O’rta maxsus ta’lim vazirligi muqimiy nomidagi qo'qon davlat pedagogika instituti boshlang’ich ta’lim kafedrasi tilshunoslikning dozarb muammolari fanidan
MAVZU: Ўзбек тили ва унинг этномаданий хусусиятлари
Download 1.19 Mb.
|
Tilshunoslik
MAVZU: Ўзбек тили ва унинг этномаданий хусусиятлари
Тилшунослик тарихидан яхши маълумки, инсоният тарихининг ҳар бир ривожланиш даври тилга кучли таъсир ўтказади, тарихий шароит тилдаги ўзгаришларнинг алоҳида бир босқичини юзага келтиради. Масалан, қадимги туркий тилнинг шаклланишида ғарбий ва шарқий турк ҳоқонликларининг марказлашган давлат сифатида шаклланиши муҳим роль ўйнаган бўлса, эски туркий тилнинг қарлуқ, қипчоқ, ўғуз, қисман, уйғур сингари катта туркий элатлар ҳамда бошқа майда қабилалар адабий тили сифатида шаклланиши ва ривожланишида қорахонийлар давлатининг таъсири катта бўлган. Ана шу даврдан эътиборан эски туркий тилда й-лашиш жараёни бошлангани ҳам қорахонийлар давлатида қарлуқ қабила вакилларининг таъсири кучайгани, шу қабила тилининг расмий иш юритиш тили мақомини олгани билан боғлиқ, албатта. Тарихшуносликка оид тадқиқотлар ҳам бу туркий уруғларнинг XI – XII асрларда алоҳида этнос сифатида шаклланиб бўлгани, шунинг учун XIII аср биринчи ярмидаги мўғул истилолари ва XIV аср бошларида Ўрта Осиёга шайбонийларнинг кириб келиши туркий халқ таркибининг асосини ўзгартириб юбормаганлигини, балки мўғул ва шайбоний уруғлари жуда секинлик билан бўлса-да, маҳаллий халқ таркибига сингиб кетганлигини (таъкид бизники – Ё.О.) тасдиқлайди.121 Шундан келиб чиқиб, ўзбек (туркий) этносининг шаклланишида қорахонийлар даври тили – фанда “эски туркий тил” деб аталадиган тил алоҳида ўрин тутган дейиш мумкин. Шундай экан, “тарих саҳнасида бугун ўзбек номи билан танилган этнос”122 ҳамда унинг тилининг ғарблик тарихшуносу тилшунослар томонидан “Чиғатой улуси” ва “Чиғатой тили” дейилиши ҳам тарихий ва лингвистик ҳақиқатга зиддир. Биз мўғул ва шайбоний уруғларининг маҳаллий туркий уруғлар таркибига сингиб кетиши ҳақидаги қарашларни маъқуллаймиз. Аммо бу жараёнгача бўлган даврда, бу катта ҳудуддаги туркий этносни маҳаллий туркий ва қадим сўғдийлар шакллантирган, туркий адабий тил ҳам туркий ва қадим суғдийлар тиллари асосида ҳосил бўлган123 деган қарашга қўшилмаймиз. Бизнингча, суғдий қабилалар туркий қавмнинг маълум бир таркибинигина ташкил этади ва улар туркий этнос таркибига сингиб кетган, буни тил материаллари ҳам тасдиқлайди. Яъни сўғд тил унсурлари худди арабий элементлар сингари туркий тил қонуниятларига мослашган, муайян таркибий қисмгина холос. Қарлуқ, қипчоқ, ўғуз, қисман, уйғур сингари катта туркий элатлар ҳамда бошқа майда қабилалар ўртасида этник яқинлик, маданий муштараклик бўлгани учун ҳам бир этнос сифатида бирлашишган. Ўзаро таъсирларда ғолиб келган этник уюшманинг номи асосий этноним бўлиб қолган. Тил этник ўз-ўзини англашда муҳим ўрин тутади. Этник ўз-ўзини англашнинг биринчи белгиси – этник таркибга мос этнонимнинг танланишидир. Иккинчи белгиси – этнос тилининг расмий тил сифатида тан олиниши, унинг ривожи учун шарт-шароит яратилишидир. Этник ўз-ўзининг англашнинг бошқа белгилари, масалан, этник анъаналарга содиқлик, маданий-маънавий қадриятларни асраб-авайлаш кабилар ҳам миллий тил орқали авлодлар онгига сингдирилади. Ўзга тилда бийрон сўзлаш, фикр ифодалаш мумкин, аммо этник ўзига хосликлар чет тилда она тилидагидек тушун(тир)илмайди, этномаданий инжаликлар бутун намоён бўлмайди. Жадид маърифатпарварлари она тилининг айни имкониятини XX аср бошидаёқ англаган, она тилига ўзликни англаш ва тафаккурни ривожлантириш омили деб қараган, она тилига муҳаббатни ватанга муҳаббат деб билган эдилар. В.фон Гумбольдт қарашлари ва “янги гумбольдтчилик”даги барқарор назарияга кўра, ҳар бир миллат дунёни она тилида кўради ва танийди. Аммо тилшунос О.Н.Трубачев қизиқ фикрни келтиради: “этносда ўз-ўзини англашнинг икки хил йўсини ҳам бўлиши мумкин. Масалан, Кирилл ва Мефодий даврида болгар халқи ўзини ҳам болгар, ҳам славян ҳисоблаган”.124 А.Н.Тихоновнинг фикрича, бугунги чувашлар ўзларини ҳам чуваш, ҳам рус санайдилар, рус маданиятини ўз маданияти деб биладилар.125 Шу муносабат билан арман, грузин ва озар тилларида шеър ёзган Саят-Нованинг оламни уч хил тарзда англаган демоқчи бўладилар ва бу фикрга Саят-Нова ҳаётининг асосий қисми Тифлис (ҳозирги Тбилиси)да ўтгани, Тифлис эса ўша пайтда Кавказортининг ягона маданият марказига айланганини илова қилади.126 Табиийки, бу – “киши нечта тилни билса, оламни ҳам шунча тилда идрок этиш мумкин” деганидир. Бизнингча, инсон уч тилда эмас, олти тилда ҳам сўзлаши, ёзиши мумкин, бироқ битта тил киши учун асосий бўлади ва шу тил билан оламни танийди; оламга муносабат – хоҳлаймизми, йўқми – кишининг биринчи тили (кўпинча бу она тили бўлади) призмасидан ўтади. Шу ўринда “Мақсуд Шайхзода оламни қайси тилда идрок қилган? Оламга озарча нигоҳ билан қараганми ёки ўзбекча?” деган савол туғилиши табиий. Мақсуд Шайхзоданинг она тилиси озар тили бўлгани сабабли оламни озарча билишга одатланган, дунёга озарча нигоҳ болалигидаёқ шаклланиб бўлган. Ўзбекистонга келгач, ўзбек халқи ичида яшагач, ўзбек урф-одатларини кўрган ва оламга ўзбекона боқишни ҳам ўзлаштирган. Албатта, бунда озарлар ва ўзбекларнинг қадимда этник келиб чиқиши ва тили умумий бўлгани, бир динга эътиқод қилгани ҳамда урф-одатларининг яқин ва муштараклиги Мақсуд Шайхзоданинг ўзбек тилида ҳам баракали ижод қилишига, демакки, оламни ўзбекона идрок эта билишига имкон берган. Шу муносабат билан отаси дат, онаси немис бўлган В.Далнинг қуйидаги фикрини келтириш ўринли: “На исм, на эътиқод, на насл-насаб кишини бирор миллатга мансуб қила олади... Ким қайси тилда ўйласа, у шу халққа мансуб...”127 Ўзбек тили ўзбек этносининг она тили сифатида ўзида шу этносга хос энг қадимий хусусиятларни, этномаданиятимизнинг нодир намуналарини ўзида сақлаган, ворисийлигини таъминлаган. Шу маънода туркий маданиятнинг қадим намуналари тошбитиклар, тарихий-бадиий ёзма манбалар, фольклор асарлари ҳамда миллий анъана ва урф-одатлар ўзбек тилининг кумулятив вазифаси туфайлигина мавжуд. Сўз ва иборалар, мақол ва маталларнинг маъновий мундарижасини таҳлил қилиш орқали ҳам тил этнос маданиятининг нечоғли ифодачиси эканини билиб олиш мумкин. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ўзбек тилидаги аксар сўзлар семантикасидаги этномиллий жиҳатлар ўзбекларнинг турмуш тарзи, касб-кори, урф-одати, иқлим шароити билан боғлиқ ўринларда қабариқ ифодаланади. Масалан, алак, атлас, адрас, банорас, беқасам, бўз, олача, сўзана, жияк, дўппи, чопон, тўн каби сўзлар миллий газламачилик ва кийиниш маданиятига; айрон, атала, гўжа, кулчатой, норин, палов, сомса, тандир, ҳалим, ҳолва каби сўзлар пазандалик маданиятига; кирювди, маслаҳатоши, савзиарчар (савзитўғрар), бешиккертти, маслаҳатоши, супраочар, куёвнавкар, келинсалом, чарлари, юзкўрди (юзочди), отакўрди, отаюпатар каби сўзлар этнографик маданиятига; Бахрин, Жалойир, Калтатой, Найман, Қанғил, Қатағон, Қўнғирот, Қирқ, Юз, Минг каби этнонимлар этник келиб чиқишга доир тушунчаларнинг лисоний ифодаларидир. Таъкидлаш лозимки, бу бирликлар шунчаки лисоний ифодалар эмас, балки ўз семантик структурасида луғавий маъно билан бирга этнос турмуш тарзи ва миллий-маданий қадриятларига ишораларни жамлаган лингвокультуремалардир. Зеро, ўзбек этносининг оламга этноспецифик муносабатини кўрсатувчи айни ассоциатив ишораларсиз бу сўзларнинг семантикаси қуруқ ва ғарибдир. Мазкур сўзлар орасида бир тушунчанинг икки номи бўлган сўзлар (савзиарчар, савзитўғрар; юзкўрди, юзочди) учрайди. Уларни келтиришдан мақсад бир тушунчанинг икки номи борлигини кўрсатиш эмас, балки турли ҳудуд кишилари битта тушунчани турли томондан кўришини таъкидлашдир. Диққат қилинса, муайян ҳудуд вакиллари сабзининг пўстини арчиш жараёнини, бошқа ҳудуд вакиллари сабзини тўғраш жараёнини фаоллаштирган ҳолда битта маросимга ном бермоқда. Ёки келинни совға бериб кўриш ва қариндош-уруғ билан таништиришдан иборат маросимни бир ҳудуд вакиллари келинни кўриш жараёнини назарда тутиб юзкўрди тарзида, бошқа ҳудуд вакиллари эса юзини очишни эътиборга олган ҳолда юзочди деб номламоқда. Мана шу номлаш жараёнида тил эгасининг оламга этноспецифик муносабати ҳам иштирок этади. Инсондаги она тилига яқинлик туйғуси шу ва бошқа кўплаб этномаданий ассоциацияларда намоён бўлади. Борлиқдаги нарса-ҳодисаларнинг иборалар орқали аталиши маълум. Сўз билан номланиши мумкин бўлгани ҳолда аташ вазифасининг иборага юкланиши эса тил соҳибининг муайян нарса-ҳодиса, белги-хусусият ёки ҳаракат-ҳолатни миллий-маданий коннотация билан “тўйинтириш” орқали образли ифодалаш эҳтиёжи туфайлидир. Ўзбек тилидаги аксар ибораларда этномаданий хусусиятлар жамулжам бўлган. Хусусан, этник тарих, маиший турмуш, касб-кор, урф-одат ва анъана сингари омиллар билан боғлиқ билимлару тажрибалар пировардида этномаданий ўзига хосликни таъминлайди. Масалан, ўзбек тилида “астойдил, жон-жаҳди билан” деган маъно билдирадиган енг шимариб ва “астойдил эмас, истар-истамас; шунчаки, юзаки” маъносини билдирадиган қўл учида иборалари бор ва бу турғун бирикмаларнинг юзага келиши этноснинг кийиниш маданияти билан боғлиқ. Маълумки, аввал енги калта кийим кийиш урф бўлмаган, айниқса, ўзбек аёллари кийимларининг енги шаръий қоидаларга кўра қўл бармоқлари бошланадиган жойгача бўлган. Шу сабабли бирор юмуш бажаришдан олдин кийим енги шимариб олинган. Баъзан енгил-елпи юмушлар енг шимармай, қўл учида ҳам қилинган. Енг шимариб ва қўл учида ибораларининг юзага келишида ана шу амалий жараён сабаб бўлган. бунда енг шимариб ва қўл учида бирикмалари лексемалашув жараёнига тортилган ва кўчма маънолар касб этган. шундай бўлса-да, ҳар икки иборада этноснинг аввалги турмуш тарзи билан боғлиқ семантика сақланиб қолган. Яна шундай иборалардан бири бел боғламоқ бўлиб, у “астойдил киришмоқ” маъносини билдиради. Мазкур иборанинг сўз шаклидаги муқобилларидан биринчи фарқи “астойдил” семасига эгалиги, иккинчи фарқи этномаданий ва гендер хосланганлигидир. Азалдан ўзбек эркаклари тўн ёки яктак устидан белбоғ боғлаган, шунинг учунми мард ва лафзиҳалол йигитлар белида белбоғи бор деб сифатланган. Табиийки, алоҳида эътибор ва жисмоний куч талаб қиладиган юмушни бажаришдан аввал кишилар уст-бошини ишга мослаб олган. Албатта, бунда белбоғ ҳам маҳкам боғланган. Шундай хатти-ҳаракатнинг лисоний ифодаси сифатида белни боғламоқ бирикмаси қўлланган. Кейинчалик ушбу бирикмада лексемалашиш жараёни юз бериб, кўчма маъноли бирликка айланган. Тил эгалари эркин бирикмадаги “астойдиллик” тушунчасини фаоллаштириб, ҳар қандай ишга жон-жаҳди билан киришишга нисбатан қўллай бошлаган. Бора-бора эркин бирикмаликдан узоқлашиб, “астойдил киришмоқ” маъносини ифодалашга ўтган. Бел боғламоқ бирикмасидан англашиладиган хатти-ҳаракатнинг фақат эркакларга хос бўлгани (белбоғ боғлаб юриш) кейинчалик айни иборанинг фақат эркаклар бажарадиган юмушга нисбатан қўлланишига сабаб бўлган. Ибораларда этноснинг воқеликка муносабати ҳайратланарли даражада аниқ ва мантиқан расо акс этадики, бизнингча, бу – халқнинг ўз кўрган-кечирганлари асосида хулосага келгани – “етти ўлчаб бир кесгани”дан. Ўзбек тилидаги подадан олдин чанг чиқармоқ ибораси этнос синчилик салоҳиятининг ана шундай намунасидир. Физикага доир билимлардан маълумки, чанг енгил бўлгани сабабли ҳавода тез кўтарилади ва тарқалади. Пода ўтаётганда ҳам юзлаб туёқлар остидаги чанг зарралари атрофга тутундек тарқалади, пода кўринмаса ҳам чанг-тўзони узоқдан кўзга ташланади. Одамлар пода келаётганини осмонга ўрлаган ана шу чанг-тўзондан билиб олган. Бу жараённи доим кўриб, кузатиб юрган зийрак кишилар “рўёбга чиқиши аниқ бўлмаган бирор иш, воқеа ҳақида вақтидан илгари гапириб юриш”ни подадан олдинги чанг-тўзон кўтарилишига қиёсан атаб қўя қолган.128 Бугун айни ибора кўчма маънода қўлланса-да, унда қишлоқ аҳли турмушига хос жиҳат изини қолдирган. Download 1.19 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling