Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти


Download 0.96 Mb.
Pdf ko'rish
bet58/73
Sana18.06.2023
Hajmi0.96 Mb.
#1556091
1   ...   54   55   56   57   58   59   60   61   ...   73
Bog'liq
yuristning nutq madaniyati 071120101613

СУД НОТИҚЛИГИ САНЪАТИ 
 
 Прокурорнинг айблов нутқи 
Маълумки фуқаролар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг 
ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя 
қилинишини таъминлаш мақсадида барча инстанция судларида ишлар 
кўрилаётганда прокурор қонунда белгиланган тартибда иштирок этади. 
Прокурор судларда жиноят ишлари кўрилаётганда давлат айбловини 
қувватлайди. Шунинг учун ҳам суд жараёнида прокурорга нисбатан давлат 
айбловчиси термини қўлланилади. 
Прокурор биринчи инстанция судларида жиноятларга доир ишларни 
кўришда иштирок этиб, давлат айбловини қувватлайди, далилларни 
текширишда иштирок этади. Судланувчилар, жабрланувчилар, гувоҳлар, 
экспертлар ва судга таклиф этилган бошқа шахсларга саволлар беради. Жиноят 
Кодексининг нормаларини қўллаш, судланувчининг жиноий ҳаракатларини 
далиллар асосида исботлаш, унга жазо турини ва меъёрини тайинлаш тўғрисида 
ҳамда судда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ўз фикр-
мулоҳазаларини баён қилади, жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига 
имкон берган шарт-шароитлар ҳақида ҳамда уларни бартараф этишга 
қаратилган чоралар тўғрисида ўз фикрини билдиради. 
Давлат айбловчиси суд тергови якунларини инобатга олиб, ўз нутқида 
судланувчининг айбдор ёки айбдор эмаслиги тўғрисидаги хулосага келади. 
Давлат айбловчиси ўзининг бу ваколатини муваффақиятли бажариши учун 
тарафлар музокарасидаги нутқида давлат айбловининг ўзига хос нозик 
томонларини яхши ўзлаштирган бўлиши зарур. Прокурор суд жараёнида тирик 
инсон ҳаёти муҳокама қилинаётганлигини асло эсдан чиқармаслиги лозим. 
Баъзан ҳаётда муҳокамадаги иш тўлалигича далилланмай, масаланинг нозик 
қирралари етарли ўрганилмай, гуноҳсиз одам жиноятчи деб топилган ҳолатлар 
ҳам бўлган. 
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 1998 
йил 12 ноябрдаги “Судларда жиноят ишлари кўрилишида прокурор ваколатини 
таъминлаш ишини такомиллаштириш ҳақида”ги буйруғида: “Судларда 
иштирок этаётган ва давлат айбловини қувватлаётган прокурорлар нотиқлик 
маҳоратига эга бўлсинлар, судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат 
қонунга бўйсуниши, ўзаро тортишув тамойилига, суд муҳокамаси ва маданияти 
қоидаларига қатъий риоя қилсинлар, далил-исботларни текширишда фаол 
иштирок этиб, ишни кўришда юзага келган масалалар бўйича асосли хулосалар 
бериб, ... жиноят содир қилганларга муросасиз бўлиб, тергов ва суддаги 
маълумотлар айбсизликдан тўлиқ далолат берса, айбловдан воз кечиб, ўз 
фаолияти билан одил судловга кўмаклашсинлар. Давлат айбловчисининг фикри 


87 
судда ёзма тақдим этилиши мажбурийлиги ҳақидаги қонун талабига риоя 
қилсинлар”
6
, - деб таъкидланган. 
Бундан ташқари, прокурор қонунни, унинг талабларини қатъий ҳимоя 
қилувчи ҳуқуқ-тартибот ходими ҳисобланади. У ҳуқуқий ислоҳотларни 
ўтказишда, ҳуқуқий давлат, демократик жамият қуриш ишида ҳал қилувчи 
ўринни эгаллайди. Шуни афсус билан айтиш керакки, баъзи прокурорлар 
ўзларининг фаолиятларида ҳимоя қилишдек муқаддас бурчларини унутиб
кўпинча жазолаш хусусиятларини намоён қилиб қўймоқдалар. Президентимиз 
И.А.Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи чақириқ 
олтинчи сессиясида: “Яна бир ўз ечимини кутаётган муаммо ҳуқуқни муҳофаза 
қилувчи идораларнинг барчасига тааллуқлидир. У ҳам бўлса, ушбу касбни 
танлаган айрим ходимларнинг махсус хизмат либосини кийиши билан 
бирданига юриш-туриши, хулқ-атвори ўзгариб қолади. Уларнинг онгида “Биз 
давлатнинг ўта ишончли одамларимиз, қолганлар эса биз назорат қилиб 
туришимиз лозим бўлган омма, холос деган” кайфият пайдо бўлади. Бу, ахир, 
ўтмишга, шўролар даврига хос бўлган ахлоқий тубанлик асорати эмасми? 
Давлат муассасалари, биринчи навбатда, прокуратура ходимлари бир ҳақиқатни 
қулоғига қуйиб олсинки, улар ҳам мана шу халқнинг бир қисми, ҳеч кимдан, 
оддий одамлардан ортиқ жойи йўқ. Прокуратура ходимлари уларни назорат 
қилиши эмас, балки уларга хизмат қилиши керак”
7
деган гапларига ҳуқуқни 
муҳофаза қилиш идоралари ходимлари тўлиқ амал қилишлари шарт. 
Прокурор суд жараёнида айблов нутқини ифодалар экан, ўта маданиятли 
эканлигини намойиш эта олиши лозим. Ҳар қандай шароитда ҳам тарафлардан 
биронтасига дўқ-пўписа қилишга ҳақли эмас. Гарчанд судланувчи рецидив 
жиноятчи бўлса ҳам, уни камситиш, масхаралаш, унга нисбатан кесатиқ, 
қочирим сўзларни асло ишлатмаслиги лозим. Шахсиятга тегадиган сўзлардан 
сақланиш зарур. Прокурор дегани одамлар наздида давлат одами, давлат рамзи 
ҳисобланади. Прокурорнинг асосий қуроли қонун ва уни ифодаловчи сўз 
эканлигини унутмаслик керак. Бас шундай экан, прокурор суд жараёнида 
давлат айбловчиси сифатида иштирок этганда, ўз нутқини чиройли, жозибали, 
мантиқан изчил, аниқ ва тиниқ, зарур ўринларда расмийлик маъносига урғу 
бериб ифодаласа унинг нуфузи, обрў-эътибори янада ошади, мартабаси 
юқорилаб кетаверади.
Прокурор айблов нутқида у ёки бу жиноятни фош қилар экан, фикрни 
фақат айблов доирасида эмас, балки бир вақтнинг ўзида ҳуқуқий маданият 
тарғиботчиси эканлигини ҳам кўрсата олиши мақсадга мувофиқдир. Яъни 
жиноятнинг келиб чиқиши ва содир бўлиш сабаблари ҳақида батафсил 
маълумот бериш билан бирга, унинг олдини олиш борасидаги фикр ва 
мулоҳазаларини билдира олиши ҳам унинг нутқини янада жонли чиқишига, 
сифатли такомил топишига сабаб бўлади. Прокурор ўз нутқида жиноятнинг 
келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш билан бирга, судланувчининг шахсига, 
6
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг амалдаги буйруқлари, кўрсатмалари, низом ва йўриқномалари 
тўплами. Т., 1999, 185-186-бетлар.
7
Каримов И.А. Адолат ─ қонун устуворлигида. “Фидокор” газетаси, 2001 йил 30 август


88 
содир этилган жиноятга сиёсий ва ҳуқуқий баҳо бериши ҳам ижобий ҳолдир. 
Масалан, юзага келган жиноят инсон соғлиги, ҳаёти ва инсоний қадр-
қимматига нисбатан хавф солар экан, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси 
Конституциясида белгилаб қўйилган сиёсий, иқтисодий ва шахсий ҳуқуқлари 
ҳақида тўхталиши ва буни содир қилинган жиноятга, жиноятчининг шахсига 
боғласа янада мақсадли бўларди. Мабодо жиноят давлат мулки ёхуд 
фуқароларнинг хусусий мулкини ўзлаштриш, талончилик, босқинчилик, 
фирибгарлик билан боғлиқ бўлса, ҳалол меҳнатнинг, фойдали меҳнатнинг 
шарафи ҳақида тўхталиши мақсадлидир. 
Бундан ташқари, прокурор айблов нутқида қилмишнинг оқибати жамият 
учун ўта зарар эканлигини ҳаётий мисоллар асосида изоҳлаши керакки, 
судланувчининг руҳиятига, қалбига, онгу шуурига етиб борсин, айбдорнинг 
бир умр ёдида сақлансин. Натижада айбдор қандай жиноят қилганлигини 
англаб етсин, ўзига тегишли хулоса чиқариб олсин. Лекин нутқни меъёридан 
ортиқча насиҳатгўйликка айлантириб юбормаслик керак. 
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, прокурор ўзининг айблов нутқида 
барчага тушунилиши қийин сўзларни, шевага оид сўзларни, ўзлашмаган 
европача сўзларни қўлламаслиги лозим. Ҳар бир иш юзасидан фикр-
мулоҳазаларни мантиқий изчиллик асосида, адабий тил меъёрларига амал 
қилган ҳолда ифодалаш кўзланган натижани беради. 

Download 0.96 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   54   55   56   57   58   59   60   61   ...   73




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling