315-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг қарори устидан эса апелляция инстанцияси судига шикоят берилиши мумкин. Иқтисодий суднинг қарори устидан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган тартибда, фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарори устидан эса Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда шикоят берилиши мумкин.
(315-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-665-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.01.2021 й., 03/21/665/0015-сон)
Шикоят маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс) орқали ёки бевосита шикоят йўлланган судга юборилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор чиқарган орган (мансабдор шахс) шикоятни олгач, уни уч сутка ичида иш билан бирга ушбу моддага мувофиқ шикоятни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлган органга (мансабдор шахсга) юборади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят берган шахс давлат божи тўлашдан озод этилади.
316-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш муддати
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида шикоят берилиши мумкин, бундан суд қарори мустасно. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкин.
(316-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.03.2019 й., 03/19/531/2799-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |