4.3. Рандомизация
Маълумотларни рандомизациялаш DVB-T тизимида бажариладиган биринчи операция ҳисобланади. Унинг мақсади – рақамли сигнални квазитасодифий сигналга айлантириш ва бу билан иккита муҳим масалани ечишдир. Биринчидан, бу билан рақамли сигналда даражанинг кўп сонли кескин фарқларини ҳосил қилиш ва улардан такт импульсларини (сигналнинг ушбу хоссаси ўз-ўзини синхронлаш дейилади) ажратиб олиш имконини яратишдир. Иккинчидан, рандомизация тарқатилаётган радиосигналнинг энергетик спектрини нисбатан бир маромда тақсимланишига олиб келади Маълумки, тасодифий шовқин спектрал зичлиги қуввати ҳамма частоталарда ўзгармасдир. Шунинг учун сигнални квазитасодифий кўринишга ўзгартириш унинг спектрини текислашга олиб келади. Узатгич тарқатаётган сигнал спектри бир текис бўлганлиги сабабли унинг иш самарадорлиги ошади ва аналог ТВ сигналлар узатгичларига нисбатан ўзаро таъсир камаяди.
4.4. Ташқи кодлаш ва оралатиш
Ташқи кодлаш тизимида транспорт пакетининг барча 188 байтларини (синхронизация байтини ҳам) ҳимоя қилиш учун Рид-Соломон кодидан фойдаланилади. Кодлаш жараёнида ушбу 188 байтларга 16 та текширув байтлари қўшилади. Қабул қилишда сигналларни декодерлаш пайтида ушбу байтлар 204 байт узунлигидаги код сўз чегарасида саккизтагача хатоликларни тўғрилаш имконини беради.
Оралатиш – бу маълумотлар байтлар кетма кетлигини вақтинча аралаштириш бўлиб, оралатилган байтлар қабул қилгичда бирламчи кетма-кетликда тикланади. Оралатишнинг фойдали томони шундаки, алоқа каналидаги шовқин ва халақитлар ҳамда кетма-кет келувчи халақит маълумотлар байтлари таъсирида пайдо бўладиган узун хатолик пакетлари қабул қилгичда оралатиш натижасида катта бўлмаган фрагментларга бўлинади ва турли Рид – Соломон кодларига тақсимланади. Ҳар бир код сўзга уларни аниқловчи ва тузатувчи хатолик пакетининг бир қисми тўғри келади, ушбу хатолик пакетлари ёрдамида тизим нисбатан осонроқ тузатишни олиб боради.
Тўғри ва тескари оралатиш деярли бир хил турдаги схемалар билан амалга оширилиши мумкин, лекин қабул қилгичдаги тескари оралатиш схемаси тугунидаги кечикишлар ўзгариши кетма-кетлиги, тескари ҳолатга созланган бўлиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |