Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тушунчаси, мақсад ва вазифалари
Download 32.31 Kb.
|
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тушунчаси, мақсад ва вазифалари
«Словари и энциклопедии на Академике» (https://dic.academic.ru) сайтида келтирилган маълумотларга асосланиб айтиш мумкинки, «профилактика» тушунчаси грекча «prophylaktikos» сўзидан олинган бўлиб, ўзбек тилига айнан таржима қилинганда «сақлаш, эҳтиёт қилиш» (предохранительный) маъносини беради. «Профилактика» тушунчасига «олдини олиш, эҳтиёт чораси(ни) кўриш, олдиндан бартараф қилиш» (предотвращение), «хабардор қилиб қўйиш, огоҳлантириш, олдини олиш» (предупреждение), «сақлаш, эҳтиёт қилиш» (предохранение) сўзлари синоним сўзлар ҳисобланади. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «профилактика» «бирор ҳодисанинг олдини олиш, механизм, машиналарнинг муддатидан олдин ишдан чиқиши, бузилишидан сақлаш учун кўриладиган чоралар» маъносини англатиши қайд этилган. Илмий-назарий адабиётларда ва қонунчиликда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан боғлиқ масалаларни ёритишда «ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш» ва «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси» тушунчаларидан фойдаланиш ҳолатлари кузатилади. Бу ўринда шуни қайд этиш жоизки, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мазмунан кенг тушунча ҳисобланади. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш эса, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятининг бир элементи ҳисобланади. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш режалаштирилаётган ва тайёрланаётган ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига йўл қўймасликни англатади. «Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш» тушунчасининг мазмунига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасига кўра, одам савдосига қарши курашиш деганда, одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият тушунилади1. Шунга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш – ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини минималлаштириш, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятдир. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш фаолиятининг бир элементи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси деганда, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикасининг ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлари тизими тушунилади (3-м.). Қиёсий-ҳуқуқий таҳлилга асосланиб айтиш мумкинки, ўрганилган хорижий давлатлар қонунларида «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси» тушунчаси қуйидагича таърифланган: ҳуқуқбузарликлар профилактикаси – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари томонидан амалга ошириладиган, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш йўли билан ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва ташкилий чора-тадбирлар комплекси (Қозоғистон Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги 2010 йил 29 апрелдаги Қонуни 1-м.); ҳуқуқбузарликлар профилактикаси – ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт- шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга, шунингдек, ғайриижтимоий хулқ-атвор ёки ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик мақсадида шахсларга тарбиявий таъсир кўрсатишга йўналтирилган ижтимоий, ҳуқуқий, ташкилий, информацион ва бошқа характердаги чора-тадбирлар мажмуи (Россия Федерациясининг «Россия Федерациясида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг асослари тўғрисида»ги 2016 йил 23 июндаги Федерал қонуни 2-м.); ҳуқуқбузарликлар профилактикаси – «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятнинг асослари тўғрисида»ги қонунва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектларининг ҳуқуқбузарликларнинг умумий ва (ёки) якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирларини қўллаш бўйича фаолияти (Беларусь Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолиятнинг асослари тўғрисида»ги 2014 йил 4 январдаги Қонуни 1-м.); ҳуқуқбузарликлар профилактикаси – Қирғиз Республикаси давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари, меҳнат жамоалари, мансабдор шахслари ва фуқароларининг ғайриҳуқуқий қилмишларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш ва зарарсизлантиришга, хатти-ҳаракатлари ғайриижтимоий йўналишда бўлган алоҳида тоифадаги шахсларни якка тартибда тарбиялаш ва қулай турмуш шароити билан таъминлашга, қонунга итоаткорлик хулқ-атворини рағбатлантирувчи омилларни фаоллаштиришга, ғайриҳуқуқий қилмишларнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, тарбиявий, махсус ва бошқа чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга йўналтирилган фаолияти (Қирғиз Республикасининг «Қирғиз Республикасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги 2005 йил 25 июндаги Қонуни 1-м.). Юқоридаги давлатларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунларининг тегишли нормаларини қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қилиш асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тушунчасининг мазмунини қатор саволлар воситасида ёритиб ўтамиз. Download 32.31 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling