Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи d sc


Ўзбекистон шиа жамоаларининг муқаддас жойлари ва урф-одатлари


Download 0.89 Mb.
bet17/25
Sana31.01.2023
Hajmi0.89 Mb.
#1142995
TuriДиссертация
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   25
Bog'liq
DSR SHUH red 23.03.21 oxiri

3.3. Ўзбекистон шиа жамоаларининг муқаддас жойлари ва урф-одатлари

Шиаларнинг диний ҳаётида умумий мусулмон байрамларидан ташқари, ўзларига хос бўлган байрамлар – халифа Али ва унинг авлодларининг таваллуд кунлари ҳам катта тантана билан нишонланади253. Шу билан бирга, шиалар мотам кунларига ҳам катта аҳамият берадилар. Мазкур мотам кунлари Муҳаммад (с.а.в.)нинг ва шиа имомлари ўлими билан боғлиқдир. Масалан, сафар ойининг йигирма саккизинчи куни Муҳаммад (с.а.в.) вафот этган кун, ашуро ойининг биринчидан ўнинчи кунигача бўлган оралиқ Ҳусайн ўлими билан боғлиқ, рамазон ойининг ўн тўққизинчи куни халифа Алининг яраланган ва йигирма биринчи куни вафот этган куни, шаввол ойининг биринчи куни олтинчи имом Жаъфар ас-Содиқнинг вафот этган куни, сафар ойининг йигирманчи куни, яъни Ҳусайннинг азобланиб ўлдирилган кейин қирқинчи кунини ҳам алоҳида ибодат билан ўтказадилар. Байрам ва мотам кунлари шиалар машҳур имомлар, хусусан халифа Али, Ҳусайн, имом Ризо, Мусо ал-Козим ва Муҳаммад ат-Тақий, Али ал-Жавод ва Ҳасан ал-Ҳодий ҳамда бошқа имомзодалар, саидлар, баъзи суфийлар ва дарвишларнинг мозор ва қабрларини зиёрат этишади.


Марказий Осиёдаги шиа жамоаларининг муқаддас жойлари ва урф-одатларини таърифлашдан олдин даставвал ушбу муқаддас жойлар ва урф-одатларнинг келиб чиқиши тарихига назар ташлаш лозим. Зеро, ҳозирги пайтга келиб, ушбу муқаддас жойлар ва уларда бажариладиган маросимларга замонавий шиа жамоалари томонидан қай тарзда амал қилинишини қиёсий тарзда кўришимиз мумкин.
Мусулмон – шиалар (асосан имомийлар, зайдийлар) учун Макка ва Мадинага ҳажж зиёратидан кейин асосий зиёрат жойи Нажаф, Карбало, Қум ва Машҳад ҳисобланади.
Нажаф шаҳридаги Машҳади Али Ироқдаги Куфа шаҳридан 10 км. ғарбда, Месопатамия водийси ва саҳроси чегарасида жойлашган зиёратгоҳдир. Нажаф шаҳрини барпо этилиши тарихи ҳақида сўз юритадиган бўлсак, аввалам бор бу шаҳарни бундай муқаддас шаҳарга айланишига сабаб бўлган шахс “хулафои рошидин” ёки “чориёрлар” деб аталувчи дастлабки тўрт халифанинг тўртинчиси Али ибн Абу Толиб шахсияти ҳақида айтиб ўтишимиз лозимдир. Халифа Али Муҳаммад (с.а.в.)нинг амакиваччалари ва куёвлари (Фотиманинг эри). Отаси – Абу Толиб ибн Абдулмутталиб, онаси – Фотима бинту Асад ибн Ҳошим. Халифа Али 9 ёшидан Муҳаммад (с.а.в.)нинг тарбиясида бўлган. Лақаби – Хайдар.
Али ибн Абу Толибнинг халифалик учун олиб борган уруши мазкур ишнинг биринчи бобида зикр қилинган. Шу сабабдан бу бобда унинг ўлими ҳақидаги маълумотлардан бошлаб баён қилинади. Маълумотларга кўра, у 661 йил 19-январда Абдурраҳмон ибн Мулжам ас-Соримий (хорижийлик оқими вакили) деган шахс томонидан Куфа масжидидан чиқиш пайтида жароҳатланади ва икки кундан сўнг вафот этади.
Халифа Алининг ўлими билан боғлиқ турли ривоятлар ҳам мавжуд. Мана шундай ривоятлардан бирида айтилишича, халифа Али ўз ўлими яқинлигини билиб, уни ярадор қилган хорижийни қатл этмасликлари ва ўлганидан сўнг унинг жасадини туяга боғлашлари ва туя қайси жойга бориб чўккаласа, уни ўша жойга кўмишларини васият қилган. Халифа Али қандай васият қилган бўлса, унинг ўлимидан кейин жасадини туяга боғлганлар ва очиқ далага қўйиб юборганлар. Туя 20 км. юриб, дам олиш учун чўккалаган ва ўша ерга халифа Алини дафн этганлар. Унинг гўрига баланд тепалик қилиб тупроқ уюшган ва қабр атрофига чайлалар қуришган. Шундан кейин қабр атрофида яна чайлалар қурилиб, Нажаф шаҳри барпо этилган254. Зеро, ан-Нажаф араб тилидан таржимада “тепалик”, “дўнглик” маъносини билдиради.
Нажаф ҳозирда Ироқнинг асосий маданий ва диний шаҳарларидан бири ҳисобланади. Унда шиаларнинг бутун дунёга машҳур университети ва бир қанча диний мактаблар мавжуд. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, мазкур университет ва мактабларда таҳсил олиш осон иш эмас. Талабалар бу ерда саккиз йил давомида сабоқ олиб, зоҳидларча ҳаёт кечиришади. Ҳар бир талабанинг ўз хужраси бўлиб, унда гилам, бир қанча ёстиқ ва кўрпа-кўрпачаларгина мавжуд. Хужраларни тоза тутиш талабалар зиммасида. Университетда жуда бой кутубхона бўлиб, унда турли фалсафий, диний асарлар, турли нашрлардаги Қуръон ва тафсирлар мавжуд. Университет биносида ва унинг атрофидаги ҳудудларда жуда кўп таҳоратхоналар, фавворалар ва ҳовузлар бор.
Бироқ, Нажафнинг энг асосий диққатга сазовар обидаси – бу халифа Али масжиди бўлиб, у шаҳарнинг ўртасида жойлашган ва катта майдонни қамраб олган. Шарқшунос Жалол Иброҳимов 80-йилларда Нажаф шаҳрида бўлганида халифа Али масжидини шундай таърифлайди: “… халифа масжиди Нажафда ислом анъаналарининг мустаҳкамлигидан яна бир бор далолат беради”255. Яъни бу масжиднинг маҳобати, у ерга кириш ҳаммага ҳам насиб этмаслиги ва ўн асрдан буён сақланиб қолган анъаналар уни шу фикрига далилдир.
Ж.Иброҳимовнинг ёзишича, “халифа Али масжиди жойлашган майдон баланд тош девор билан ўралган бўлиб, унинг тўртта дарвозаси бор. Деворлар, дарвозалар ва минораларнинг гумбазлари кошин билан ишланган. Масжид пештоқларида Қуръондан оятлар ёзилган бўлиб, нақш каби масжидни безатиб туради ва улар ёзувдан кўра нақшга ўхшайди. Халифа Али мақбараси устидаги гумбаз ташқарисидан юпқа қилиб олтин билан қопланган ва Ироқнинг иссиқ қуёши нурларида ялтираб туради. Гумбазнинг ички қисми ясси садафдан бўлиб, худди бош узра булутсиз мовий осмон турганидек таассурот беради”256.
Нажафда Ироқнинг энг катта қабристони жойлашган. Ҳар бир ироқлик мўмин мусулмон халифа Али мақбарасига яқин жойга кўмилишни шараф деб билади. Бирок, Нажаф қабристонига кўмиш жуда қиммат бўлиб, у ерга мақбара қуришга фақат бадавлат одамларнигина қурби етади.
Исломда халифа Али шахсига ва унинг қабрини зиёрат қилишга муносабат турличадир. Ислом тарихига халифа Али фожиавий шахс сифатида кириб келган. Суннийлар уни тўртинчи халифа сифатида тан олишган. Ўз вақтида хорижийлар халифа Али шахсига ўта салбий муносабатлар билдирган бўлсалар-да, ҳадисларда зиёратга мунозарали масала сифатида қаралса-да, ҳанбалийлар ақидаларида, Ибн Таймия асарларида, ваҳҳобийларнинг диний амалиёт ва асарларида қораланган бўлса-да, шиалар ва шиалик йўналишининг баъзи фирқалари халифа Али шахсини илоҳийлаштириб, уни Муҳаммад (с.а.в.)дан ҳам юқорироқ қўядилар. Халифа Али диний ва дунёвий ҳаётнинг гуноҳсиз шахси ҳисобланади. Шиалар уни барча яхши фазилатлар соҳиби, ички ва ташқи диний билимларни билувчи ва тафсирловчи деб биладилар257.
Халифа Али шахсини шиалар ўртасида илоҳийлаштириш турли ривоятларнинг келиб чиқишига ва Марказий Осиё ҳудудида бир неча қадамжо ва мозорларни халифа Али номи билан боғлаб, муқаддаслаштиришга олиб келган. Марказий Осиёда бундай муқаддас жойлар Шоҳимардон, яъни “эрлар шоҳи”, “мардлар шоҳи” номи билан юритилади. Бу халифа Алига берилган номлардан бири бўлиб, турли ривоятларга кўра, халифа Али жангларда жасурлик, мардлик кўрсатиб шу номга сазовар бўлган. Нақл қилинишича, ўлими одидан ўғиллари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни чақириб: “Жигарбандларим, бугун сизлар билан абадий видолашсам керак. Эртага эрталаб оқ туя минган бир бадавий келиб, сизлардан менинг жасадимни сўрайди. Сизлар дарҳол жасадимни унга топширинглар! Аммо зинҳор унинг орқасидан эргашманглар”, деб васият қилади. Ўғиллари йиғлаб, “Унинг ортидан бормасак, қабрингизни қаердан излаб топамиз”, деб сўрайдилар. Халифа Али қаерда уч томони тоғ билан ўралган текислик бўлса, ўша ер менинг қабрим бўлади, деб дунёдан кўз юмади. Дунё бўйича ана шундай маскандан еттитаси мавжуд258.
Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Шоҳимардон қишлоғида халифа Али номи билан боғлиқ муқаддас жой бўлиб, у Олой тоғининг 1540-1570 м. баландлигида жойлашган. Ўрта аср ёзма манбаларида Шоҳимардон ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқ. Чамаси бу муқаддас жой тахминан XVII-XVIII асрларда машҳурликка эга бўлиб, Фарғона водийсининг энг қадрли муқаддас жойига айланган. XIX асрда Шоҳимардон Қўқон хонлигининг ҳоким ва амалдорларининг асосий зиёрат жойига айланган259.
XX асрнинг 20-йилларида Шоҳимардон шайхлари Совет ҳукуматига қарши кайфиятда бўлганлар. 1929 йил Шоҳимардонда машҳур инқилобий ёзувчи ва давлат арбоби Хамза Ҳакимзода Ниёзий ўлдирилган. Шундан сўнг Шоҳимардондаги муқаддас жой атрофидаги қишлоқ Хамзаобод номини олган. 50-йилларда у ердаги олдинги мақбара бузиб ташланиб, унинг ўрнига Хамза қабрига мақбара қурилган. Шунга қарамай, бу жой халифа Али номи билан боғлиқ муқаддас жой ҳисобланиб, нафақат Фарғона водийси, балки Марказий Осиёнинг барча аҳолиси учун зиёратгоҳ бўлиб қолаверган. Шоҳимардон ҳудуди ва унинг атрофи расмий равишда дам олиш оромгоҳига айлантирилган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бу қишлоққа Шоҳимардон номи қайта берилган260.
Марказий Осиёда халифа Али номи билан боғлиқ яна бир қанча афсонавий муқаддас жойлар мавжуд. Шулардан бири Хива шаҳри ташқи қалъасининг Шоҳимардон дарвозасидан чиққач, 1 км. нарида жойлашган Бадирхон қишлоғидаги катта қабристондаги мозордир ва уни “бу мозорда эр- йигитларнинг шоҳи – ҳазрат Али ётибди”261 деб аташади. Ундан ташқари Фарғона водийсининг Соха деган ҳудудидаги “Йигитпирим” мозорида ва Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида ҳам халифа Али қабри мавжуд.
Марказий Осиёнинг баъзи ҳудудларида шундай жойлар борки, халқ бу ерларни ҳам халифа Али номи билан боғлайди. Ривоятларга кўра, халифа Али Марказий Осиёни босиб олишда шахсан ўзи қатнашган ва бу ерни кофирлардан озод қилиб, жангда ҳалок бўлган. Шунинг учун ҳам халифа Али тўхтаб ўтган, намоз ўқиган ёки қандайдир жасоратлар кўрсатган ерлар ҳам муқаддаслаштирилган. Бундай жойлар қадамжо, яъни “оёқ изи қолган” ерлардир. Яна халифа Али қиличи изи қолган жойлар ҳам бўлиб, улар Зулфиқор деб аталади. Масалан, Наманган вилоятининг Ғова қишлоғидаги Кескантош мозори бунга мисол бўла олади. Яна бошқа ерларда халифа Али ўз ҳассаси билан ерга урганда у ердан чашма ёки булоқ чиққан ва баланд дарахтлар ўсиб чиққан муқаддас жойлар ҳам мавжуд. Масалан, Тожикистоннинг Ўратепа шаҳридаги “Хауз-э Мўрон”, Ленинобод вилоятидаги “Чашма-э Арзанак”, Наманган вилояти Балиқли қишлоғидаги “Султон Вайс”, Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳридаги “Ахтам сахоба” мозорлари бунга яққол мисолдир. Яна бошқа муқаддас жойлар бўлиб, халифа Али намоз ўқиганда қолдирган қўл изларини (“панжа”дейилади) Марказий Осиёнинг турли ҳудудларида учратиш мумкин. Халифа Алининг Дулдул деган отининг излари ҳам муқаддас ҳисобланиб, бундай муқаддас жойлар Дулдул номи билан Туркманистоннинг Ашхобод тумани Ёнбош, Эски Нисо қишлоғи, Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларида мавжуд262.
Туркманистондаги Ёнбош қишлоғи Копетдоғ тоғининг этагида Дулдул номи билан боғлиқ тош бордир, у Дулдул даш дейилади. Ривоятларга кўра, халифа Али намоз ўқиш учун тўхтаганда отини темир қозиққа боғлаб қозиқни шу тошга қоқиб қўйган экан. Ўзи эса 30 метр пастроқдаги тошнинг устида намоз ўқиган экан. Ушбу тош ҳам сақланиб қолиб, у Намоз даш деб аталади. Унда халифа Али ўз панжа изларини қолдирган экан. Яна 50-60 метр пастроқда муқаддас ҳисобланган Богаз даш (Хомиладорнинг тоши) номли тош бордир. Ушбу тошнинг олдига асосан бепуштликдан даво истаб, фарзандли бўлиш ниятида бўлган аёллар ташриф буюрадилар, Намоз даш устида намоз ўқиб, Богаз дашга суяниб илтижо қиладилар263.
Халифа Али Хоразмга келиб ўз маҳоратларини кўрсатгани ҳақида ҳам ривоятлар мавжуддир. Масалан, Хоразмга келганида намоз ўқиш учун Маккага ўзининг қанотли Дулдул деган отида бормоқчи бўлиб Амударёдан сакраган экан Дулдул олди оёқлари билан қирғоқни босиб, орқа оёқлари сувнинг устида қолиб кетган экан264.
Маълумки, халифа Али ҳеч қачон Марказий Осиё ҳудудида бўлмаган. Муқаддас жойларда хизмат қилувчилар халифа Али ҳақидаги афсонавий ривоятларга асосланиб, уларни далилламоқ учун, халифа Али қабри қандай қилиб Марказий Осиёга келиб қолганини турлича изоҳлашмоқчи бўладилар. Масалан, шундай изоҳлардан бири шундай баён этилади: халифа Али вафот этгандан кейин, унинг жасадини ўз юртида кўмиш учун турли гуруҳлар талабгор бўлган. Жанозага келган ҳар бир гуруҳлар ўз тобутларини очишганда, ҳар бирининг тобутида халифа Али жасади ётган экан. Шунинг учун ҳам еттита (баъзи ривоятларга кўра ўн битта) жойга уни дафн этишган экан. Яна бир ривоятга кўра, халифа Али жасадини осмондан туя келиб олган ва улар изсиз йўқолишган. Лекин шундай далил сақланиб қолганки, халифа Али қабри икки дарё, яъни оқ ва қора дарё қуйилишида жойлашган. Бунда оқ дарё тоғлардаги оппоқ қорларни эришидан келиб чиққан ва қора дарё ер тагидан чиққан сув, деб айтилади. Мана шундай жойлардан бири Шоҳимардондаги халифа Али мозоридир265.
Халифа Алини Марказий Осиёда бундай машҳурлигига сабаб, исломдаги шиа йўналишининг турли оқимлари – кайсонийлар, исмоилийлар ва бошқа оқимлар ақидаларининг таъсири натижасидир. Чунки бу оқимлар илк ўрта асрларда мазкур ҳудудда фаолият олиб борганлар. Ундан ташқари, халифа Али шахсини илоҳийлаштиришда сўфийлик ҳам катта роль ўйнаган. Чунки сўфийлар халифа Али шахсини жуда эъзозлаганлар, улар халифа Алини эзотерик (яширинган, пинҳона) билиб, ўз соҳиби ҳисоблаганлар.
Халифа Алининг фарзандлари Ҳасан, Ҳусайн, Муҳаммад ибн ал-Ҳанафий ва бошқа авлодлари номлари билан боғлиқ қадамжоларлар Ўзбекистон ва қўшни республикаларда ҳам муқаддас тош, тоғ, тепалик, масжид, жангоҳ бўлган жойлар ҳам мавжуд. Масалан, Хоразмдаги Иморат бобо, Ғойиб ота266, Наманган вилоятидаги Машадмозор, Сунбулмозор, Имом ота, Шоҳмозор, Шоҳидонлар267 бунга мисол бўла олади.
Маълумки, халифа Али фарзандларидан бўлган Ҳасан ва Муҳаммад ибн ал-Ҳанафийнинг қабрлари Мадина ва Куфа шаҳарларидадир. Лекин шиалар учун Ҳусайн ибн Алининг вафот этган жойи бўлган Карбало унинг ака ва укалариникига қараганда машҳур ва қадрлироқдир.
Карбало ёки Машҳад ал-Ҳусайн Ироқнинг машҳур шаҳарларидан бири бўлиб, у Фрот дарёси водийсида, Бағдоддан 102 км. жануби-ғарбда жойлашган шиалар зиёратгоҳи, муқаддас шаҳри ҳисобланади.
Айтиб ўтилганидек, Ҳусайн ибн Али Куфа шаҳрига яқин Нинава деган жойдаги жангда ҳалок бўлган. Ушбу жой кейинчалик Карбало деб атала бошлаган. У ернинг Карбало деб номланиши сабаблари ҳалигача олимлар томонидан охиригача ўрганилмаган. Уларнинг баъзилари бу сўз “карб ал-лоҳ” сўз бирикмаларидан, яъни “Аллоҳ билан ёнма-ён” деган маънони англатишини айтишса, бошқа гуруҳ олимлар “кури Бобил”, яъни “Бобил райони” сўзидан олинган деб билишади. Шиаларнинг ўзлари эса, бу сўзнинг этимологияси “ал-карб вал-бала”, яъни “мотам ва қайғу” сўзларидан олинган деб билишади ва бу сўзни ака-ука Ҳусайн ва Аббосларнинг фожиавий ўлимлари билан боғлашади268. Уларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ воқеалардан кейин Ҳусайн шахси авлиё даражасига кўтарилди ва у дафн этилган жой, яъни Карбало муқаддас шаҳар ҳисобланиб, шиаларнинг асосий зиёратгоҳлардан бирига айланди.
Карбалодаги Ҳусайн фожиаси унинг замондошларига ўз вақтида қаттиқ таъсир этган ва шунинг учун уни шаҳидлар шоҳи деб билишади. Шиаларнинг бир машҳур шиорида, ҳатто шундай дейилади: “Бутун дунё – Карбало, бутун йил давоми – ашуро”. Шиаларда Ҳусайннинг азоб-уқубатлари ҳақида жуда кўп адабиётлар мавжуд. Ҳусайннинг ўлими халифа Али авлоди тарафдорларининг диний ва сиёсий бирлашувига катта таъсир кўрсатган. Ҳусайн шиалар ҳаракатининг рамзи (шиа ҳаракатларининг кўпи “Ҳусайн хуни учун қасос” шиори остида ўтказилган) ва бутун мусулмон дунёсида обрўли шахс бўлиб қолган. Шиалар унга афсонавий образ бериб, уни ғайриоддий истеъдодга эга, мўъжиза яратишга қодир, деб билишади. Унинг туғилиш тарихидан то ўлгунига қадар бўлган воқеаларга турли ривоятлар бағишланган. Жумладан, уларнинг бирида айтилишича, Пайғамбар (с.а.в.) ўзларининг тиззасига ёки елкасига Ҳусайнни ўтказиб намоз ўқиган ва уни ёшларнинг саййиди деб атаган. Шунга ўхшаш яна бир қанча ривоятлар мавжудки, шиалар халифа Али авлодини уларга биноан алоҳида имтиёзларга эга танланган авлод деб таърифлашади.
Ҳусайн мақбараси жойлашган Карбало ҳозирги кунда нафақат шиаларнинг асосий муқаддас шаҳри, балки у шиа илоҳиётчилари билим оладиган ва диний илмлар ўрганадиган марказ, шиаликка оид асарлар нашр этиладиган шаҳар ҳисобланади. Яна бир маълумот эътиборга моликки, Ҳусайн ўлдирилган жойда ҳозирда лой қазиб олинади ва ундан лойли ғишт тайёрланади (Илова№5). Намоз вақтида шиалар бу лойдан ясалган кичкина ғиштчани ўз олдиларига қўйишади. Уларнинг фикрича, унда Ҳусайннинг қон томчилари бор ва шиалар сажда қилганларида ана шу ғиштга пешоналарини теккизишади269.
Бу борада Самарқанднинг Ҳожи Соат маҳалласида жойлашган “Панжоб” масжидига қилган ташрифда шунга амин бўлиндики, намоз вақтида ҳар бир намозхон ўзи билан шу каби ғиштни саждагоҳига қўйиб ибодатини бажарар экан. Ғиштчада шундай ёзувни учратиш мумкин: “Ширкати Карбало”, яъни “Карбалода ишлаб чиқарилган”. Бундай ёзув баъзи ғиштчаларда мавжуд, баъзиларида эса йўқ. Шу ўринда 2009 йил 10-12 февралда ЎзР ФА Шарқшунослик институтига Эрон Ислом Республикаси Мозандарон Университети тадқиқотчиси Мустафо Рустамийнинг “шиалар намоз вақтида саждагоҳга қўйиладиган ғиштлар асосан шиа имомлари дафн этилган муқаддас жойларнинг тупроғидан қилинади” деган гапларини келтириб ўтиш жоиз. Демак, ғиштларнинг келиб чиқиш жойи муҳим эмас экан. Лекин эслатиб ўтиш жоизки, шиалар соф тупроқдан ясалган ғиштларни саждагоҳга қўйишади.
Шундай қилиб, Марказий Осиё шиа жамоаларининг қадамжолари шиа имомлари, айниқса халифа Али ва унинг фарзандлари ҳамда уларга тегишли бўлган нарсалар (масалан, шамшир, от, қўл излари) номи билан боғлиқдир. Ҳозирги пайтга келиб, бундай қадамжолар ўз моҳиятини йўқотгани йўқ. Аксинча, асрлар ўтиши билан бу жойларга қурилган мақбара ва масжидлар янада кўркамлашиб, маҳобатли ва архитектура жиҳатидан ёдгорликларга айланган. Шиа имомлари ҳақидаги ривоятлар кенг тарқалгани ва таъсирчан бўлгани учун, имомлар умуман бўлмаган ҳудудларда ҳам уларнинг номлари билан боғлиқ муқаддас жойлар Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистонда мавжуд ва одамлар ҳозирги даврда бу жойларни зиёрат қилишади. халифа Али ва унинг фарзандлари номи билан боғлиқ муқаддас шаҳар ва жойлар нафақат шиалар, балки маҳаллий суннийларининг эътиборини ўзига жалб қилиб, бу эътибор бир неча асрлардан буён, то бугунга қадар ўз қадрини йўқотгани йўқ.
Самарқанд шаҳридаги Эрон-ўзбек дўстлик жамияти ва маданият маркази раиси Р.Ғуломовнинг айтишича, Марказий Осиё шиа жамоаларининг муқаддас қадамжолари суннийларнинг қадамжолари билан қўшилиб кетган. Ҳозирги кунда суннийларнинг зиёратгоҳларини шиалар зиёрат қилмоқдалар. Масалан, Тошкент вилоятидаги “Занги ота”, Самарқанд шаҳридаги “Авлиё ота” каби зиёратгоҳларини шиа ва суннийлар бирдай зиёрат қилмоқдалар. Чунки ҳар кимни ҳам Макка ва Мадина, Нажаф, Карбало, Машҳад каби муқаддас шаҳарларга зиёрат қилиш учун боришга имконияти йўқ. Аммо ушбу зиёрат қандай амалга оширилаётгани муҳим.
Шу ўринда ушбу қадамжоларга ташриф буюриш, уларнинг олдида бажариладиган урф-одатларни келтириб ўтиш жоиздир. Умуман барча мусулмонлар зиёратни бошлашдан аввал таҳорат қилишади. Зеро таҳорат ҳар бир намоздан, ибодатдан олдин бажариладиган фарз ҳисобланади. Бироқ шиаларнинг таҳорат услуби суннийлардан оз бўлсада фарқ қилади. Маълумки, мусулмонлар таҳоратни қўлни ювиш билан бошлайдилар, сўнг пешанадан дахангача юз ювилади ... Охирида тиззадан бармоқларгача оёқ ювилади. Шиалар оёқни хўл қўл билан артиш усулини қўллашади ва бу одат суннийларда умуман рад этилади. Ўз навбатида, шиалар суннийларни эрталаб оёқ ювилгандан кейин кийилган пойафзалга тортадиган масхни умуман тан олмайдилар. Шиа ва суннийлар ўртасидаги ана шу иккинчи даражали қоида кўпгина баҳсларга сабаб бўлиб келган270.
Мисол учун, XVI асрда Аббос I (1587-1629) ҳукмронлиги даврида чоп этилган шиа қонуншунослиги бўйича амалий қўлланмада ёзилишича, шиаларга тавсия этилган 21 та мажбурий ва 20 та қисман таҳорат қоидалари, 17 та мажбурий ва 15 та бутунлай таҳорат қоидалари мавжуд271.
Зиёратдан олдин қилинадиган таҳорат уйда, масжид ва бошқа жойларда амалга оширилиши мумкин. Зиёратчи масжид ёки мақбарага киришда оёқ киймини ечади. Масжидга биринчи қадам ўнг оёқдан бошланади. Чиқишда эса, чап оёқ билан оёқ қўйилади.
Зиёратчилар зиёрат қилишга келганида алоҳида тоза кийим кийишади. Мотам кунлари зиёратчи кийимлари асосан қора ранг, бошқа кунлар эса, оқ-қора, кулранг, майда гулли ёки нақшли бўлиши мумкин. Аёллар бошидан оёғигача беркитилган, яъни чодра кийган бўлишлари, бошларидаги рўмол шундай ўралиши керакки, бир дона соч толаси ҳам юзига тушмаслиги лозим. Айрим қадамжоларда эркак ва аёл зиёратчилар учун алоҳида жойлар ажратилган. Мисол учун, Машҳаддаги имом Ризо мақбараси иккига бўлинган бўлиб, аёллар ва эркаклар учун алоҳида жойлар ажратилган. Ҳатто мақбарага кириш учун аёллар ва эркаклар алоҳида-алоҳида эшиклардан киришади. Имом Ризонинг кумуш панжара билан ўралган қабри икки томондан қора парда билан тўсилган272.
Зиёратчилар одатда муқаддас жойларни байрам ва мотам кунлари зиёрат қилишади. Лекин бу билан бошқа кунлар зиёрат амалга оширилмайди дегани эмас. Ҳар бир зиёратни ният қилган киши мақбарага ташриф буюраверади. Қолаверса, бу мақбаралар ҳар жума куни гавжум бўлади. Зиёрат одатда Қуръон тиловати билан бошланади. Ҳар бир зиёратчи шиа – мусулмонлар халифа Али, Ҳусайн, Ризо ва бошқа имомзодаларнинг қабри панжараларини ўпадилар. Одатда зиёратга келганлар бирор-бир ният билан келишади. Масалан, фарзандсизлар фарзанд, омадсизлар омад, бахт, ишларига барака, касалларга шифо, оиласи учун хотиржамлик ва ҳоказоларни ният қиладилар273.
Мақбара панжарасини ўпиш ҳақидаги маълумотларни Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома”сида Нажафдаги халифа Али зиёратгоҳи мисолида келтириш жоизки, “Мадрасага киришда зиёратчиларни дарвозабон, йўл кўрсатувчи ва саройбонлар қарши оладилар. Бирор бир киши зиёратга келса, меҳмонни ўрниларидан туриб остонада кутиб олишади ва улардан бири шундай мазмундаги сўзларни айтади: “Марҳамат, эй амирулмуъминин, осий банда, хуш келибсиз муқаддас даргоҳга! Агар чин дилдан зиёратга азм қилган бўлсангиз марҳамат! У (яъни халифа Али) сизга қадр-қиммат ва эзгуликни беради. Агар авф этишни, ёмон сўзлардан қайтишни истасангиз у (халифа Али) бу юклардан сизни озод этади”. Кейин остона, ёғоч устунининг икки тарафини ва мақбарага кириш эшигини ўпиш кераклигини ишора қилади”. Ривоятларга кўра, ният билан келган зиёратчи қабр панжарасини ўпса, ниятлари ижобат бўлади274.
Зиёратчилар муқаддас шаҳар – Нажафга қуруқ қўл билан келишмайди. Ҳар бир зиёратчи ўз имкониятига қараб турли совғалар ва тортиқлар олиб келади. Халифа Али қабри узра доимо тилла ва кумуш тақинчоқ, қимматбаҳо тошлар ётади. Маҳаллий халқнинг айтишига қараганда, халифа Али мақбараси тагидаги катта ер тўлада жуда катта хазина жойлашган бўлиб, унда тилла ва кумуш тангалар, қимматбаҳо тошлар, олтин ва кумуш идиш-тавоқлар, дуру жавоҳирлар бор275.
Шарқшунос Жалол Иброҳимовнинг ёзишича, асрлар давомида халифа Али мақбарасида катта хазина тўпланиб қолган ва бу хазина иккита омборда сақланади. Омборлардан бири халифа Али мақбараси тагидаги ер тўлада жойлашган. Бу ерда ажойиб амалий санъат обидалари – заргарлик буюмлари, катта бадиий, тарихий ва маданий қийматга эга бўлган қадимий буюмлар тўпланган. Уларнинг кўпчилиги қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлиб, улар орасида кам учрайдиган нусхалар мавжуддир. Айтишларича, мазкур омборда халифа Али қўли билан ёзилган Қуръон бор экан. Иккинчи омбор эса, масжиддан ташқарида жойлашган. Унда турли хилдаги қуроллар жамланган бўлиб, уларнинг баъзилари заргарлик санъати асари ҳисобланади. Бу ерда ҳам қимматбаҳо тошлар бор. Айтишларича, иккинчи омборда дунёда энг қиммат ҳисобланган гилам бўлиб, унинг нархи ҳозирги вақтда тахминан 2.5-3 млн. долларга баҳоланган. Унинг узунлиги – 92 метр, эни – 1.8 метрдир. Ҳақиқатдан ҳам бу омборлардаги бойлик жуда катта бўлиб, бу ҳақида кўпгина манбалар шаҳодатлик беради. Бу бойликлардан фақат мамлакат катта қаҳатчиликка учраганда фойдаланиш мумкин276. Лекин ҳозирга қадар бу бойликлар ишлатилмаган. Ироқ воқеаларидан кейин бу омборларнинг тақдири ҳали номаълум.
Зиёрат қоидаларидан яна бири Ибн Баттутанинг асарида шундай келтирилади: “Тилла ва жом (идиш)да гулоб, мушканбар ва бошқа хушбуй ҳидлар таратувчи ўсимликлар қабр ёнига қўйилган бўлиб, зиёратчилар бу жомга қўлларини текказиб, бош ва юзларига суртадилар …”277 Ибн Баттута зиёрат қоидалари ҳақида қуйидагиларни ҳам баён этади: “ халифа Али зиёратгоҳи барча кароматлар манбаи бўлиб, ражаб ойининг йигирма саккизинчи куни кечки пайт ироқликлар, хуросонликлар, форслар ва румликлар ўттиз қирқта кишилик гуруҳ тузиб, ҳуфтон намозидан сўнг тавоф қиладилар ва шол касалига мубтало бўлганлар қабр аторофида ерга ўтириб намоз ва зикр қилиб ўз зиёратлари билан машғул бўладилар. Вақт тундан ўтганида барча шифо топган касаллар соғлом бўлиб, ўрниларидан ўзлари турадилар. Улар “Ла илаҳа иллалоҳ Муҳаммаду расулуллоҳ Али валиуллоҳ” деб зикр этишади. Улар ўзлари ҳақида шундай ҳикоя қилишади. Мен гарчи шу куни кечқурун уларни тушунмаган бўлсам-да, бу ҳикояни бошқа биров гапириб берди. У ҳарам мадрасасида уч нафар кишиларни кўрган экан. Улардан уччаласи ҳам ерда ўтирган экан. Улардан бири Румдан, иккинчиси Исфахондан, учинчиси Хуросондан келган эди. Уларни қидириб топдим. Уларнинг айтишларича, бу йил ўз дардларидан озод бўлишмабди. Энди кейинги йил ҳудди шу куни кечқурун келишни кутишар экан”278.
Ундан ташқари, Ибн Баттута “Ироқ шаҳарларидаги ҳар бир киши касал бўлиб қолса, халифа Али мақбарасига келиши”, айниқса, “қишлоқ аҳолиси касалга дучор бўлиб қолса, олтин ва кумушдан одам калласи баробар” тортиқ олиб келиши, “агар кимнинг қўли, оёғи ёки бошқа аъзолари оғриса, шу аъзолар шаклида олтин ва кумуш олиб келиб тортиқ қилиш”и ва “мазкур хазина жуда катта”279лиги ҳақида ҳам ўз “Саёҳатнома”сида баён этган.
Маълумотларга кўра, Нажафда халифа Али мақбараси яқинида энг йирик шиа қабристонларидан бири жойлашган. У ерга ҳар бир мусулмон-шиа дафн этилишни шараф деб билади. Лекин у ерда дафн этилиш қимматга тушади280.
Ривоятларга кўра, муқаддас жойларга дафн этилган киши гўр азобидан, Мункар ва Накир саволларидан озод бўлади, яъни марҳум руҳи имомлар ҳимояси остида бўлади, деб фараз қилинади. Шу мақсадда бир қанча асрлардан бери марҳумларнинг қариндошлари мурдаларни муқаддас шаҳарларга олиб келишади. Жасадларни муқаддас шаҳарга олиб келиш яқин ўтмишда ҳам фақат от-аравалар воситасида амалга оширилар эди. Шунинг учун ҳам бу ерларга жасадлар етиб келгунга қадар анча уруниб қолар эди. “Нажафда баъзида чанг ҳаво билан бирга қўланса жасад ҳиди ҳам келиб турар, марҳум қариндошлари тавоф қилгунга қадар бундай ҳид таралар эди. Нажаф – Ҳиндистон, Эрон ва бошқа жойлардан келган марҳумлар жасадларини буюк ва қудратли инсонлар жасадлари билан учраштирадиган жой”281. Мана шундай қийинчиликларга қарамай, муқаддас жойларга дафн этиш одати ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Агар юқори лавозимли кишилар зиёрат учун келишса, уларни алоҳида ҳурмат билан кутиб олишади. Бу ҳақида Ибн Баттута шундай ёзади: “Ҳоким, обрўли одамлар зиёратга ташриф буюрганда қоидага мувофиқ уни байроқ кўтариб, барабанлар садоси остида кутиб олади. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун унинг эшиги тагида барабан чалишади”282.
Нажафдаги халифа Али қабрига зиёрат вақтида бажариладиган қоидалар ва урф-одатлар Карбалодаги Ҳусайн қабрига зиёрат вақтида ҳам бажарилади.
Шиаларнинг энг асосий мотам кунларидан бири имом Ҳусайннинг ўлими билан боғлиқ ва муҳаррам ойининг дастлабки ўн кунлигида ўтказиладиган ашуро маросимидир.
Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида ёзишича, муҳаррам ойининг тўққизинчи куни мусулмон-шиаларда ашуро каби “тасуо” куни бўлиб, бу куни рўза тутган шиалар кунни намоз ўқиш билан ўтказишади. Бу ойнинг ўнинчи куни эса ашуро дейилади ва бу кун катта аҳамиятга эга. Айтишларича, пайғамбаримиз бу кун ҳақида шундай деганлар: “Эй, одамлар бу кун яхшилик қилишга шошилинг, чунки бу кун улуғ, муборак кун. Аллоҳ Одамнинг у кунини улуғлаган”283. Ундан ташқари, Беруний бу кун ҳақида яна шундай маълумотларни ҳам келтиради: “халифа Алининг ўғли Ҳусайн бу кунда ўлдирилганига қадар ашуро кунини араблар қадрлашган. Лекин ашуро кунида Ҳусайн ва унинг одамлари шавқатсизларча чопиб ташлангани, каллалари хочга қоқилгани, жасадлари устидан отларни юргизишгани ва ёқиб юборилганлиги учун одамлар бу кунни бахтсиз кун деб биладилар”284. Абу Райҳон Беруний маълумотларига кўра, Умавийлар бу кунни байрам билан ўтказишган. Бу ҳақида у шундай ёзади: “Умавийлар бу куни янги кийимлар кийиб ясанишган, кўзларига сурма суришган, дастурхонлар ясатиб, ширинлик ва яхши нарсалар тановвул қилганлар ва бу нарсалар одамлар орасида урф-одат сифатида қолиб кетган”285.
Яна шуниси диққатга сазоварки, Беруний ашуро сўзининг келиб чиқиши ҳақидаги бахсларни ҳам ўз асарида батафсил баён этган. Олим ашуро ҳақида сўз юритиб шундай ёзади: “Айтишларича, “ашуро” яҳудийча сўз бўлиб, арабий шаклда “ашур”дир. Яҳудийча Тишри ойининг ўнинчи кунидир. Бу кун яҳудийлар Киппур рўзасини тутишади …”286. Лекин Берунийнинг фикрича, бу мулоҳазалар хато. Олим буни исботлаш учун яҳудий ва мусулмон солномаларини солиштириб далиллар келтирган.
Орадан кўп юз йилликлар ўтиб кетганига қарамай, Карбало яқинида бўлган воқеалар шиаларнинг хотирасида “Карбало фожиаси” сифатида сақланиб қолган ва ҳар йили муҳаррам ойида мотам кунларини ўтказадилар. Имом Ҳусайн ва Аббоснинг жафо чеккан куни, ғам ташвиш кунидир. Ўн кун мобайнида шиалар турли маросим ва урф-одатларни амалга оширадилар. Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида шиалар бажарадиган маросим ва урф-одатлар ҳақида шундай ёзади: “Шиалар бу кун йиғлаб аза тутишади, “азоб чеккан жаноб”лари учун кайғуришади ва ўз қайғуларини шаҳар ва қишлоқларда очиқдан-очиқ намоён этишади. Улар бу кун Ҳусайнни Карбалодаги бахтли мақбарасини зиёрат этишади. Оддий халқ бу куни идиш-товоқ ва уй жиҳозларини янгилашни яхши кўради”287.
Муҳаррам ойининг ўн куни мобайнида шиалар таъзия кунларини ўтказадилар. Шиа анъаналарига мувофиқ, таъзия ўзига хос мотам мажлиси бўлиб, Ҳусайн ўлимидан сўнг амалга оширила бошлаган. Таъзия анъанасининг юзага келишида ат-таваббун (“пушаймон бўлганлар”) ҳаракати муҳим роль ўйнаган. Географ олим Яқубининг (ваф. 905 йил) маълумотларига кўра, куфаликлар қилмишларидан пушаймон эканликларни билдириш учун “муқаддас оила”дан бўлган асирларни йиғи ва ўз-ўзларини уриш, тирнаш билан ўтказишган. Дастлабки вақтларда “йиғлаш мажлислари” (мажлис ан-нийаҳа) “муқаддас оила” аъзоларининг уйларида ва кейинчалик шиаларнинг муқаддас жойларида, имомларнинг мақбараларида ўтказилган. IX асрда Ҳусайн ўлими тарихидан эпизодларни айтиб йиғловчи касб эгалари пайдо бўлган ва улар Ҳусайнни куйловчилар деб аталиб, таъзия маросимида етакчилик қилишган. X асрда Бағдод, Халаб ва Қоҳира шаҳарларида махсус ал-Ҳусайнийат уйлари вужудга келиб, у ерда таъзия ўтказилган (Илова №6).
Ашуро куни маросимлари одатда шиалар учун муқаддас ҳисобланган жойларда бошланади, кечга яқин таъзия ал-Ҳусайнийат (Ҳусайни хона) ёки бошқа оммавий жойларда ўтказилади. Бу ерда Ҳусайн ва унинг қўшинининг Мадинадан Ироққа йўл олиши поэтик-театрлаштирилган шаклда барча тафсилоти билан тасвирланади. Бу маросимни XX асрнинг 60-йилларида Карбало шаҳрида ўз кўзи билан кўрган шарқшунос Р.Г.Ланда шундай баён этади: “Ҳаяжонланган одамлар қора кийимда эдилар … Катта отлиқ ва пиёда оламон, ҳамда туя минган суворийлар йигирма-ўттиз метр масофага ёйилган ҳолда ўз ролларига жуда қаттиқ киришишган эди. Маросим иштирокчиларининг юзлари жиддий ва маҳобатга тўлиб тошган, уларнинг оппоқ саллалари ва қадимий бош кийимларида қуш патлари ва бошқа яна қандайдир безаклар виқор билан силкинади, узун найзаларида ранг-баранг байроқлар ғурурли тарзда хилпираб турибди, Умавийлар давридаги кийим-кечакларнинг зарлари ялтирайди. Тантанали юриш охирида бир қанча ёш йигитлар барабан чалишар эди”288.
Бундай маросим Ироқ ва Эронда ҳамда Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларда истиқомат қиладиган шиаларнинг масжид ва мадрасаларида ўтказилади. Нажаф, Карбало, Куфа, Машҳад ва Қум каби шиаларнинг муқаддас шаҳарларида эса зиёратчилар янада кўпаяди. Зиёратчилар таъзия маросимида иштирок этишга катта аҳамият беришади.
Таъзия пайтида уч хил шаклда юриш қилинади. Биринчиси, энг осон шакл бўлиб, асосан эркаклар иштирок этишади. Улар узун қора кўйлак кийишади. Кўчаларда юриб кўкракларига мушт билан ўзларини уришади. Уларнинг кетидан ҳодий – маросим раҳбари, етакчиси баланд овоз билан “карбало фожиаси”, яъни имом Ҳусайн ва унинг тарафдорларининг азоблаб ўлдирилишини батафсил баён этиб беради. Иккинчи шаклда ҳам узун қора кийим кийган эркаклар ўзларини занжир билан уришади. Баъзида занжирларнинг учига темир шарчалар ва уларга учли найзалар ўрнатилган бўлади. Эркаклар шу занжирлар билан ўзларини уриб кўйлакларини йиртишади ва баданларини қонатишади. Унда ҳам ҳодий Ҳусайн ўлими тарихини баланд овоз билан айтиб боради. Учинчи шакл – энг оғири бўлиб, эркаклар оқ кийим кийдилар ва қўлларига узун қилич оладилар. Улар маросим бошланишидан аввал сочларини қириб ташлайдилар ва қилич билан бошларига урадилар. Шундан кейин бошдан қон чиқиб бош ва бўйинларига оқиб тушади, ҳамда оқ киймилари қонга беланади. Улар қиличнинг ясси томони билан ўзларини уришади. Кўпинча жазавага тушган шиалар бу маросимда ўзларига жиддий шикаст етказишади289. 2007 йил январь ойининг 30-31 кунларида Самарқанд шаҳри шиа жамоалари Панжоб масжидида ўтказган ашуро мотам маросимида биринчи ва иккинчи ҳолатлар бўйича бажарилган юришларнинг гувоҳи бўлганмиз.
Кўпинча иштирокчилар “Шоҳ Ҳусайн, воҳ Ҳусайн” деган сўзларни айтишади. Шу сўзлар туфайли бу мотам кунининг яна бошқа “шахсей-вахсей” номи ҳам келиб чиққан. Кейин эса, Ҳусайн ҳаёти ва ўлими билан боғлиқ воқеалардан парчалар айтила бошланади290. Самарқанд шаҳридаги Эрон-ўзбек дўстлик жамияти ва маданият маркази раиси Ғуломов Равшаннинг айтишича, ашуро маросими Ўзбекистонда Карбало ва Эроннинг бошқа шаҳарларидаги каби ўтказилиб, бу куни маросимда ваъз қуйидагича ўқилади ва бажарилади: аввал, манқавад (воқеавий тарих), кейин зикр (шеър) ва равза (насрий шеърий тарих) ўқилиб, сўнг навҳа (сина занлик, кўкракка уруш) бошланади ва дуолар айтилиб сина занлик давом эттирилади291 (Илова№7).
Умуман олганда ашуро маросими ҳаяжонли – экстатик ва мистик характерга эга. Бу куни ҳар қандай ўйин-кулгу ман этилади. Бу куни кулиш ҳам гуноҳ ҳисобланади, чунки бу буюк имом Ҳусайннинг мотам кунидир.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, дастлаб ашуро маросими шиа имомлари уйларида яширинча ўтказилган. Аббосийлар ҳукмронлиги даврида ашуро куни байрам қилишга рухсат берилган, бироқ мотам йиғилишлари ва маросимларини ўтказиш таъқиқланган ва 850 йилда Ҳусайн қабри бузиб ташланган. 963 йилда Бағдодда ашуро илк бор очиқдан-очиқ ўтказилган.
Ризо шоҳ Паҳлавий (1926-1941) даврида маросимни кўчаларда ўтказиш таъқиқланган. Унинг ўғли Муҳаммад Ризо шоҳ даврида эса ашуро маросими яна тикланган ва сиёсий тус олган292. 1978 йилдан (Эрон ислом инқилобидан) кейин ашуро маросими яна кенг кўламда ўтказиладиган бўлди. Совет даврида эса, Марказий Осиё шиа жамоалари ашуро маросимини яширинча уйларда, ҳусайнихоналарда ўтказишган.
Имом Ҳусайн ўлимининг қирқинчи куни ҳам шиаларда мотам куни ҳисобланади. Бу кун ҳақида Абу Райҳон Беруний шундай ёзади: “Сафар ойининг йигирманчи куни Ҳусайннинг бошини унинг танасига қўйиб, бирга кўмдилар. Ҳудди шу куни Сурияга қатағон қилинган қирқта одам қайтиб келиб, унинг (Ҳусайннинг) қабрини зиёрат этишди”293. Мана шу қирқинчи куни ҳам Карбало, Нажаф, Машҳад ва Қум шаҳарларида зиёратчилар кўп бўлади. Марказий Осиё шиалари эса, мана шу қирқ кун ўтгунга қадар ўзаро меҳмондорчиликлар уюштириб, бир-бирларининг уйларида азадорчилик қиладилар294.
Шиалар халифа Али авлодлари билан боғлиқ аёлларни ҳам жуда қадрлашади. Халифа Алининг хотини Пайғамбар қизлари Фотима эса алоҳида эъзозга эга. Шиаларда Фотима билан боғлиқ жуда кўп ривоятлар мавжуд. Бу ривоятлар унинг туғилиши, халифа Али билан никоҳи, ҳаётида қилган мўъжизалар, ўлимидан кейин рўй берган мўъжиза ва ажойиботлар ҳақидадир. Шиа анъаналарига мувофиқ, Фотима охиратда биринчи бўлиб жаннатга киради. Унинг бу дунёдаги ва нариги дунёдаги аёлларнинг сайидаси, яъни бекаси деб аташади. Шунинг учун ҳам барча шиа хотин-қизлари ундан мадад сўрайдилар. Мадинага борган ҳар бир зиёратчи хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин Фотима Заҳро қабрини зиёрат қилади. “Фотима қўли” тасвирининг шакли эса кўпгина мусулмон давлатларда тумор сифатида фойдаланилади295.
Шиалик Ўрта Шарқ ҳудудида кенг тарқалган ва у дунёда ягона давлат дини деб эълон қилинган мамлакат Эрондир. 1979 йилда Эронда Ислом инқилобининг ғалабаси билан Эрон Ислом Республикаси ташкил топганидан сўнг, Эрон шиалик марказига айланди. Табиийки, Ироқдаги Нажаф ва Карбало шиа марказлари бўлишига қарамай, шиалик оламида Эрон руҳонийлари катта ўрин эгаллай бошладилар. Айнан улар шиалик эътиқоди, фиқҳий нормалар ва маросимий анъаналарни ўтказиш бўйича ўз тизимларини яратдилар. Маросимларни бажаришда аҳамият бериладиган урф-одатлар юзасидан қоидалар ишлаб чиқдилар.
Мисол учун, зиёрат ва мотам кунлари билан боғлиқ одатлардан бири – йиғи ҳам шиалар учун катта аҳамиятга эга. Авваллари аёллар зиёратга келганда ёқаларини йиртиб, жазавага тушиб, эркаклар эса, кўйлакларини олдини очиб, кийимларини йиртиб йиғлашган (ушбу одат сунний аёллари ва ҳатто эркакларда ҳам бўлган ва бу одат Ироқ ва Эроннинг айрим жойларида ҳанузгача сақланиб қолган). Баъзида аёллар юзларини тирнаб, сочларини юлиб, йиғи-сиғи қилишган. Лекин бу одатлар ҳозирда бутунлай йўқолиб кетган деб бўлмайди. Энди бу одат фақат ўз шаклини бироз ўзгартирган. Чунончи, ҳозирги Эрон Ислом Республикасида бу одат расман таъқиқланган. Масалан, Оятулло Ҳумайнининг “Тоузихе масоил” китобида шундай моддалар мавжуд:
“634-модда: Бирор киши ўлими туфайли юзни тирнаш ва танага жароҳат етказиш таъқиқланади.
635-модда: Бирор киши ўлими туфайли ёқа йиртиш таъқиқланади.
636-модда: Агар эркак киши … ёқаси ёки киймини йиртса, агар аёл киши … ўз юзидан қон чиқариб, сочларини юлса, ўнта фақирни овқатлантириши ва кийинтириши лозим. Агар бундан бош тортса, уч кун рўза тутиши шарт.
637-модда: Маҳрум учун секин йиғлаш қоидасига риоя этиш лозим”296.
Эронда, хусусан Марказий Осиёда ҳам қабрлар олдида чироқ, шағам ва олов ёқиш ҳанузгача сақланиб қолинган. Бу одат зардуштийлик динидан қолган бўлса-да, ҳозирда ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бундай одат шиаларда алоҳида кунларда, яъни жума, мотам кунлари, Ҳусайннинг ва бошқа имомзодаларнинг ўлган кунлари кечқурун амалга оширилади297.
Имомий-шиалар намози ҳақида сўз юритадиган бўлсак, айтиш жоизки, уларда суннийлар каби 5 маҳал 5 вақтда намоз ўқиш фарз қилинган, аммо суннийлардан фарқли ўлароқ, шиалар намознинг фақатгина фарз ракатларини ўқишади, яъни суннийларда суннат ва витр намозлари билан 32 ракат298 бўлса, шиалар фақат 17 ракат фарз намозини 3 маҳалга (эрталаб, туш пайти ва шом пайтларига) бўлиб адо этадилар. Марказий Осиё ҳудудида истиқомат қиладиган баҳоийлар ибодати ҳам шунга ўхшаш299. Шиаларда азон ва иқомат (намозга туриш) ҳам фарқланади:
Азон
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар.
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар.
Ашҳаду алла илаҳа иллалоҳ.
Ашҳаду алла илаҳа иллалоҳ.
Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ.
Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ.

Download 0.89 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   25




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling