Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи d sc
XVII-XX аср бошларида Хуросон ва Мовароуннаҳр сунний ва шиа жамоалари ўртасидаги сиёсий, ижтимоий ва ғоявий рақобатлар
Download 0.89 Mb.
|
DSR SHUH red 23.03.21 oxiri
2.2. XVII-XX аср бошларида Хуросон ва Мовароуннаҳр сунний ва шиа жамоалари ўртасидаги сиёсий, ижтимоий ва ғоявий рақобатлар
Эрон Ислом Республикасининг собиқ Президенти Саййид Муҳаммад Хотамий (1997-2005 йиллар ЭИР Президенти бўлган) шоҳ Аббос даври ҳақида гапирар экан, Эронда Сафавийлар равнақи шоҳ Аббос биринчи даврида чўққига кўтарилди. Шоҳ Аббос ўзининг давлат бошқарувига яроқсиз отасига қарши курашиб, шунингдек, бир қанча мухолифларини енгиб, ҳокимият тепасига келган эди. Айнан унинг даврида Эрон билан Ғарб мамлакатлари орасида биринчи мулоқот юз берди132. Шоҳ Аббос вафотидан сўнг унинг ўрнини эгаллаган набираси Сафо I (1629-1641) золим ҳукмдор бўлиб, ўз бобоси сафдошларига нисбатан жазо чораларини қўллагани учун Усмонийлар томонидан Эронга қарши уруш очилишига олиб келади. 1639 йилга келиб Эрон Туркия билан тинчлик сулҳини тузиб, икки давлат ўртасида чегара ўрнатилади ва Эрон батамом Ироқни йўқотади, шиалар муқаддас шаҳар бўлган Карбалога бориши қийинлашди ва шу билан Сафавийлар давлати учун ғарбдаги урушлар ўз ниҳоясига етди. Аммо шарқда ўзбек хонликлари ҳамда Афғонистонда Бобурийлар (1526-1858) билан Қандахор учун курашлар давом этди. 1641-1666 йиллар Эронда ҳукмронлик қилган Аббос II даврида давлат ишлари тажрибали вазирларнинг ишлари натижасида муваффақиятли кечган, Қандахор эгалланган. Аббос IIнинг ўзи эса кайфу сафога берилган ҳолда кун кечирган. Давлатдаги тартиб Аббос IIнинг вориси Сафо II (1666-1694) даврида ҳам сақланган. Сўнгги Сафавий шоҳ Султон Ҳусайн I (1694-1722) даврида Эроннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати ёмонлашиб кетади. Бунинг устига 1709 йил Табризда ва 1717 йилда Исфаҳонда шоҳ сиёсатига қарши кўтарилган қўзғолонлар авж олади. Шундай оғир вазиятда ғарбдан турклар, шимолдан Россия ва шарқдан афғонлар Эрон ҳудудларига бостириб кирадилар. Афғонлар Эронда катта ютуқларга эришиб, 1722 йилда Сафавийлар давлати пойтахти Исфаҳонни эгаллайдилар133. Эронни афғонлар босқинидан қутқариш ва давлат яхлитлигини сақлаш йўлида Сафавийлар султони Тахмасп II (1722-1732)нинг хизматида бўлган, қизилбошлиларнинг афшар қабиласи бошлиғи, Тахмасп қули деб ном олган Нодир ҳаракат қилади. 1727 йилга келиб Нодир бунга эришади ва бунинг эвазига Тахмасп уни Хуросон, Кармана, Сейистон ва Мозандаронга ноиб қилиб тайинлайди. Катта ҳудудларни ўз қўлига олган Нодир ўзини мустақил ҳукмдордек ҳис эта бошлайди ва номидан танга зарб қилдиради. Нодир Эроннинг ташқи душманларини ҳам унутмади. Озарбайжон ва Хамадонни Усмонийлардан қайтариб олди. Сўнг Туркия ва Россия билан сулҳ тузди ва Тахмаспни тахтдан ағдариб, ўрнига Сафавий шаҳзодалардан бири – Аббос IIIни ўтказади. Лекин Нодир давлатни тўлалигича ўзи бошқара бошлайди ва 1736 йилга келиб Эрон шоҳи деб эълон қилинади134. Нодир (1736-1747) шоҳ бўлиши билан Туркия ва Эрон ўртасидаги шиа-сунний ихтилофини якунлаш йўлида ҳаракат қилади. У энг аввало Эронда давлат дини сифатида хизмат қилган имомийлик (исна‘ашарийа)дан воз кечиб, шиаликнинг анча мўътадил бўлган оқими (мазҳаби) жаъфарийликни давлат дини деб эълон қилади135. Бундан Нодирнинг мақсади Турк султони билан баробар мартабада бўлиш, муқаддас шаҳарларнинг ҳомийси бўлиш ва Каъба атрофида жаъфарийлик вакиллари учун сунний мазҳаблар қаторида алоҳида жой ажратилишига эришиш эди. 1743 йил Нодир шоҳ Нажаф (Ироқ)да сунний ва шиалар ўртасида очиқ мунозарани уюштиради. Ушбу мунозарада Нажаф ва Карбало шиа фақиҳлари билан Туркия, Афғонистон ва Мовароуннаҳр уламолари иштирок этганлар. Аммо Нодир шоҳ ҳар чанд ҳаракат қилмасин ушбу мунозаралар ёрдам бермайди, жаъфарийлик оқими Усмонийлар томонидан тан олинмай қолади136. XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб, Эрон томондан харбий юриш хавфи бартараф этилган бир пайтда Мовароуннаҳрда рўй берган сиёсий ва ижтимоий воқеалар натижаси ўлароқ ўз ҳукмронлигини ўрнатган Муҳаммад Раҳимбий (1753-1758) Манғит сулоласининг биринчи ҳукмрони сифатида Бухоро тахтига ўтиради. Эрон ҳукмдорларининг (Масалан, Нодиршоҳ афшарнинг 1740-42 йиллардаги) Мовароуннаҳр ҳукмдорлари юришларига жавобан қилган ҳарбий ҳаракатлари натижасида Эрон қўшинининг айрим қисмлари Бухоро ўлкасида муқим қолиб кетган. Чунончи, маълумотларга кўра, Бухорони қўлга олиб, шу ерда қолиб кетган Эрон қўшини Манғитлар (1756-1920) сулоласининг асосчиси Муҳаммад Раҳимбийга ҳокимиятни қўлга олишга ва уни ушлаб қолишга ёрдам берган137. Ҳозирги тил билан айтганда, Муҳаммад Раҳимбий эронлик аскарларидан ўзининг қушинлари таркибида гвардия тузган. Бундай қўшин фақат “иш берувчи”, яъни Муҳаммад Раҳимбий билан (аниқроғи унинг тегишли маош тўлаш эвазига) бевосита боғлиқ бўлиб, улар маҳаллий суннийларга ёт бўлганлар, ва шу сабаб подшоҳни ишончли қўриқчисига айланган. Балки шу сабабга кўра, Муҳаммад Раҳимбий кейинроқ вақтинчалик эгаллаб турган Марв атрофи, жануби-шарқий Мозандарон, Обивард ва бошқа вилоятлардан кўплаб аҳолини (уларнинг кўпчилигини шиалар ташкил қиларди) Бухоро амирлигига кўчириб олиб келган. Аммо уларнинг аксарияти одатдагидай қулга айлантирилмасдан, балки Самарқанд ва Бухорода бўш бўлиб қолган ерларга жойлаштирилган138. Бундай анъанадан (яъни шиаларни қулга айлантириш) чекиниш сабаби кўчирилиб келтирилган Марв ва Обивард аҳолисининг аксарият шиалари суннийларнинг кўпчилиги тан олган “мазҳаб” вакиллари, яъни “жаъфария” оқимига содиқ бўлганликлари ҳақиқатдан йироқ эмас. Шиаликка содиқ қолган баъзи бир шахсларнинг давлат раҳбарияти сафига жалб этиш Муҳаммад Раҳимбийнинг вориси Дониёлбий (1758-1785) даврида юз бериб, унда келиб чиқиши қул-шиа бўлган Давлатбий қушбеги вазифасини бажарган. Демак, унинг келиб чиқиши “жафария” мазҳабидан эмас эди. Бундай ҳолат ўз навбатида шиаларни мусулмон ҳисобламайдиган руҳда тарбия топган Самарқанд ва Бухоро уламоларининг ғазабини келтириб чиқарган ва ҳокимиятни тўлиқ назорат қилишга интилаётган диндорлар ва қабила пешволарининг норозиликларига баҳона бўлган. Хонликда юз бераётган амалдан ўз манфаати учун фойдаланишлар ва қонунга хилоф ҳаракатлар, мухолифатда бўлган зодагонлар ҳамда оддий халқнинг норозилиги кўп ҳолатларда ҳокимиятни қўлга олган “кофир-шиалар”га қарши кураш “диний” кўринишда ифодаланарди. Бундай норозиликларга чек қўйиш мақсадида тахтга ўтирган Шоҳ Мурод (1785-1800) шиалар эгаллаган Хуросонга бир неча бор юришлар қилади. Маълумотларга кўра, ана шундай юришлардан бирида, 1785 йил Шоҳ Мурод Марвни эгаллаб отаси Дониёлбий билан ўз вақтида яхши муносабатда бўлган Марв ҳокими Байрам Алини суннийликни қабул қилмаганлиги учун ўлдириб юборади ва Байрам Алининг ўғли Ҳожихон бошчилигидаги беш минг Марв аҳолисини Бухорога “оқ уйли” қилиб кўчириб олиб келади. Аммо Ҳожихон қулликдан қочиб, Фарғона орқали Эронга ўтишга муваффақ бўлган139. Этнограф ва тарихчи А.Д.Гребенкиннинг ёзишича, марвликлар яхши деҳқон, жангчи ва қўли гул ҳунарманд бўлганликлари учун Шоҳ Мурод уларни қулга айлантирмай, амирлик шаҳарларига жойлаштириб, уларга мулк сифатида хосилдор ерлар ва бўш саклиларни берган140. Бу фикрга яна шу нарсани қўшиш ўринли бўлар эдики, Шоҳ Мурод даврига келиб, ташқарида олиб борилган қатор юришлар ва ички низолар туфайли Мавороуннаҳрнинг Самарқанд ва бошқа катта шаҳарлар аҳолиси жуда камайиб кетган. Масалан, Самарканддаги Тиллакори жомеъ масжидида ўтказилаётган жумъа намозига фақат 5-6 киши йиғиларди. Шаҳар ва унинг атрофлари бўшаб, аҳолининг аксарият қисми очликдан қутилиш мақсадида ўз жойларини тарк этганлар ва бошқа қисми эса, ҳатто Фарғона водийсига кўчиб кетган141. Демак, мазкур “кўчириш” (оқ уйли) сиёсати бошқа сабаблардан ташқари, айнан шу катта шаҳарларни ва унинг атрофларини “жонлаштириш” тўлдириш, қолаверса ташландиқ ерларни янгидан ўзлаштириш ва шу тадбир орқали давлат солиқларини ўстириш учун йўналтирилган эди. Бухоро амирлигига кўчириб келинган марвликлар ҳақида шарқшунос олим Турғун Файзиевнинг келтиришича, “оқ уйли” қилиб кўчириб келинган марвликларнинг бир қисми қул қилиб сотилган142 ва ўша пайтда Бухоронинг қул бозорларида қул кўпайиб кетгани боис қул ва чўриларнинг нархи шундай пасайиб кетадики, ҳатто ўнта қулни икки тангага олувчи топилмай қолади143. А.Д.Гребенкин ва Т.Файзиевлар томонидан келтирган маълумотлар бўйича асир қилиб олиб келинган марвликлар қул қилинганми ёки амирликнинг маҳаллий аҳолиси каби деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланганми бундан қатъий назар, улар ўша пайтларда Мовароуннаҳрдаги шиа вакиллари ҳисобини янада ошириб юборганликлари аниқ. “Бегуноҳ амир” (Амири Маъсум), “Шариатни жонлантирувчи” ва “Дин учун курашувчи” (ғозий) номини олган амир Шоҳ Мурод одил ҳукмдор бўлганини ўша вақтлардаги ва сўнгги даврларда ёзилган деярли барча манбаларнинг муаллифлари таъкидлайдилар144. Муаллифларнинг бир овоздан таъкидлашича, унинг ҳукмронлиги даврида янги одат (бидъат)лар бекор қилинади ва Пайғамбар суннати яна кучга киради. Янги одатларни йўқ қилиш арафасида, тахтга ўтираётган пайтда Шоҳ Мурод мамлакат қози калони сайид Мир Низомиддинни қатл этади. Бунга Мир Низомиддин амир Дониёлбий даврида бошқа бир амалдор, юқорида айтиб ўтилган, қул-шиалардан келиб чиққан қушбеги Давлатбий билан шариатни бузганлиги ва эронликларнинг айрим одатларини бажарганлиги ва бошқаларга мисол қилгани сабаб бўлган. Шоҳ Муроднинг шариат ҳимоячиси сифатида намоён бўлиши мамлакатдаги барча амир ва бўйсунмаган шахсларнинг унга бош эгишга мажбур этди ҳамда ҳеч бир шахс ноқонуний ишлар қилишга журъат эта олмайдиган бўлди. Ҳанафийлик мазҳабини қаттиқ тутган Шоҳ Мурод Эрондаги қизилбошлиларга юқорида айтилганидек ғазавот қилган145. Маълумотларга кўра, 1795 йилда амир Шоҳ Муроднинг Эронга қилган юришида бўлғуси амир, 17 ёшли Ҳайдар ҳам ўзининг 15 000 аскари билан иштирок этган ва қамал қилган тўртта шаҳардан иккитаси суннийликни қабул қилгани учун омон қолдириб, қолган икки шаҳарни ер билан яксон қилган, 18 мингга яқин аҳолисини эса асирга олиб, қулларга айлантирган146. Маълумки, XV-XVI асрларда исломнинг шиа ва сунний йўналишлари вакиллари ўртасидаги кураш кескин тус олган вақтда Шайх Шамсиддин бошчилигида Бухоро уламолари шиаларни бошқа мусулмон бўлмаган халқлар каби, қул қилиш ва қул қилиб сотиш мумкин деб фатво берганлар147. Натижада, бу каби фатволар одам ўғирловчилар ҳамда қул сотувчиларни янгидан-янги “ғалаба”ларга илҳомлантирган. Бундай фатволар уламолар томонидан фақат ислом динининг равнақи ҳамда “мазҳабпарвар”лик мақсадида эмас, балки бу фатволар замирида босқинчилик ва талончиликдан иборат сиёсий-иқтисодий мақсадлар ётар эди. Баъзи бир олимларнинг фикрларига кўра, мазкур фатволар кенг халқ оммаси учун ёт бир нарса бўлиб, айни вақтда хонлар, амирлар, беклар ва катта ер эгаларининг манфаатларига хизмат қилар эди148. Марказий Осиё, хусусан Бухоро амирлигида қул савдосининг ривожланиши ва қул бозорларини “мол” билан тўлдирувчи манбалардан бири бу шубҳасиз ғазотлар бўлган. Иккинчи манба эса, туркман чўлларида изғиб юрувчи айрим қабила бошлиқлари томонидан уюштирилган “аламон”лар ҳамда Оренбург, Астрахан ва Каспий бўйларидан ўғирлаб келтирилганлар бўлган. Аламончилар тарафидан қўшни ерларга қилинадиган аламон (чопқин)лар, одатда, кўпроқ ярим тунда қилинган. Эрон ва унга яқин ҳудудлар аҳолиси аламончилардан шундай қўрқиб қолганки149, ҳатто бир неча киши бир бўлиб бир аламончига ҳужум қила олмаган. Озгина қаршилик кўрсатган кишилар дарҳол ўлдирилган. Қолганлари эса боғлаб, пиёда ҳайдаб олиб кетилган. От орқасидан етиб юра олмаганлар йўлда ҳалок бўлган150. Аламончилар ўзларининг “қора иш”ларида ёлғиз эмас эдилар. Чунки уларни гоҳида хонлар рағбатлантириб турар эди. Масалан, Александр Борнс Машҳаддан “ўлжа” билан қайтаётган аламончиларнинг ўлжаларини бўлишаётганлигини ва бу “ўлжа”нинг бешдан бир қисмини Хива хонига ажратаётганларининг шоҳиди бўлган151. Марказий Осиё хонликларида қул бозорларини, ғазотлардан ташқари, қул билан таъминловчилар асосан туркман аламончилари бўлган деб айблаш хатодир. Ҳолбуки атроф вилоятларга одам “овлаш” мақсадида бошлаб борувчилар, қабила бошлиқлари ва ниҳоят бу ишни ўзига “касб” қилиб олган анчагина “касбкор” кишилар бўлган. Булар асл туркман қабилаларидан бўлмай, балки бир неча хил қавмлардан вужудга келган қавмлардир. Уларнинг турмуш тарзларида эронликларнинг урф-одатлари, луғати бўлиши билан бирга афғон, хива, бухоро, ҳинд, қирғиз, нўғай одатлари ва луғатлари ҳам бўлган152. Эрон аҳолисини Марказий Осиё, шу жумладан, Бухоро амирлигига келтириб қул сифатида сотилишига асосий сабабчилардан яна бири мазкур амирликнинг қўшни вилоятлари давлат арбоблари ҳамда Эроннинг шимолий чегараларида жойлашган Хафф ва Ҳирот шаҳарларида яшовчи эрон суннийларидир. Маълумотларга кўра, улар одамларни писта терими вақтида қўлга тушуриб, Мовароуннаҳр хонликлари бозорларига юборар эдилар. Айни вақтда эрон суннийлари икки тарафлама сиёсат олиб бориб, бир томондан сотиладиган қул ва чўриларга даллоллик хизматини ўтасалар, иккинчи томондан хонликларга сотилиб кетган кишиларни пул бадалига озод қилишда воситачи бўлиб хизмат қилганлар153. XIX асрнинг бошларида хонликларда мавжуд қул ва чўриларнинг орасида кўплаб рус қуллари ҳам бўлган. Қуллар орасида яна курдлар, қалмоқлар, жамшидлар, ҳазорлар, афғонлар, ҳиндлар, турклар, араблар ва бошқа халқ вакиллари ҳам бўлган154. Гарчи шариатда мусулмон киши мусулмон кишини қул қилиб ишлатиши, қул қилиб сотиши ман қилинган бўлса-да, бундай ақидаларга риоя қилинмаган. Кишиларни қул қилиб сотувчилар ўз “ўлжа”лари мусулмон эканлигини билган ҳолда, уларни шиа, яъни кофир деб сотаверганлар. Айни вақтда харидорлар ҳам қулнинг мусулмон, яъни сунний мазҳабига мансуб эканлигини сезиб турсалар-да, бироқ қул эгасининг сўзи шаръан тўғри деб ҳисобланарди. Қул ёки чўри ўзининг мусулмон эканлигини исботлашга қанчалик уринмасин, барибир унинг сўзи эътиборга олинмас эди. XIX асрнинг 30 йилларига келиб, Мовароуннаҳр ҳукмдорларининг қўшни мамлакатларга, айниқса Эронга қилган ғазотлари оқибатида асир олиниб, Бухорога келтирилган ва қул қилиб сотилганлар ҳақида Александр Борнс (ёки Бёрнс) ёзар экан, Бухоро ҳукмдорининг ҳузурига келувчи ҳар бир киши деярли эронликлар ёки уларнинг авлодларидан ташкил топган қуллар ҳамроҳлигида саройга боради. Айтишларича, у ерда ҳатто Бухоронинг 4/3 аҳолиси келиб чиқиши қулдир дейди155. XIX асрнинг 60-йилларида венгер сайёҳи Армениус (Ҳерман) Вамбери Бухорода бўлиб, бир эшон уйида меҳмон бўлганда эшоннинг бир неча мусулмон қул ва чўриларига кўзи тушган. У таажжубланиб эшондан: “Мусулмон киши мусулмон кишини қул қилиб сақлаши катта гуноҳ эмасми?” – деб сўраганда эшон: “Мен сотиб олаётганимда у шиа эди. Агар энди у суннйга айланган бўлса, у ҳолда Туркистон ерининг муқаддас эканлигини қайд этмоқ лозим” – деб жавоб берган156. Т.Файзиев ва А. Вамбериларнинг маълумот беришларича, қулликка тушган қул ёки чўрининг ҳаётидаги энг бахтсиз ва аянчли даври унинг даллол қўлига тушган кунидан бошланар эди. Чунки қулфуруш даллоллар ўз қўлидаги қул ва чўриларни бозорга “мос”лаштириши лозим эди. Бунинг учун, биринчидан, қул ва чўрилар агар сунний бўлсалар, уларни калтак зарби билан шиаликка ўтказар эдилар. Уларнинг кийим-кечакларини, ҳатто, исмларини ҳам ўзгартирардилар. Иккинчидан, бозорда зарур бўладиган 10-15 та форсий сўзларни мажбурий ўргатар ҳамда қаерликсан деб сўралганда эронликман деб жавоб беришни алоҳида таъкидлар эдилар. Акс ҳолда, ўлдириш билан қўрқитар эдилар. Ниҳоят, учинчидан, қуллар ва чўрилар ўртасида оилалик ёки болаликлар бўлса, уларни бир-биридан ажратиб, бошқа-бошқа одамларга сотиш учун бўлиб юборардилар, ҳамда уларни бозорда дод-фарёд қилмасликка ундар эдилар. Мана шундай камситишлар, ҳақорат ва калтаклардан сўнг даллоллар уларни гўёки бозор руҳига мослаштирганлар ҳамда шу тайёргарликларни тамомлангач, бозорга олиб чиқиб сотардилар. Қул ва чўриларни бозорда сотишдан аввал уларнинг номларини ўзгартиришга алоҳида эътибор берар эдилар. Қул ва чўриларга берилган янги номлар бўлажак хўжайиннинг рамзи сифатида хизмат қилиши керак эди. Масалан, қуллар учун Некқадам (яхши, қутлуғ қадам), Давлат, Шоди (шодлик), Нек (яхши), Қутлуқ ва Жаҳонбахт, чўриларга эса Неки (яхшилик), Давлат келди, Хушкелди, Феруз, Ёқут каби ўзбек ва форс сўзлар аралашган исмларни қўяр эдилар157. Марказий Осиёдаги қул бозорларининг энг йириги ва гавжуми Хива ва Бухорода бўлган. Бухоро амирлигидаги қул бозорларининг энг гавжуми Хивага яқин бўлган Қоракўл, Бухоро, Қарши ва Чоржў бўлган. Бундан ташқари бундай бозорлар Бухоро амирлигининг Варданзе, Вобкент ва Ғиждувон вилоятларида бўлган158. Қуллардан уй ва дала ишларидан ташқари, ҳарбий ишларда ҳам фойдаланилган ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, рус саёҳи, унтер-офицер Филипп Ефремовнинг таъкидлашича, Бекович Черкасскийнинг Хивага қилган миссияси барбод бўлгач, унинг отрядидаги рус аскарлари асирга тушиб, қул қилиниб сотилади. Ана шу ҳарбий асирлардан 100 кишини махфий равишда Бухоро хони Абулфайзхонга (1711-1747) ҳам юборганлар. Абулфайзхон асирларга яхши муносабатда бўлиб, уларни ўз саройида махсус “гвардия” сифатида ишга жалб қилган. Кейинчалик, улардан бирини тўпчибоши лавозимига тайинлаб, Қоплон деб ном берган159. Шоҳ Мурод, Амир Ҳайдар давридаги каби Мовароуннаҳрга шиаларнинг кўчирилиши уларнинг ворислари, хусусан Насруллохон (1826-1860) даврида ҳам давом этган. Бунинг натижаси ўлароқ, кўчириб келинган эронликлар билан афғон, тожик ва қисман асир олинган руслардан ташкил топган сарбоз160лар пиёда қўшини вужудга келтирилади. Бу қўшинга Эрондан чиққан таваккалчи (авантюрист) ва Европа қўшинларида йўлга қўйилган ҳарбий ишлардан хабардор бўлган Абду ас-Самад бошчилик қилган161. Амир ва беклар қул ва чўриларга таҳқир ва нафрат кўзи билан қарасалар-да, айни вақтда, уларнинг истеъдодларига мафтун бўлар эдилар. Амирга аталган қулларнинг бақувват ва эпчил бўлишига алоҳида эътибор берилар эди. Уларнинг орасидан етишиб чиққан истеъдодлилари, ҳатто, юқори мансабларга ҳам кўтарилар эди. Аммо юқори мансабларга кўтарилиш ҳаммага ҳам насиб этавермас эди. Ҳолбуки, сотиб олинган қул унинг ҳарбий хизматга лаёқати, ҳарбий хизмат жараёнида қўлга киритган ютуқларига қараб юқори мансабларга кўтарилар эди. Масалан, қозоқлар асирга олиб, тўрт дона бузоқ териси баробарига бухороликка сотилган ва кейинчалик амирга тортиқ қилинган Филипп Ефремов мансабларда кўтарилиб, 1758-1785 йиллар Аштархонийлар оталиғи бўлган Дониёлбий томонидан аввал элликбоши, кейинчалик эса, Самарқанд ёнида бўлиб ўтган жангда кўрсатган жасорати учун юзбошилик мартабасига кўтарилган162. Бу каби ҳолатни Дониёлбий даврида, юқорида айтиб ўтганимиздек, (ўзининг қобилияти билан) қушбеги даражасига кўтарилган қул-шиа Давлатбий мисолида кўришимиз мумкин. Бухородаги қулдорлар ҳам Хива қулдорлари каби қулларни пул бадалига озод қилиш ишига алоҳида эътибор берганлар. Улар бадавлат хонадондан қўлга туширилган қул ва чўриларни қиммат баҳода бўлса ҳам олар эдилар. Чунки бир кун бўлмаса, бир кун уларнинг қариндош-уруғлари хабар топиб келиб катта пул эвазига сотиб олишларини билганлар. Масалан, А.Вамберининг ёзишича, ҳиротлик бир йигит Бухорода қулликда бўлган ўз онасини 60 дукат пул бадалига озод қилиб олган163. Ҳолбуки 50 ёшлардаги қулнинг нархи 60 дукат бўлмаса-да, бироқ унинг ўғли тарафидан сотиб олинишини сезган хўжайин икки баробар ортиқча баҳони талаб қилган. Бухорода озод бўлган қулларнинг ўз ватанларига қайтиб кетишларига ҳукумат маъмурлари томонидан ҳар хил тўсқинликлар қилинган ҳамда ҳар бир озод бўлган қулдан маълум миқдорда жарима олинган164. Озод бўлган қуллар ўз ватанларига қайтишнинг турли йўлларини ўйлаб топишга мажбур бўлганлар. Чунончи, қулликдан озод бўлганлар бой савдогарлар ёрдамида “савдогар” ниқоби остида ўз ватанларига етиб бора олганлар. Лекин бундай усул ҳар вақт ҳам фойдали бўлмаган. Айрим вақтларда сир очилиб, собиқ қул яна янгидан Бухорога жўнатиб юборилган. Бундан ташқари, озодлик олиб ватанларига қайтиб кетаётган қулларни йўлда қароқчилар тутиб олиб Бухоро бозорларига келтириб яна янгидан қул қилиб сотаверганлар. Ушбу ҳолатни кўрган Александр Борнс Бухородан кетаётганда ўзи билан ҳамроҳ бўлган ана шундай қайта-қайта озод бўлиб янгидан қулликка тушиб яна озод бўлиб, ҳатто уч маротаба қулликка тушиб яна учинчи маротаба озод бўлиб кетаётган қуллар165 ҳақида ёзади. Марказий Осиё хонликларида бошқа миллат қулларига нисбатан рус қуллари анча қадрланган. XVIII асрнинг ярмидан бошлаб хонликларда рус қулларини пул бадалига озод қилсалар-да, бироқ хонлар рус қулларини ўз ватанига қўйиб юборишдан қўрқанлари учун хонликдан чиқиб кетишига ижозат бермаганлар. Чунки қуллар мамлакатнинг ички аҳволини яхши билганлликлари учун рус ҳукуматини хабардор қилишлари мумкин эди. XVIII асрнинг охиридан бошлаб Марказий Осиё хонликлари рус элчиларини таъқиб остига ола бошлаганлар. Уларни, деярли, халқ оммасидан, айниқса Бухорода қулликда бўлган рус кишиларидан четда тутганлар166. Лекин шунга қарамай, XIX асрдан бошлаб хонликларга ташриф буюрган рус элчилари гоҳида тазйиқ, гоҳида пул эвазига қулликда сақланган рус асирларини озод қилиб олиб кетганлар. Масалан, 1858 йил Бухорога келган полковник Игнатьевнинг ёзишича, унинг рус давлати номидан Бухородаги рус асирларини озод қилиш ҳақида Бухоро хонлигига қўйган талаби амир Насрулло (1826-1860) тарафидан қабул қилиниб, дарҳол хонликдаги барча рус асирлари ҳамда уларнинг авлодларини топиб келтириш учун буйруқ берган. Бироқ, бахтга қарши Игнатьевнинг эътироф этишича, топиб келтирилган рус асирлари орасида Россияга олиб кетиш учун фақат 11 кишигина лойиқ деб топилган. Қолганлари эса, ислом динини қабул қилиб, ҳатто ўзларининг ўтмишда ким бўлганликларини ҳам унитиб, Бухоро турмуш тарзига кўникиб кетган кишилардан иборат бўлган167. Қадимда бўлганидек, XV-XIX асрларда ҳам йирик ер-мулкка эгалик қилиш учун олиб борилган ўзаро урушлар ва атрофдан одамларни ўғирлаб келиб қул қилиш қул манбаининг асосини ташкил қилган. Марказий Осиё, шу жумладан, Бухоро бозорида сотилган қуллар рус, афғон, турк, ҳинд, араб ва бошқа миллат ва элатга тегишли бўлишига қарамай, кўпчилик қулларнинг келиб чиқиши Эрон ва унга чегарадош бўлган шаҳарларнинг шиалик йўналишининг жаъфарийлик ва имомийлик каби мўътадил оқимлари вакиллари бўлган. Аммо, бундан ташқари, Мовароуннаҳр хонликлари ҳамда Шарқий Туркистон шаҳарларига қул қилиб сотилганлар қаторида Помир тоғларидаги Бадахшон вилоятининг, шиаликдаги кескин оқимларидан бири, исмоилийлик вакиллари ҳам бўлган. Бадахшон худди ҳозирдагидек, ўша даврида ҳам, Мовароуннаҳр каби Араб халифалигида таъқиб остига олинган оқим ва фирқаларнинг вакиллари ва бошқалар учун бошпана вазифасини бажарган. Бошқача қилиб айтганда, Тоғда (Помир тоғлари назарда тутилмоқда) барча ожизлар, тенг бўлмаган курашда ҳамма нарсасидан маҳрум бўлганлар, аччиқ тақдир ва золимлардан эзилганлар, айби учун ёки айбсиз таъқиб остига олинганлар, бўйин эгамаганлар ва ҳаётдан норози бўлганлар бошпана топганлар168. Помир исмоилийларининг ривоятларига кўра, ана шундайлардан бири (биринчиси деб ҳам айтиш мумкин), Муҳаммад (с.а.в)нинг авараси, халифа Алининг невараси ва 680 йилда ёвузларча ўлдирилган Ҳусаннинг ўғли Зайн ул-Обидин мўъжизавий тарзда қотиллар қўлидан қутилиб, исмоилийлар томонидан яширинча имом деб эълон қилиниб бир қанча вақт Панж дарёсининг ўнг қирғоғининг “Тим” деган жойида яширинган. Лекин, исмоилийлар оқими VIII асрнинг ўрталарида (тахм. 762 йилда) юзага келганини ва Зайн ул-Обидиннинг вафоти 713 йилга тўғри келишини назарга олиб, исмоилийлар келтирган ривоятни ҳақиқатга тўғри келади деб бўлмайди169. Помир тоғларида Шугнан, Роушан ва Бадахшон хонликлари бўлиб, уларнинг халқи тожикларга қариндош бўлиб, эрамиздан аввалги III-II минг йилликлар орасида Ўрта ер денгизининг юқори қисмидан Шарққа кўчган немис, славян ва греклар қоришмасидан ташкил топган ирқ вакиллари бўлган орийлар (оқсуяклар)га мансубдир. Помирда исмоилийлик оқимининг тарқалиши бевосита бу оқимнинг тарғиботчиси (ҳужжати), машҳур файласуф, шоир, сиёсатчи ва сайёҳ Носир Ҳисрав (1004-1080) фаолияти билан боғлиқ. Помир халқлари ҳам ўрта асрларда Марказий Осиёда ҳукм сурган қулдорлик ва қул олди-сотдисидан четда қолмаганлар. Бу ердаги хонликларни бошқарган мирлар оилаларни ажратиб, ёш боллар ва қизларни Қобул, Бухоро, Ёркент, Туркистон каби шаҳарларга совға ва савдо моли сифатида бериб турганлар. Маълумотларга кўра, ўша пайтларда Бадахшон хонлиги мири Помирда қул савдосининг ташкилотчиларидан бири бўлиб, ўз одамларини Читрол ва Вохан туманларига одамларни овлашга юборган. Овланган одамларнинг озгинасини ўзига олиб қолиб, қолганларини Қўқон, Бухоро ва Ёркентга сотган170. Хуросон ва Мовароуннаҳрда асрлар давомида одат ва русм тусини олган қулчилик ва қул меҳнатидан фойдаланиш ҳамда қул сотиш ва қул озод қилиш каби инсон шаънига иснод келтирувчи жирканч иллатлар 1868 йил Бухоро-Россия шартномасининг имзоланиш кунигача ошкора давом этиб келган. Т. Файзиевнинг ёзишича, Чор Россиясининг тазйиқи остида тузилган шартномага мувофиқ, 1873 йилдан бошлаб Бухоро амирлиги ҳудудида қул олди-сотти савдоси ман қилиниб, айни вақтда, қулдорлар қўлида бўлган қул ва чўрилар 10 йил хизмат қилганларидан сўнг озод бўлишлари ҳақида фармон берилган171. Аммо баъзи қўлёзма ва босма асарларда қул ва чўриларнинг озод қилиниш муддати 10 йил бўлмай, балки 12 йил дейилган. Масалан, “Аҳдномэ-йэ масолиҳ-э доулат-э Бухоро бо Русийэ” номли асарда келтирилишича, 1868 йил июнь ойида Бухоро билан Россия ўртасида тузилган битимнинг биринчи моддасида Эрон аҳолиси Россия давлатидан Эрон фуқаролари мол-мулкини талон-тарож қилиб, уларни асирга олиб сотмасликлари ҳақида шарт қилгани сабабли давлатнинг қонунига мувофиқ, бундан кейин Марв дашти ҳамда унинг атрофидан асир олиб кетиб сотиш тўхтатилсин, деб ёзилган. Битимнинг иккинчи моддасига кўра, ҳозирги кунда Бухоройи шарифнинг аҳолиси қўлида банди бўлиб турган асирлар эса, 12 йил хизмат қилганларидан сўнг мутлақо озод бўлсинлар. Агар хоҳласалар, шу ерда қолсинлар ёки ўз ватанларига кетсинлар, бунга бирор киши қаршилик қилмасин. Мазкур 12 йил давомида қул олди-сотди савдоси бутунлай тўхтатилсин, 172 дейилган. ЎзССР Марказий давлат архивида ўз изланишларини олиб борган тарихчи шарқшунос Т.Файзиев топган турли ҳужжатларга асосланган ҳолда қул ва чўриларни озод қилиш муддати 12 йил бўлмай, 10 йил бўлганлигини, 10 йиллик муҳлатдан сўнг озод қилиш масаласи бир неча йил кейинга сурилгани ва бунинг сабаби 1885 йил Бухоро тахтига ўтирган Бухоро амири Абдул Аҳад (1885-1910) мазкур фармонни ҳалоллик билан бажармагани маълум қилади173. Умуман олганда, қул ва чўриларни озод қилиш ҳақидаги 1886 йилда чиқарилган амир фармони қуйи табақа учун мажбурий деб ҳисобланса-да, бироқ мазкур фармоннинг ижодкорлари амир ва унинг амалдорлари учун ҳеч қандай аҳамияти бўлмаган. Чунки амир ва беклар энг катта қулдорлар бўлиб, бу “касб”дан манфаатдор эдилар. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё, хусусан Бухоро ҳудудида мавжуд бўлган қулчилик ва унинг сарқитлари XIX асрнинг охиригача давом этиб келган. Аммо қулчилик тугатилиб, қуллар расман озод бўлган бўлсалар-да, қуллик меҳнати илгаригидек уларнинг бўйнида фарз бўлиб қолаверди. Зотан ерсиз, молсиз, бошпанасиз ва ишсиз қуруқ гавда билан озод қилиниб, ҳақиқатда эса, кўчага ҳайдалган собиқ қул ва чўрилар қаёққа боришларини билмас эдилар. Маълумки, улар яна ўз хўжайинлари ёки бошқа бир хўжайин эшигида хизмат қилишга мажбур эдилар. Амир томонидан берилган “лутфан озодлик”, яъни Али Хўжа – Хўжа Али қабилида бўлиб, қулликдан расман “озод” бўлиб, қуллик меҳнатига тутилишдан иборат эди. Чунончи, Т.Файзиев ўзининг “Бухоро феодал жамиятида қуллардан фойдаланишга доир ҳужжатлар (XIX аср)” китобида Бухоро ўлкашунослик музейидан топган рус тилидаги ҳужжатида аввал қул бўлиб, сўнг озодликка эришган 1935 йилда Кармана туманининг Бешкент қишлоғида яшаган 66 ёшли Барот ўғли Некқадамнинг айтганларидан келтиришича, Некқадам Эроннинг Кэлот-э Нодири-йэ Чаранг деган жойидан бўлиб, бир яшарлигида онаси Моҳбону (18 ёш), отаси Барот (21 ёш) ва бувиси Зебо Момо (49 ёш) билан бирга туркманлар томонидан ўғирланган. Айни вақтда, улар билан бирга 70 га яқин бошқа эронликлар ҳам ўғирланган. Асирлар Марв орқали Бухорога пиёда ҳайдалиб, қул саройи бўлмиш Пойистонада сотилган. Моҳбону ниҳоятда гўзал бўлгани учун амир ҳарамига оладилар. Аммо ёш болали бўлганлиги сабабли қайтарадилар. Шундан сўнг бутун оилани Карманага яқин бўлган Бешкент қишлоғилик Содиқбой Варрак деган киши 250 тиллога сотиб олган. Оз вақт ичида бобоси келиб 100 тилло бадалига отасини қутқариб Эронга олиб кетган. Аммо Содиқбой унинг онаси билан бувисини пул бадалига озод қилишга кўнмаган. Шундан сўнг, Содиқбой Некқадамнинг онасини 1868 йилда озод қилган ва 36 ёшли Жавҳар исмли етимга турмушга берган. Ундан онаси уч қиз туғган. Некқадамнинг бувиси қулликнинг иккинчи йилидан сўнг хўжалик ишларида қандайдир арзимаган хатоси учун Содиқбойни ўғлининг калтаги зарбидан ўлган. 13 йиллик қулликдан сўнг, 14 ёшда Некқадам онаси ва унинг уч қизи билан озодликка эришган. Бироқ мустақил равишда ҳаёт кечириш имконига эга бўлмаганлиги туфайли, Некқадам Содиқбойга хизматкор (етим) бўлиб қолишга мажбур бўлган. Некқадам унинг қўлида 31 йил хизматкор ва чўпон бўлиб ишлаган174. Туркман чўлларидаги аламончилар фаолияти эса, генерал Скобелевнинг 1880 йилда бошланган Ахал-текин экспедицияси натижасида тугатилади175. Хуллас, шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Бухоро амири Сайид Музаффар (1860-1885) даврида келиб чиқиши эронлик бўлган шахсларни давлат ҳукумати ишларига жалб қилинишининг давом этиши натижасида адлия ва молия вазирликлари шиалар қўлига ўтиши176, Аҳмад Дониш таъбири билан айтганда шиалар “дар ул-ислам” (“ислом уйи”)ни “дар-ул-куффар” (“куфр уйи”)га айлантириб юборганлари177 ҳамда 1868 йил июнь ойида Бухоро амирлиги ва Россия ҳукумати ўртасидаги, юқорида келтириб ўтилган, “... эгасига 10 йил муддатда хизмат қилган қул ва чўриларни озод қилиш” тўғрисидаги битимнинг имзоланиши ҳокимиятни тўлалигича ўз қўлларида ушлаб туришни мақсад қилган йирик ер-мулкка эга бўлган суннийларининг норозилигига сабаб бўлган. Тарихчи Садриддин Айнийнинг келтиришича, Амир Музаффар аҳдинда бир икки қатла ушбу икки фирқа (суннийлик ва шиалик) орасида англашилмовчиликлар чиққан бўлса ҳам мазкур амирнинг тадбири ила тез бостирилиб аҳоли раъи орасида хафагарчиликлар кўтарилиб бир туққан қариндошдек яшамоқда эдилар. Аммо суннийларнинг норозиликлари натижасида 1877 йил март ойида икки маротаба бир томондан эронликлар иккинчи томондан ўзбек ва тожиклар ўртасида қирғин уюштирадилар. Қирғин оқибатида ҳар иккала томондан ҳам кўплаб ўлдирилганлар ва ярадорлар бўлди. Аммо бу билан йирик ер-мулкка эга бўлган суннийлар ҳеч нарсага эриша олмайдилар178, зеро шиа ер-мулк эгаларини давлат ҳукумати ишларига жалб қилиш жараёни давом этаверган. Бунга қўшимча, ижро этувчи ҳокимият тўлалигича шиалар қўлида эди. Масалан, 1905 йилгача қушбеги вазифасини шиа бўлган Шо (Жон) Мирза, бош закотчи вазифасини яна бир шиа Остонақулбек бажарган. Шо Мирза вафотидан сўнг эса Остонақулбек ҳам бош закотчи, ҳам қушбеги вазифасини бажара бошлаган. Шундай қилиб, 1905 йилга келиб бир томондан йирик ер-мулкка эга бўлган суннийлар иккинчи томондан шиалар ўртасидаги тўқнашувларда вақтинчалик ғалаба шиалар томонида бўлган179. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, бир одам бутун давлат ишларини жисмонан бажара олмайди. Шунинг учун Остонақулбек давлат ишларини ўз ўғиллари ва ака-укалари ўртасида тақсимлаб берган. Масалан, акаси Латифбекбойга рус ва Бухоро, ўғли Маҳмуд Юсуфбекка афғон ва ҳинд маҳсулотларидан закот йиғишни топширган. Бундан ташқари, Остонақул, унинг ака-укалари ва ўғиллари жойларда кўпчилик мансабларга ўз қабиладош-эронликлардан бўлган одамларни тайинлаганлар. Аммо Б.Бабаджановнинг таъкидлашича, аслида Останақул ўзининг манфаатини кўзлаб керакли ва “даромадли” лавозимларга ўз одамини тайинлаган халос. Жуда бўлмаганда маҳаллий халққа конфессионал ва маҳалладорчилик жиҳатлардан бегонароқ одамларни ўтқизган. 1887 йил март ойидаги ҳодисаларни ва сунний билан шиа ер-мулк эгалари ўртасидаги курашнинг зўрайишини инобатга олиб амир Абдулаҳад ибн Музаффар (1885-1910) бир неча маротаба Остонақулбекка маъмурий лавозимга обрўли ўзбеклар, ҳамда тожикларни тайинлашни таклиф қилган. Аммо давлатнинг ташқи ишлари билан овора бўлган, мамлакатнинг ички ҳодисалари ҳақида кам маълумотга эга бўлган амирга нисбатан суистеъмол (“ҳиёнат”) қилган Остонақул маъмурий лавозимларга фақат эронликларни тайинлашда давом этган180. Бунинг устига, Остонақул номзодини рус мустамлакачилари ҳам қўллаган, зеро у колониал раҳбариятга мойил эди ва хонни назорат қилишда яқиндан ёрдам берган. Шу сабаб Амир Абдулаҳад уни олиб ташлашга журъат этмаган181. Амирликдаги шиа ер-мулк эгаларининг ҳукмронлиги, ўзбошимчалик ва оғир солиқлари аҳолининг чуқур эътирозларига сабаб бўлган. Бундай вазият ҳокимиятни ўзлаштиришга интилган йирик ер-мулкка эга бўлган суннийлар учун қўл келган. Шунинг учун 1909 йилда улар сунний руҳонийлари ёрдамида шиаларга қарши хунрезликка пинҳона киришганлар. Курашга тайёрланишда йирик ер-мулкка эга бўлган суннийларга турк жосуслари ҳам катта ёрдам кўрсатишган. Масалан, 1909 йил март ойида Бухоро шаҳрига Туркистоннинг туман маҳфий полицияси бошлиғининг сўзларига кўра, ёки турк, ёки афғон фуқароси бўлган эшон Оғо Ризо Али Аскархонов келган182. Турк жосуслари амирликнинг сунний руҳонийлари каби шиа-эронликларни Чор Россиясининг Бухородаги жосуслари ва таянчи ҳисобланганликлари учун улардан нафратланганлар183. Т.Г.Тухтаметовнинг ёзишича, Амир Абдулаҳад мамлакатни бошқариш учун шиаларни жалб қилгани ва Россияга нисбатан зоҳиран хайрихоҳлик билан муносабатда бўлгани учун турк жосуслари ва Бухоронинг сунний руҳонийлари унга қарши кайфиятда бўлиб, уни тахтдан ағдариб ўрнига укаларидан бирини қўймоқчи бўлганлар184. Албатта, ҳозир, Аскархоновнинг айнан Турк ҳукумати буйруғи билан шиаларга қарши тарғибот олиб борганлигини аниқлаш қийин. Нима бўлганда ҳам у ўзининг даъватларига “қулоқ солувчилар”ни осонгина топган, чунки Остонақулнинг ҳатти-ҳаракатлари ва шиаларнинг ортида русларнинг “соялари” борлигини сезган суннийларнинг шиаларга нисбатан ғазаби анчадан бери йиғилиб борган. Ушбу келишмовчиликнинг тарихий, сиёсий ва, қолаверса, иқтисодий илдизлари анчагина кучайган эди. Шиа ва суннийлар ўртасидаги конфессионал (диний) қарама-қаршилик – бу можаронинг фақат ташқи кўринишидир. Садриддин Айний (1878-1954) ўзининг “Бухоро манғит амирлари тарихи” ва “Бухоро инқилобининг тарихи” асарларида тилга олиб, сунний-шиа тўқнашувларининг келиб чиқишига Бухоро шаҳар раиси Мир Бурҳониддин Бадриддин ва Остонақул қушбеги ўртасидаги адоват қайсидир маънода сабаб бўлганлигини айтади185. Бу борада архив маълумотлари билан иш олиб борган Т.Г.Тухтаметов икки амалдор ўртасида ҳақиқатдан ҳам адоват бўлганлиги, Бурҳониддин Бухоро руҳонийлари орасида катта ҳурмат қозонган қози калон Мир Бадриддин садрнинг ўғли бўлганлиги, ушбу қози калонга ҳурмат юзасидан 1901 йилда амир Абдулаҳад Бурҳониддинни Бухоро шаҳри раислигига тайинлагани ҳақида ёзади. Т.Г.Тухтаметов ўз фикрларини давом эттирар экан, 1907 йилда Мир Бадриддин вафотидан сўнг, катта нуфузга эга бўлмаган чоржўлик қози мулла Қувомиддин хўжа қози калон этиб тайинланиши ўзини бу ўринда кўришни хоҳлаган раис Бурҳониддиннинг катта норозилигига сабаб бўлганини ёзади ҳамда бунга Бурҳониддиннинг давлат лавозимида кўтарилишини истамаган Остонақул қушбегининг сунний-шиа курашининг кучайишига олиб келган кирдикорларини омил қилиб кўрсатади186. Зеро можаро сабаблари нафақат маълум мансабдор шахслар ўртасидаги кескин муносбат бўлган, балки унинг илдизлари, анча чуқур. Демак, бу тўқнашувларнинг сабабларининг таҳлилида бошқа (балки муҳимроқ) омилларни ҳам кўриш лозим. Мисол учун иқтисодий сабабларни кўрсатадиган бўлсак, Остонақулнинг “фаолияти” натижасида кўплаб сунний ва ҳатто шиа аҳли тужор, ёки усталар анча зарар кўрган. Бу ҳолат албатта норозилик туғдириши аниқ. Чунончи, рус раҳбариятининг яширин сиёсати ва хонликдаги конфессионал вазиятни кескинлашиши ҳақида умуман ўйламаслиги, ва аксинча уни тўқнашувга гижгижлашини187 ҳам албатта инобатга олиш зарур. 1910 йил январь ойидаги воқеалар Бухоро амирлиги ҳукумрон доираларидаги икки йирик ер-мулкка эга бўлган гуруҳлар ўртасидаги ҳукумат учун курашининг давоми ва кучайиши бўлган. Хунрезликка бевосита туртки бўлган воқеани тарихчилар қуйидагича таърифлашади: Бухоронинг тожик аҳолиси ва Мир Араб мадрасасининг икки-уч тошкентлик ва фарғоналик толиблари Когон ибодатхонасига шахсей-вахсей (яъни “Шоҳ Ҳусайн, Воҳ Ҳусайн”)ни188 тамошо қилишга келиб, у ерда Туркистон одатига мухолиф баъзи ҳаракатларни кўриб, йиғилган шиалар устидан кулади. Маросимда қатнашаётган шиа гуруҳи ғазабланиб мазкур толибларни калтаклайдилар. Натижада, толиблардан бири мажруҳ қилинади. Баъзи мутафаккир ва кексароқ эронликлар бу ишнинг оқибати ёмон бўлишини мулоҳаза қилиб, мажруҳ талабани қолганларидан ажратиб бир уйда яширадилар. Бухорога қочган бошқа муллабачалар шиа-эронийлар бир муллабачани уриб ўлдирдилар, деб мадарасадан мадрасага жар солиб, жонни сақлаш ва номус учун йиғилинглар деб фарёд қилганлар. Хуллас калом шундан сўнг бошланиб кетган очиқ қонли тўқнашувлар оқибатида ҳар иккала томондан ўлдирилганлар ва яраланганлар бўлган189. Амир ўз тажрибасига кўра фитнанинг ҳақиқий сабаби Бурҳониддин раис ва баъзи уламолар эканлигини биларди. Шундай бўлса ҳам ҳақиқий айбдорларнинг танбеҳини бошқа бир вақтга қўйиб, тезлик ила фитнани даф қилмоқ чорасига киришади. Бунинг учун Шаҳрисабз ҳокими Мирзо Насруллоҳ ила Чоржў ҳокими Мирзо Низомиддин Урганчийни катта ихтиёрлар бериб Бухорога юборди. Булар душанба куни Бухорога кирадилар. Мазкур беклар Бухорога келганлари ҳамон сиёсий рақобатларга киришиб кетиб фитнани тинчлантириш чорасидан ожиз қоладилар190. Алал оқибат 1910 йилдаги сунний-шиа тўқнашувларини бостиришда фаол иштирок этган Чор ҳукумати вакилларининг аниқ маълумотларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, марказ ва бошқа жойларда юқори мансабларда ишлаб келган барча шиалар ўз ўринларини бўшатганлар. Уларнинг ўрнига йирик ер-мулкка эга бўлган суннийлар тайинланган191. Аммо эронлик бўлсин, тожик бўлсин ҳар бир бухоролик бу ўйинларнинг нима эканлигини англаган, аҳмоқ Бурҳониддин билан миясиз ҳукумат арбоби Мулло Қамардек ғарази фосид эгаларининг сўзига кириб ўз шахсий мақсади ва бойлик орттириши йўлида шунча бечораларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлганларини тушунган эди. Шунинг учун сунний-шиа низосини қўзғатмоқ эмас, бу икки фирқа бир бўлиб мутаассиб муллалар, нодон мансабдорларни орадан йўқотмоқ, бузуқ ҳукумат доиралари ила таассуб уяси бўлган мадрасаларнинг ислоҳи лозимлигини англаган эди192 деб фикр билдиради Садриддин Айний. Ҳатто, XV асрдаёқ ҳар хил тилда сўзлашувчи ёки ҳар хил мазҳабга мансуб бўлган халқлар, қабилалар ўртасида адоват қўзғовчи – тараққиётнинг ашаддий душманларининг таъсири зўр бўлган замонда ўз даврининг адиби ва маданият арбоби бўлган Абдураҳмон Жомий (1414-1492) биродарлик, тинчлик, тенглик, аҳллик ғояларини тарғиб ва ташвиқ этиб, у нифоқ яратувчиларга жавобан ғазаб билан қуйидаги сўзларни айтган: Эй даҳрнинг муғбачаси, бир жом май тутгил, Сунний ва шиа низосидан кўнглим беҳузур бўлди. Дейдиларки, эй Жомий, мазҳабинг недур? Юз шукурки, ит суннию, эшак шиа эмасман193. Шундай қилиб, XIX аср охири – XX аср бошларида Бухоро амирлиги (хонлиги)да бўлиб ўтган сунний ва шиа аҳоли ўртасидаги тўқнашувлар натижасида ҳар иккала томондан тўкилган қон ўзаро адоватни келтириб чиқариб, шундоқ ҳам нотинч бўлган пайтда (Рус империясининг мустамлакачилик ҳаракатлари пайтида) ўлганни устига тепгандай бўлди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, XVI аср бошларидан Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган давлатлар ва Эронда шиалик ғоялари асосида бошқарилган давлатлар ўртасидаги урушлар оқибатида Мовароуннаҳрга бостириб келиб жойлашган, маҳаллий ҳукмдорлар бунга жавобан ўз қўшинларини руҳлантириш, ўз юришларини қонунийлаштириш мақсадида диний пешволардан шиаларга қарши фатволарни олиб, Эрон босқинчиларига қарши юришларида қўлга тушган асирларни ўзларига тобе қилганлар ва қолганларини қулга айлантирганлар. Вақт ўтиши билан шиалик вакиллари Марказий Осиёнинг сиёсий, ижтимоий ва диний ҳаётида муҳим аҳамият касб эта бошладилар. Улар келгинди бўлишларига қарамай, ўз кучлари, ҳаракатлари ва қобилиятлари ила маҳаллий суннийлар муҳитида ўз ўринларини топишга ҳаракат қилдилар ва қайсидир миқдорда бунга эриша олдилар ҳамда, шу билан бирга, ўз диний эътиқодлари ва одатларини ёддан чиқармадилар. Download 0.89 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling