Наманган мухандислик педагогика институти
МС: Анъанавий ва ноанъанавий таълим шақли деганда нимани
Download 1.05 Mb.
|
443e434bedb560a7da76eec767f7adaa Психология (Муаммоли маъруза матни)
Муаммоли таълим шақли. Муаммоли таълимнинг мазмуни ўқувчиларнинг ўзларини бу ишга жалб қилиш, уларнинг ижодий мустақиллигини фаоллаштиришдан иборатдир. Ўқитувчи муаммо қўяди, ўқувчилар эса уни ҳал қилиш йўлларини мустақил равишда қидириб топадилар. Муаммоли вазиятни вужудга келтираётган ўқитувчи кўпинча мотивлаштириш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келади. Муаммоли вазиятни вужудга келтириш мазмуни ва методикасини ишлаб чиқиш нисбатан унча мураккаб эмас, лекин ҳар бир ўқувчи учун ўша муаммони мотивлаштириб, тушунтириб бериши ва ўқувчининг куч ғайратини ўша материални (масалани) ҳал этишга йўналтириш анча қийин ишдир. Баъзан ўртага қўйилган муаммо, ўқитувчининг назарида қанчалик қизиқарли бўлиб туйилмасин, у кўпинча ўқувчи ҳаётида унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаган масала бўлиб чиқади. Муаммоли таълимнинг турли даражалари ишлаб чиқилган. Шулардан биринчиси - материални ўқитувчи томонидан муаммоли тарзда баён этилишидир. Муаммоли таълим одатдаги анъанавий изоҳловчи таълимдан шуниси билан фарқ қиладики, бунда дарсни муаммоли тарзда баён этаётган ўқитувчи мазкур фан тарихига оид материаллардан фойдаланади, қараб чиқилаётган масалага тегишли фикрлар курашини тушунтириб беради, ҳар хил нуқтаи назарларни бир-бирига қиёслаб солиштиради ҳамда мана шу кураш ва қайта фикрлашларнинг натижаси сифатида масаланинг илмий асосда ҳал қилинганлигини кўрсатиб беради. Муаммоли таълимнинг иккинчи даражаси бу муаммони ўртага қўйиш бўлиб, ўқитувчи шу муаммо теварагидаги турли хил нуктаи назарларни содда қилиб тушунтириб беради ҳамда мазкур муаммони ўқувчиларнинг ўзлари ўқитувчи раҳбарлигида ҳал қиладилар. Учинчи босқичда ўқитувчи ўқувчилар олдига муаммо қўйиб, уни ҳал қилиш учун ўқувчиларни зарур асбоб-ускуна ва материаллар (турли адабиётларни тавсия қилади, қайси асбоблардан қандай фойдаланиш мумкинлигини эсга туширади ва ҳоказо) билан таъминлайди ҳамда ўзи муаммони ҳал этилишига раҳбарлик қилиб туради. Муаммоли таълимнинг учинчи босқичи ўқитиш тажрибасида кўп учрамайди, лекин йил давомида бир неча марта ўқувчиларга ўз кучларини синаб кўриш учун имкон бериш, бунинг учун алоҳида топшириқлар бериб туриш фойдадан холи бўлмайди. Муаммоли таълим асосида ўқитишнинг модели ётади. Ўқувчига бирор нарсанинг биринчи ихтирочи-тадқиқотчиси, фактларни мустақил равишда ўзи тайёрлаётган ва уларни умумлаштириб хулоса чиқараётган киши сифатида қаралади. Учинчи даража мустақиллик шақлида ўқитувчи ўқувчиси билан мулоқотга киришганда унга билим бермайди, балки у ўқувчи билмоқчи бўлган нарсаларни ташкил қилиб, тузатиб туради, фактларни қидириб топиш усулларини айтиб беради ҳамда аппаратлар билан таъминлайди. Муаммоли таълимнинг болалар психикасига тобора ривожлантирувчи таъсир кўрсатиши шубҳасиздир. Масаланинг ажратиб кўрсатилиши, уни ҳал қилиш йўлларининг қидирилиши, фикрий фаолият жараёнида шу билан боғлиқ бўлган муваффақият ва камчиликларни таҳлил қилиш, ўқувчи қалбида пайдо бўладиган эмоционал изтироб ва қувонч - буларнинг бари шунга олиб келадики, ўқув материалини ўз онгида қайта ишлаш ва уни эгаллашга ўрганаётган ўқувчининг диққати, идроки, тафаккури, тасаввури, мантиқий хотира механизмлари фаол равишда ишга киришиб кетади. Бундай ўқитиш шақлида билимларни назарий равишда ўрганиш шақли уларни амалий ишларга тадбиқ этиш билан таркибий тарзда қўшилиб кетади. Программалаштирилган таълим. Бунинг бир неча ўзига хос хусусиятларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчидан, ўқув материали унча катта бўлмаган қисмларга ажратилади. Иккинчидан, бу қисм - парчалар ҳар бир ўқувчига ўқув материалнинг бир қисми сифатида индивидуал тарзда тақдим этилади. Бунинг учун материални оқ қоғозга, плёнкага кўчирилади ёки экран орқали кўрсатилади. Материални ЭҲМ орқали ҳам баён қилиниши мумкин. Шунинг учун программалаштирилган таълимни баъзан машина билан ўқитиш деб ҳам юритилади. Учинчидан, материалнинг ҳар бир парчасини ўзлаштириш устидан қадамба-қадам тескари алоқа ўрнатиб, унинг қай даражада узлаштирилганлигини текшириб борилади, яъни ахборот кадр кетидан назорат қилувчи кадр тарзида келади. Агар берилган жавоб тўғри бўлса, ўқувчи навбатдаги ахборотни берадиган кадр билан ишлашини давом эттиради. Агар у хатога йўл қўйган бўлса ўқувчига қўшимча ахборот олиш учун тақлиф қилинади ва шундан кейин ўша нотўғри жавоб берилган ахборот кадрга қайтиб, у билан иш давом эттирилади. Программалаштирилган таълимнинг афзаллиги шундан иборатки, бунда ўқувчи фақат унинг ўзига хос ақлий фаолият суръати билан индивидуал тарзда иш олиб боради. Ҳозирги замон программалари ўқувчига материал тақдим қилишнинг неча ўнлаб вариантларини ўз ичига олади ва ўқувчи шулар ичидан ўзининг бундан аввал олган билимларига ҳамда тафаккур хусусиятларига мувофиқ келадиган программани танлаб олиши мумкин. Программалаштирилган ўқитиш шақлида ахборотни максимал даражада тушуниб олиш имконияти бўлади ва ахборотнинг тушунмай қолиниши истисно қилинади. Материалнинг кичик бир қисмини ўрганишда йўл қўйилган хато ва нотўғри жавоблар ўша заҳоти тузатилади. Мана шу афзаллик туфайли программалаштирилган таълим педагоглар эътиборини ўзига жалб қилди. Бироқ, программалаштириб ўқитиш шақлидан фойдаланиш тажрибаси бу соҳада бир қанча муҳим камчиликлар ҳам борлигини кўрсатди. Программалаштирилган таълимда ўқувчи программа ёки компьютер билан муомала-мулоқотга киришади ва билим олиш жараёнида ўқитувчи билан алоқаси узилиб, унга мурожаат этолмай қолади. Бундай ҳол шунга олиб келадики, ўқувчи ўз фикрини муфассал нутқ формалари орқали ифодалаб бериш малакасини йўқота бошлайди, яъни унинг нутқий ривожланиш даражаси пасайиб кетади. Қадамба-қадам ташкил этилган тескари алоқа шақли когнитив тескари алоқанинг ривожаланишини секинлаштириб қўяди. Ўқувчи берилган дастур чегарасидан чиқиб кетолмай, қўшимча вариантларсиз бир ёқлама ўйлашга ўрганиб қолади. Ўқувчилар ўртоқлари билан бирор масала ёки мисолни тўғри ҳал қилган вақтдаги қувончдан маҳрум бўладилар, яъни бу ерда мотивлаштириш жараёнидан айрим муҳим блоклар чиқариб ташланади. Психологик камчиликларга техник камчиликлар ҳам қўшилади. Материални вужудга келтириш, нусхасини кўпайтириш ва уни тақдим этиш техникаси хийла мураккабдир. Шунинг учун ҳам бундай материалларни марказлаштирилган тартибда тайёрлаш лозим. Бундан ташқари, ҳар қандай материал ҳам программалаштириш учун яроқли бўлавермайди. Download 1.05 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling