Давлатнинг мудофаа фаолияти унинг ҳарбий доктринасига асосланади ва қуйидаги беш асосий йўналишдан ташкил топади: мамлакатнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш; қуролли кучларни мунтазам такомиллаштириш, уларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлиги даражасини ошириб бориш; давлат чегараларини қўриқлаш; фуқаролар мудофаасини ташкил қилиш; қуролли кучлар захирасини ҳарбий тайёрлаш ва бошқалар.
Давлат функциялари амал қилиш давомийлиги бўйича доимий ва муваққат (вақтинчалик) га бўлинади.
Доимий функциялар қаторига давлат мавжудлигининг ва ривожланишининг барча босқичларига хос бўлган функциялар (масалан: иқтисодий функция) киритилса, муваққат функцияларга эса давлат ўз олдига қўйган муайян мақсад ва вазифаларни амалга ошириши билан ўз аҳамиятини йўқотадиган функциялар киритилади(масалан: табиий ёки техноген ҳалокатларни бартараф этиш).
Ижтимоий аҳамиятига кўра давлат функциялари асосий ва асосий бўлмаган функцияларга бўлинади.
Давлатнинг асосий ва асосий бўлмаган функциялари ўзаро бир бири билан боғлиқ бўлиб, давлатнинг асосий бўлмаган функцияси давлатнинг асосий функциясини амалга оширишга ёрдам беради.
Давлатнинг барча органлари томонидан ўзаро ҳамкорликда бажариладиган функциялар асосий функциялар дейилса, айрим давлат органларигагина хос бўлган функциялар эса асосий бўлмаган функциялар ҳисобланади.
Амалга оширишнинг ҳуқуқий шакллари бўйича давлат функцияларини қуйидагича таснифлаш мумкин:
ҳуқуқ ижодкорлиги;
ижро этиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилиш.
Ҳуқуқ ижодкорлиги - бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни қабул қилиш бўлиб, ушбу фаолиятсиз давлатнинг бошқа функцияларини амалга ошириб бўлмайди.
Ижро этиш фаолиятига қонун ва бошқа норматив ҳужжатларнинг амалда қанчалик даражада ўз ижросини топиши ёки топмаслиги билан боғлиқ ҳолатларни киритиш мумкин.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш, қонун ва қоидаларга риоя этилишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора кўриш, юридик ишларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорларлар қабул қилиш ҳамда жавобгарликка тортиш кабиларни киритиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |