Васила Каримова оила психологияси
-боб. Ота-она – бола муносабатлари психологияси
Download 263.96 Kb.
|
Karimova V.M. Oila psixologiyasi-2007
7-боб. Ота-она – бола муносабатлари психологияси
7.1. “Ота-она – бола” муносабатлари тизими Оила ва никоҳнинг пайдо бўлишига сабабчи омиллардан бири, айниқса, бизнинг шароитимизда, фарзанд туғилишидир. Фарзандсиз эр-хотин алоқаларини, умуман оилавий муносабатларини тасаввур қилиш мушкул. Илмий манбалар тарихан инсоният ота-она ва фарзандлар муносабатлари ўзига хос босқичлар ва ривожланиш қонуниятларини бошидан кечирганлигидан гувоҳлик беради. Башар тарихи шундан далолат берадики, замонлар оша ота-онанинг болага нисбатан хусусий мулкдай қараб, унинг устидан ҳукмронлик қилиши борган сари фарзанд эҳтиёжлари билан ҳисоблашиш, унинг барча истакларини бажо келтириб, унга чексиз ғамхўрлик кўрсатишгача бўлган муносабатларга айланган. Ота-она – бола муносабатларини агар тарихий даврларга бўладиган бўлсак, ота-онанинг болага ёндошув усуллари бўйича қатор босқичларни бошдан кечирганлигини кўриш мумкин. Олимларнинг тавсифлашича, антик даврларда эркак ва аёл алоқалари оқибатида фарзанд туғилса, унга деярли бефарқ қараш, яъни, инфантицид муносабат кузатилган, бундай муносабат моҳиятан шафқатсизликка асосланган бўлиб, болани дунёга келтирганлар учун унинг насл-насаби, тақдири унчалик аҳамиятли бўлмаган. Янги асрга келиб, бу муносабатлар тубдан ўзгарган, одам зотида эгоизм, ўзига тегишли нарсага нисбатан эгалик ҳиссининг такомиллашиб бориши ўзидан бўлган зурриёдга нисбатан муносабатларда ҳам ўз аксини топган. Мулкчилик шаклларининг ўзгариши, турмуш тарзи қадриятларига монанд катталарнинг болага нисбатан ҳис-кечинмалари ҳам ўзгариб борган. Масалан, ХIХ асрнинг бошлари ХХ асрларнинг ўрталарига келиб, ота-оналар фарзандларининг жамиятда тутажак ўринлари, уларнинг ижтимоийлашувига алоҳида эътибор бера бошлаганлар. Кейинги даврлар эса катталарнинг кичиклар тақдирига бефарқ эмаслиги, уларни қўллаб-қувватлаш, ривожланишига кўмаклашишнинг аҳамиятини англаш даври бўлган. Бу анъана деярли бизнинг давримизда ҳам давом этиб келмоқдаки, эндиликда туғилган болага эътибор оиланинг барча қадриятларидан устун ҳам келади. Лекин бундай ғамхўрлик психологияси ҳам маданий-тарихий ўзига хосликка эга. Масалан, айрим халқлар (аксарият Европа халқлари) болага у кичиклигида жуда катта меҳр ва ғамхўрлик кўрсатади, тахминан ўсмирлик давридан бошлаб, унинг эркинлиги тан олинади ва ота-она томонидан бериладиган тарбия услублари ўзгартирилиб, унга катталарча муносабатлар барқарорлашади. Бошқа бир маданий-этник ҳудудларда, аксинча, фарзанд балоғатга етгани сари ота-онанинг унга эътибори кучаяди. Масалан, Осиё халқлари, хусусан, ўзбекларда ҳам оила катталиги ва серфарзандлиги боис, болаларнинг кичик ёшдаги ривожланиш хусусиятларига табиий ҳолатдай қараб, жуда катта қайғуриш билан унинг маънавий, руҳий ривожланишига эътибор қаратилмайди. Лекин қиз бола балоғатга етиб, кўркамлашиб боргани сари, ўғил боланинг қўлидан иш келиб, қаторга қўшилгани сари, ота-онада улардан ғурурланиш, тақдирига куюниш, ғамхўрлик кўрсатиш ҳам ортиб боради. Бундай ғамхўрлик шу қадарки, уйланган ўғилнинг қадам босишларини ҳам ҳамон ота-она назорат қилаверади, бу баъзан, қайнона-келин муносабатларида, ёки ота-ўғил муносабатларида тарангликларни, низоларни келтириб чиқаради. Юқорида қайд этилган даврларда табиий, ота-она фарзандларини туғиш, тарбия қилиш ва жамиятга тайёрлашда ўзига хос методларни қўллаган. Бошида ўзидан ажратишни, ҳаётга тайёрлашни ҳам билмаган ота-она бора-бора болани жамиятда ижтимоийлашувига аҳамият берадиган, шу жараёнга ёрдам берадиган бўлиб борган, ота-онадаги эгоизм болалардагига айланиб борганки, ҳозирги даврда кўпгина ота-оналар фарзандларининг фақат ўзини ўйлаши, ота-онани тушунмаслигидан нолийдиган ҳам бўлиб қолган. Лекин аслида тарихий ривожланиш тенденцияларига эътибор берилса, бунга фақат ота-оналарнинг ўзлари айбдордирлар. Download 263.96 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling