Sayt xaritasi qiziqarli saytlar


Download 0.79 Mb.
bet9/20
Sana20.02.2023
Hajmi0.79 Mb.
#1215493
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   20
Bog'liq
Adib asarlari

V
УЧИНЧИ МУНОЖОТ
Олам ва одамни вужуд кошонасидан йўқлик фаромушхонасига солмоқ вужуди мутлақдан ўзга вужуд турмаслиги ҳақида бўлиб, бу маънодаги фикрни вужуд аҳли (моддиюнлар) бошқа вужудга мутлақо яқин келтирмас ва исён зулматида назардан қолганларга Олам якунининг шафоати ёрдам кўрсатур ва ўша – шафоат кўрсатганларга олам ва одамни яратган шафоат тилагай
Ё Раб, қилдинг қаҳр ва лутфни шиор,
Борни йўқ айларсан, барча йўқни бор.
Ҳеч бир зот йўқ эди сен бор айладинг,
Ақл-тафаккурни ҳам ёр айладинг.
Тўққиз фалак барпо қилдинг, эй аъзам,
Заминни ҳам пайдо қилдинг муаззам.
Сайёрадан тортиб ҳар зарра содда,
Барчаси бағоят тенги йўқ модда.
Афсунгарсан ғоят моҳирдан-моҳир,
Сен яратган ҳар бир ашё жавоҳир.
Оби ҳаётни ҳам лазиз айладинг,
Одамзотни ғоят азиз айладинг.
Томчи сувдан чексиз уммонга қадар,
Заррадан қуёшу осмонга қадар,
Барчасини ғоят пайваста қилдинг,
Жаҳонни жаннатдай ораста қилдинг.
Бир-бирига улар бари боғланган,
Бир-бирининг васли сари чоғланган.
Бор жаҳонни барпо қилдинг бетимсол,
Юксак маҳобати қилар элни лол.
Жаннат боғидан ҳам ҳатто саришта,
Йўқ ҳаттоки бирон ортиқча ришта.
Катта очиб дўзах дарчасин ногоҳ,
Барбод қилай десанг барчасин ногоҳ,
Қодир амринг билан дунё тор бўлар,
Барбод бўлиб яна хору зор бўлар.
Жумла жаҳон бўлар дафъатан яксон,
Ҳеч вақодан қолмас сира ҳам нишон.
Денгиз каби жўшар ва лекин меҳринг,
Мўъжизалар содир айлагай сеҳринг.
Вафотидан ўтса ҳамки минг бир йил,
Қолмаган бўлса ҳам бошида бир қил,
Марҳумларга яна жон бахш этарсан,
Кимларга сарбаланд шон бахш этарсан.
Зотан, қабр ичра ҳар не сочилар,
Кўнгил ичра барча сирлар очилар.
Зиёда бошида минг бир ташвиши,
Қавму қариндошдан қочар ҳар киши*.
* Қуръони каримнинг “Абаса” сурасидаги “У Кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию, бола-чақасидан ҳам қочур” оятларига ишора.
Бу каби ҳеч бўлмас надомат куни,
Надомат демагин, қиёмат куни.
Қиёматгоҳ аҳли асир бўлади,
Минг бир алам билан басир бўлади.
Кимлар армон билан ҳатто дод солар,
Йиғлай-йиғлай ҳатто дод-фарёд солар.
Қиёмат кунининг даҳшатидир бу,
Азобу уқубат ваҳшатидир бу.
Бор гуноҳ, бор савоб ҳам аён бўлар,
Огоҳ бўлиб элнинг бағри қон бўлар.
Не қилишни билмас юзи қоралар,
Минг бир армон юрак-бағрин поралар.
Она қизга боқмас, ўғилга ота,
Барчанинг тилида оҳ: “Во ҳасрато!”
Гуноҳкорлар минг бир гуруҳ, минг бир тўп,
Уларнинг гуноҳи жуда кўпдан-кўп.
Армон билан юрак-бағри доғланган,
Оёқ-қўли кишан билан боғланган.
Дўзах ўти авжга чиқар тобора,
Даҳшат солиб қилар диларни пора.
Бир томонда гўзал жаннатнинг боғи,
Юракларни ўртар армоннинг доғи.
Қайноқ жазирама қўймас саломат,
Оҳу фиғон тортар аҳли қиёмат.
Қил кўприк ҳам гўё нозик бир хаёл,
Қил кўприкдан ўтиш жуда ҳам маҳол.
Ҳеч кимсани қилмас зинҳор норози,
Савобу гуноҳни ўлчар торози.
Парвардигор ўзи одил ҳукмрон,
Адолатли ҳар бир ҳукми бегумон.
Зулм алангаси авжланар ногоҳ,
Қаҳр гирдоби ҳам мавжланар ногоҳ.
Теран ўйга толар барча авлиё,
Ҳайратда бор набий, барча анбиё.
Муҳаммад Мустафо фақат чарх урар,
“Умматим!” деб мудом хизматда турар.
Сирот узра порлар мисоли чақин,
Гоҳо торозига келар у яқин.
Беҳуда кетмасмин дер ҳеч ҳимматим,
Нажот топсин дейди барча умматим.
Кўксин қалқон қилиб мисоли қоя,
Барча одамларни қилар ҳимоя.
Расул Яратгандан неларни тилар,
Парвардигор бирма-бир қабул қилар.
Барча дардларига даво айлагай,
Барча тилакларин раво айлагай.
Ё Раб, Муҳаммадни бахтиёр қилдинг,
Сен ўзингга ҳабиб қилдинг, ёр қилдинг.
Қиёматдай ғоят оғир ғам куни,
Наинки ғам куни, зўр мотам куни,
Пайғамбарнинг кўксин қалқон айлагин,
Барчанинг дардига дармон айлагин.
Пайғамбар ёлвориб қилганда нидо,
Гуноҳкорлар айбин кечир, эй Худо!
Гар бир қавм келса бисёр гуноҳи,
Улар жойи бўлса жаҳаннам чоҳи,
Қилмаган тайинли бир иш дунёда,
Гуноҳлари бўлса жуда зиёда,
Гар ўртанса юрак-бағри ғам билан,
Фиғон тортса улар гар алам билан,
Истаса гар улар халосини ҳам,
Кечир, ё Раб, мендай бир осийни ҳам.

Download 0.79 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   20




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling