344-модда. Махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш муддатини ҳисоблаш
Транспорт воситаларини ҳайдовчилар ва ов қилиш қоидаларини бузган шахслар махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш тўғрисида қарор чиқарилган кундан бошлаб шундай ҳуқуқдан маҳрум этилган деб ҳисобланадилар.
Махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати ўтгач, шунингдек бу муддат ушбу Кодекснинг 343-моддасига мувофиқ қисқартирилган тақдирда, шундай маъмурий жазо чорасига тортилган шахсга ундан олиб қўйилган ҳужжатлар белгиланган тартибда қайтариб берилади.
Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчи ҳайдовчилик гувоҳномасини топширишдан бош тортган тақдирда, бу ҳуқуқдан маҳрум этиш муддати гувоҳнома олиб қўйилган кундан бошлаб, лекин қарор чиқарган орган белгилаган маҳрум этиш муддати тугашидан кечиктирмасдан ҳисобланади.
ХХХ боб. МАЪМУРИЙ ҚАМОҚҚА ОЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚАРОРНИ ИЖРО ЭТИШ БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШ
345-модда. Маъмурий қамоққа олиш тўғрисидаги қарорни ижро этиш
Маъмурий қамоққа олиш тўғрисидаги қарор чиқарилгандан кейин дарҳол ижро этилади.
346-модда. Маъмурий қамоқни ўташ тартиби
Маъмурий қамоққа олинган шахслар ички ишлар органлари белгилаб қўйган жойларда қамоқда сақланадилар. Маъмурий қамоққа олиш тўғрисидаги қарорни ижро этиш чоғида қамоққа олинганлар шахсий кўрикдан ўтказиладилар.
Маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддати маъмурий қамоқ муддатига қўшиб ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маъмурий қамоқни ўташ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар асосида амалга оширилади.
(346-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Маъмурий қамоққа олинган шахслар жисмоний ишларда фойдаланилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахслар меҳнатидан фойдаланишни ташкил этиш туман (шаҳар) ҳокимликларига юклатилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларга қамоқда бўлган вақтлари учун доимий иш жойларидан иш ҳақи тўланмайди.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 734-сонли қарори билан тасдиқланган Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар тўғрисида низом, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2018 йил 15 майдаги 135-сонли буйруғи билан тасдиқланган Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 июлдаги 535-сонли қарори билан тасдиқланган Маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатларни ундириш тартиби тўғрисида низом, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2018 йил 14 августдаги 220-сон буйруғи билан тасдиқланган Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг ички тартиб қоидалари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Do'stlaringiz bilan baham: |