Меҳнат таълими инструктажи (йўриқномаси)(кўрсатма, йўл-йўриқ, йўриқнома) – ўқувчининг амалий машғулот ўташ даврида риоя қилиши зарур бўлган кўрсатмаларига ўқитувчи томонидан бериладиган изоҳ.
Меҳнат ўқитиш методикаси – 1) меҳнат таълими назарияси ҳамда методикаси бўйича талабаларда муайян билим, кўникма, малакалар ҳосил қилишга йўналтирилган ўқув фани; 2) меҳнат ўқитиш методикаси хусусий педагогиканинг асосий соҳаси.
Меҳнат Давлат таълим стандарти – меҳнат таълими мазмуни ва ушбу ўқув предмети бўйича ўқувчилар эгаллайдиган билим, кўникма, малакаларга қўйилган талабларни давлат томонидан тасдиқланган эталони, модели.
Меҳрибонлик уйлари – етим ва ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг васийлигисиз қолган болалар учун давлат томонидан очилган таълим-тарбия муассасаси.
Микротаълим – ўқув материали бўлимларининг кичик қисмларини маълум кетмакетликда ишлаб чиқаришга татбиқ этиш тизими.
Микротехнология – ўзаро ва индивидуал таъсирга ҳамда тор ҳажмдаги тезкор топшириқларни ҳал этишга қаратилган технология.
Милет мактаби – юнон илмий фалсафий мактаби.
Миллий қадриятлар – миллат учун муҳим, жиддий аҳамиятга эга бўлган жиҳат ва хусусиятлар йиғиндиси.
Миллий модел – “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”нинг ўзагини ташкил этувчи яхлит тизим.
Миллий ғурур – шахс, ижтимоий гуруҳнинг миллий ўз-ўзини англаши асосида шаклланадиган, аждодлари қолдирган моддий, маънавий меросдан, ўз халқининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, ўзга миллатлар олдидаги қадр-қиммати, обрў-эътиборидан фахрланиш ҳиссини ифодаловчи тушунча.
Миллий ғоя – миллатнинг ўтмиши, бугуни ва истиқболини ўзида мужассамлаштирган, унинг туб манфаатлари ва мақсадларини ифодалаб, тараққиётга хизмат қиладиган ижтимоий ғоя шакли.
Мнемоника – махсус чизма ва шартли белгилар ёрдамида муайян тушунча ва маълумотларни эслаб қолиш.
Моддий техника таъминоти – ўқув-тарбия муассасаларини зарур ускуналар, инвентарлар, ашёлар, таълимнинг техникавий, дастурий ва дидактик воситалари билан жиҳозлаш, таълим жараёнини компьютерлаштириш, таълим муассасаларини капитал таъминлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |