Тезислар
|
Фуқароларни, айниқса, соғлиғида муаммоси бўлган болаларни таълим ва тарбия олиши учун боғча, мактаб, олий таълим ташкилотларида махсус шароитларни яратиш ижтимоий давлатнинг вазифаларидан биридир.
Бугунги кунда жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган 21 231 нафар болалар учун республикамизда 90 та ихтисослаштирилган мактаблар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, енгил даражадаги ногиронлиги бўлган 18 000 нафарга яқин ўқувчилар мактабларда соғлом болалар билан биргаликда ўқишмоқда.
Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилиши лозим. Бу шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун жуда муҳимдир.
Соғлиғида нуқсони бўлган болаларни фақатгина ихтисослашган мактабларда эмас, ҳамма қатори умумий мактабларда ҳам ўқишининг йўлга қўйилиши инсон қадри тамойилининг амалий ифодасидир.
Алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ва тарбия уларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиши лозим. Мисол учун, уларга сурдо-таржимонлар, кўзи ожизлар учун Брайл алифбосидаги дарсликлар, зарур бўлган техник мосламалар, махсус билим ва малакага эга ўқитувчи-педагоглар жалб этилиши керак.
Шунингдек таълим олиш жараёнида уларни бирор-бир шаклда камситишга йўл қўйилмаслиги, уларнинг соғлом болалар қаторидан ўрин олиб ўз қобилиятларини кўрсата олиш имкониятини яратиб бериш лозим. Пировардида, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болаларнинг сифатли таълимга бўлган ҳуқуқи таъминлаш талаб этилади.
Аҳолимиз сони йилдан йилга ортиб бориши баробарида афсуски ногиронлиги бор болаларимиз хам сони ортиб бормоқда. Ногиронлиги бор болалар ҳам соғлом болалар каби умумий ўрта таълим олиш ҳуқуққа эга. Уларга шароитлар яратилиши керак, жумладан брайл ёзувидаги дарсликлар, сурдотаржимон ўқитувчилар бўлиши шарт. Агар бундай шароитлар яратилмаганлиги боланинг ҳуқуқи камситилишига олиб келади.
Мамлакатимизда бундай болалар учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши ва енгил даражадаги ногиронлиги бор болалар соғлом болалар билан биргаликда ўқиши таъминланиши лозим.
Бу масалани асосий Қомусимизда кафолатлаб қўйишимиз лозим. Негаки ногиронлиги бор бола ҳам бу бизнинг юртимизнинг фарзанди, у хам бола.
|