ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ, ФАН ВА ИННОВАЦИЯЛАР ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ АРХИТЕКТУРА ҚУРИЛИШ УНИВЕРСИТЕТИ
БИНО ВА ИНШООТЛАР ҚУРИЛИШИ ФАКУЛЬТЕТИ
ҚУРИЛИШ КОНСТРУКЦИЯЛАРИ КАФЕДРАСИ
БИНО ВА ИНШООТЛАРНИНГ ТЕХНИК ҲОЛАТИНИ БАҲОЛАШ
ФАНИДАН
КУРС ИШИ
МАВЗУ: БИНОНИ ТЕКШИРИШ ВА ЖИСМОНИЙ ЕМИРИЛИШИНИ АНИҚЛАШ
Бажарди: Ўразалиев Ж.
Текширди: доц. в.б. Алимов Х.Т.
ТОШКЕНТ – 2023
КИРИШ
Бино ва унинг конструктив элементларини техник ҳолатини баҳолашнинг мезони жисмоний емирилиш бўлиб, бу бинонинг дастлабки сифат кўрсаткичларининг табиий-иқлимий факторлар ва инсоннинг ҳаётий фаолияти таъсирида аста-секин пасайишида намоён бўлади. Узоқ йиллик эксплуатация жараёнида турли факторлар таъсирида конструктив элементларнинг физик-механик хоссалари вақт утиши билан ўзгариб боради. Техник-эксплуатацион сифатларинининг йўқотиши деганда бино конструктив элементларининг мустаҳкамлиги, бикирлиги ҳамда атроф-муҳитнинг бузувчи таъсирига чидамлилигининг пасайиб бориши тушунилади. Бу сифатлардаги салбий ўзгаришлар натижасида бино вақт ўтиши билан эскириб, унда емирилиш, шикастланиш ҳамда бузилиш аломатлари пайдо бўла бошлайди.
Жисмоний емирилиш табиий ва механик турларга бўлинади.
Табиий равишда жисмоний емирилиш - бу қурилиш конструкциясининг дастлабки сифат кўрсаткичларининг турли омиллар таъсирида вақт ўтиши билан пасайиб боришини англатади.
Механик емирилиш - бу қурилиш конструкциясида турли хилдаги динамик, технологик жараёнлар таъсирида фавқулодда ёки аста-секинлик билан шикастланиш ёки деформацияланиш ҳолатларининг пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳолатдир.
Емирилиш назарияси бўйича бинолардаги емирилиш икки хил бўлиб, емирилишнинг қайта тикланадиган ва қайта тикланмайдиган турларига бўлинади.
Қайта тикланадиган емирилиш деганда, бинодаги иккинчи даражали конструктив элементлар (масалан, эшик-дераза, пол, осма шифт конструкциялар ва ҳ.к.) нинг вақти-вақти билан таъмирлаш ёки алмаштириш орқали конструктив элементнинг барча сифат кўрсаткичлари дастлабки ҳолатга келтирилиши тушунилади.
Қайта тикланмайдиган емирилиш эса асосан бинодаги асосий юк кўтарувчи конструкцияларга тегишли бўлиб, уларнинг вақт ўтиши билан ёки механик тарзда олган шикастланиш ва деформация ҳолатлари, конструкция ашёсининг таркибий ўзгариши, емирилиши, коррозияга учраши ва ҳ.к.лар таъсирида юк кўтариш қобилияти, бикирлиги ва устиворлик кўрсаткичларининг пасайиши натижасида бинонинг умрбоқийлик даври билан белгиланади. Уларни қайта тиклаш мақсадга мувофиқ бўлмайди, айрим ҳоллардагина махсус лойиҳалар асосида қайта тикланиши мумкин (бу асосан меъморий тарихий обидаларда ёки махсус аҳамиятга эга бўлган объектларга хосдир).
Do'stlaringiz bilan baham: |