Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мирзо улуғбек номидаги ўзбекистон миллий университети қўлёзма ҳуқуқида


Ўзини-ўзи бошқарув тизими ахборот маданиятини юксалтириш - ахборот хавфсизлигини таъминлаш омили


Download 147.23 Kb.
bet11/15
Sana28.12.2022
Hajmi147.23 Kb.
#1014993
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15
Bog'liq
Азамат дес я охигиси

3.2. Ўзини-ўзи бошқарув тизими ахборот маданиятини юксалтириш - ахборот хавфсизлигини таъминлаш омили

“Ахборот жамияти" — алоҳида изоҳ талаб этадиган сўз бирикмаси. У ҳозир нафақат олимлар даврасида, балки матбуот саҳифаларида ҳам бот-бот тилга олинмоқда — жамиятнинг келажаги шу тушунча билан боғланаётир. Лекин жамият ривожида ахборот технологиялари роли янаям ортиб бориши ҳақидаги баъзи ваъзлар инобатга олинмаса, бу борада ҳали илгари силжиш кўзга ташланаётгани йўқ. Қолаверса, "ахборот жамияти" атамасини ҳар ким ўзича тушуниб, истифода қилмоқда.


Ваҳоланки, ахборот жамияти шундоққина бўсағада турибди ва унинг қандай кутиб олиниб, қандай талқин этилиши ХХИ аср тамаддуни мазмунига кўп жиҳатдан таъсир кўрсатади. Биз ҳали кўп бор бу ҳодиса мағзини чақишга уринишимизга тўғри келади. Лекин ҳозирданоқ шуни аниқ айтиш мумкинки, ахборот жамияти инсониятнинг ақлга таянган сай-ҳаракатисиз Ер юзида ўз-ўзича қарор топа олмайди. Ах-боротлаштиришнинг захира имкониятлари сайёравий ҳамжамият бахт-саодати йўлида хизмат қилмоғи учун бу ҳамжамият тузилмасидаги баъзи бўғинлар, айниқса, онгимиздаги қолиплар ислоҳ этилиши лозим.
Бундай жамиятни барпо этишга доир умумий режани ишлаб чиқишга чоғланишдан аввал "ахборот жамияти" тушунчасининг ўзини англаб ва бу борадаги тасаввурларни бугунги ижтимоий ривожланиш тамойиллари билан боғлаб олиш зарур. Модомики, ушбу тушунчага турлича, баъзан ҳатто қарама-қарши маъно юкланаётган экан, ишни шу ҳақда баҳсу мунозара очиб, нуқтаи назарларни қиёслаб олишдан бошлаш энг мақбул йўлдир. Фақат шу йўл билан муаммони жамоатчилик онги ва қалбига етказа олиш мумкин. Ушбу мақола ҳам жамиятнинг ижтимоий ва технологик тадрижидаги ҳозирги босқичга доир кўплаб нуқтаи назарлардан бири билан таништиради.
Айни вақтда бизни қизиқтираётган масала бўйича иккита қарама-қарши фикр мавжуд. Дастлабкисига кўра, инсоният ўз тараққиётида "ахборот жамияти" деб аташ мумкин бўлган босқичга қадам қўйди ва у ҳализамон постиндустриал жамият ўрнини ишғол этади ёки ҳозирданоқ бу ўринни эгаллай бошлади. Компютер техникаси, фазовий алоқа, ахборот технологиялари ва ҳоказоларнинг бемисл ривож топгани шундан далолат беради. Бундан тамоман фарқ қилувчи кейинги қарашга кўра эса, ахборот жамияти фақат узоқ келажакка дахлдор ҳодиса. Шунинг учун унинг хусусиятлари ҳақида баҳс юритишга ҳам ҳали эрта. Бу нуқтаи назар бўйича, ахборот соҳасида биз гувоҳ бўлиб турган жараёнлар аслида пост-индустриал жамиятнинг анчайин такомилидан ўзга нарса эмас.
Менимча, ахборот жамияти ҳақида баҳс очишнинг мавриди аллақачон келган. Чунки, боя айтганимиздек, инсонлар бу жамиятни қандай тасаввур этиши ижтимоий муносабатлар шаклланишига ва алал-оқибат сивилизатсия тақдирига жиддий таъсир кўрсатади. Қолаверса, бу фақат мутахассисларгина муҳокама этадиган масала бўлмай, бутун инсоният бош қотириши зарур саналган муаммодир. Ахборот жамиятига ҳозирги воқелик деб қараб, фикр юритиш учун эса ҳали анча-мунча куч-ғайрат сарфлашга тўғри келади.
Фан-техника тараққиёти таъсирида ишлаб чиқариш жадал ўсмоқда, экологик вазият ўзгариб бормоқда, иқтисодий интегратсия қулоч ёймоқда. Техника ютуқлари сайёравий ҳамжамиятнинг жуғрофий-сиёсий ва ижтимоий табиати янгиланиш сари юз тутишига сабаб бўлмоқда. Шундай вазиятда эртанги тараққиётнинг муқобил йўлларини башорат қила билиш ҳамда бизни ўз бағрига тортаётган жараёнга таъсир кўрсата олиш салоҳиятимиз муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, инсон ҳаётининг барча соҳаларини ахборотлаштириш баробарида бу ҳодисанинг ижтимоий тараққиёт билан алоқасини муҳокамага тортиш бугуннинг энг долзарб муаммоларидан биридир.
Ахборот жамиятига қадам қўйишни фақат электрон ва компютер муҳандислигига боғлаб қўйиш тўгри эмас. Менимча, унинг тарих саҳнасига чиқишини жамоавий умумсайёравий ақл қарор топиши ва тамаддун янги сифат босқичига кўтарилиши билан боғлиқ ҳолда тушунган маъқул. Ахборот жамиятини барпо этиш шу қадар мушкул вазифаки, уни адо этиш жараёнида ҳар қандай тасодифга шай туриш лозим. Бу йўлда катта-кичик хавф-хатарга дуч келишимиз аниқ ва, айни чоғда, уларни енгиш учун бизда етарлича ақл ва ирода ҳам мавжуд.
Мен ахборот жамияти ҳақидаги ўз қарашларимни ифодалаб бериш учун даставвал фан-техника тараққиётининг сўнги ҳолатини, унинг дунёдаги иқтисодий-сиёсий ва жуғрофий-сиёсий вазиятга таъсирини ҳамда жамоавий умумсайёравий ақл истилоҳининг маъно-моҳиятини қандай тушунишим хусусида сўзлаб беришим керак бўлади.
Бугун жамиятни ахборотлаштириш ва компютер техникасидан фойдаланишда ютуқлар гарови бўлган дастурий воситалар мажмуи — сунъий интеллект ҳақида кўп гапирилмоқда. Ишлаб чиқариш соҳасида ахборотлаштириш билан боғлиқ бутун бошли тармоқ вужудга келди. У илмий изланишларнинг янги йўналишлари ва, ҳатто, янги маданият пайдо бўлишига замин ҳозирладики, оқибатда ишлаб чиқариш соҳаси билан бир қаторда маънавий ҳаёт ҳам тубдан ўзгармоқда. Бу жараён борган сари жадаллашиб боряпти, айни чоқда у барча тадрижий жараёнлар каби стихияли рўй бермоқда.
Ҳозирда ишлаб чиқариш соҳасини ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмай қолди.
Бугун ишлаб чиқаришда ҳар хил аниқ технологиялар юксак мавқе эгалламоқда ва улар орқали сунъий интеллект ҳамда ахборот технологиялари (шу жумладан, компютернинг захира имкониятлари) маҳсулот яратишга жалб этилмоқда. Бундай технологиялар самараси ҳозирданоқ кўзга яққол ташланиб қолди. Мисол тариқасида деталларни бириктириш аниқлиги олинса, бу замонавий компютер ва электрон ўлчов асбобларисиз эришиш душвор бўлган юқори аниқликдир. Ёки материаллар частотаси олинса, бу ҳам шундай воситаларсиз тасаввурга сиғмайдиган ўта юқори частотадир. Мабодо энди инсон айби билан бирор фалокат рўй берса ҳам, бу бемисл бир фалокат бўладики, уни жиловлаб олиш ва бартараф этиш эртанги куннинг оғир ва долзарб муаммосига айланади. Қолаверса, бундай фалокатларни ҳам ахборот технологияларидан фойдаланмай туриб ҳал этиб бўлмайди.
Илғор мамлакатларда қарор топган ҳозирги тузум "постиндустриал жамият" деб аталаётгани бежиз эмас. Ушбу давлатларда энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг орти-шидан мағрурланиш каби индустриал жамиятга хос асосий белгилар секин-аста йўқолиб бормоқда. Ҳаттоки энергиядан юқори тежамкорлик билан фойдаланиш, кам энергия талаб этувчи технологияларни жорий этиш эвазига бундай ресурсларни ишлаб чиқариш камайиши кузатилмоқда.
Техника ва технология соҳасида рой бераётган юксалишлар жамият тақдирига жиддий таъсир кўрсатади, унинг устун йўналишлари, ҳаттоки ижтимоий табиатини ўзгартириб юборади. Малакали мутахассислар тайёрлаш зарурати юзага келади ва "ишчи"ларнинг бундай тоифаси сони ортиб боради. Табиийки, ишлаб чиқариш соҳасида муваффақиятни таъминловчи мутахассисни тайёрлашга кўп вақт ва маблағ сарфлашга тўғри келса ҳамда бутун жамият тақдири алал-оқибат уларга чамбарчас боғлиқ бўлиб қолса, бу тоифа жамият учун алоҳида аҳамият касб эта бошлайди. Бунинг устига, у меҳнатга яроқли аҳолининг кўпчилигини ташкил этса, бутун ижтимоий жараёнларни жадаллаштириб юборувчи ижобий акс таъсир ҳам юзага келади.
Айнан шу омиллар жамиятнинг тараққиёт йўли ва ташкилий тузилмасини ўзгартириб юборувчи бир талай оқибатларни келтириб чиқариши ҳозирданоқ кўзга ташланиб қолмоқда. Бундай ўзгаришларни, аввало, жамиятнинг тараққиёт йўли борасида кўриш мумкин. Ривожланган мамлакатларда миллий маҳсулотнинг учдан бир қисмини давлат марказлашган ҳолда тақсимлашининг ўзиёқ мен боя тилга олган шарт-шароитлар маҳсулидир. Бундан либерал иқтисодиёт баробарида ижтимоий йўналтирилган либерал иқтисодиёт ҳақидаги тасаввур юзага қалқиб чиқади.
Қолаверса, бундай тараққиёт йўли сиёсий ёки ижтимоий доктрина эмас, балки илгарилаб бораётган техникавий сивилизатсия тақозосидир, яъни тадбиркор "ишчи синфи"ни ўқитиш, даволатиш ва кексалигида нафақа билан таъминлашдан манфаатдор, тамом-вассалом. Шу ўринда бундан юз йил аввал капитализм ривожланиб бориши билан унинг бағрида янги ижтимоий муносабатлар куртак ёзади, деган фикрни айтган э.Бернштейнни эслаб ўтиш жоиз. Марксистлар айни шу қараши сабабли уни "оппортунистлар ва ренегатлар" рўйхатига тиркаган эди.
Юқорида тилга олинган жараёнлар Ер юзидаги жуғрофий-сиёсий вазиятни ҳам ўзгартириб юборади. Эндиликда давлатларнинг сайёравий эҳроми чўққисини ҳозиргидек энг кўп қурол-яроғ ишлаб чиқараётган ҳам, ер бағридан энг кўп бойлик қазиб олаётган ҳам, ҳаттоки, энг кўп ҳисоблаш ва бошқа электрон асбоблари ишлаб чиқараётган мамлакатлар ҳам ишғол этолмайди. Бугун фан-техника соҳасида юзага келган аҳвол қуйидагича: ҳар қандай ноу-ҳау бир неча йил ичида бутун ер юзи аҳолиси мулкига айланади.
Бундан буён олдинги маррани янги илмий ва техникавий ғояларни қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга татбиқ этишга лаёқатли, батамом янги ва мукаммал саноат маҳсулоти ярата оладиган ҳамда бу маҳсулотни бозор, аввало, ички бозор билан таъминлай биладиган давлатлар эгаллай бошлайди. Бунинг учун эса ушбу давлатлар юқори малакали ҳамда интизомли минглаб олим, муҳандис ва, айниқса, "ишчи синфи"га эга бўлиши лозим. Мен "ишчи синфи" атамасини иложи борича кам ишлатишга ҳаракат қиляпман. Чунки бевосита маҳсулот яратувчи бу "ишчи"ларнинг аксарияти, бугунги кун мезони бойича, олий техник маълумотга, қолаверса, йирик ички бозорни яратиш учун мўмай маблағга эга бўлади. Зеро, маҳсулот ишлаб чиқарувчи қатламнинг ўзига тўқлиги постиндустриал жамиятнинг сармоя айланишини кескин тезлаштирувчи "зарурат"лардан биридир.
Таълим билан баб-баравар технологик интизом ҳам англана боради, зотан, "чап-даст" ишлаб чиқариш алал-оқибат шу технологик интизомга қатъий риоя этишга таянади. Технологик интизом эса техник ниятни роёбга чиқарувчи уста ҳақидаги тасаввур билан чамбарчас боғлиқдир. Усталарни (оммавий маҳоратни) тарбиялаш постиндустриал жамиятда муҳим миллий вазифага айланади.
Тайван ҳозир постиндустриал стивилизастиянинг олдинги маррасини эгаллаб турган мамлакатлар сафига қўшилиб олгани тасодиф эмас. Бу давлатда бир неча ўн йиллар давомида мактаб битирувчиларининг 30 фоиздан зиёдроғи университетлар қошидаги коллежлар талабасига айланди. Демакки, гап мазкур халққа (шунингдек, Тинч океани минтақасининг бошқа халқларига ҳам) хос бўлган ҳар бир вазифани виждонан бажариш анъанасидагина эмас. Албатта, анъаналарнинг аҳамиятини ерга уриш ярамайди, аммо бошқа бир масала ҳам борки, бир неча ўн-йигирма йил ичида ҳар қандай халқ хотирасидан кўп асрлик анъаналарни ўчириб ташлаш ҳам, унга қўл учида иш бажаришни "ўргатиш" ҳам мумкин. Қолаверса, оқилона сиёсат юритишга қодир бўлган ҳукуматсиз, ҳозирги тараққиётнинг техникавий ва жуғрофий-сиёсий тамойилларини илғай биладиган вазирларсиз ҳам бирор нарсага эришиш малол. Гоминдан ҳукуматининг миллат олдидаги буюк хизмати дунё тараққиёти йўналишини тўғри аниқлай олгани, 1940-50 йиллардаги оғир иқтисодий ва сиёсий шароитда ҳам таълимга бош миллий вазифа деб қарагани бўлди.
Зикр этилган фикрлар МДҲ давлатларига ҳам тааллуқли, албатта. Ахборотлаштириш ва меҳнат маданиятига таянган аниқ технологияларни кенг жорий этиш бизни учинчи дунё харобаларига тушиб қолишдан асровчи ягона имкониятдир. Такрор айтаман, бизнинг бирдан-бир имкониятимиз халқнинг ақл-заковати ва илм-маърифатига таяниш, шунингдек, ҳукумат эътиборини ҳам шунга қаратишдир. Иқтисодий бўҳронлар шароитида ҳам таълим ва тарбиядан, қўли гул усталарни этиштиришдан муҳимроқ масала йўқ. Постиндустриал жамият олдимизга қўяётган бугунги талаб ана шу, Бинобарин, амалий фаолиятга киришмай туриб, ахборот жамияти ҳақида сафсата сотиш бефойда.
Ҳисоблаш техникасининг кенг миқёсда қўлланилиши ва юксак технологияларнинг тараққий топиши, ижтимоий тузилманинг ислоҳ этилиши ва жуғрофий-сиёсий вазиятнинг ўзгариб бориши — инсониятнинг бугунги ҳаёти ва тамаддуни қурилмасида яқин келгусида рой беражак туб сифат ўзгаришларининг ҳозирданоқ кўзга ташланаётган аломатларидир. Лекин бундай хусусиятларга эга жамиятни ҳам ҳали ахборот жамияти деб бўлмайди. Ҳозирча уни вужудга келтирувчи техник, технологик ва ижтимоий асосларни яратиш жараёни давом этмоқда, холос. Бугунги воқеликни "постиндустриал жамият" атамаси аниқ ифодалайди.
Бизнингча, ахборот жамияти деб аташга лойиқ ижтимоий тузилманинг юзага келишида Жамоавий Интеллект (ёки жамоавий ақл) этакчи рол ўйнайди. Инсон интеллекти унинг танаси ҳаёт фаолиятида қандай рол ойнаса, жамоавий ақл ҳам умумсайёравий организм ҳаёт фаолиятида худди шундай рол ойнай бошлайдиган вақт келишига ҳали бир мунча бор. Тейяр де Шарден, айниқса, Владимир Вернадский таълимотларида, умумсайёравий ақлнинг ҳукмронлик роли ҳақида баъзи фикрлар мавжуд. Олимнинг таъкидлашича, ХХ аср бошиданоқ инсоният ер куррасининг асосий яратувчи кучига айланди ва айни сабабга кўра, у биосферанинг ҳам, одамзоднинг ҳам кейинги тараққиёти учун масъулиятни зиммасига олишга мажбур. Демак, жамоавий интеллект ғояси тасодифий бир хомхаёл эмас, аксинча инсоният омон қолишининг зарурий шартидир.
Бундан келиб чиқадики, инсон ер юзида умргузаронлик қилишининг янги тартиботи ўрнатилиши лозим. Лекин бундай ҳодиса яқин йилларда ўз-ўзидан рой бериб қолмайди. Айни мақсад йўлида бутун инсоният ақл ва иродаси бирлашмоғи зарур. Демак, жамоавий ақл ва жамоавий ирода ўзини намоён этгандагина янгиланиш содир бўлади.
Бундай қайта қуриш жамиятнинг аниқ мақсадни кўзлаган аралашувисиз юз бермайди ва ҳатто умуман содир бўлмаслиги ҳам мумкин. У ҳолда инсоният келажак борасида ҳар қандай имкониятдан бебаҳра қолади. Шу боис мен ахборот жамиятига ҳомо сапиенс бундан буён ҳам биологик тур сифатида ривож топишининг энг мақбул истиқболи деб қарайман. Бу — кишилик жамияти ноосфера асри томон тараққий этиши йўлидаги зарурий босқичдир. Ноосфера асрида эса инсон ва табиат уйғун яшаши учун барча шарт-шароит муҳайё бўлади.
Биз тусмоллаб фикр юритадиган барча ноёб жараёнлар сингари кишилик тарихи ҳам ҳеч қачон силлиқ кечмайди, шунингдек, унга изчил таъсир кўрсатиш ҳам имконсиз. Айни чоқда инсон бутунлай чорасиз, дейиш ҳам мантиққа зид. Инсон ривожланишнинг турли йўллари ҳақида фикр юритиш ва уларга риоя этиш лаёқатига эга. Бинобарин, ҳозирги ижтимоий жараёнларга доир имконият даражамизни белгилаб олиш ва уларга озми-кўпми таъсир кўрсатиш қўлимиздан келади. Бу ҳақда сўз юритишдан аввал "Жамоавий Интеллект" тушунчасига изоҳ беришим зарур.
Сунъий интеллект билан жамоавий интеллект мутлақо бошқа-бошқа тушунчалар, бироқ иккисининг ҳам инсоният тақдирига кўрсатадиган таъсири беқиёс. Сунъий интеллект инсон ихтиро этган ва барпо қилган тизимдир. Жамоавий интеллект эса табиий ҳодиса, шахс ва жамиятнинг аниқ мақсадни кўзлаган аралашувисиз ҳозиргача давом этиб келаётган мураккаб тадрижий жараён маҳсулидир.
Олий нерв тизими, яъни миянинг ривожланиб ва антропоидлар ҳаёт фаолиятининг мураккаблашиб бориши билан улар ўртасида ахборот айирбошлаш алоҳида рол ойнай бошлади. Антропогенез жараёнида билимни бойитиш, маҳоратни ошириш муттасил давом этди, жамоавий хотира вужудга келди. Секин-асталик билан атроф-теваракни жамоа бўлиб ўрганишга киришилди. Бошқача қилиб айтганда, жамоавий ақл номи билан юритилувчи тизим пайдо бўлди. Унинг олам ҳодисотларини идрок этиш ва жамоа хўжалигини йўлга қойиш борасидаги имконияти якка киши ва ҳатто барча одамлар ақлининг йиғиндиси имкониятидан бир неча карра ортиб кетди. Дарҳақиқат, алоҳида индивидлар ўзаро муносабатга киришиб, узлуксиз ахборот алмашиши туфайли Жамоавий Интеллект ва Жамоавий Хотира пайдо бўлди. Қолаверса, билим олиш, уни сақлаш ва узатиш имконияти боис "ақлли" махлуқлар тўдаси кишилик жамияти бўлиб шаклланди. Узоқ аждодимиз меҳнатни ҳаёт шарти сифатида озми-кўпми англай олгани учунгина эмас, балки жамоавий ақлни такомиллаштира боргани учун ҳам инсонга айланди.
Одам мияси ривожланиб бориши билан оила, қабила ва халқнинг жамоавий ақли ҳам тараққий эта борган. Негаки, ахборот алмашиш ҳам, чамаси, асаб толалари билан бир вақтда пайдо бўлган. Олий нерв фаолияти мураккаблашуви, асосан, ахборот узатиш воситалари, биринчи галда эса ахборотни ифода этувчи тил, аниқроғи, тиллар такомиллашувидир. Бундан 30-40 минг йиллар аввал (балки ундан ҳам илгарироқ) муштарак аждодимиз — краманон пайдо бўлгач, одамнинг биологик ривожи амалда тўхтаган. Бироқ жамоавий ақл ривож топишда давом этибгина қолмай, ҳатто бу жараён янада тезлашмоқда — фан-техника тараққиёти бунинг яққол далилидир.
Ҳалигача кишилик жамиятининг ахборот тарихи битилмаган, аммо бугун шусиз ҳам инсоният билимининг бойиш ва техника тараққиётининг ўсиш суръати ижодий жараёнга жалб этилган кишилар сони ортиши билан бирга улар ўртасида ахборот алмашинуви тезлашишига (бунга имкон берувчи технологиялар яратилишига) ҳам боғлиқ экани аёнлашмоқда. Бирор киши ёки бирор гуруҳнинг (бутун бошли халқларнинг ҳам) ўз қобиғига ўралиб, ахборот алмашиш тизимидан узилиб қолиши уларнинг таназзулга юз тутиши, билим, малака ва хотирасини бой беришига сабаб бўлади.
Хуллас, жамоавий интеллект одамларни ахборот ришталарини боғловчи шундай бир тизимки, унинг шарофати билан ҳар бир кишига инсоният йиққан барча билимлардан баҳраманд бўлиш учун ҳам, шу билан бирга, унинг борлиқ ҳақидаги мавжуд тасаввурларни янада бойитишга ҳисса қўшиши учун ҳам кенг йўл очилади. Бундай тизим оламда юз бераётган воқеаларга нисбатан умумий нуқтаи назарни шакллантиради. бу эса, ўз навбатида, одамлар куч-ғайрати ва сай-ҳаракатини бир мақсад сари йўналтиради, умуминсоний менталитет пайдо бўлишига самарали таъсир кўрсатади. Жамоавий Интеллект жамоавий қарорларни шакллантиришга имкон берувчи тизимдир.
Бироқ ахборот жамияти бугунги сайёравий тартиботга муқобил тузум бўлмоғи учун компютер техникаси ва алоқа воситалари ютуқларигагина таяниб қолмай, ижтимоий қурилмасида ҳам туб сифат ўзгаришлари ясаши лозим.
Мзълумки, ҳозир тамаддунлар, асосан, техноген ва анъанавий деган икки турга бўлиб таснифланади. Техноген стивилизатсия ресурслардан юксак самара билан фойдаланишга, янгидан-янги техник эчим ва ташкилий инноватсияларни қидириб топишга интилиши билан ажралиб туради. Анъанавий сивилизатсия моҳияти эса мазкур тамаддун ўзини ўзи такрор ва такрор қайта яратишида намоён бўлади. Шунингдек, техноген жамиятга шахс мустақиллиги ва индивидуализм хос бўлса, анъанавий жамиятда жамоа ва оила манфаати устунлик қилади. Техноген стивилизатсияга Евроамерика тамаддунини, анъанавий стивилизатсияга бутун Шарқ тамаддунини мисол қилиб келтириш мумкин. Бундай тасниф шартли, албатта. Зеро, ҳар бир стивилизастия ичида ўзига хосликлар бир талай. Бироқ бундай дихотомия ҳақиқатга зид эмас, бутун тарих шундай дейишга асос беради.
Лекин ҳозирда бундай тасниф кифоя қилмаслиги ва турли халқлар маданиятидаги ўзига хосликларни янада теран тахлил этиш зарурлиги аён бўлиб қолмоқста. Япония, Тайван ёки Кореядаги каби анъанавий жамиятлар бугун техникавий тараққиёт "чўққи"сига кўтарилди, ҳеч бир муболағасиз постиндустриал жамият этакчисига айланди ва дунё аҳли ҳам уларга техноген стивилизатсия намунаси деб қарамоқда. Айни чоғда бу давлатлар шахс билан жамият шахс билан шахс муносабатлари, устун қадриятлар ҳамда тараққиёт йўли соҳасида миллий ўзликни ва турмуш тарзини сақлаб қолишига кўра анъанавий жамиятлар сирасига киради.
Демак, постиндустриал жамият фақат эвропача андозадан иборат эмас: унинг юқоридаги каби хусусиятлари барча ривожланган мамлакатларга хосдир. Энди ахборот жамияти ва унинг тамаддуни сари яна бир қадам ташлаш лозим. Бу қадам Шарқ ва Ғарб тамаддунлари синтезидан иборат бўлади. Мазкур стивилизастиялар бир-биридан фарқ қилса-да, бир-бирини тақозо этади ва тўлдириб туради. Бундай синтез барча миллатлар маданияти бир хиллашувига олиб келмайди — у тамаддунлар мажмуида ранг-барангликни саклаб қолгди. Шарқ ва Ғарб маданиятлари синтезисиз дунё ҳамжамияти омон қолиши учун зарур бўлган умумий дастурни ишлаб чиқишга умид боғлаш қийин.


Download 147.23 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling