Қорақалпоғистонлик ёш журналистлар Хоразмда


Download 14.41 Kb.
Sana17.06.2023
Hajmi14.41 Kb.
#1543471
Bog'liq
Қорақалпоғистонлик ёш журналистлар Хоразмда


Қорақалпоғистонлик ёш журналистлар Хоразмда

Феврал ойининг дастлабки ҳафтаси қорақалпоғистонлик ёш журналистлар учун унутилмас бўлди. Негаки, жорий йилнинг 1—4-феврал кунлари Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида «Ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ёритишда ностандарт ечимлар ва воситалар» мавзусида тошкентлик соҳа мутахассислари тренинг ташкил қилди. Бу машғулотлар асосан хоразм ва қорақалпоғистонлик журналист ва блоггерларни қамраб олди. Қувонарлиси, танлов асосида иштирокчилар саралаб олинган бу тренингда 5 нафар Қорақалпоқ давлат университети талабалари саралашлардан ўтиб тренингда қатнашишга муваффақ бўлди. Машғулотлар аввалида иштирокчилар ва тренерлар бир-бирлари билан қизғин равишда танишдилар. Шундан сўнг, мутахассислар ўзлари тайёрлаб келган мавзулар асосида дарсларни бошлади. Илк дарс бугунги кун журналистлари учун жуда аҳамиятли ва керакли бўлган йўналишда, яъни телефонда қандай қилиб сифатли видео ва фото материаллар тайёрлаш ҳақида бўлди. Куннинг биринчи ярмида машғулотлар давом этган бўлса куннинг иккинчи ярмида журналистлар Хива шаҳрига саёҳат уюштирди. Бу саёҳат давомида қадимий шаҳарда яқинда қуриб битказилган меҳмонхона фаолияти ва унда чет эллик сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар атрофлича ўрганилди. Шундан сўнг, Ичан қалъа медиа вакилларига бағрини очди. Бу эртакнамо мажмуа бизга халқимизнинг шонли тарихи, бунёдкорлигини кўз ўнгимизда ҳис қилиш ва фахр туйғусини туйиш имконини берди.


Навбатдаги кун тренинглар давом этди. Бу кун мавзуси ҳар қандай шахс учун, шу қаторда журналистлар учун ҳам муҳим ҳисобланган ҳуқуқий саводхонлик ҳақида бўлди. Малакали мутахассислар бир неча соат давомида ўз билганларини ва аҳамиятли деб ҳисоблаганларини иштирокчиларга улашди. Айниқса, мавзунинг муаллифлик ҳуқуқи ва шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қисми кўпчилик учун фойдали бўлди.
Турли хил форматларда асар яратиш журналист учун кунлик одатий иш ҳисобланади. Лекин, уни ҳар доим ҳам бир хил шаклда тайёрлаш ўқувчини зериктириб қўйиши мумкин. Тренинг давомида айни масала ҳам эътибордан четда қолмади. Бир қанча мутахассислар мавзуларни турли хил кўринишда ва қизиқарли ёритиш хусусида ҳам машғулотлар ўтказди ва керакли топшириқлар берилди.
Охирги кун иштирокчилар икки нафардан гуруҳларга бўлиниб биргаликда берилган топшириқларни тренерлардан бириктирилган менторлар ёрдамида ўринладилар ва тайёр материал ўртага ташланиб камчилиги, шунингдек эришилган натижалар хусусида муҳокама бўлиб ўтди. Шу тариқа 4 кунлик тренинглар якунига етди ва тошкентлик мутахассислар иштирокчиларга келажакдаги фаолиятларига муваффақиятлар тилаб доимий алоқада бўлиб туриш имконияти борлигини таъкидладилар.
Download 14.41 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling