Vi-боб. Бозор иқтисодиётига ўтиш даври ва унинг ўзбекистондаги хусусиятлари
-§. Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтишнинг тамойиллари
Download 198 Kb.
|
6-боб. Утиш даври
2-§. Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтишнинг тамойиллари
ва хусусиятлари. Марказлашган маъмурий-буйруқбозликка асосланган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтишда мақсад бир хил бўлса-да, турли мамлакатлар турли йўлларни танлашлари мумкин. Ҳаммага маълумки, бир тизимдан иккинчи тизимга ўтишда икки йўл, яъни революцион ва эволюцион йўллар мавжуд. Польша, Чехословакия, Россия ва бошқа айрим мамлакатлар бозор иқтисодиётига ўтишнинг революцион йўлини, бирданига катта тўнтаришлар қилиш йўлини танладилар. Бошқача айтганда улар «карахт қилиб даволаш» деган усулни қўлладилар. Бу йўлни амалга ошириш учун Россияда «300 кун», «500 кун» деган ўтиш дастурлари ишлаб чиқилди. Бу дастурларни тезкорлик билан амалга ошира бошладилар. Бунда улар бир тизимдан иккинчи тизимга ўтишда анча узоқ муддатли ўтиш даври бўлишини унутдилар. Натижада бу мамлакатларда ишлаб чиқариш ҳажми кескин тушиб кетди, кўплаб корхоналар ёпилиб, ишсизлар сони кўпайди, пулнинг қадри кескин пасайиб кетди, иқтисодиёт эса ҳамон карахтликдан чиққани йўқ, одамларнинг аҳволи оғирлашди. Шунинг учун Ўзбекистон бу йўлдан бормай бошқа йўл танлади. Бу йўл Ўзбекистоннинг ўзига хос маданий, тарихий, иқтисодий ва табиий хусусиятларини ҳамда бу йўлдаги жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда революцион тўнтаришларсиз, ижтимоий тўқнашувларсиз, ижтимоий ҳимояни кучайтирган ҳолда аста-секинлик, лекин қатъиятлилик билан босқичма-босқич ривожланган бозор иқтисодиётига ўтишдан иборатдир. «Бизнинг бозор муносабатларига ўтиш моделимиз Республиканинг ўзига хос шароитлари ва хусусиятларини, анъаналар, урф-одатлар ва турмуш тарзини ҳар томонлама ҳисобга олишга, ўтишдаги иқтисодиётни бир ёқлама, бесўнақай ривожлантиришнинг мудҳиш меросига барҳам беришга асосланади»2, деб ёзади мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов. Ўзбекистонда бозор муносабатларига ўтиш йўли ижтимоий-йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришга қаратилган. Бу йўлни амалга оширишга, иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилишга Президентимиз И.Каримов томонидан ишлаб чиқилган бешта муҳим тамойил асос қилиб олинган. Биринчидан, иқтисодиётни мафкурадан холи қилиш, унинг устунлигини таъминлаш. Иккинчидан, ўтиш даврида давлатнинг ўзи бош ислоҳотчи бўлиши. Учинчидан, бутун янгиланиш ва тараққиёт жараёни қонунларга асосланмоғи, қонунларнинг устунлиги таъминланмоғи лозим. Тўртинчидан, бозор муносабатларига ўтиш билан бир қаторда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш соҳасида кучли чора-тадбирларни амалга ошириш. Ниҳоят, бешинчидан, бозор муносабатларини босқичма-босқич қарор топтириш. Бозор муносабатларига ўтишда бу принципларнинг ҳаммаси ҳам муҳим аҳамиятга эгадир, лекин уларнинг ичида бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш принципи алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки тегишли ҳуқуқий негизни, бозорнинг инфратузилмаларини яратиш, одамларда бозор кўникмаларини ҳосил қилиш, янги шароитларда ишлай оладиган кадрларни тайёрлаш учун вақт керак бўлади. Бундан ташқари, бозор муносабатларига ўтиш фақатгина иқтисодиёт соҳаларини ўзгартириш билан чекланмайди. У ижтимоий ҳаётнинг бир-бирлари билан узвий боғлиқ бўлган барча соҳаларини, шу жумладан сиёсий, маънавий-ахлоқий, маиший ва бошқа соҳаларни ҳам тубдан ўзгартиришни тақозо қилади. Буларнинг ҳаммаси бозор иқтисодиётига босқичма-босқич, эволюцион йўл билан ўтиш ҳақидаги ғоя жуда муҳим ва афзал эканлигини кўрсатади. Бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш тамойилини амалга ошириш иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг асосий босқичларини аниқ фарқлаш, бу босқичларнинг ҳар бири учун аниқ мақсадларни, уларга эришиш воситаларини белгилаб олишни талаб қилади. Президентимиз И.А.Каримовнинг асарларида бозор иқтисодиётига ўтишнинг биринчи босқичида қуйидаги иккита вазифани бирданига ҳал қилиш мақсад қилиб қўйилганлиги таъкидланади: - тоталитар тизимнинг оғир оқибатларини енгиш, тангликка барҳам бериш, иқтисодиётни барқарорлаштириш; - Республиканинг ўзига хос шароитлари ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бозор муносабатларининг негизларини шакллантириш.3 Шу вазифаларни ҳал қилиш учун биринчи босқичда ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари аниқлаб олинди ва бажарилди. Биринчидан, ўтиш жараёнининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, ислоҳотларнинг қонуний-ҳуқуқий негизини мустаҳкамлаш; Иккинчидан, маҳаллий саноат, савдо, маиший хизмат корхоналарини, уй-жой фондини хусусийлаштириш, қишлоқ хўжалигида ва халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида мулкчиликнинг янги шаклларини вужудга келтириш. Учинчидан, ишлаб чиқаришнинг пасайиб боришига барҳам бериш, молиявий аҳволнинг барқарорлашувини таъминлаш. Республика иқтисодиётини бозор муносабатларига ўтказиш бўйича биринчи босқичда қўйилган вазифаларни амалга ошириш жараёнида иқтисодиёт соҳасига тегишли бўлган, иқтисодий муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий негизини барпо этадиган 100 га яқин асосий қонун – ҳужжатлар қабул қилинди. Биринчи босқичда кичик хусусийлаштириш амалда тугалланди, давлат мулкини бошқариш ва уни мулкчиликнинг бошқа шаклларига айлантириш учун зарур бўлган муассасалар тизими тузилди. Қишлоқ хўжалигида аграр ислоҳот жараёнида бозор иқтисодиёти талабларига мос келадиган янги хўжалик тизими шаклланди ва иқтисодиётнинг давлатга қарашли бўлмаган қисми кенг ривожланди. Халқ хўжалигини, тармоқлар ва ҳудудларни бошқаришнинг энг мақбул ва мавжуд шароитларга мос бўлган тизимлари ишлаб чиқилди. Нархлар тўлиқ эркинлаштирилди, бозор инфратузилмасининг асосий қирралари шакллантирилди, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизими амалга оширила бошлади, иқтисодий ва молиявий барқарорликка эришилди. Республикада бозор муносабатларига ўтишнинг биринчи босқичида иқтисодиётда ва ижтимоий соҳада юз берган туб ўзгаришлар унинг ўз тараққиётида кейинги сифат жиҳатдан янги босқичга ўта бошлаш учун мустаҳкам шарт-шароит яратди. Шу билан бирга ислоҳ қилишнинг биринчи босқичи натижалари кейинги босқичнинг стратегик мақсадлари ва устун йўналишларини аниқ белгилаб олиш имконини берди. Иккинчи босқичда инвестиция фаолиятини кучайтириш, чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва шунинг негизида иқтисодий ўсишни таъминлаб, бозор муносабатларини тўлиқ жорий қилиш мақсад қилиб қўйилади. Шу мақсаддан келиб чиқиб И.А.Каримов асарида бу босқич учун бир қатор вазифалар ажратиб кўрсатилади.4 Биринчи вазифа – давлат мулкларини хусусийлаштириш соҳасида бошланган ишни охирига етказиш. Бунда давлат мулкини хусусийлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш, кичик хусусий корхоналар ташкил қилишни рағбатлантириш ҳисобига ишлаб чиқаришда давлатга қарашли бўлмаган қисмнинг улушини ошириш кўзда тутилади. Иккинчи вазифа – ишлаб чиқаришнинг пасайишига барҳам бериш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш. Бу ҳам корхоналар ва тармоқларнинг, умуман давлатнинг иқтисодий ва молиявий барқарорлигига эришиш имконини беради. Учинчи вазифа – миллий валюта-сўмни яна ҳам мустаҳкамлашдан иборат. Бу эса сўмнинг конвертацияси, қатъий валюталарга эркин суръатда алмаштириш лаёқати демакдир, унга пулнинг қадрсизланишига қарши таъсирчан чораларни қўллаш, истеъмол моллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда ички бозорни шундай моллар билан тўлдириш, корхоналарнинг четга мол чиқаришини кенгайтириш ҳисобига валюта заҳираларини мустаҳкамлаш йўли билан эришилади. Тўртинчи вазифа – иқтисодиётнинг таркибий тузилишини тубдан ўзгартириш, хом ашё етказиб беришдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш. Бунда таркибий ўзгаришларда Республика учун энг асосий ҳисобланган тармоқларни, жумладан ёқилғи, энергетика ва ғалла комплексларини ривожлантириш назарда тутилади. Ўтиш даврининг иккинчи босқичида аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш, уларга тегишли ёрдам кўрсатиш борасида биринчи босқичда тутилган йўл давом эттирилади. Шундай қилиб, Ўзбекистонда иқтисодиётни бозор муносабатларига ўтказишда икки босқичли тараққиёт юзага келади. Биринчи босқичда давлат сектори ва бозор хўжалигидан иборат ярим эркинлашган иқтисодий тизим юзага келади. Иккинчи босқичда иқтисодиёт тўлиқ эркинлаштирилади, хусусийлаштириш тугалланади, нархлар эркин қўйиб юборилади, давлат корхоналарининг монопол мавқеи тугатилади. Лекин бундан Республикада иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш мақсадига тўлиқ эришилди ва бу соҳада қўйилган вазифалар тўлиқ бажарилди деган хулоса келиб чиқмайди. Чунки бозор иқтисодиётига асосланган эркин демократик давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятининг мустаҳкам пойдеворини шакллантириш ҳар бир даврда кун тартибига янги вазифаларни қўяди. Президентимиз И.Каримов таъкидлаб ўтганларидек, ҳозирги босқичда «эркинлаштириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш нафақат иқтисодий, балки ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий вазифаларни ҳал қилишнинг асосий шартидир»5. Бу эса иқтисодиёт соҳасида қуйидаги аниқ вазифаларни амалга оширишни кўзда тутади: иқтисодиётнинг барча соҳалари ва тармоқларида эркинлаштириш жараёнини изчиллик билан ўтказиш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш; хусусийлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш ва шу асосида амалда мулкдорлар синфини шакллантириш; мамлакат иқтисодиётига хориж сармоясини, аввало, бевосита йўналтирилган сармояларни кенг жалб этиш учун қулай хуқуқий шарт-шароит, кафолат ва иқтисодий омилларни янада кучайтириш; кичик ва ўрта бизнес иқтисодий тараққиётда устивор ўрин олишига эришиш; мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизнинг жаҳон иқтисодий тизимига кенг кўламда интеграциялашувини таъминлаш; иқтисодиётда мамлакатимиз иқтисодий мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш. Download 198 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling