42-модда. Маҳкумларни меҳнатга жалб этиш
Қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахслар қамоқ уйининг хўжалик хизматига оид ишларга ҳафтасига тўрт соатгача бўлган муддатга ҳақ тўламаган ҳолда жалб этилиши мумкин.
43-модда. Маҳкумлар билан олиб бориладиган тарбиявий иш
Маҳкумлар билан тарбиявий иш қамоқ уйларининг маъмурияти томонидан ушбу Кодексда баён этилган принциплар асосида олиб борилади.
44-модда. Маҳкумларга нисбатан қўлланиладиган рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари
Маҳкумларга яхши хулқ-атвори учун қамоқ уйларида қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин:
ташаккур эълон қилиш;
илгари қўлланилган интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш;
ҳар кунги сайр вақтини бир соатга кўпайтириш.
Жазони ўташ тартибини бузганлиги учун маҳкумларга қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:
огоҳлантириш;
ҳайфсан;
ўн суткагача бўлган муддатга, аёллар ва вояга етмаганларни эса — етти суткагача бўлган муддатга карцерга киритиб қўйиш;
ҳар кунги сайрнинг рағбатлантириш тариқасида кўпайтирилган муддатини бекор қилиш.
Маҳкумларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари ушбу Кодекснинг 103, 106 ва 110-моддаларида белгиланган тартибда қўлланилади.
IV БЎЛИМ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ
I КИЧИК БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
9-БОБ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАЛАРИ
45-модда. Жазони ижро этиш муассасаларининг турлари
Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ижросини жазони ижро этиш муассасалари амалга оширади.
Жазони ижро этиш муассасаларига қуйидагилар киради:
жазони ижро этиш колониялари;
тарбия колониялари;
турмалар.
Тергов ҳибсхоналари озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасалари вазифасини бажаради.
Жазони ижро этиш колониялари манзил-колонияларга, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларга бўлинади ҳамда вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.
Тарбия колониялари вояга етмаган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.
Турмалар вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |