резерв пуллар миқдорининг йиллик ўсиш суръати пул массасининг ўсиш суръатларига нисбатан 1,4 фоиз бандга пастроқ бўлиб, бу ўз навбатида, пул мультипликатори кўрсаткичининг 2015 йилга нисбатан 1,2 фоизга ошиши ҳисобига юз берди. Ўз навбатида, пул мультипликаторининг бундай суръатларда ошиши банкларнинг мавжуд молиявий ресурслардан самарали фойдаланаётганлиги, уларнинг воситачилик роли ортиб бораётганлиги ва иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилаётган инвестицион кредитлар ҳажмининг юқори суръатларда ошаётганлиги билан изоҳланиб, иқтисодиётдаги пул таклифини ноинфляцион ҳамда ноэмиссиявий манбалар ҳисобидан шакллантириш имконини берди. Иқтисодиётда пул таклифининг ўзгариши ва шаклланиши 2016 йил давомида иқтисодиётдаги пул таклифининг, яъни пул массасининг белгиланган мақсадли кўрсаткичлар доирасида бўлишига эришилди. Бунда пул массасининг ўсиши, юқорида таъкидланганидек, асосан ноинфляцион омиллар ҳисобига шаклланди. Хусусан: – тижорат банклари томонидан иқтисодиётнинг устувор соҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва реал сектордаги инвестицион фаолликнинг ошишини янада рағбатлантиришга қаратилган сиёсатнинг давом эттирилиши натижасида тижорат банкларининг жами кредит портфели 2015 йилга нисбатан 25,1 фоизга ошди ва пул массаси ўсишига таъсири 70 фоизни ташкил этди; – мамлакат тўлов балансининг ижобий сальдо билан ижро этилганлиги ҳисобига банк тизими соф ташқи активларининг кўпайиши пул массасининг 30 фоизга ўсишига олиб келди. Ўз навбатида, пул массасининг ўсиши қуйидаги омиллар ҳисобига камайтирилиб, мақбул даражага келтирилди: – Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобварағига жорий тушумлар ҳисобидан қўшимча равишда 1 115 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар йўналтирилиши ҳисобига пул массаси ўсишининг олди олинди. Ушбу омил, ўз навбатида, иқтисодиётда шаклланиши мумкин бўлган ортиқча ликвидликнинг инфляцион босимга таъсири пасайишига хизмат қилди ва унинг пул массасини камайтиришдаги улуши 65 фоизни ташкил этди; – пул-кредит сиёсатининг бозор инструментларидан фойдаланишнинг пул массаси камайишига таъсири 23 фоизни ташкил этди. Шунингдек, давлат бюджетининг ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этилиши ҳам мос равишда пул массаси ўсишининг олдини олишга хизмат қилди. Монетар сиёсатнинг бозор инструментларидан фойдаланиш таҳлили 2016 йилда белгиланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, хусусан, инфляция даражаси ва иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича ўрнатилган мақсадли кўрсаткичларга мутаносиб равишда пул агрегатларининг ўзгариш динамикасини бошқариб боришда пул-кредит сиёсатининг тегишли инструментларидан фойдаланилди. Бунда асосий эътибор банк тизимида ортиқча ликвидликни шакллантирувчи ва инфляцион босимнинг ошишига олиб келиши мумкин бўлган омиллар хусусиятига қаратилди. Хусусан, банк тизими соф ташқи активлари кўпайиши ҳисобига шаклланган қўшимча ликвидликнинг инфляцион босимга таъсирининг олдини олиш мақсадида тижорат банкларининг бўш пул маблағларини Марказий банкдаги депозитларга мунтазам равишда жалб этиш орқали стерилизация операциялари ўтказилиб борилди. 2016 йил давомида амалга оширилган стерилизация операцияларининг ўртача ҳажми 2015 йилга нисбатан 1,3 мартага ошди. Бу эса, банк тизимидаги ликвидликни самарали бошқаришга, пул массасининг прогноз кўрсаткичларидан ортиқча ўсишининг олдини олишга ва шу орқали ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилди. Банк тизимидаги ликвидлик даражасини бошқариш ва шу орқали иқтисодиётдаги пул таклифини тартибга солишда, шунингдек, мажбурий захира талабларидан ҳам кенг фойдаланилди. Хусусан, пул агрегатларининг динамикаси ва уларнинг мақсадли прогноз параметрларидан келиб чиққан ҳолда мажбурий захира талаблари муддати 1 йилгача бўлган депозитлар учун – 15 фоиз, муддати 1 йилдан 3 йилгача бўлган депозитлар учун – 12 фоиз, муддати 3 йилдан ортиқ бўлган депозитлар учун 10,5 фоиз миқдорида ўзгартирилмасдан ушлаб турилди. Натижада мазкур даврда тижорат банкларининг Марказий банкдаги мажбурий захиралар ҳажми 644 млрд. сўмга ёки 20 фоизга кўпайди. Бунда 2016 йилда инфляция даражасининг кузатилган динамикаси ва мавжуд инфляцион кутилмалардан ҳамда пулга бўлган талабнинг реал ҳолатидан келиб чиқиб, қайта молиялаш ставкаси ўзгартирилмасдан йиллик 9 фоиз миқдорида сақлаб турилди. Умуман олганда, пул-кредит сиёсати инструментларидан самарали фойдаланиш пул массасининг ЯИМга нисбатини белгиланган прогноз кўрсаткичлари доирасида ушлаб туриш ва инфляция даражасига монетар омиллар таъсирининг олдини олиш имконини берди. Фоиз ставкалари ва банклараро пул бозори таҳлили 2016 йил давомида банклараро пул бозоридаги, шунингдек, тижорат банкларининг депозитлари ва кредитлари бўйича фоиз ставкалари пулга бўлган талаб ва таклиф, инфляциянинг жорий ҳамда кутилаётган даражаси, шунингдек, Марказий банк томонидан қўлланилаётган инструментлар таъсирида шаклланиб борди. Тижорат банкларининг тасарруфидаги ликвидлик миқдорининг ошиши таъсирида 2016 йилда банклараро пул бозорида амалга оширилган жами операциялар ҳажми қарийб 5,3 трлн. сўмни ташкил этиб, 2015 йилга нисбатан 30 фоизга пасайди. Бунда миллий валютадаги операциялар ҳажми 17 фоизга камайиб, 5 трлн. сўмни ташкил этди. Ўз навбатида, 2016 йилда банклараро пул бозорида миллий валютадаги пул ресурслари бўйича ўртача йиллик тортилган фоиз ставкаси 2015 йилги даражада бўлиб, 8,3 фоизни ташкил этди. 2016 йилнинг декабрь ойига келиб, тижорат банклари томонидан жалб қилинган жами муддатли ва жамғарма депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси ўртача йиллик кўрсаткичдан (12 фоиз) пастроқ бўлиб, 10,5 фоизни ташкил этган бўлса, жами депозитлар бўйича фоиз ставкаси 4,9 фоизни ташкил этди (ўртача йиллик 5,2 фоиз). Депозитлар ва банклараро пул бозорида фоиз ставкаларининг динамикаси, ўз навбатида, тижорат банклари томонидан иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилаётган кредитлар бўйича фоиз ставкаларида ҳам акс этди. Хусусан, 2016 йил давомида тижорат банкларининг жами кредитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси деярли 2015 йилги кўрсаткич (11,4 фоиз) даражасида қолиб, 11,5 фоизни ташкил этди. Бунда имтиёзли кредитлар бўйича (қишлоқ хўжалигига ажратилган кредитларни инобатга олган ҳолда) фоиз ставкалари 6 фоизни ташкил қилди. Валюта сиёсати 2016 йилда ҳам валюта сиёсати инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш вазифаларидан келиб чиқиб юритилди. Ушбу мақсадларга эришишда 2016 йил давомида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси босқичма-босқич девальвация қилиб борилди. Натижада 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, миллий валютанинг 2016 йил бошидаги алмашув курсига нисбатан девальвация даражаси 15 фоизни ташкил қилиб, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан расмий алмашув курси 3231,48 сўм/АҚШ долларини ташкил этди. Шунингдек, валютани тартибга солиш ва валюта назорати соҳасига доир чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилди ва бу борада асосий эътибор экспорт операциялари бўйича валюта тушумининг тўлиқ, ўз вақтида келиб тушишини таъминлаш ҳамда ваколатли банкларнинг валюта ресурсларини кўпайтиришга қаратилди. Мамлакатимиз ташқи савдо операцияларининг асосий қисми АҚШ долларида амалга оширилишини инобатга олиб, сўмнинг бошқа хорижий валюталарга нисбатан алмашув курсларини белгилашда операцион мўлжал сифатида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курсидан фойдаланилди. Шунга мувофиқ, сўмнинг АҚШ долларидан ташқари бошқа хорижий валюталарга нисбатан алмашув курслари ушбу валюталарнинг ташқи валюта бозорларидаги АҚШ долларига нисбатан курслари динамикаси ва ички валюта бозорида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси таъсири остида шаклланди. 2016 йилда сўмнинг асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатлар миллий валюталарига нисбатан алмашув курси динамикаси ўзгарувчан бўлди. Хусусан, Россия рублига нисбатан 27 фоизга, Жанубий Корея вонига нисбатан 10 фоизга, еврога нисбатан 9 фоизга, Хитой юанига нисбатан 6 фоизга қадрсизланган бўлса, Туркия лираси ва Буюк Британия фунт стерлингига нисбатан 6 фоизга қадри ошди. Ўз навбатида, 2016 йилда сўмнинг ҳамкор давлатлар ва бошқа асосий хорижий валюталарга нисбатан алмашув курсининг қадрсизланиши мамлакатимиз экспорт қилувчи корхоналари рақобатбардошлигининг 2014-2015 йиллардаги кучсизланишидан кейин тикланишига хизмат қилди. Умуман олганда, сўм алмашув курсининг мақсадли коридор доирасида босқичма-босқич девальвация қилиб борилиши, ўз навбатида, ташқи иқтисодий конъюнктуранинг ноижобий шаклланиши ҳамда асосий савдо ҳамкор давлатлар томонидан ўз миллий валюталарини сезиларли даражада девальвация қилинишининг мамлакатимиз ташқи савдо балансига салбий таъсирини камайтириш имконини берди. БАНК ТИЗИМИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИСЛОҲОТЛАР 2016 йилда жаҳондаги кўплаб мамлакатлар банк тизимларида турли ташқи ва ички салбий омиллар натижасида кредит ва валюта рисклари ошиб, кредит ташкилотлари молиявий ҳолатининг ёмонлашишига, жумладан, уларнинг кредит портфелида муаммоли сифатида таснифланган кредитлар ҳажмининг ошишига олиб келган бир вақтда, республикамизда бундай салбий ҳолатларнинг олди олиниб, банк тизимининг барқарор фаолият кўрсатиши таъминланди. Бунга самарали пул-кредит сиёсати ва таъсирчан банк назорати амалга оширилиши, чет эл капиталини жалб қилишда эҳтиёткорона сиёсатнинг юритилиши, миллий валюта барқарорлигининг таъминланиши, банклар ресурс базасини шакллантиришда асосан ички манбаларга таяниш, кредит амалиётларини ўтказишдаги тамойиллар ва қоидаларга қатъий риоя қилиш ҳамда рискларни бошқаришнинг замонавий усулларини қўллаш орқали эришилди. 2016 йилда банк тизимида амалга оширилган чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 майдаги «Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2344-сонли Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросига қаратилди. Бунда банк тизимидаги ислоҳотлар қуйидаги йўналишларда олиб борилди: – тижорат банкларининг капиталлашув даражасини янада ошириш, аҳоли ва хўжалик субъектларининг бўш пул маблағларини банк айланмасига кенг кўламда жалб этиш асосида уларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш; – ишлаб чиқариш корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик янгилашдаги банкларнинг иштирокини янада кенгайтириш; – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва уни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш ҳамда мамлакатда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш ва пировардида янги иш ўринлари яратиш кўламларини ошириш жараёнларида фаол иштирок этиш; – банк тизимига хорижий сармояларни жалб этиш ва шу орқали замонавий илғор корпоратив бошқарув амалиётларини кенг татбиқ этиш имкониятларини ошириш мақсадида тижорат банклари устав капиталидаги 15 фоиз улушини хорижий инвесторларга сотиш; – тижорат банклари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш тизимини халқаро андоза ҳамда меъёрлар, шу жумладан, банк назорати бўйича Базель қўмитасининг янги тавсиялари асосида янада такомиллаштириш; – иқтисодиётда тўлов тизимини, хусусан, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш ва бунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш; – кўрсатилаётган банк хизматлари турларини янада кенгайтириш ва сифатини яхшилаш, хусусан, банк инфратузилмасини, айниқса, қишлоқ жойларда ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда масофадан туриб хизмат кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш; – тижорат банклари ва банк-молия соҳаси фаолиятини баҳолаш тизимини халқаро амалиётда қўлланиладиган меъёрлар, мезонлар ҳамда андозаларни жорий этиш ҳисобига янада такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш устувор вазифалар сифатида белгиланди ва тўлиқ ижро этилди. Ушбу устувор вазифаларнинг изчил ва самарали бажарилиши ҳисобига 2016 йил якунлари бўйича республика банк тизими ривожланишининг барча кўрсаткичлари бўйича ижобий натижаларга эришилди. Тижорат банкларининг капиталлашувини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2016 йил якунлари бўйича банк тизимининг умумий капитали олдинги йилдагига нисбатан 20,2 фоизга ошиб, қарийб 9,4 трлн. сўмни ва капиталнинг етарлилик даражаси кўрсаткичи умумий қабул қилинган халқаро стандартлардан деярли 3 баробардан зиёдни ташкил қилди. Банк тизими барқарорлигининг яна бир муҳим кўрсаткичи ҳисобланган ликвидлик даражаси 2016 йил якунлари бўйича 64,4 фоизни ташкил этди ва бу талаб этиладиган минимал даражадан 2 баробар ортиқдир. Республикамиз банк тизимида капитал етарлилиги ва ликвидлик даражасининг юқорилиги, активлари сифати ва салоҳиятининг ошиши, ўз навбатида, иқтисодиётда инвестицион фаолликни рағбатлантириш ҳамда чуқур таркибий ўзгартиришлар ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини янада кенгайтиришга мустаҳкам замин бўлмоқда. Шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда кўрсатилаётган банк хизматлари сифати ва кўламининг кенгайиши ҳисобига 2016 йилда банк хизматлари ҳажми 1,2 баробарга ошди ва уларнинг жами молиявий хизматлар таркибидаги улуши 88 фоизга етди. Муҳим кўрсаткичлардан бири банк хизматларининг оммабоплик даражаси – ҳар 100 минг (катта ёшли) аҳолига тўғри келадиган банк муассасалари сони 2016 йилда 49,8 тани ташкил этган бўлса, ҳар 1000 та катта ёшли аҳолига тўғри келадиган банк ҳисобварақлари сони 1 138 бирликни (1000 тадан кўп «юқори» ҳисобланади) ташкил этди. Банк тизими инфратузилмасини янада ривожлантириш Банк муассасаларининг аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар талабларига мос жойларда ташкил этилиши, уларнинг замонавий ахборот-коммуникация ускуналари билан жиҳозланиши ҳамда сифатли фаолият кўрсатишининг йўлга қўйилганлиги банк хизматларига бўлган талабнинг тўлиқ қондириб борилишига хизмат қилмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда фаолият кўрсатаётган тижорат банклари сони 27 тани ташкил этиб, уларнинг 8 таси хусусий ва 5 таси чет эл капитали иштирокидаги тижорат банки ҳисобланади. Жумладан, ҳудудларда кўрсатилаётган банк хизматлари кўламини ошириш ҳамда хусусий капитални банк тизимига жалб этишни янада кенгайтириш мақсадида 2016 йил октябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунининг 53-моддасига мувофиқ, Фарғона шаҳридаги «Мадад Инвест Банк» хусусий акциядорлик тижорат банкига банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилди. Бугунги кунда республика ҳудудларида тижорат банкларининг 855 та филиали фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, банк муассасаларини аҳоли зич жойлашган манзиллар ҳамда ишлаб чиқариш ҳудудларига яқинлаштириш, коммунал ва бошқа тўловларни тўлашлари учун янада қулайликлар яратиш мақсадида тижорат банкларининг 4 299 та мини-банки ва махсус кассалари ташкил этилган бўлиб, шуларнинг 2 221 таси қишлоқ жойларидаги аҳолига, айниқса, фермер хўжаликларига сифатли банк хизматларини кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари, бозорлар ҳудудида нақд пул тушумларини, бозор хизматлари ҳамда бошқа тўловларни қабул қилувчи 537 та махсус кассалар, шунингдек, аҳолидан коммунал ва бошқа мажбурий тўловларни бевосита аҳоли яшаш жойларига бориб қабул қилувчи 506 та ихтисослаштирилган кўчма кассалар фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, банк-молия тизимига хизмат кўрсатувчи Кредит ахбороти миллий институти, «Кредит-ахборот таҳлилий маркази» кредит бюроси масъулияти чекланган жамияти ва «Гаров реестри» давлат унитар корхонаси каби муассасаларнинг фаолияти ривожланиб, уларнинг кредит бозорини ривожлантиришдаги роли ҳамда аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Банк хизматлари кўламини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда кенгайтириш Барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг тўлов терминаллари билан жиҳозланганлиги, уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида сервис хизматларининг ташкил этилганлиги, барча турдаги товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳақини тўлашни пластик карточкалар орқали чекловларсиз амалга оширишнинг йўлга қўйилганлиги ушбу тўлов воситасининг жозибадорлигини таъминламоқда. Банк пластик карточкалари муомаласини кенгайтириш ва такомиллаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра, уларнинг умумий сони 2016 йилнинг бошига нисбатан 3,2 млн.тага ортиб, 19,5 млн. донадан ошди (7-диаграмма). Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларида ўрнатилган тўлов терминаллари сони йил бошига нисбатан қарийб 26 мингтага ортиб, 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра, 209 минг донадан ошди (8-диаграмма). 2016 йил давомида пластик карточкалар орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми 53 трлн. сўмдан ортиқни ташкил этиб, 2015 йилга нисбатан қарийб 70 фоизга ошди (9-диаграмма). Шунингдек, жойларда тўловларни узлуксиз қабул қилишни таъминлаш мақсадида ўрнатилган инфокиоск ва банкоматлар сони 2016 йил давомида 2 609 донага ортиб, 2017 йил 1 январь ҳолатига 4 954 тани ташкил этди (10-диаграмма). Бундан ташқари, Молия вазирлигининг Ғазначилиги томонидан 2016 йилнинг июлида Давлат бюджетини бошқариш ахборот тизими (ИСУГФ) амалга жорий этилиши муносабати билан жисмоний шахслар томонидан тўловларни пластик карточка ва нақд пулда «МУНИС» тизими орқали ўтказиш имконияти яратилди. Шу билан бирга, мамлакатимизда банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимининг қўлланиш доираси кенгайиб, тадбиркорлар ўртасида кенг оммалашиб, 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра, банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимларидан фойдаланувчиларнинг жами сони 2016 йилнинг бошига нисбатан қарийб 2 баробарга ошиб, 2 042 мингтага етди. Шу жумладан, «Интернет-банкинг» ва «Банк-мижоз» дастурий мажмуаси хизматларидан фойдаланувчилар сони 135,6 мингтадан ортган бўлса, «Мобиль-банкинг» ва «SMS-банкинг» хизматларидан фойдаланувчилар сони эса 1 906,5 мингтани ташкил этди (1-диаграмма). Тижорат банкларининг капиталлашув даражаси ва ресурс базасини ошириш 2016 йил давомида банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш мақсадида аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини банк капиталига жалб қилиш учун қўшимча акцияларни, шунингдек, бошқа қарз қимматли қоғозларини чиқариш ҳамда уларни жойлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тижорат банкларининг умумий капитали 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 2016 йилнинг 1 январига нисбатан 20,2 фоизга ошиб, қарийб 9,4 трлн. сўмни ташкил этди (12-диаграмма). 2016 йил давомида акциядорлик-тижорат банклари томонидан банк устав капиталини ошириш мақсадида 401,4 млрд. сўмлик акциялар инвесторлар ўртасида, шундан, 245,7 млрд. сўмлик акциялар нодавлат сектори ўртасида жойлаштирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 25 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат тижорат Халқ банкининг капиталлашув даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2325-сонли Қарори билан 2015-2017 йиллар давомида банк устав капиталини 185,0 млрд. сўмга ошириш орқали 385,0 млрд. сўмга етказиш, шу жумладан, 2016 йилда 54,0 млрд. сўмга оширилиши юзасидан тегишли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 26 октябрдаги «Банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2420-сонли Қарорига мувофиқ, 2016 йил давомида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг устав капиталига 75,0 млрд. сўм, «Агробанк» АТБ устав капиталига 50,0 млрд. сўм, «Микрокредитбанк» АТБ устав капиталига 25 млрд. сўм ва «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ устав капиталига 25 млрд. сўмлик маблағларнинг жойлаштирилиши таъминланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 21 декабрдаги «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2454-сонли Қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда тижорат банклари томонидан банк устав капиталининг 15 фоизидан кам бўлмаган қисмини хорижий инвесторларга сотиш юзасидан ўтган давр мобайнида зарурий чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, Марказий банкнинг «Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги Низомига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Бугунги кунда республикамизда фаолият юритаётган 12 та тижорат банкларининг («КДБ Банк Ўзбекистон» АЖ, «ЎТ-банк» АЖ, ЧЭКИ «Савдогарбанк АТБ, ЧЭКИ «Hamkorbank» АТБ, «Ипак Йўли банки» АИТБ, «Asia Alliance Bank» АТБ, «Orient Finans» ХАТБ, «Мадад Инвест Банк» ХАТБ, «Ravnaq-bank» ХАТБ, «Капиталбанк» АТБ, «Трастбанк» ХАБ ва «Invest Finance Bank» АТБ) устав капиталига Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Корея тараққиёт банки, Голландия ривожланиш ва тараққиёт ташкилоти каби молиявий ташкилотлар ҳамда бошқа хорижий инвесторларнинг улушлари жалб этилди. Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини банк депозитларига жалб қилиш 2016 йил мобайнида мижозларга кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини тубдан яхшилаш, хусусан, омонатларнинг янги ва мижозлар талабларига мос жозибадор турларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. 2016 йил якунига кўра тижорат банклари томонидан жалб этилган депозитларнинг умумий ҳажми 2015 йилга нисбатан 25,2 фоизга ошиб, 44,6 трлн. сўмни ташкил этди (13-диаграмма). Бундан ташқари, тижорат банклари ресурс базасини барқарор манбалар ҳисобидан янада кенгайтириб бориш мақсадида банклар томонидан узоқ муддатли облигациялар ва депозит сертификатларини муомалага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тижорат банкларининг муомаладаги қарз қимматли қоғозлари ҳажми 2017 йил 1 январь ҳолатига 1 054,1 млрд. сўмни, жумладан, муомаладаги узоқ муддатли облигациялар 216,3 млрд. сўмни ва депозит сертификатлари миқдори 837,8 млрд. сўмни ташкил этмоқда. Иқтисодиётнинг реал секторини молиявий қўллаб-қувватлаш Банкларнинг умумий капитали ва депозит базасининг янада мустаҳкамланиши уларнинг иқтисодиётдаги ишлаб чиқариш жараёнларини молиявий қўллаб-қувватлаш, инвестицион фаолликни рағбатлантиришни ички манбалар ҳисобига амалга ошириш имкониятларини кенгайтириб, банк тизими активларининг сифат ҳамда миқдор жиҳатдан ошишига хизмат қилмоқда. Хусусан, тижорат банклари активларининг умумий суммаси 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 2015 йилдагига нисбатан 23,3 фоизга ошиб қарийб 80,4 трлн. сўмни ташкил этди (14-диаграмма). Хусусан, иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредит қўйилмалари ҳажми 2016 йилда 25,1 фоизга ошиб, 53,4 трлн. сўмга етди. Мазкур кредитларнинг 80 фоизини инвестициявий мақсадларга йўналтирилган узоқ муддатли кредитлар ташкил этди (15-диаграмма). Қайд этиш лозимки, тижорат банклари томонидан ажратилган кредитларнинг 86,8 фоизи ички манбалар ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Бу эса тижорат банкларининг ҳамда умуман, мамлакатимиз банк тизимининг етарли даражада шаклланган ресурс базасига эга эканлигидан ва ҳар қандай ташқи омилларнинг салбий таъсирларидан ҳимояланганлигидан далолат беради. Ўз навбатида, хорижий молия институтларидан жалб қилинаётган маблағлар эса, асосан инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш дастурлари бўйича узоқ муддатли лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда. Банкларнинг инвестиция жараёнларидаги иштироки Тижорат банклари томонидан ажратилаётган инвестицион кредитлар ҳажми 2016 йилда ҳам барқарор суръатларда ўсиб борди. Улар асосан «2015-2019 йилларда устувор равишда иқтисодиётнинг саноат тармоқларини таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, замонавий инфратузилмани шакллантиришга қаратилган Давлат дастурлари»га киритилган инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш мақсадларига йўналтирилмоқда. Хусусан, 2016 йил давомида корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш мақсадларига тижорат банклари томонидан жами 12,2 трлн. сўм ёки 2015 йилга нисбатан 1,2 баробар кўп инвестицион кредитлар ажратилди (16-диаграмма). Шу билан бирга, қишлоқ аҳоли пунктлари архитектура-режалаштириш қиёфасини тубдан яхшилаш, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши кўламини кенгайтириш орқали қишлоқ аҳолиси ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, қишлоқ жойларида транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш мақсадида 2016 йилда тижорат банклари томонидан 13 мингта якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши учун 1,6 трлн. сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш Мамлакатимизда барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсишни таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўрни беқиёсдир. Хусусан, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши муттасил ошиб бориб, 2016 йил якунлари бўйича 56,9 фоизни ташкил этди. Бунда кўрсатилаётган молиявий хизматлар, жумладан, ажратилаётган кредитлар ҳажмининг жадал суръатларда ошиши ҳам муҳим омил бўлмоқда. 2016 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар миқдори 2015 йилга нисбатан 1,3 баробардан зиёдга ошиб, қарийб 15,9 трлн. сўмни, шундан микрокредитлар ҳажми 1,3 баробарга ортиб, 3,3 трлн. сўмдан ортиқни ташкил этди (17диаграмма). Хусусан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 367,2 млрд. сўм, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 1 647,0 млрд. сўм, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 2 752,6 млрд. сўм, ноозиқ-овқат истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 2 993,0 млрд. сўм, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 362,1 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Шу билан бирга, «Микрокредитбанк» АТБ томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 437,6 млрд. сўм миқдорида ёки 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробарга кўп микромолиявий хизматлар кўрсатилди. Бундан ташқари, мазкур даврда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки қошидаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида қарийб 2,9 млрд. долларлик экспорт шартномалари имзоланиб, улар доирасида 470 та тадбиркорлик субъекти томонидан 1,4 млрд. долларлик экспорт амалга оширилди. Жамғарма томонидан жами 3 356 та тадбиркорлик субъектига ўз товар ва хизматларини ташқи бозорларга чиқариш бўйича ҳуқуқий, молиявий ҳамда ташкилий хизматлар кўрсатилди. Кичик бизнес субъектларининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит линиялари ҳисобидан 206,7 млн. АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилди. Республика ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига асосан тижорат банклари томонидан 2,0 трлн. сўм ёки 2015 йилга нисбатан 25 фоизга кўп миқдорда кредитлар ажратилди. Тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига берилган ушбу кредитлар 2016 йилда иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида 200 мингдан зиёд иш ўринлари ташкил этишда муҳим омил бўлди. Кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Марказий банк томонидан омонатчилар ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилиш, республика банк тизими ликвидлиги ҳамда унинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида банклар фаолияти устидан тизимли назорат олиб борилмоқда. Тижорат банкларининг ликвидлиги бўйича белгиланган меъёрлар ва талабларни ҳисобга олиш методологияси мунтазам такомиллаштирилиб, уларнинг лозим даражада ижро этилиши доимий равишда мониторинг қилинмоқда. Шунингдек, тижорат банклари ва уларнинг бўлинмалари фаолиятини назорат қилиш ҳамда тартибга солиш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида уларда капитал етарлилиги, ликвидлилик, активлар сифати ва диверсификацияси ҳамда банк бошқарув органларининг фаолияти баҳоланиб, тегишли назорат чоралари кўриб борилмоқда. Тижорат банкларининг активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарли захираларга эга бўлишини таъминлаш мақсадида уларнинг активлари сифати доимий равишда таҳлил этиб келинмоқда. Банк операцияларини амалга оширишда операцион ва бозор таваккалчиликларини баҳолаш бўйича барча тижорат банкларида Таваккалчиликларни назорат қилиш қўмиталарининг фаолиятлари мониторинг қилиниб келинмоқда. Банк тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш, омонатчилар ва кредиторлар манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида тижорат банклари фаолиятини баҳолашда «CAMELS» рейтинг тизимидан фаол фойдаланилмоқда. Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятининг ривожланиши 2017 йил 1 январь ҳолатига республикамиз ҳудудларида жами 76 та нобанк кредит ташкилотлари фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 29 тасини микрокредит ташкилотлари ва 47 тасини ломбардлар ташкил этади. Ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда, нобанк кредит ташкилотлари ва улар томонидан кўрсатилган микромолиявий хизматларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Жиззах ва Тошкент вилоятларига тўғри келади. 2016 йил давомида микрокредит ташкилотларининг асосий кўрсаткичлари барқарор ўсиш тенденциясига эга бўлиб, жами активлари қолдиғи 2016 йил бошига нисбатан 39,4 фоизга ошиб, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига 94,1 млрд. сўмга, ажратилган кредит ва кўрсатилган лизинг хизматлари қолдиғи 38,2 фоизга ошиб, 85,2 млрд. сўмга ва капитали 49,1 фоизга ошиб, 69,6 млрд. сўмга етди. Шунингдек, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига ломбардларнинг жами активлари 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 58,6 фоизга ошиб, 65,8 млрд. сўмни, кредит қўйилмалари қолдиғи 57,7 фоизга ошиб, 54,6 млрд. сўмни ва жами капитали ҳажми 60,1 фоизга ошиб, 56 млрд. сўмни ташкил этди. Тижорат банклари фаолиятининг етакчи халқаро рейтинг агентликлари ва молиявий ташкилотлар томонидан баҳоланиши Тижорат банклари фаолиятини баҳолаш тизимини халқаро рейтинг компанияларининг мезон ва андозалари асосида амалга ошириш, тижорат банкларининг бухгалтерия ва молиявий ҳисоботларини халқаро талабларга мувофиқлаштириш, банк тизимининг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш борасидаги чора-тадбирларнинг изчиллик билан амалга оширилаётганлиги республикамиз банк тизими ва тижорат банклари томонидан нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг юқори рейтинг баҳоларини олишига замин яратмоқда. 2016 йилда «Мудис» халқаро рейтинг агентлиги томонидан «Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболлари» янги ҳисоботи нашр қилиниб, унга мувофиқ кетма-кет еттинчи йил Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболлари «барқарор» даражада тасдиқланди. Шунингдек, ушбу ижобий баҳо «Стандард энд Пурс» ва «Фитч Рейтингс» рейтинг агентликлари томонидан ҳам доимий равишда эътироф этиб қелинмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизда фаолият юритаётган барча тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган банк хизматлари кўламини янада кенгайтириш, мижозлар ишончи ва халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, хорижий кредит линияларини жалб этиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида «Фитч Рейтингс», «Мудис» ва «Стандард энд Пурс» каби етакчи халқаро рейтинг компанияларининг юқори рейтинг баҳосига эга бўлди. МОНЕТАР СИЁСАТНИНГ 2017 ЙИЛГА МЎЛЖАЛЛАНГАН МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ Марказий банк пул-кредит сиёсатининг 2017 йилдаги устувор мақсади ички нархлар барқарорлиги ва инфляция даражасини 5,7-6,7 фоизлик мақсадли кўрсаткичлар доирасида ушлаб туриш орқали миллий валюта барқарорлигини таъминлаш ҳисобланади. Айни вақтда асосий эътибор иқтисодиётда ички талабни рағбатлантириш ва ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш орқали иқтисодий ўсишнинг прогноз қилинаётган 7,8 фоизлик суръатларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва пировардида мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга қаратилади. Монетар сиёсатнинг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишларини ишлаб чиқишда жаҳондаги, шунингдек, асосий савдо ҳамкор давлатлардаги иқтисодий вазиятлар ва тенденциялар инобатга олиниб, уларнинг мамлакатимиз реал сектори корхоналари ва умуман, макроиқтисодий ҳолатга салбий таъсири олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўзда тутилди. Ўз навбатида, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари қуйидаги асосий омиллар ҳисобига таъминланиши кўзда тутилмоқда: – фаол инвестиция сиёсатини давом эттириш ҳисобига асосий капиталга йўналтирилган жами инвестициялар ҳажми 9,6 фоизга ошиши; – саноат соҳасида таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириб бориш, хусусан, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттириш, шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳажми ва турини кенгайтириб бориш ҳисобига соҳанинг (қурилишни инобатга олган ҳолда) 6,9 фоизга ўсиши; – қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, шунингдек, соҳада маҳсулот ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва ҳосилдорликни ошириб боришга қаратилган дастурий вазифа ва чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳисобига қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳажмининг 6,2 фоизга ошиши; – хизматлар кўрсатувчи тармоқларнинг (ахборот ва алоқа, юк ташиш ва сақлаш, савдо, умумий овқатланиш ва бошқалар) илдам суръатларда ривожлантирилиши ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорликнинг тез суръатларда ривожланишини таъминлаш, соҳа субъектлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ишларини давом эттириш ва қулай ишбилармонлик шароитларини яратиш бўйича тизимли, аниқ мақсадли ва дастурий чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳисобига чакана савдо айланмаси ҳажми 14,2 фоизгача ошиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, 2017 йилда жаҳон бозорида юқори рақобатбардош товарларни ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш ҳамда манзилли қўллаб-қувватлаш, маҳаллий маҳсулотлар етказиб бериладиган ташқи бозорларни сақлаб қолиш ҳамда маҳаллийлаштириш дастурларини амалга оширишни янада кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича тегишли ишларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз тўлов, шу жумладан, ташқи савдо балансининг ижобийлиги таъминланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, 2017 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг концепцияси ва Давлат бюджетининг лойиҳаси республикада макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш ҳамда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, Давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари прогнозларидан келиб чиққан ҳолда бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1 фоиздан оширмасликни, шунингдек, унинг тўлиқ ноинфляцион манбалар ҳисобидан молиялаштирилишини назарда тутади. Пул-кредит кўрсаткичларининг прогнози ва уларга эришишда монетар сиёсат инструментларидан фойдаланиш 2017 йилга мўлжалланган пул-кредит сиёсатининг прогноз параметрлари иқтисодиётни ривожлантириш бўйича юқорида қайд этилган асосий вазифаларга мутаносиб равишда ишлаб чиқилди. Монетар сиёсатни амалга оширишда Марказий банк томонидан асосий эътибор инфляция даражаси белгиланган мақсадли кўрсаткичлар доирасида бўлиши учун зарур шароитларни яратиш билан бир қаторда иқтисодиётнинг реал секторидаги инвестицион ҳамда иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ва шу орқали иқтисодий ўсиш суръатларини қўллаб-қувватлашга қаратилади. Иқтисодиётнинг кўзда тутилган 7,8 фоизлик реал ўсишини пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш ва пул таклифини ноинфляцион манбалар ҳисобидан шакллантириш вазифаларидан келиб чиқиб, 2017 йилда ўртача пул массасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатини 0,7 фоиз бандгача ошириш кўзда тутилмоқда. Бунда монетар сиёсатнинг операцион ва оралиқ мақсадлари сифатида мос равишда резерв пуллар ва пул массаси белгилаб олиниб, уларнинг ўзгариши доимий мониторинг ва назорат қилиб борилади. Ўз навбатида, 2017 йил давомида иқтисодиётдаги пул таклифи тижорат банклари томонидан фаол кредитлаш сиёсатининг давом эттирилиши ҳамда банк тизими соф ташқи активларининг (мамлакат ташқи савдо баланси ижобий сальдосига эришиш орқали) кўпайиши ҳисобига шакллантириб борилади. Шу билан бирга, 2017 йилда ҳам Марказий банк иқтисодиётдаги пул массаси ҳажми ўзгаришини тартибга солиш ҳамда пулга бўлган талаб ва таклифнинг мутаносиблигини таъминлаш мақсадида монетар сиёсатнинг бозор инструментларидан фойдаланади ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириб бориш бўйича тегишли чораларни кўриб боради. Бунда банк тизимида шаклланиши мумкин бўлган ортиқча ликвидликнинг иқтисодиётда инфляцион босимнинг кучайишига олиб келишига йўл қўймаслик ва аксинча, ликвидлик танқислиги вужудга келишининг олдини олиш мақсадида унинг мақбул даражада бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, ташқи савдо баланси ижобий сальдосининг таъминланиши, шунингдек, Давлат бюджетининг мумкин бўлган тақчиллик билан ижро этилиши натижасида вужудга келиши мумкин бўлган ортиқча ликвидликнинг инфляцияга таъсири олдини олиш ҳамда пул массасини тартибга солиш мақсадида тижорат банкларининг вақтинчалик бўш пул маблағларини Марказий банкдаги муддатли депозитларга жалб қилиш орқали стерилизация операциялари ўтказиб борилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли маблағларни йўналтиришнинг давом эттирилиши пул массасининг белгиланган кўрсаткичлардан ортиқча ўсишининг олдини олишга ва уни белгиланган мақсадли кўрсаткич доирасида ушлаб туришга хизмат қилади. 2017 йилда инфляция даражасини 5,7-6,7 фоиз доирасида бўлишининг прогноз қилинаётганлигини инобатга олиб, қайта молиялаш ставкасини 9 фоиз даражасида қолдириш таклиф қилинмоқда. Ўз навбатида, қайта молиялаш ставкасининг ушбу даражасида сақлаб қолиниши иқтисодиётга ажратилаётган кредитлар қолдиғини 25 фоизга оширишга ва мамлакатдаги юқори инвестицион фаолликни сақлаб қолишга имкон беради ҳамда инфляция даражаси белгиланаётган прогноз кўрсаткичлари доирасида бўлишини таъминлашга қаратилган самарали пул-кредит сиёсатини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратади. Бундан ташқари, пул массаси ва пул бозоридаги фоиз ставкаларининг динамикасидан ҳамда тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратилаётган кредитлар ҳажмининг ўсиш суръатларидан келиб чиққан ҳолда мажбурий резервлар нормаси зарур ҳолларда ўзгартириб борилади. Бунда иқтисодиётга йўналтирилаётган инвестицион кредитларнинг барқарор ўсишини таъминлаш учун зарур бўлган тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базасини янада кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида мажбурий резерв меъёрларини депозитлар муддати бўйича табақалаштириш механизмини қўллаш давом эттирилади. Шунингдек, қайта молиялаш ставкаси ва мажбурий захиралар меъёрларидан, банклараро пул бозоридаги фоиз ставкаларининг барқарорлигини ва уларнинг мақбул даражада шаклланишини таъминлашда ҳам фойдаланиб борилади. 2017 йилда ҳам валюта сиёсатини амалга оширишда асосий эътибор миллий валюта барқарорлигини таъминлашга ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлашга қаратилади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4848-сонли Фармонида банк тизими зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши, валютани тартибга солишнинг ва валюталар курси сиёсатининг илғор бозор механизмларини жорий этиш ҳамда нақдсиз пул айланмасини кенгайтириш бўйича вазифа ва топшириқларнинг бажарилиб бориши келгусида мамлакатимизда амалга оширилаётган пул-кредит сиёсати ва унинг инструментларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш ва натижада миллий валюта барқарорлигини учун мустаҳкам замин яратади. БАНК ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА БУ БОРАДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ИСЛОҲОТЛАР 2017 йилда банк тизимида амалга ошириладиган ишлар энг аввало, тизим фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш ва босқичма-босқич ривожлантириб боришга, шунингдек, тижорат банкларининг иқтисодий ўсишни рағбатлантиришдаги иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган вазифалардан келиб чиқиб белгиланди. Бунда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 майдаги «Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2344-сонли Қарори ва 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4848-сонли Фармонида банк тизими олдига қўйилган топшириқ ҳамда вазифаларни ўз вақтида сифатли бажаришга қаратилади. Шунингдек, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида аҳоли билан доимий ва очиқ мулоқотни ривожлантиришга, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини, унинг моддий фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий сиёсатни фаол молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилади. Юқорида кўрсатилган устувор вазифалар ва мақсадлардан келиб чиқиб, банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар қуйидаги йўналишларда олиб борилади. Тижорат банкларининг ресурс базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш 2017 йилда тижорат банклари томонидан реал сектор корхоналарининг ишлаб чиқариш ва инвестиция фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган ресурс базасини шакллантириш ҳамда уни мустаҳкамлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, қўшимча акциялар чиқариб жойлаштириш ҳамда соҳага хусусий капитал ва хорижий инвестицияларни кенгроқ жалб қилишни фаол давом эттириш орқали банк тизими жами капитали камида 20 фоизга ёки 1,9 трлн. сўмга оширилади. Шунингдек, 2017 йилда банклар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини мижозлар талабларидан келиб чиқиб янада яхшилаш ҳамда омонат ва депозитларнинг янги, жозибадор турларини жорий этиш орқали аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини банк айланмасига жалб этишни кенгайтириш ҳисобига жами депозитлар миқдорини 25 фоизга ёки 11,1 трлн. сўмга ошириш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан узоқ муддатли облигациялар ва депозит сертификатларини чиқариш ҳамда жойлаштириш орқали уларнинг ҳажмини камида 20 фоизга ошириш вазифаси белгиланмоқда. Стратегик аҳамиятга эга бўлган тармоқ ҳамда корхоналарнинг инвестицион лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларида хорижий банк-молия ташкилотларининг кредит линиялари ва республикамиз мақсадли фондларининг маблағлари ҳисобидан жами 11,5 трлн. сўмдан зиёд кредит ресурслари жалб қилинади. Иқтисодиётнинг реал сектори, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш Тижорат банклари томонидан иқтисодиётнинг реал сектори субъектларини кредитлашни янада кенгайтириш ва шу орқали мамлакатда ишлаб чиқариш ҳамда инвестицион фаолликни рағбатлантириш банк тизими олдидаги муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади. 2017 йилда тижорат банклари томонидан иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарига ажратилган жами кредит қўйилмалари ҳажмининг 2016 йилга нисбатан 25 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишларидаги дастурларга киритилган лойиҳаларни молиялаштириш учун қарийб 14,2 трлн. сўмлик инвестицион кредитлар ажратиш кўзда тутилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ривожланишини молиявий қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда республика ҳудудларида янги иш ўринларини яратиш мақсадларига 2017 йилда тижорат банклари томонидан жами 18,8 трлн. сўм ёки 2016 йилга нисбатан 25 фоиз кўп миқдорда кредит маблағларининг ажратилиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 455,4 млрд. сўм миқдорида ёки 2016 йилга нисбатан 27 фоизга кўп, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 2 трлн. сўм (25 фоизга кўп), хизмат кўрсатиш ва сервиссоҳасини ривожлантириш учун 3,1 трлн. сўм (28 фоизга кўп) ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун қарийб 401 млрд. сўмлик (19 фоизга кўп) кредит маблағлари ажратилади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 2016 йилга нисбатан 26 фоиз кўп микрокредитлар ажратилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш Дастури тўғрисида»ги ПҚ-2639-сонли Қарорига асосан 2017 йилда республикамиз ҳудудларидаги қишлоқ жойларида 15 мингта янги намунадаги уйларнинг қурилиши режалаштирилмоқда. Ўз навбатида, ушбу мақсадларда жами 2,1 тлрн. сўм, шу жумладан, 1,6 трлн. сўмдан зиёд миқдордаги кредит маблағларининг йўналтирилиши белгиланган бўлиб, мазкур кредит ресурсларининг уй-жойларни қуриш ва таъмирланишини амалга оширувчи буюртмачи ташкилотларга кредит линиялари очиш ҳамда аҳолига ушбу хонадонларни харид қилиш учун ипотека кредити сифатида ажратишга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп қаватли уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2660-сонли Қарорига мувофиқ, 2017 йилда республикамиз шаҳарларида 8,1 минг хонадонга мўлжалланган 191 та кўп қаватли уйларнинг қурилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу мақсадларга тижорат банклари орқали 673 млрд. сўм миқдоридаги молиявий ресурсларнинг йўналтирилиши мўлжалланмоқда. Шу билан бирга, «Навоий», «Ангрен» ва «Жиззах» эркин иқтисодий зоналари, шунингдек, янги ташкил этилаётган «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналаридаги банк муассасалари фаолиятини халқаро андозаларга мос равишда янада такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади. Умуман олганда, ушбу дастурларнинг амалга оширилиши аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг яшаш ва турмуш шароитларини яхшилаш билан бирга қурилиш ишлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи ҳамда уларга туташ корхоналар маҳсулотларига талабнинг ошиши натижасида ушбу соҳаларнинг жадал ривожланишига асос яратиб, иқтисодиётнинг реал секторидаги фаолликнинг ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Замонавий банк хизматларини кенг жорий этиб бориш ва бунда асосий эътиборни банк пластик карточкалари билан ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришга қаратиш 2017 йилда тижорат банкларининг замонавий ахборот технологияларига асосланган банк хизматларининг сифати ва ишончлилигини ошириш, жумладан, мижозлар учун банк биносига келмасдан, масофадан туриб, кенг турдаги банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб борилади. Бунда асосий эътибор: – кўрсатилаётган банк хизматлари сифати ва кўламини илғор ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали кенгайтириш, шу жумладан, банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш; – чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг тўлов терминалларига бўлган талабини доимий равишда ўрганиб бориш, уларга фойдаланиладиган зарур ускуна ва материалларни қисқа муддатларда етказиб бериш ҳамда доимий равишда банк омборларида етарли миқдорда терминаллар, пластик карточкалар ва инфокиосклар захирасини шакллантириш чораларини кўриш; – аҳолининг истеъмол талабини ошириш ва қулай кредит турларини кенгайтириш мақсадида тижорат банклари томонидан овердрафт кредитлари ажратилишини ҳамда кредит карталарини жорий этиш; – тўлов терминаллари ва банк ускуналарига тезкор техник хизмат кўрсатиш кўламини янада яхшилаш учун Ягона умумреспублика процессинг марказининг сервис шохобчаларини барча шаҳар ва туманларда ташкил этиш; – банк пластик карточкалари орқали ўтказилган тўловларни савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларининг тижорат банкларида очилган депозит ҳисобварақларига ўтказилишини автоматлашган банк тизими (АБТ)га узлуксиз реал вақт режимида узатилиши бўйича зарурий чоралар кўриш; – банкларнинг «Мобиль-илова» дастурини жорий этиш ва ушбу дастур орқали кредитни сўндириш, бюджет ва солиқ тўловлари, алоқа тўловлари, интернет-сайтлар учун тўловларни амалга ошириш имкониятини яратиш; – мобиль иловалардан кенг фойдаланган ҳолда он-лайн режимида банк эмитентидан қатъи назар, жисмоний шахслар учун бир пластик карточкадан бошқа бир пластик карточкаларга маблағларни кўчириш амалиётини янада кенгайтириш; – электрон «он-лайн» дўконлар (E-POS) тармоғини кўпайтириш ҳисобига банк пластик карточкаларидан фойдаланувчилар учун товар ва хизматларни интернет тармоғи орқали харид қилиш имкониятларини яратиш; – аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китобларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан нақд пул тушумларининг банк кассаларига тўлиқ ва ўз вақтида топширилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилишини кучайтириш; – аҳоли гавжум жойларда, йирик корхона ва ташкилотларда, бозорлар ҳамда савдо мажмуаларида пластик карточкалар орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи инфокиосклар сонини кўпайтириш, уларнинг доимий ишлаш ҳолатида бўлишини таъминлаш каби вазифаларга қаратилади. Тижорат банкларида корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш, шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелда қабул қилинган «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4720-сонли Фармони билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастуридаги вазифалар ижросини таъминлаш борасида қуйидаги ишларнинг амалга оширилиши кўзда тутилмоқда: – тижорат банкларида етакчи халқаро молия институтларидаги корпоратив бошқарувни ташкил этиш механизмини чуқур ўрганиш асосида рискларни бошқариш, ички назоратни яхшилаш ва банклар фаолиятининг самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни узлуксиз давом эттириш; – корпоратив бошқарув органлари – акциядорлар умумий йиғилиши, банк кенгаши, бошқаруви ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи тафтиш комиссияси, ички аудит хизмати каби бўлинмаларнинг соғлом банк фаолияти кўрсатиш борасидаги мажбурият ва масъулиятларини ошириш; – банкларни стратегик бошқариш, бошқарув ходимларининг самарали фаолиятини назорат қилишни таъминлашда акциядорлар, жумладан, миноритар акциядорлар ролини ошириш борасидаги талабларни кучайтириш; – банк фаолияти шаффофлигининг банк назорати бўйича Базель қўмитасининг энг муҳим талабларидан бири эканлигини инобатга олган ҳолда банклар фаолияти бўйича ахборотлар оммавийлигини, шу жумладан, банклар веб-сайтларига йиллик ва оралиқ молиявий ҳисоботларни жойлаштириш ҳамда банк сири тўғрисидаги қонунчиликка хилоф бўлмаган равишда ўрнатилган тартибдаги бошқа усуллар орқали янада оширишни изчил давом эттириш; – корпоратив бошқарув соҳасида янгича фикрлайдиган, замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали раҳбарлар, шунингдек, хорижий менежерларни жалб этиш чораларини кўриш; – банклар фаолиятининг очиқлигини ошириш, улар томонидан нашр этиладиган аудит ва молиявий ҳисобот ахборотини халқаро стандартларга янада яқинлаштириш борасидаги ишларни давом эттириш. Банк назоратини халқаро андоза ва талаблар асосида янада такомиллаштириш – банк назорати бўйича Базель қўмитасининг стандарт ва тавсияларини (Базель III стандартлари) республика банк амалиётига босқичма-босқич жорий этиш борасида 2017 йилга мўлжалланган тадбирларни бажариш; – янги халқаро стандартларни жорий қилишни давом эттириш, тижорат банкларида регулятив капиталнинг етарлилик коэффициенти (К1)нинг 2017 йил давомида 12,5 фоиздан ва 2018 йил 1 январь ҳолатига 13,5 фоиздан кам бўлмаслигини таъминлаш; – етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан берилган рейтинг баҳолари мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни давом эттириш; – банклар фаолиятидаги рискларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқаришда халқаро тажриба ва андозалардан кенг фойдаланиш; – жаҳондаги етакчи ва барқарор банклар тажрибасини инобатга олган ҳолда банк мижозларининг кредитга лаёқатлилигини скоринг-таҳлил қилишнинг замонавий усулларини самарали қўллаш ва уни такомиллаштириш ҳамда бу борадаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш; – тижорат банкларининг операцион рисклари, жумладан, депозит ва фоиз операциялари жараёнидаги рискларни тизимли равишда мониторинг қилиб бориш, банкнинг обрўси ҳамда молиявий барқарорлигига хавф солиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш; – жалб қилинаётган омонатлар бўйича фоиз ставкаларини асоссиз ошириш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш; – банк фаолиятининг молиявий барқарорлигини таъминлаш масаласида масъул бўлган тижорат банкларининг таркибий бўлинмалари мутахассисларининг тизимли асосда малакаларини ошириб бориш. Банк тизими фаолияти самарадорлигини тижорат банклари мустақиллигининг янада кенгайтириш ҳисобига ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4848-сонли Фармонида келгусида банк тизимининг янада ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбирларни ишлаб чиққан ҳолда амалга ошириб боради. Жумладан: – банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, давлат органлари томонидан тижорат банклари фаолиятига, биринчи навбатда, кредит сиёсатига маъмурий аралашувларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик; – банкнинг самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи ғовларни тугатиш, шунингдек, мижозларнинг ўз пул маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқи тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлаш бўйича зурурий чоралар кўрилади. Мазкур вазифаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлашда тегишли ҳукумат қарори лойиҳаси ҳамда ушбу йўналишдаги амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар комплекс режаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади. Нобанк кредит ташкилотларини ривожлантириш бўйича режалаштирилаётган чора-тадбирлар 2017 йилда ҳам Марказий банк томонидан нобанк кредит ташкилотлари тизимини ривожлантириш ҳамда уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, ушбу йўналишда қуйидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши режалаштирилмоқда: – нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан амалдаги меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб бориш билан бир қаторда, зарур ҳолларда янги меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан тегишли чоралар кўриб бориш; – нобанк кредит ташкилотларининг молиявий ҳолати ва барқарорлиги маҳаллий рейтинг компаниялари томонидан баҳоланишининг мунтазам амалга ошириб борилишини таъминлаш; – республикада нобанк кредит ташкилотларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида Марказий банк томонидан нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини масофадан туриб ва жойларда назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш ишларини давом эттириш; – нобанк кредит ташкилотлари томонидан гаров реестри ва кредит бюро билан ахборот алмашиш тизимини жорий этиш; – нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда дастурий таъминотлар асосида бухгалтерия ҳисобини юритишни ва молиявий ҳисоботларни тайёрлашни такомиллаштириб бориш бўйича тегишли ишлар амалга оширилиб борилади. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш ҳамда аҳоли ва банк мижозлари алоҳида гуруҳларининг молиявий саводхонлигини ошириш «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида банк тизими олдига қўйилган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида: – банк фаолияти юзасидан электрон қабулхоналар орқали ва бевосита банк муассасасига келиб тушган ҳар бир мурожаатни қонунда белгиланган муддат ва тартибда, сифатли ва тўлиқ ижро этиш; – банк фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, унда давлат улуши бўлган банкларнинг устав капиталини камида 500 млрд. сўмгача тубдан кўпайтириш, кўрсатиб ўтилган маблағларни ривожлантиришнинг тармоқ ва ҳудудий дастурлари доирасида иқтисодиёт тармоқларини кредитлашга йўналтириш; – тижорат банклари томонидан хўжалик субъектларига берилган муаммоли кредитлар таркибини тўлиқ таҳлил қилиш ва уларни соғломлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; – тўлов терминаллари билан жиҳозланишини мажбурий бўлган шохобчалар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиниши бўйича белгиланган талабларга сўзсиз риоя этилишини таъминлаш; – молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий шарт-шароитларни таъминлаш банк тизими фаолиятини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири бўлади ва шу мақсадда банк хизматлари кўрсатиш сифати мунтазам равишда назорат қилиб борилади. Шу билан бирга, мижозларнинг янги банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, амалиётлар ўтказиш жараёнидаги маълумотлар шаффофлигини ошириш ва банклар таваккалчиликларини камайтиришга қаратилади. Банк тизимининг ривожланиши, глобаллашув жараёнларининг чуқурлашиши, кўплаб замонавий ва илғор ахборот технологияларига асосланган банк хизматлари турларининг жорий этилишини инобатга олиб, аҳолининг ундан қийинчиликсиз фойдаланиши борасидаги зарур малакаларини шакллантириб боришлари учун тушунтириш чора-тадбирлари амалга ошириб борилади. Бунда асосий эътибор: – банк хизматлари турлари ва уларни тақдим этиш тартиби тўғрисида оммавий ахборот воситаларида кўп сонли мунтазам чиқишларни амалга ошириш; – аҳолининг мақсадли гуруҳлари учун молиявий саводхонлик дастурларини ишлаб чиқиб, амалга ошириш; – тегишли интернет сайтларида амалга оширилаётган пул-кредит сиёсати, банк назорати ҳамда банкларнинг молиявий ҳолати ва фаолияти тўғрисида мижозлар олиши зарур бўлган барча масалалар юзасидан кенг кўламдаги маълумотларни жойлаштириб бориш; – банк хизматлари бўйича ўқув иловалари ишлаб чиқиш ва уяли алоқа воситаларида жойлаштириш бўйича тегишли ишларни амалга ошириш мўлжалланмоқда. Download 1.07 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling