Оилавий муҳитни барқарорлаштиришда анъанавий қадриятларнинг ўрни


Download 30.78 Kb.
Sana03.02.2023
Hajmi30.78 Kb.
#1155001
Bog'liq
Документ Microsoft Word (3)


ОИЛАВИЙ МУҲИТНИ БАРҚАРОРЛАШТИРИШДА АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ ЎРНИ

Ижтимоий ҳаётда содир бўлаётган ўзгаришларнинг оилавий қадриятлар ва муҳитга таъсир этиши жараёнида анъанавийлик ва замонавийлик муаммоси пайдо бўлади. Оилада кечадиган интравертив ва экстравертив алоқалар анъаналарни, диахрон муносабатларни у ёки бу томонга буриб юбориши мумкин. Бироқ ўзбек оиласидаги ижобий жиҳатлардан бири шундаки, у анъаналардан авлодлараро муносабатларни ва оилавий муҳитни мустаҳкамлашда фойдалана олади. Бу аввало ўзбекона оила дипломатияси билан боғлиқдир. Мазкур дипломатиянинг бош тамойили умуминсоний қадрият бўлган меҳр муҳаббат ва дўстликдир. Оила психологлари тавсия этади: “Оилада бахтли яшайман десангиз, ҳаётни, атрофдагиларни ва албатта, Аллоҳ сизга омонат қилиб берган оила аъзоларингизни ота-она, қайнона-қайнота, опа-сингил, ака-ука, фарзандларингиз ва ниҳоят, жуфти ҳалолингизни севишни ўрганинг. Чунки оиланинг пойдевори муҳаббат, қурилиш ашёси муҳаббат, ундаги тушунмовчиликларнинг давоси ҳам муҳаббат. Бусиз оилада яшаб бўлмайди. Уни ташқаридан, бошқалардан изламанг, кутманг, чунки у сизнинг вужудингизга жо бўлган. Қандай севай деб сўрасангиз, мен таъриф бермайман, балки миянгиздаги севги ҳақидаги тушунчаларни, шоирона ғоялару фалсафий фикрларни, ҳаттоки ҳаётий тажрибангизни чиқариб ташлаб, янгидан, ҳеч қандай йўриқномаларсиз, шартларсиз, қоидаларсиз ўзингизча севишни ўрганинг. Ана шу сизнинг муҳаббатингиз бўлсин!”1. Бу сўзларда ҳеч қандай янгилик, янги ижтимоий фалсафий фикр йўқ. “Эски аҳд” (Инжил)да Худо дейди: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, энди унга муносиб мададкор яратаман.” У одамларга “баракали бўлинглар, кўпайинглар” деб амр этди2. “Янги аҳд” инсонга муҳаббатни улуғлади, бу мутлақ бошқа, ўта гуманистик севги эди: “Яна: “Қариндошларингни севгин, душманларингдан нафратлан!”деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин Мен сизга айтаман: душманларингизни севинглар!”3. Оилада дўст, душманлар бўлиши мумкинми? Инжил, ашаддий душманларинг ёнингдагилар бўлади, деб ўргатади, яъни ички сирларингиздан, ҳаётингиздан хабардор кишининг рақибга айланиши хавфли. Бу ўринда Қобил билан Хобил ҳикоятини эслаш мумкин. Ислом ҳам кишиларни бир-бирини севишга, меҳрибон бўлишга даъват этади. “Тангри раҳмдил бандаларига меҳрибондир. Сизлар ер юзидаги одамларга меҳрибон бўлинглар, сизларга улуғ Тангри меҳрибон бўлур”!4. Яна Хадисларда дейилади: “Олдинги умматларимдан сизларга етиб келган касал ҳасадгўйлик ва ўзаро ёмон муносабатдир. Ваҳолонки, бу сифат сочнинг эмас, балки диннинг қирувчисидир. Муҳаммаднинг руҳига моликзот номи билан қасамёд этаманки, то мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар. То бир бирларингизга ўзаро муҳаббатли бўлмагунларингча мўмин бўлмайсизлар. Нима қилсаларинг дўстлашиб кетишларингни айтайми? Бир бирларингни қадрлаб саломлашиб юринглар”5. Мазкур фундаментал тамойилнинг тўғрилигини респондентларимизнинг жавоблари ҳам тасдиқлайди. “Оилавий муаммоларга,Сизнингча, асосан нималар сабаб бўлади?” деган саволимизга олган жавобларимиз қуйидагича тақсимланди (респондентлар бир неча сабабларни кўрсатишган, шунинг учун жавоблар юз фоиздан зиёд кўрсаткичлар беради. Қолган ҳолларда ҳам шундай.):

  • “Моддий етишмовчилик” 68 %;

  • “Бераҳмлик ва бегоналик” 66 %;

  • “Бир-бирини тушунмаслик” 61 %;

  • “Ишсизлик” 47 %;

  • “Болалар тарбияси” 31 %;

  • “Фарзандсизлик” 11 %;

  • “Касаллик”5%.

Бозор иқтисодиётига ўтганимизга чорак асрдан ошган бўлса-да, ҳали кишиларимиз, айниқса оилаларнинг ўзини ўзи моддий таъминлашга кўникиши қийин кечмоқда. Давлат ёки бошқа бирор корхонада ишлаш инстинкти ҳамон ишчи-хизматчи психологиясида устунлик қилади. Ҳозир давлатимиз хусусий тадбиркорликни, оилавий бизнесни кенг қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, кишиларимиз, мутахассисларимиз давлат ёки бошқа корхонага жойлашишни маъқул кўришади. Шу боис улар юзага келаётган оилавий муаммоларни моддий етишмовчилик ва ишсизлик (47%) билан боғлашади. Бироқ биз учун муҳим жиҳати шундаки, жавоблар ичида бераҳмлик, бегоналик (66 %) ва бир-бирини тушунмаслик (61 %) етакчи ўринларда туради. Бу жавоблар орқали респондентлар оилада меҳр-муҳаббат ва дўстликнинг етишмаслиги оилавий муаммоларни келтириб чиқаради, деган фикрни билдирмоқчи бўладилар. Ҳа, оилада, авлодлараро муносабатларда бераҳмлик, каттанинг ёки кучлининг ўз ҳукмини бошқаларга ўтказишга интилиши, уларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини назар-писанд қилмаслиги қаттиқ тартиб ўрнатиши мумкин. Бундай авторитар бошқаришга қурилган оилаларни баъзан маҳалла, қўни қўшнилар ибрат қилиб кўрсатишади, уларга ҳавас қилишади. “Фарзандлар отасининг чизган чизиғидан чиқишмайди”, “Тартиб интизомли оила” деб мақташади. Бунинг сабабини патриархал анъаналарга қаттиқ риоя этишда, диний қадриятларга мувофиқ яшашда, деб билишади. Ҳақиқатан ҳам, бундай оилаларда ота ҳукмдор, унинг сўзи ва истаги қолганлар учун бурч, ёшлар унинг розилиги билан турмуш қуришади, бошқа хонадонга кўчиб ўтишади, касб-кор танлашади, яқинлар орттиришади. Кейинги пайтларда диний қадриятларнинг оилавий ҳаётдан жой олиши, қайта тикланиши ва очиқ тарғиб этилиши патриархал муносабатларнинг ўрнатилаётганига туртки бўлмоқда. Баъзан исломни “икки дунё саодатини берувчи мукаммал дин”, “оилавий ҳаётнинг мукаммал таълимоти” сифатида мутлақлаштириш шундай муносабатларнинг кенгайишига олиб келмоқда. Барча ижтимоий воқеликлар сингари дин ҳам зиддиятларга тўла, унда ҳам илғор ва қолоқ анъаналар мавжуд. Масалан, ислом тўрт хотингача рухсат беради. Оила муаммолари бўйича фаолият олиб бораётган мутахассис фикрига қулоқ солайлик. У тасавуфона иқрор бўлади: “Бугунги ўзбек эркагини икки хотинликка ким ёки нима ундаяпти? Бундай урф бўлиб бораётган яшаш тарзи жамиятимиз ва унинг ячейкаси бўлган оилага ва албатта, унда ўсиб унаётган фарзандларимизга қандай таъсир ўтказади? Эркакларимиз таърифлагандек, бу аёлнинг юкини енгил қилиши ростми? Аёл томонидан кундош деган ҳақиқатга босиқроқ муносабатда бўлиш осонми? Саволлар кўп. Бу дарддан куйган, кўнгли бузилган оилалар қанча”6. Демак, оила қуришга етаклаган муҳаббатда нимадир рўй берган, энди у икки жинсни уюштирадиган, бир бирига интилиб яшашга даъват этадиган куч бўлмай қолган. Мазкур муаммони ечиш, томонларга тўғри маслаҳат бериш мушкул. Аммо “бир нарсани очиқ тан олиб, қабул қилиш керак: эркак полигам мавжудот. Яъни уйлангани билан, унинг бошқа аёлларга муҳаббат қўйиши тўхтаб қолмайди. Лекин хиёнатга фақат эркак сабабчи эмас, уни йўлдан оздирувчи, оиласига хиёнат қилишига имкон яратиб берувчи аёллар ҳам бор экан, эрнинг оилага хиёнати такрорланаверади. Агар аёл учун оилали эркак билан муносабат “табу” бўлганида, қанчадан қанча оилалар бузилмаган, фарзандлар тирик етим бўлиб қолмаган бўларди”7. Демак, анънавий тарздаги муҳаббатда, жинслараро муносабатларда аввалги тасаввурларга мувофиқ келмайдиган ўзгаришлар содир бўлмоқда. Бироқ бу азалий умуминсоний қадрият бўлган муҳаббат феноменининг, оила институтини азалдан мустаҳкамлаш негизи бўлиб келган меҳр кўрсатиб, бир-бирини ардоқлаб, ҳурмат қилиб яшаш туйғусининг ҳам эскирганини англатмайди. Инсонга инсонни севиб, у билан “бир жон, бир тан бўлиб яшаш” инъом этилган, бу анъана бугун ёки эртага пайдо бўлган, эртага ёки индинга йўқ бўладиган, ўладиган анъана эмас. У азалий қадрият сифатида икки оёқли мавжудотни инсон қилиб шакллантирган, унинг ҳаётига маъно моҳият бахш этган, авлодлари ҳақида қайғуриб яшашга ўргатган. Муҳаббатнинг сўнгани инсонни, ундаги инсонсеварликнинг, демак ҳаётнинг ҳам сўнганидир. Инсоният ҳаётининг мавжудлиги, азалийлиги кишиларнинг бир-бирига севгиси, муҳаббати, авлодлараро муносабатларнинг барқарорлиги орқалидир. Шунинг учун ҳар бир оила, ҳар бир авлодлараро муносабатлар кишиларнинг ўзаро меҳр-муҳаббати, авлодлараро муносабатларнинг давомийлиги ифодасидир.
Ўзбек халқининг оилапарварлиги, болажонлиги ҳаммага маълум, болаларини меҳнатсевар, билимли, одоб ахлоқли қилиб тарбиялаш унинг боқий қадриятлари, анъналари ҳисобланади. Тўғри, бундай фазилатларни менсимайдиган ёки уларни инкор қиладиган халқ, миллат топилмайди, чунки айнан ушбу фазилатлар халқни халк, миллатни миллат қилиб шакллантирган бош омиллар эканини барча этнослар билади. Тўғри, баъзи этнослар бу фазилатларни шакллантиришга бошқача ёндашадилар, улар ижтимоий жуғрофий муҳит, ўз анъаналарини ҳисобга оладилар. Аммо ўзбек халқи улардан бутун ижтимоий борлиғига, тарихий маданий ҳаётига маъно мазмун қидиради, фарзандларини ушбу маъно мазмунга мувофиқ тарбиялашга, авлодлараро муносабатларни гоҳо мутлоқлаштиришга интилади. Оила, ўзбек халқи назарида, авлодлараро муносабатларсиз, ушбу муносабатларни кенгайтиришсиз бўлиши мумкин эмас. Респондентларимиз буни жуда аниқ ҳис қиладилар. “Оила қураётганингизда кимга тақлид қилгансиз?” деган саволимизга респондентларимизнинг берган жавоблари қуйидагича тақсимланди:

  • “Бобо-момомга” 35 %;

  • “Катта бобо-катта момомга” 34 %;

  • “Ҳеч кимга” 19 %;

  • “Дўстларимга” 17 %;

  • “Ота-онамга” 8 %;

  • “Танишларимга” 7 %;

  • “Қўшниларимга” 4 %;

  • “Ҳамкасбларимга” 2 %.

Жавоблардан маълум бўладики, респондентлар кўпроқ кекса авлодларнинг оиласига, ундаги муносабатларга, уларнинг турмуш тарзига тақлид қиладилар. Бу улар ўртасидаги муносабатларнинг маълум бир анъаналар ва шаклланган ҳаётий тажрибаларга қурилганидан дарак беради. Савол жавоблар.интервью ва кузатишларимиз кўрсатадики, кекса авлод билан ёш авлод ўртасидаги алоқа, таъсир вербал, дидактик хусусиятга эга. Кекса авлод шахсий ибрат, жисмоний хатти-ҳаракатлари билан ибрат кўрсатишга эмас, балки панд ўгитлари билан таъсир этишга интилади.Шу билан бирга респондентларимиз ичида мустақил яшашга бўлган интилиш ҳам борлиги аён бўлади. Уларнинг 19 % оила қуришда ҳеч кимга тақлид қилмаганини таъкидлашади. Бу жавобни, бизнинг фикримизча, мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиш қийин, чунки респондентларнинг таржимаи ҳолига оид манбаларни кузатишдан аён бўладики, уларнинг барчаси икки ёки уч авлодли оилаларда яшашади. Ўзбекона анъаналарга кўра, ҳеч бир ёш ўзидан ўзи, ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, совчи қўймай, тўй ўтказмай, оила қурмайди. Бу анъналарга риоя этмаслик нималарга олиб келишини ва уларга риоя этибгина оилавий бахт, осойишталик, эътибор топиши мумкинлигини ўзбек ёшлари билади. Бу улардаги жамоавийлик, кишилар ва жамият билан аҳил бўлиб яшаш инстинктига мувофиқдир. Жамоавийлик шахсда масъуллик ва итоатгўйликни анъанага айлантирган. Махсус тадқиқотлардан маълумки, қадимдан овчилик ва балиқчилик билан шуғулланиб келаётган оилаларда болалар кўпроқ мустақил ва эркин ҳаракат қилишга, ўтроқ ва чорвачилик билан шуғулланиб келган этносларда эса жавобгарлик ва итоатгўйлик анъаналарига мувофиқ тарбияланган. Ўтроқ ва чорвадор этносларда йиғилган моддий бойликларни асраш, уларни тақсимлаш жамоавийликни, масъуллик ва маълум бир тартибларга қатъий итоатни, овчи ва балиқчилик билан шуғулланган этносларда эса бундай бойликлар топиш мавсумий, вазиятларга боғлиқ эдики, шу боис улар фарзандларида мустақил ўсишни қўллаб-қувватлаган8. Шунинг учун ўзбек анъаналаридаги жамоавийлик ва итоатгўйликни қоралаш мумкин эмас, улар халқимиз турмуш тарзидан чуқур жой олган.
Деҳқончилик ва чорвачилик халқимиздаги меҳнатсеварлик фазилатини ҳам қадимий анъанага, фазилатга айлантирган. Маълумки, ўтроқ ҳаёт тарзи этносни бутун йил давомида ишлашга, озиқ овқат топишга, янги янги нарсаларни, усулларни кашф этишга ундаган. Шу тариқа ўзбек халқида меҳнатсеварлик, фарзандларини ҳам шундай фазилат эгаси қилиб тарбиялаш қадимий, миллий анъанага айланган. “Киши ўз меҳнатидан баҳраманд ва хурсанд бўла олса, бошқаларга заррача бўлса-да, фойда келтира олишини билса, меҳнатидан фахрланиш туйғусини ҳис қилади. Меҳнат анъаналари ва байрамлари, айнан, қадимги аждодларнинг ўз меҳнатидан шодланишлари, фахрланишлари натижасида вужудга келган. Меҳнатни севган, меҳнатдан яхши натижаларга эришган халқларнинг меҳнатга оид анъаналари ва байрамлари кўп бўлган. Умуман, кишилардаги яхши яшаш истаги, уларнинг онгли меҳнат қилиши ва тажриба орттириши меҳнат анъаналари ва одатларини вужудга келтирган. Агар инсоннинг илк машғулотлари асосида темирчилик одатлари, овчилик асосида “овчилик ўйинлари” вужудга келган бўлса. Чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиш натижасида махсус меҳнат анъаналари ва маросимлари шаклланган9. Мазкур анъаналарга тадқиқотчи устоз ва шогирд, ҳашар, тут сайли, гилос сайли, узум сайли, қовун сайли, анор сайли, анжир сайли каби 40 дан зиёд анъана ва маросимларни келтиради. Уларнинг ҳар биридан ўзбек халқига хос меҳнатсеварлик ва фарзандларини меҳнатга, деҳқончиликка ўргатишга оид манбаларни келтириш мумкин. Мазкур анъаналар ва маросимлар ҳозирги кунларда ҳам халқимиз ҳаётида сақланиб қолган, уларга оид турли байрам ва томошалар уюштирилади. Гап шундаки, мазкур оммавий маданий тадбирлар анъаналарни асрашгагина қаратилган эмас, улар ёш авлодда халқ тарихий маданий бойликларига ҳурмат ҳиссини тарбиялаш, шу асосда оила фаровонлигини таъминлаш кўникмасини шакллантиришга ҳам қаратилгандир. Оила фаровонлиги ва меҳнатсеварлик, касб кор ва билимли бўлиш узвий боғланган. Жисмоний ва ақлий меҳнат кишини ҳар томонлама ривожлантиради, унда оила учун зарур меҳнатсеварлик, тежамкорлик, тадбиркорлик хислатларини шакллантиради.


Бугун меҳнатга бўлган муносабатларда ўзгаришлар кузатилади, ақлий меҳнатнинг қадри ва самараси ошмоқда. Бироқ бу халқимизга хос бўлган, меҳнат анъаналарининг мутлақ йўқолишига ёки сиқиб чиқарилишга олиб келмайди. Меҳнат инсоннинг тик ўсишига ва соғ-саломат ривожланишига ҳам хизмат қилади. Ақлий меҳнатни мутлақлаштириш бир томонлама, гоҳо нотўғри ёндашувдир. Жисмоний машқлар буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино айтганидек: “Соғлиқни сақлашнинг асосий тадбири бадантарбия. Мўътадил равишда ва ўз вақтида бадантарбия билан шуғулланувчи одам бузилган хилтлар туфайли келган касалликларнинг ва мижоз ҳамда илгари ўтган (касалликлар) туфайли келувчи касалликларнинг давосига муҳтож бўлмайди”10. Жисмоний меҳнат организм учун бадантарбия вазифасини ҳам ўтайди, шу сабабли инсон ундан ҳеч қачон мутлақ воз кечмайди. Ўзбек анъаналарига кўра оилани эркак моддий таъминлаган, оила учун зарур жисмоний меҳнатни эркак бажарган. Шу сабабли оиладаги мажбуриятлар ҳам эркак устига юклатилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ёзади: “Ислом шариати бўйича, аёлни уй-жой билан таъминлаш, ўз даражасида боқиш, кийинтириш ҳамда турмуш учун зарурий бўлган буюмлар, асбоб анжомларни ҳозирлаб бериш, айни чоғда, жуфти ҳалолининг соғлиги учун қайғуриш, унинг таълим олиши, истироҳати ва бошқа шахсий эҳтиёжлари учун нафақа қилиш ҳар бир мусулмон эр ва ҳар бир қайнота- қайноналар яхши билиб олмоқлари зарур”11. Бошқа бир китобда эса тўғридан тўғри ёзилади: “азал ҳақиқатга кўра рўзғорнинг оғир юклари эркак зиммасида ҳисобланган. Бугунги топарманликда эр ва хотин ўрни алмашган деган хулосада хато бор.Ўрнини билган яхши эркак ўз ўрнида (яъни оила бошлиғи, унинг моддий таъминоти устида), сабр ҳам уни тарк этмаган. Ўзлигини таниган аёл ҳам ўз ўрнида, тадбиркорлиги, топгани, ахлоқу ҳусни гўзалдан гўзал. ”Қарс икки қўлдан чиқади” деганлари шунда, “билганлар билан билмаганлар тенг бўлмаслар”12. Тўғри, “билганлар билан билмаганлар”, яъни эркаклар билан аёллар психофизиологик нуқтаи назардан тенг эмаслар, аммо улар инсон ва ўз ҳуқуқ ва эркинликларига эга шахс сифатида тенгдирлар. Оилавий муносабатлар ушбу тенгликка қурилиши демократик давлат ва жамиятнинг талабидир. Шундай экан эски, ҳозирги ижтимоий ҳаёт талабларига тўғри келмайдиган қарашларни қайта тиклаш ва тарғиб этиш кимга керак? Респондентларимиз кўрсатган, бераҳмлик ва бегоналик ҳисси шу ерда эмасми? Давлат ва жамият тенг ҳуқуқлиликни таъминлашга интилса-ю айрим консерватив кучлар, анъаналарнинг замонавийлашаётганини кўрмасликка интилаётган шахслар патриархал урф-одатларни қайта тиклашга ҳаракат қилса, бу яхшиликка олиб келадими? Бизнинг фикримизча, йўқ. Агар давлатимиз, жамиятимиз эркак ва аёлни тенг ҳуқуқли қилиб қўйган экан, оиланинг моддий таъминоти, оилавий муносабатларни йўлга қўйиш, қайси анъаналарни сақлаш ва асраш мумкин-у қайси бирларига амал қилмаслик ҳам уларнинг баб-баробар зиммасидадир.Анъаналар зўрлаб сингдирилмайди, улар эътиқод каби ихтиёрийдир. Аммо халқ анъаналарида қадимдан асраб келинаётган, ҳар бир давр ва оилалар учун фойдали бўлган тарихий маданий ва маънавий ахлоқий тажрибалар мужассамки, улар тайёр “ҳаёт дарсликлари”, оилани асраш ва ундаги авлодлараро муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам берувчи ҳаёт сабоқлари тўпламидир.
Ислом дини ва у билан боғлиқ қадриятлар, анъаналар ўзбек халқи тарихий маданий ҳаётидан чуқур жой олган. Айниқса, ислом динидаги оила институтини мустаҳкамлашга, авлодлараро муносабатлар барқарорлигига ёрдам берувчи анъаналар, фикрлар ва маънавий ахлоқий ғоялар муҳимдир. Бу анъаналар ва ғоялар халқимиз тарихий маданий ҳаётидан, қалбидан ва бутун борлиғидан жой олгани туфайли қадрлидир. Республикамиз Президентининг “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (2018 йил 16 апрель)ги Фармонида “Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади”, деб кўрсатилади13.Ҳақиқатан ҳам, оилада диний қадриятларни, анъаналарни шакллантиришнинг замонавий ва илмий қарашларга мувофиқ келадиган жиҳатларини ўрганиш, улардан ижтимоий маънавий муҳитни барқарорлаштиришда фойдаланиш долзарб муаммога айланиб бормоқда. Диний қадриятлар ва анъаналар имкониятларидан фойдаланиш сарҳадларининг кенгайиб бораётгани, бу борада аввало давлат ташаббус кўрсатаётгани туфайли Ўзбекистонда сўнгги йилларда Ислом цивилизацияси маркази, Ислом халқаро академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий Халқаро илмий тадқиқот марказлари ташкил этилди. Юқоридаги Фармонда диний маърифий соҳани тубдан такомиллаштиришга қаратилган, унинг бутун жамиятга, ижтимоий маънавий ҳаётга оид долзарб масалалари белгилаб берилган:
“Жаҳолатга қарши-маърифат!” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик,тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий маърифий фаолиятни жадалташкил этиш;
ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онг-у тафаккурини шакллантириш;
диний зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган буғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш;
жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш;
жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш;
диний маърифий ташкилотларнинг моддий техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот таҳлилий фаолиятни кучайтириш;
диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний маърифий соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш”14.
Ўтказилаётган илмий назарий изланишлар, мутахассисларнинг билдираётган фикрлари ҳам оила ва авлодлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, нафақат Ўзбекистонда, шунингдек, бутун жаҳонда муаммо бўлиб қолаётганини кўрсатади. Уларда замонавий тараққиёт асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган оилавий анъаналарга салбий таъсир қилаётгани, бу таҳдид бутун жамиятни, давлат ва нодавлат институтларини бирлашиб ҳаракат қилишга ундамоқда. Болалар ўртасида жиноятчилик, экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари, миллий анъаналарга нисбатан беписандлик, ҳурматсизлик, нигилизм кенг тарқалаётган ҳодисаларга айланиб бормоқда. Испан шарқшунослари ассосиацияси бош котиби, Мадрид Автоном университети профессори Хесус Хил Фуэнсента муаммога қуйидагича муносабат билдиради: “Келажагимизнинг қандай бўлиши ҳозирги кунда биз тарбиялаётган ёшларга боғлиқ. Бу қонуният оиланинг тарбия борасидаги фаолиятига ҳам алоқадор. Оилавий тарбиянинг мураккаблиги шундаки, ҳар бир оила ўзига хос бир олам, у тарбия ишида ҳам ўзига хос хусусиятларини намоён этади. Испанияда фарзанд 18 ёшга тўлганидан кейин мустақил ҳаёт бошлайди ва ота-онасига қарамайди. Бу эса кейинчалик унинг оиласида ҳам такрорланади. Шунинг учун ҳам айни пайтда нафақат Испания , балки бутун Европада оила қадриятларини оммалаштириш устида иш олиб борилаяпти. Тадқиқотлар эса оилавий тарбия ижтимоий тарбия билан узвий алоқада бўлсагина, бу оилада баркамол фарзандлар тарбияланишини исботлади. Демак, фарзанд тарбияси бутун бир жамиятнинг ишидир”15. Корея халқаро муносабатлар университети профессори Пенг Ил Ким дейди: “Биз мамлакатимизда энг намунали ва ибратли оилалар тажрибасини оммалаштириш устида иш олиб бораяпмиз. Гарчи кореяликлар оилавий қадриятларига жуда содиқ халқлардан бўлса-да, замонавий глобаллашув таъсири йилдан йилга сезилмоқда. Ёшлар оила қуриб, фарзандлар тарбиялашдан кўра, карьера қилиш, яшаш шароитларини янада яхшилаш, ёлғизликда дунё кезиш каби мақсадларни устун қўймоқда”16.Мазкур фикрни Япониянинг Ашия университети фахрий профессори Кунико Хакамада давом эттиради:”Бутун дунёда яшаш учун қулайлик,кундалик турмушни тобора автоматлаштириш ривожлангани сари оиладаги болалар сони қисқариши қайд этилган. Японияда оилада фарзанд ўстириш кўрсаткичи йилдан йилга пасайиб бормоқда.Айни пайтда парламентимизда меҳнат қилиш учун Японияга бошқа давлатлардан қўшимча ишчи кучини жалб этиш масаласи жуда қизғин муҳокама қилинаяпти. Туғилиш кўрсаткичларининг пасаётгани давлатни ана шундай чоралар кўришга мажбур этмоқда. Бу борада Ўзбекистонда ёшлар давлат аҳолисининг катта қисмини ташкил этаётганини таъкидлаш керак. Чунки халқ оилавий қадриятлар ва уни муносиб давом эттириш масъулияти ҳақида ўйлайди. Катталарга ҳурмат билан қараш ҳам айнан оилада шаклланадиган фазилатлардан. Бу шунчаки фазилат эмас, инсонийликнинг олий кўринишидир, аслида. Ўзбек оиласида нафақат ўзи, балки атрофидагиларга ҳурмат билан қарайдиган фарзандлар тарбия топиши бағрикенглик намунасидир”17. Бу олийжаноб фазилатлар, шубҳасиз, оила ва унда қарор топган миллий анъаналар ва авлодлараро муносабатлар ифодасидир. Улардаги ижобий жиҳатлар замонавийлашган давлатлардаги ҳаёт ва турмуш тарзига қиёсланса, янада яққол намоён бўлади. Аммо бу ижтимоий ривожланиш талаблари уларга таъсир этиб, баъзиларини трансформацияга учратишини инкор қилмайди. Замонавийлик анъанавийликнинг антиподи эмас, балки унинг тадрижий ривожланиш белгисидир.


1 Халилова Ш. Оила номли давлат сирлари. -Тошкент: Янги аср авлоди, 2018. 6 б.

2 Инжил. Тавротдан. Ибтидо. -Стокгольм: Библияни таржима қилиш институти, 1992. 3-4 б.

3 Ўша асар. Инжил. 12 б.

4 Ахлоқ одобга оид ҳадис намуналари. -Тошкент: Фан, 1990. 94 б.

5  Ўша асар. 92 б.

6 Қаранг: Халилова Ш. Оила номли давлат сирлари. -Тошкент: Янги аср авлоди, 2018. 92 б.

7  Ўша асар. 91 б.

8 Кон И. Дети и родители // Cемья. Т.1. -Москва: Изд. Полит.лит ры, 1991. С.242.

9  Қорабоев У.Х. Одатнома. Биринчи китоб. -Тошкент: Ўзбекистон, 2016. 211 б.

10 Абу Али ибн Сино. Мен англаган дунё. - Тошкент: Шарқ, 2015. 232 -233 б.

11 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Бахтиёр оила. -Тошкент: Шарқ, 2012. 121 б.

12 Қаранг: Оила тақвими. 2019 йил янаварь, февраль, март. -Тошкент: Sano standart нашриёти, 2018. 6 б.

13 Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони. “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такоммиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”.// Халқ сўзи, 2018, 17 апрель

14 Ўша жойда

15 Қаранг: Оилавий қадриятларга дарз кетмасин // Халқ сўзи, 2018, 16 ноябрь

16 Ўша жойда.

17 Ўша жойда.

Download 30.78 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling