32-модда. Пенсияларни ҳисоблаб чиқаришда эътиборга олинадиган иш ҳақи турлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақига қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар қўшилади.
Давлат томонидан ижтимоий суғурталанмайдиган шахсларга пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақига қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга ўхшаш пул таъминотининг барча турлари қўшилади.
Ўқиш даврида тўланган стипендия пенсия сўраб мурожаат этган кишининг хоҳишига кўра иш ҳақига тенглаштирилади.
Иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган ходимларнинг (деҳқон хўжаликларининг аъзолари, айрим фуқароларнинг юмушларини бажарувчи шахслар ва бошқаларнинг) пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақининг миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Иш ҳақининг натурал қисми Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси учун ҳисобланган суғурта бадалларининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
(32-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 5 январдаги ЎРҚ-318-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 1-сон, 4-модда)
33-модда. Иш ҳақига минтақавий коэффициентлар белгиланган ҳудудларда яшовчи шахсларнинг иш ҳақини ҳисоблаб чиқиш
Ишловчиларнинг иш ҳақига минтақавий коэффициент белгиланган ҳудудларда яшовчи шахслар ва оилаларга пенсия тайинлашда минтақавий коэффициент эътиборга олинган ҳолда ҳисоблаб чиқилган амалдаги иш ҳақи ҳисобга олинади.
34-модда. Пенсионерларнинг оилаларига пенсияларни ҳисоблаб чиқариш
Пенсионерларнинг оилаларига боқувчисини йўқотганлик пенсиялари пенсионернинг (боқувчининг) ўз пенсияси қайси иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилган бўлса, ўша иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |