ЧИН ИНСОН
Дадам Абдулла Қодирий бир куни қора муқовали форсчами, туркчами қалин бир китобни ўқиб ўтирдилар-да, маъқул тушди шекилли, “қулоқ сол”, деб бу байтни ўқидилар:
Сен туғилган замонлар куларди олам,
Сен ўлдиғинг замонлар йиғласин олам.
– Шоир фикри тўғри-ю, – дедим мен кулиб, – бироқ ўлганида олам йиғлайдиган киши бўлиш ҳаммага ҳам насиб бўлавермаса керак, ада…
– Нега? – дедилар дадам мутолаадан кўзларини узмаган ҳолда.
– Бунақанги киши бўлиш қийин-да.
У киши жавобимга эътиборсиз яна бирмунча вақт ўқишни давом эттирдилар, чойнакдан пиёлага чой қуйиб ҳўпладилар.
– Ҳеч қийинчилиги йўқ. Шеърдаги “олам” сўзи, биринчидан, аввало, муболаға. Кейин, бунақанги кимса бўлиш учун зўр хоқон, амалдор, бой ёки олим бўлиш шарт эмас. Ким бўлмасин, у чин инсон бўлса бас…
Шу чоқ кимдир чақириб келди, дадамнинг фикрлари бўлинди…
Хўш, чин инсонийлик нима? Бу ҳақда шу қадар кўп фикрлар айтилган, битилган, бу битиклардан буюк бир қаср ясаса бўлади.Чин инсонийлик ҳақида айтилган, ёзилган фикрлар, йўл-йўриқларни тушуниш ҳам қийин эмас, савия ва шароит ҳам бор, фақат бир нарса етишмай туради: ўша айтилган фикр ва кўрсатилган йўл-йўриқларга амал қилиш.
СОПОЛ ҚУВУР
Ўн бир-ўн икки ёшли чоқларим, боғимиз жуда обод, айниқса, шийпонимиз қаршисидаги катта гулзоримиз яшнаган вақт эди. Бир кун дадам бозордан анча юк кўтариб келдилар-да, менга:
– Беш-ўнта сопол қувур олган эдим, юким кўплик қилиб, Олим дўппифурушнинг дўконига ташлаб келдим. Бориб олиб кел! – дедилар.
– Хўп, – дедим. Қоп қўлтиқлаб Чорсу бозорига жўнадим. Қувурлар гулзоримизга, яъни, қуйилган сувни бир полдан иккинчисига ўтказиш учун керак эди.
Олим амакининг дўконидан қувурларни қопга солиб, орқалаб жўнадим. Қувурлар анча оғир эди. Носбозор, тамакибозорлардан ўтгач чарчадим-да, гулбозорга (ҳозирги “Болалар дунёси” магазинининг ўрни) бурилишдаги ердан бирор газ баланд қилиб қурилган кичкина темир-терсак дўконининг остонасига орқам билан аста юкимни қўйиб, қопнинг учини елкамдан бўшатмаган ҳолда дам ола бошладим. Дўконда харидор йўқ, яхши кийинган ўрта ёшли бир сотувчи тахтага тирсакланиб харидор кутиб ўтирар эди. У менга деди:
– Ҳай бола, кўтар қопингни, жўна бу ердан!
– Ҳозир, амаки, чарчаб кетдим, озгина дам олай.
– Бу ер дам оладиган жой эмас, харидор киради, жўна, дедим, жўна!
– Хўп, хўп, – дедим, аммо чарчоғим ҳали чиқмагани учун бу қулай жойда яна озгина ўтирмоқчи бўлдим.
Шу вақт дўкондор орқамдан келиб, қопимни кўтариб итариб юборди. Агар ўткинчи бир киши тутиб қолмаганида, мен тор йўлакдан ошиб, тош йўлга юз тубан йиқилишим, қувурлар ҳам синиши аниқ эди. Алам қилиб, йиғлаб юбордим.
– Э биродар, бола нима гуноҳ қилди, итариб юбордингиз, йиқилса, нима бўлар эди?! – деди мени тутиб олган киши дўкончига.
– Боравер, ишинг бўлмасин, ўлиб кетмайдими!
Киши индамади. Ёнимда боратуриб, менга аста деди:
– Ўғлим, қўявер, хафа бўлма, бу одам ўзи шунақа экан…
Мен уйга келиб, бу ҳақсизликни дадамга алам билан сўзладим. У киши олдинига жиддий тинглаб ўйланиб ўтирдилар, кейин менга далда бериш учунми, кулдилар:
– Шунга ҳам хафа бўлишми? Сен ҳаётга энди кириб келяпсан. Ҳаётда ҳали шундай аччиқ-тизиқлар, ноҳақликлар, дағал-қўполликлар бўлади, кўра-кўра чиниқасан, кўникасан. Бириси сени ҳурматлайди, қадрлайди, тақдирлайди, иккинчиси хўрлайди, ҳақоратлайди, жабрлайди. Чунки инсонларнинг хулқи, феъли, табиати турлича. Уни ўзгартириш, маълум бир яхши маромга солиш қийин ва ҳатто кўпинча мумкин ҳам эмас, – дедилар ва яна кулдилар. – Агар ўшанда дўкончи “Ҳа, ўғлим, чарчаб қолибсиз-да, баракалла, қопингизни сал четроққа қўйинг, кирувчилар қийналмасин”, деса, сен қандай хурсанд бўлар эдинг-а? Албатта, бу сўзни у одам ҳеч маҳал ва ҳеч кимга айтмайди. Чунки унинг яратилиши, табиати шунақа. Бунинг учун хафа бўлиш керак эмас.
– Демак, биров хафа қилса, озор берса, индамаслик керак экан-да?
– Йўқ, индаш керак, агар вазият буни тақозо этса, киши ўзини ҳимоя қилишга қурби етса, можаро ва можарочи кимса индашга арзиса. Кўпинча онгсиз, андишасиз, жўн одамлар қўпол бўлади. Ундайлар билан айтишиб, тенглашиб ўтиришнинг ўзи бир камчилик ҳисобланади…
Дадамнинг бу сўзларидан мен анча ёришдим, бояги аламлар кўнглимдан аригандай бўлди ва, дарҳақиқат, у киши айтганларидек, кейин-кейин бундай дағал-қўрс муомалаларга дуч келсам, сабр-сукут қиладиган бўлдим. Бунда ҳикмат зўр экан… Қачон қўрс муомалага учрасам, ҳамиша дадамнинг ўша ўгитларини эслайман ва ҳовурдан тушаман…
Do'stlaringiz bilan baham: |