Аудитория – олий ва ўрта махсус ўқув юртларида дарс ўтказиладиган хона.
Аутотренинг – ўз-ўзини ишонтиришга асосланган махсус машқлар мажмуи.
Афина тарбияси – милоддан аввалги VII-V асрларда Афинада шаклланган ҳамда Қадимги Грецияда қўлланилган тарбия тизими.
Афина тарбиясининг мақсади ҳар томонлама ривожланган инсонни шакллантиришдан иборат бўлган. У ўзида ақлий, эстетик, нафосат, ахлоқий ва жисмоний тарбияни мужассамлаштирган. Нафосат тарбияси асосан ўқиш, ёзиш, мусиқа, нутқ маданияти, фалсафа, сиёсатни ўрганиш жараёнида амалга оширилган. Жисмоний тарбия асосан, чопиш, кураш, сакраш, найза отиш каби турлар билан шуғулланишни назарда тутган. Ахлоқий тарбияда асосан интизомлилик, мардлик, ўзини тута билиш, ўз қадрини билиш каби хислатлар шакллантирилган.
Ахборот – 1) амалда қўлланиладиган аниқ хабар. Ахборот кишилар орасидаги, одамлар ва ЭҲМ орасидаги маълумот алмашиниш ҳодисаси; 2) Ахборот-Бирор воқеа жумладан, таълим-тарбияга оид хабар, маълумот; 3) баъзи вақтли нашрларнинг номи.
Ахборот билан ишлаш – турли маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва узатишдан иборат бўлиб, таълим олувчилар гуруҳи ва педагогик ходимлар фаолиятини мувофиқлаштириш жараёнида қўлланиладиган усул.
Ахборот ресурс маркази (АРМ) – таълим муассасалари таркибида ташкил этилган ахборот-кутубхона хизмати кўрсатувчи муассаса.
Ахборот-таълим муҳити – таълим жараёнида янги маълумотларни олиш имконини берадиган ўқув вазияти.
Ахборот технологиялари – таълим жараёнида ахборот олиш имконини берадиган лойиҳалар.
Ахборот технологияси – ахборотни ҳосил қилиш, сақлаш, компьютер ёрдамида қайта ишлашни ифодаловчи фаолият соҳаси. Ахборот технологиясини татбиқ этиш муҳити билан ўзаро боғлик бўлган жараёнларга оид алоқадорликни ўз ичига оладиган кўникма ва воситалар тизимидир.
Ахборотлаштириш – ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ва хизматлар конвергенциясининг даражаси, ахборотлаштиришни ривожлантириш жараёнларини мувофиқлаштириш ахборот ҳамжамиятига сари қўшилишнинг таянч омилидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |