Амирлашкар – амир ул-умародан кейинги мансаб. Қўқон хонлигида мингбоши ҳарбий унвонининг вазифалари, даражаси амирлашкарликка тенг бўлган;
Мингбоши – маъмур сифатида минг нафар отлиқ аскар берадиган мулкнинг ҳокими. Бу унвондаги шахс ҳарбий юришлар вақтида қўшинни бошқариб, лашкарбоши унвонини олган. Бу унвоннинг эгаси вазирликка ҳам даъвогар бўлган. Бу унвон Шералихон даврида (1842-1844 йй.) юқори даражадаги вазифага айланиб кетган;
Ботирбоши – ботир баҳодирлар бошлиғи. Беш юз кишидан кўп лашкарга бошчилик қилган. Вилоятларда ботирбоши ҳарбий ва қўшин ишларига масъул эди. Ботирбоши баъзан қурилиш ҳамда суғориш ишларига ҳам бошчилик қилган. (Улуғ наҳр ариғи, Отабек ботирбоши).
Қўшбеги – ҳарбий қўшиннинг бошлиғи. Бу мансаб юриш ва жанг вақтларида берилиб, унинг эгаси мингбоши унвонини олишга даъвогарлик қилган ҳамда алоҳида вилоятга ҳам ҳоким бўлиши мумкин эди.
Воли ёки волий (ноиб, муовин) – тобе этилган вилоят ва туманларда хоннинг ўринбосари. Вилоятларда лашкар унга итоат этган ҳамда у вилоятнинг ҳарбий маъмурий ишларига бошчилик қилган.
Қалъабон ёки кутвол – Қўқон хонлигининг чегераларида жойлашган қалъа ва истеҳкомларининг ҳокими бўлиб, шу ҳудудларнинг ҳарбий-маъмурий, хирож ва бож олиш ишларига жавобгар бўлган. Ҳарбий мақсадга кўра, қалъабон вазифасига додхоҳдан қушбегигача бўлган шахслар тайинланган.
Қўрбоши – қўрхона яъни аслаҳахона бошлиғи. Бу мансаб эгаси хон ва мингбошига итоат этган. Қўрбоши қўрхона, милтиқхона, тўпхоналарга бошчилик қилиб,хомашё топиб келишдан тортиб то тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни хон қарорига биноан тарқатиб бериш жараёнига жавобгар бўлган.
Ёфар – соқчилар бошлиғи. Бу мансаб эгасининг гуруҳи юз нафар аскардан иборат бўлган. Ёфар ўз гуруҳининг ҳисоб-китоби, йиллик харажатини аскарлари учун хазинадан олиб берган. Манбаларда ёфарлар ғаллагир (ғалла олувчи), жавгир (буғдой олувчи) ва сарпо олувчи сифатида ҳам қайд этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |