Инкорпорациянинг уни амалга оширадиган субъектлар доирасига кўра уч тури мавжуд: расмий, норасмий ва официоз инкорпорация. Расмий инкорпорация деганда қонунчилик актларини уларни чиқарган органлар томонидан тўплам ва мажмуа шаклида тизимлаштириш тушунилади. Норасмий инкорпорацияда тизимлаштирилган тўпламлар тузиш бунинг учун махсус ваколати бўлмаган идора ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади (масалан, юридик нашриётлар томонидан ёки илмий-тадқиқот муассасалари томонидан тизимлаштириш). Официоз инкорпорация деганда қонунчилик актларининг уларни тизимлаштириш ваколатига эга бўлган идоралар томонидан умумлаштирилиши ва тўплам ёки мажмуа қилиб чиқарилиши (одатда, бундай тизимлаштириш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади) тушунилади. Инкорпорациянинг энг юқори кўриниши – қонунлар мажмуини тузиш, қонунлар ва бошқа муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўплаб, қатъий тартиб асосида мавзули (предметли) тизимлашдир. Бунда амалдаги барча қонун ҳужжатлари ёки қонун ҳужжатларининг маълум бир соҳаси, институтига тегишли бўлган норматив ҳужжатлар муайян тартибда жойлаштириб чиқилади.
Консолидация - бу тизимлаштиришнинг шундай шаклидирки, бунда норматив-ҳуқуқий актларнинг мазмунига ўзгартиришлар киритилмайди, лекин бу ҳужжатлар мустақил юридик акт сифатида ўзининг кучини йўқотади. Консолидация норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштиришнинг инкорпорация ва кодификация ўртасидаги оралиқ шакли ҳисобланади. Консолидация натижасида бир турдаги ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган турли хил юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар умумлаштирилади ва шу асосда кераксиз такрорланиш ва зиддиятлар бартараф этилади.
78. ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАР: ТУШУНЧАСИ, БЕЛГИЛАРИ ВА ТУРЛАРИ
Ҳуқуқий муносабатлар - шахслар ўртасидаги юридик алоқа бўлиб, бу уларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларида ифодаланади. Ўзаро ҳуқуқ ва бурчларсиз ҳуқуқий муносабат вужудга келмайди. Ҳуқуқий муносабатлар - бу ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинган бир қисми бўлиб, уларнинг субъектлари субъектив ҳуқуқ ва субъектив юридик мажбуриятларга эга бўладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |