Никколо Макиавелли
Download 434.5 Kb.
|
МАКИАВЕЛЛИ ВА УНИНГ СИЁСИЙ ХАЗИНАСИ
Николо Макиавеллидан
Лоренцо де Медичи ҳазрати олийларига Одатда, ҳукмдорнинг мурувватига сазовор бўлиш учун одамлар ўзида бор энг азиз, энг қийматли нарсани ёки уни энг хурсанд қиладиган нарсани: чунончи, отларни, қурол-яроғларни, қимматбаҳо мато ёки тошлар ва ҳукмдорларнинг улуғворлигига муносиб бошқа зийнатларни ҳадя қиладилар. Мен эса, Сиз жаноби олийларига садоқатимнинг изҳор қилиш ниятида, ўзимда бор нарсалар ичида буюк шахсларнинг афъоли ҳақидаги билимларидан кўра азиз ва қийматлироқ ҳеч нарса топа олмадим. Мен бу билимларни ҳозирги кунда юз бераётган ишларда тўплаган кўп йиллик тажрибам ҳамда ўтмишда ўтган ишларни тинимсиз ўрганишларим асносида ҳосил қилганман. Билишга улгурганларим устида тафаккур қилишга кўп вақт ва ҳаракат сарфлаб, камина ўз фикр-мулоҳазаларимни чоғроқ бир рисола шаклига келтириб, уни Сиз ҳазрати олийларига туҳфа ўлароқ юбормоқдаман. Бу ёзмишларим Сиздек зотга тақдим қилинишга муносиб бўлмаслигига кўзим етса-да, Сизнинг камоли тавозе ила уни мақбул айлашингиздан умидворман. Зеро, жанобингизга маълумким, камина кўпгина хавфу хатарлар эвазига тўплаган билимларни қисқа муддатда билиб олиш воситасидан кўра каттароқ ҳадя ато этишдан ожизман. Мен бу рисолада на баённинг балоғату фасоҳати, на сўзларнинг баландпарвоз ва оҳангдор бўлиши, на асарнинг зоҳирий безаклари ҳамда кўпчилик ўз асарини бежашни суядиган ҳашаму оҳанжамалари ҳақида ўйладим. Зеро, асаримнинг ё беному нишон қолишини, ёинки мавзусининг ғайриоддий ва муҳимлиги билангина эътироф этилишини истаган эдим. Айни пайтда, мендек фақиру нотавон бир инсоннинг ҳукмдорларни муҳокама қилишини ва ҳатто уларга йўл-йўриқ кўрсатишини беадаблик санамасликларини ҳам истардим. Мусаввир бир манзаранинг суратини чизиш учун, нигоҳи тепаликлару тоғларни қамраб олиши учун водийга тушиши ҳамда нигоҳи водийни қамраб олиш учун тоққа кўтарилиши зарур бўлганидек, халқнинг моҳиятини англаб етиш учун ҳукмдор бўлиш, ҳукмдорларнинг табиатини тушуниш учун эса халққа мансуб бўлмоқ даркор. Шояд ҳазрати олийлари ҳам ушбу камтарона туҳфага менинг кўзим билан қараб кўрсалар; агар ушбу рисоламни диққат билан ўқиб чиқиб, у ҳақда фикр юритишни лозим топсалар, тақдири азал ҳамда фазилатларингиз Сизга башорат бераётган улуғ мартабаларга эришишингизни қанчалар бениҳоя исташимни ҳис қиласиз. Ҳазрати олийлари эгаллаб турган юксакликлардан туриб камина фақир қўним топган пастликларга қачонлардир назар ташласалар, чархи кажрафторнинг буюк ва пайдар-пай зарбаларига бардош беришга қанчалар ноҳақ мажбур бўлаётганимни кўрурлар. Download 434.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling