Ҳукмдор олий ҳазратлари лоренцо деи медичига — никколо макиавеллидан
XIV б о б ҲУКМДОР ҲАРБ ИШЛАРИГА ҚАНДАЙ ЁНДОШМОҒИ КЕРАК?
Download 0.58 Mb. Pdf ko'rish
|
nokolo makivelliy
XIV б о б
ҲУКМДОР ҲАРБ ИШЛАРИГА ҚАНДАЙ ЁНДОШМОҒИ КЕРАК? Шундай қилиб, уруш масаласи ҳукмдорнинг энг асосий иши бўлмоғи керак. Урушдан, уруш қоидаларидан, уруш фанидан бошқа — ҳукмдорнинг ташвиши, фикри, иши бўлмаслиги керак. Уруш масаласи ҳукмдор учун бировнинг чекига ташлаб, бировга бериб, топшириб қўйиш мумкин бўлмаган ягона масаладир. Ҳарбий санъатда шундай қудрат борки, унинг ёрдамида нафақат салтанат эгаси ўз салтанатини сақлаб қолади, балки оддий фуқаро бўлиб туғилган одам ҳам салтанатни эгаллаши мумкин. Ва аксинча, ҳарбий ишдан кўра кайфу сафо, айшу ишратни кўпроқ ўйлайдиган салтанат эгалари ўз тахтларини йўқотишлари мумкин ва кўп марта йўқотганлар. Ҳарб санъатини назар-писанд этмаслик ҳукмдорликдан ажралишнинг бош сабаби бўлса, уни эгаллаш ҳукмдорликни эгаллашда ҳам асосий воситадир. Франческо Сфорца урушишни билгани учун оддий одамдан Милан герцогига айланди. Уруш қийинчиликларига бўйни ёр бермаган фарзандлари герцоглардан оддий фуқарога айландилар. Ҳарбий касби бўлмаган ҳукмдор ўз бошига кўп балоларни, жумладан атрофидагиларнинг беписандлигини чақиради. Бундан эса доимо огоҳ бўлиб мутлақо йўл қўймаслик керакки, қуйироқда буни яна гапирамиз. Қуроллик билан қуролсизни ҳеч қанақасига қиёслаш мумкин эмас, қуроллик ҳеч қачон ўз ихтиёри билан қуролсизга бўйин эгмайди, қуролсиз эса ўзининг қуроллик хизматкорлари орасида ҳеч қачон хотиржам юролмайди. Бири иккинчисидан шубҳаланадиган, иккинчиси эса биринчини назар-писанд қилмайдиган икки инсон муросага келиши мумкин эмаслигидан, ҳарб ишидан бехабар ҳукмдор ўз аскарларининг ҳурматига сазовор бўлолмайди, демак уларга таянолмайди. Шунинг учун ҳукмдор ҳарб машқларини ҳатто хаёлида ҳам чеккага сурмаслиги, тинчлик замонида ҳам уруш замонидан кўра кўпроқ ўйлаши, шуғулланиши лозим. Шуғулланиш, фақат қўшиндаги тартиб ёки машқларнинг боришини назорат қилиш дегани эмас. Шахсан ўзи ҳам овга чиқиб, бадан чиниқтириши, бундан ташқари, атроф муҳитни диққат билан ўрганиши керак. Яъни: пасту баландликларнинг қаердалиги ва қандайлигини, водийларнинг қаерга чиқишини, текисликларнинг сатҳи қанчалигини, дарё ва ботқоқларнинг хусусиятларини. Бу нарса икки томонлама фойдалидир. Биринчидан ўз юртингни янада яхшироқ билиб оласан ва уни ҳимоя қилиш йўлларини такомиллаштирасан, бундан ташқари, бир жойнинг тузилишини синчиклаб билиб олиш илк марта бориб қолган нотаниш жойнинг ҳолатини ўрганишга ёрдам беради. Мисол учун Тосканадаги воҳалар, қияликлар, текисликлар, ботқоқлар, дарёлар бошқа ердагилари билан бари бир ўхшаш томонлари бўлади, шу сабабдан бир жойнинг хусусиятларини билган одам бошқа жойникини ҳам тезроқ аниқлайди. Агар ҳукмдор шу маҳоратларга эга бўлмаса, демак у қўшинбошининг энг биринчи хусусиятидан маҳрум бўлади. Чунки, душман қароргоҳининг қандайлигини, ўз қароргоҳини қайга жойлаштиришини, ёвга яқинлашганда, жангга кирганда, қалъани қамал қилганида худди ана шу юқоридаги билимлар қарорларни қабул қилишда қўл келади. Ахей иттифоқининг бошлиғи Филопеменни антиқа даврнинг муаллифлари кўп мақтаб, турли хислатлари ичида унинг тинчлик даврида ҳам нуқул урушни ўйлаб юришини айтишади. Филопемен дўстлари билан шаҳар ташқарисида айланиб юраркан, кўп тўхтар, турли саволлар берарди: агар душман ҳув анави тепаликда, биз эса манавинисида бўлсак, кимнинг жойлашувида афзаллик бор? Шу аҳволда жанговар сафларни сақлаб, ҳужумни қандай уюштириш керак? Бизни чекинтирсалар, қандай чекинишимиз керак? Агар душман қочса қай тартибда таъқиб қилишимиз керак? Шундай сайр қилишаркан, у урушда учрайдиган янги-янги вазиятларни келтирар ва барчанинг фикрини эшитиб бўлгач, ўзиникини айтар ва далиллар билан исботларди. Мана шундай доимий машғулотлар туфайли Филопемен шу даражага етгандики, жанг пайтида ҳеч қандай тасодиф уни довдиратолмасди. Ақлий меҳнатга келсак, ҳукмдор тарихий солномаларни ўқиши, айниқса, машҳур саркардаларнинг ҳаётини билиши, уларнинг урушларини синчиклаб текшириши, ғалабаларининг ва мағлубиятларининг сабабларини пухта ўрганиши керакки, улар зафар қучиш ва мағлубиятга чап беришга хизмат қилади. Энг муҳими, кечмишнинг буюк кишиларига тақлид қилиш, битта энг буюги ва барча учун ҳурматлисини танлаб, ўзига ўрнак этиб сайлаш, унинг ишлари ва қаҳрамонликларини яхшилаб мияга жойлаштириб, ҳамиша эслаб юриш керак. Тарихчиларнинг айтишича, буюк Искандар — Ахиллга, Цезар — Искандарга, Сципион — Кирга тақлид қилишган. Ксенофонт ёзиб қолдирган Кирнинг ҳаёт йўли ҳақидаги асарни ўқиган одамлар, Кирга тақлид этиш Сципионга катта фойда берганлигига, Сципиондаги покизалик, ширин муомала, одамгарчилик, сахийликнинг айнан Кирникига ўхшашлигига амин бўлади. Хуллас, доно ҳукмдор юқорида айтилган қоидаларнинг барига риоя қилиши, тинчлик пайтида ҳеч қачон бекорчиликка берилмаслиги керак, зероки қийин кунларда унинг меҳнатлари албатта оқланади, замона ўйинлари уни суриб ташламоқчи бўлганда-да, у тик туриб енгиб ўта олади. Download 0.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling