§ 2. Товар-моддий қимматликларни олишга ишончномалар бериш
97. Товар-моддий қимматликларни олишга ишончномалар банкнинг ихтиёрига кўра мазкур Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.
Ишончномалар банк раҳбари (ёки ўринбосари) ҳамда бош бухгалтер имзолари ва банк муҳри билан тасдиқланади.
98. Ишончномани бериш «Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш дафтари»да рўйхатга олинади.
Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш дафтари саҳифалари рақамланади ва ип ўтказиб тикилади. Дафтарнинг муқовасида ўтказилган иплар учи устидан алоҳида қоғозда банкнинг раҳбари ва бош бухгалтери томонидан «Мазкур дафтарда ... варақ рақамланди» деган ёзув қайд этилади, елимланади ва муҳр билан тасдиқланади. Варақлар сони ёзув билан кўрсатилади.
Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш дафтари ишончномаларни рўйхатдан ўтказиш учун масъул бўлган шахсда сақланиши лозим.
99. Ишончноманинг амал қилиш муддати у асосида ишончнома берилган шартномалар ва бошқа битимлар бўйича тегишли қимматликларни олиш ва олиб чиқиб кетиш имкониятига боғлиқ равишда белгиланади, бироқ у 10 иш куни муддатидан ошмаслиги керак.
100. Ишончли шахс қимматликларни олгандан сўнг топшириқлар бажарилганлиги ва у олган товар-моддий қимматликлар омборга (омборхонага) топширилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни корхона бухгалтериясига ёки тегишли моддий жавобгар шахсга тақдим этиши шарт.
Фойдаланилмаган ишончномалар амал қилиш муддати тугаган кундан кейинги санада банкка қайтарилиши керак.
Фойдаланилмаган ишончноманинг қайтарилганлиги тўғрисида Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш дафтарида («Ишончнома бўйича топшириқлар бажарилганлиги тўғрисидаги қайдлар» устунида) қайд этилади. Қайтарилган фойдаланилмаган ишончномалар «фойдаланилмаган» ёзуви билан сўндирилади ва уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўлган шахс томонидан ҳисобот йили охирига қадар сақланади. Йил тугагач бундай фойдаланилмаган ишончномалар бу ҳақда тегишли далолатнома тузиш билан белгиланган тартибда йўқ қилинади. Амал қилиш муддати тугаган ишончномалардан фойдаланиш хусусида ҳисобот бермаган шахсларга янги ишончномалар берилмайди ва муддати ўтган ишончномани қайтариб берилмаганлиги сабаби ўрганилади. Суиистеъмол ҳолати аниқланганда қонун ҳужжатларида белгиланган чоралар кўрилиши шарт.
101. Ишончномалар товар-моддий қимматликларнинг дастлабки берилишида мол етказиб берувчида қолдирилади.
Товар-моддий қимматликлар бериб бўлингандан кейин ишончнома ишончномалар бўйича топширилаётган қимматликларнинг охирги туркумини бериш учун ҳужжат билан бирга бухгалтерияга топширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |