21. ДАВЛАТ ФУНКЦИЯСИНИНГ ДАВЛАТ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ БИЛАН ЎЗАРО НИСБАТИ
Давлат функциялари ҳақида гапирганда унинг мақсади ва вазифаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Чунки, давлат функциялари давлат мақсади ва вазифалари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, давлат ўз олдига қўйган мақсадга эришиши учун маълум бир вазифаларни ҳал қилиши лозим, бу эса ўз навбатида тегишли функцияларни амалга ошириш билан боғлиқдир.
Шуни қайд этиш лозимки, “мақсад”, “вазифа”, “функция” тушунчалари бир-биридан ажралмас бўлиб, давлатнинг мақсад ва вазифаларига мос келиш давлат функциясининг асосий белгисини ташкил этади. Мақсад бу муайян давлатнинг тараққиётидаги кейинги босқичда эришмоқчи бўлган ҳолати бўлса (масалан: фуқаролик жамиятини шакллантириш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш), вазифа эса ушбу мақсадга эришиш учун ҳал этилиши лозим бўлган масалалар, функция - вазифаларни ечимига йўналтирилган фаолият йўналишидир.
Давлат ва жамият тараққиётининг муайян босқичида улар олдига маълум бир вазифаларнинг қўйилиши тегишли функцияларни амалга ошириш заруратини келтириб чиқаради, чунки давлатнинг функциялари амалга оширилмаган тақдирда унинг вазифалари ҳам амалга ошмай қолади. Вазифа, бир томондан, маълум хусусиятга эга бўлмаган бирор-бир мақсадга эришиш заруратини, иккинчи томондан эса маълум фаолият турини амалга ошириш заруратини тақазо этади.
22. ДАВЛАТ ФУНКЦИЯЛАРИНИ ТУРЛИ АСОСЛАРГА КЎРА ТАСНИФЛАШ
Юридик адабиётларда давлат функцияларини таснифлашда бир хил ёндашув мавжуд эмас. Давлат функцияларини таснифлашда бир хил ёндашувнинг мавжуд бўлмаслигига сабаб, тараққиётининг турли босқичларида турган давлатлар мавжуд объектив шароитдан келиб чиққан ҳолда ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларнинг моҳиятига мос равишда фаолият юритишидир.
Давлат функциялари фаолият доираси бўйича ички ва ташқи функцияларга бўлинади.
Ички функциялар давлатнинг ички вазифаларини ечишга йўналтирилган фаолият бўлиб, давлатнинг жамиятга таъсирининг фаоллик даражасини кўрсатади. Ташқи функциялар эса халқаро-ҳуқуқий муносабатларнинг субъекти сифатида иштирок этаётган давлат, давлатлараро миқёсдаги вазифаларни хал қилиш билан боғлиқдир.
Давлатнинг асосий ички функцияларига қуйидагиларни киритиш мумкин:
иқтисодий функция;
ижтимоий функция;
сиёсий функция;
ҳуқуқий тартиботни таъминлаш функцияси;
тинчлик ва тотувликни таъминлаш функцияси;
экологик функция ва бошқа функциялар.
Иқтисодий функция - бу давлат томонидан иқтисодиётни ривожлантириш борасида асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, бошқарувни амалга ошириш ҳамда тартибга солиб туришдан иборатдир. Бундан ташқари, давлат бюджетини шакллантириш, жамиятнинг иқтисодий ривожланиш стратегиясини аниқлаш, турли хил мулк шаклларини тенглик шароитида амал қилинишини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб қувватлаш кабилар ҳам давлатнинг иқтисодий соҳадаги функцияси доирасига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |