Орол денгизининг тарихий географик номлари
Download 28.25 Kb.
|
Орол ден.номи
Орол денгизининг тарихий географик номлари Ибрагимова Р.А. Ўзбекистон Миллий университети XX асрнинг 60- йилларигача Орол денгизининг сув сатҳи, майдони ва бошқа гидрографик хусусиятлари анча муҳим бўлган, чунки уни Амударё ва Сирдарё узликсиз сув билан таъминлаб турган. Аммо 1960 йилдан бошлаб, денгизнинг сув сатҳи тез пасая бошлади ва 10 йил давомида 2,0 м га, кейинги икки ўн йилликда эса 5,7 ва 7,2 м га пасайиб қолди. Сув ҳажми ҳам шунга мос ҳолда 1093 км3 дан 330 км3 га, яъни уч мартадан кўп қисқариб кетди. 1995 йилга келиб, кейинги 35 йил ичида денгиз сувининг сатҳи 17 м пасайиб кетганлиги маълум бўлди. Натижада денгиз дастлаб иккига, “Катта” ва “Кичик” денгизларга бўлиниб кетди. 1999 йилда эса Кичик денгизнинг сув сатҳи 2,5 м га пасайган бўлса, Катта денгизнинг сув сатҳи эса 34 м белгига етди (Чуб, 2000). Ҳозирги кунда денгизнинг 3 қисмга бўлинганлиги маълум. Кўпчилик гидролог ва географ тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Орол денгизи сатҳининг бундай ўзгариб кетишининг асосий сабаби Амударё ва Сирдарё сувларининг антропоген омил таъсирида денгизга етиб боришининг камайганлиги туфайли, денгизда сув мувозанатининг бузилиши, яъни денгизга сувнинг кириб келишига нисбатан чиқиб кетиши (буғланиш) нинг ошиб кетганлигидир. Шундай қилиб, Ер юзасидаги энг катта кўллардан бири бўлган Орол, кейинги 40 йил ичида, яъни бир авлод кўз ўнгида, жадал қурий бошлади ва ўзининг ноёб экологик ва географик хусусиятларини йўқотиб қўйди. Орол денгизи ва унинг ён-атрофлари экологик таназзулга юз тутди. Ҳозирги кунда глобал экологик муаммога айланиб улгирган Орол денгизи қадимги даврларда ҳам сайёҳ географларни қизиқтириб келган. Орол ва Оролбўйи бугунги кунда кўплаб илмий ишларнинг тадқиқот объектига айланмоқда. Бу ердаги экологик ўзгаришлар ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ўтган даврлардаги муаллифларни қизиқтирган Орол денгизи келажакда ҳам қизиқтириши табиийдир. Шуни инобатга олиб, ушбу мақолада Орол денгизи тарихда қандай номлар билан аталганлигига тўҳталиб ўтамиз. Орол тарихини ўрганиш вақтида турли манба ва адабиётларда унинг турлича ном билан аталганлигини учратиш мумкин. Оролнинг турли даврларда қандай аталганлиги ва қачондан Орол денгизи деб айтилаётганлиги кўпчиликни қизиқтириши табиий. Антик давр манбаларида Орол денгизи ҳақида маълумотлар деярли йўқ. Шунга қарамай юнон олими Птолемей (II аср) ва Аммиан Марцеллин (IV аср) асарларида “Окс” кўли ёки ботқоқлиги деб айтганлигини учратиш мумкин. Лекин Окс кўлининг Орол ёки Сариқамиш ботиғи эканлиги айтиб ўтилмаган. Хитой солномаларида Орол денгизи “Шимолий денгиз” деб аталган. Уларда аланлар ва турклар ўлкасида дарёлар тоғлардан шимолга оқиши ҳамда қандайдир Шимолий денгизга қуйилиши айтилган. Арабларнинг Ўрта Осиёга келиши (VIII аср) билан Орол денгизи ўрни, табиати ва унга қуйилувчи дарёлар ҳақида кўплаб батафсил маълумотлар йиғилган. Араб географи Ибн Ҳурдодбеҳ (IX аср) “Масофалар ва мамлакатлар китоби” да Амударё ва Сирдарё “Қурдор кўли” га қуйилишини ёзган. X асрларда яшаб ўтган Ибн Руста ва унинг замондоши Ал Масъудий асарларида эса Орол денгизи “Журжония кўли” деб олинади. Улар Журжония кўлига иккита йирик дарё Жайҳун (Амударё) ва Шош (Сирдарё) дарёлари қуйилишини, унинг қирғоқлари яқинида Журжония (Гурганж, Кўҳна Урганч) шаҳри жойлашганлигини ёзиб қолдиришган. X-XI асрда яшаб ижод этган ватандошимиз Абу Райҳон Беруний асарларида келтирилган маълумотларда, қадимда Амударё Қорақум орқали Каспий денгизига оққанлиги ва сўнг у шимолга бурилиб, Киз денгизи (Сариқамиш ботиғи) томонга, бир қисми “Хоразм денгизи” (Орол денгизи) томонга оққанлиги эътироф этилади. Муаллифи номаълум бўлган “Худуд ал олам” (983 йил) асарида Орол денгизи Хоразм кўли деб, унга Жайҳун ва Хасарт дарёлари қуйилиши айтиб ўтилган. Орол денгизини Хоразм кўли номи билан аталганлигини Истаҳрий (961 йил), Казвиний (1339 йил), Ҳофизи Абру (1417 йил) асарларида ҳам учратиш мумкин. XII аср бошларида Бакрон ўзининг “Жаҳоннома” асарида Орол денгизини Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган Жанд шаҳри номига боғлаб “Жанд кўли” деб атаганлиги ҳам маълум. XVI аср охири ва XVII аср бошларида яратилган “Книга Большому Чертежу” китобида Орол денгизи “Кўк денгиз”номи билан аталган ва унинг географик ўрни кўрсатилган. XVII асрда яшаган Хива ҳони Абулғози Амударёнинг 1573 йилда “Сир денгизи”га оққанлигини ёзган. Шу билан бирга унинг ишларида Орол номини ҳам учратиш мумкин. Демак, Орол денгизининг ҳозирги номи XVII асрда маълум бўлди. Денгизнинг “Орол” деб номланишига бир қанча изоҳлар мавжуд. 1. Унда кўпгина ороллар мавжудлиги; 2. Қўнғир ва кулранг қумли текисликлар орасида ҳаворанг сувли денгиз оролга ўҳшаб ажралиб туриши; 3. Кўпчилик дарёлар дельталарида кўплаб оролларни хосил қилади. Амударёнинг бир қанча оқимларининг денгизга қуйилиш жойини кишилар олдиндан Орол деб, унинг аҳолисини оролликлар деб аташган. Ўша жой номидан кўл Орол номини олган. Кўп ҳолларда кўл ва денгизлар унинг яқинидаги шаҳар ва вилоятлар номини олганлиги ҳам маълум. Орол денгизи ҳам бундан мустасно эмас. Адабиётларда ушбу ноёб сув ҳавзасининг турли даврларда ва турли муаллифларда 10 дан ортиқ номлар билан аталганлигини учратиш мумкин. Жумладан, Қурдор кўли, Журжония кўли, Жанд кўли, Хоразм кўли, Окс кўли, Сир денгизи, Кўк денгиз, Шимолий денгиз, Антиоҳ денгизи, Аччиқ денгиз, Шўр денгиз, Денгиз ва бошқалар. Адабиётлар: 1.Мурзаев Э.М. Слово на карте. М., 2001. ст. 225. 2. Чуб В.Е. Изменение климата и его влияние на природно-ресурсный потенциал Республики Узбекистан. Т., 2000. Download 28.25 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling