77. ҚОНУНЧИЛИКНИ ТИЗИМЛАШТИРИШ: ТУШУНЧАСИ ВА ТУРЛАРИ
Ҳуқуқий муносабатларнинг вужудга келиши, ўзгариши ва бекор бўлиши билан боғлиқ масалалар жуда кенг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доираси билан тартибга солинади. Мазкур ҳужжатларни қўллаш жараёнини енгиллаштириш ва шу асосда ҳуқуқий тартибга солишнинг самарадорлигини оширишда қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Норматив ҳуқуқий ҳужжатларни (қонунчиликни) тизимлаштириш уларни тартибга солиш ва такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган фаолият бўлиб, у ушбу ҳужжатларни белгиланган ва ўзаро ички боғланган тизим ҳолига келтиришни англатади. Бинобарин, норматив ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш, қонунчиликни эскирган актлар ва ўзаро қарама-қарши нормалардан ҳалос этиш, норматив ҳужжатлардан фойдаланишни енгиллаштириш ва соддалаштириш, жамиятнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий тарбияси даражасини оширишда катта аҳамиятга эга.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:
қонунчиликни ривожлантириш ва янада такомиллаштириш;
норматив ҳужжатларни тўғри англаш ва қўллаш;
зарур бўлган норматив ҳужжатни (нормани) топишни енгиллаштириш;
жорий қонунчиликдаги зиддиятлар, ноаниқликлар, такрорланишлар, бўшлиқларни бартараф этиш;
ҳуқуқий муносабат субъектларининг ҳуқуқий онг ва маданиятини шакллантириш ва бошқаларда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш турлари сифатида кодификация, инкорпорация, консолидацияни кўрсатиш мумкин.
Кодификация – қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларни кодекслар чиқариш йўли билан тизимга солишдир.
Кодификация – бу норматив ҳужжатларни уларнинг мазмунига ўзгартириш киритиш орқали мантиқий асосда ягона норматив ҳужжатга тизимлаштиришдир. Кодификация қилиш жараёнида эскирган нормалар тугатилади, бутун ҳуқуқ тизимидаги зиддиятлар бартараф этилади, ҳуқуқий бўшлиқлар тўлдирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |