Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги термиз давлат университети


Download 1.26 Mb.
bet1/5
Sana09.12.2020
Hajmi1.26 Mb.
#162559
  1   2   3   4   5
Bog'liq
w2SDxXPD-Utgq5jph8-q4-hSkfYpfTZw


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ТЕРМИЗ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
БОТАНИКА КАФЕДРАСИ

ТУБАН ЎСИМЛИКЛАР



фани бўйича
Ў Қ У В - У С Л У Б И Й М А Ж М У А

1-Модул. Ботаника ( тубан ўсимликлар)

Билим соҳаси: 100000 – Гуманитар соҳа

Таълим соҳаси: 140000 – Табиий фанлар

Таълим йўналиши: 5140100– Биология




Термиз-2020
Мазкур ўқув-услубий мажмуа Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 26 августдаги 1-сонли буйруғи билан тасдиқланган фан дастури асосида тайёрланди.

Тузувчи:

Х.Джумаев ТерДУ Ботаника кафедраси доценти, биология

фанлари номзоди


Тақризчилар:

А.Бегматов ТерДУ Ботаника кафедраси мудири,

доцент, биология фанлари номзоди



Ўқув-услубий мажмуа ТерДУ Кенгашининг 2020 йил_________даги____сонли қарори билан фойдаланишга тавсия қилинган.

1-Мавзу: Тубан ўсимликлар фанига кириш (2 соат)

Режа:


1.Тубан ўсимликлар ҳақида маълумот;

2.Тубан ўсимликларнинг аҳамияти;

3. Сувтларнинг умумий таърифи, тузилиши ва кўпайиш усуллари;

4. Кўк-яшил сувўтлар бўлими. Вакиллари ва ҳаёт тарзи;

5. Қизил сувўтлар бўлими.

Органик дунё - ҳайвонлар ва ўсимликлар оламидан иборат. Ўсимликларни ботаника фани ўрганади. Бу фан ер юзидага ўсимликлар дунёсини, ўсимликлар организмларининг яшаш ва ривожланиш қонуниятларини, ташқи муҳитга нисбатан муносабатларини илмий жиҳатдан ўрганади.

Ўсимликлар дунёси тубан (150 минг тур) ва юксак (300-350 минг тур) ўсимликларга бўлинади. Юксак ўсимликларнинг танаси вегетатив органлардан: новда, барг ва илдизлардан иборат бўлиб, фан тилида Cormophyta дейилади.

Тубан ўсимликларнинг танасида вегетатив органлар бўлмайди ва уларни қаттана (таллом) дейилади. Қаттанада ўтказувчи найлар ҳам бўлмайди. Юксак ўсимликларнинг жинсий органлари кўп ҳужайрали, тубан ўсимликларники эса бир ҳужайралидир.

Тубан ўсимликлар кўпчилик адабиётларда Thallophyta гуруҳига қўшиб ўрганилган. ХХ асрнинг ўрталарига келиб, турли организмларнинг ҳужайралари чуқур ўрганиладиган бўлгандан кейин ҳамма тирик организмлар прокориот (“про”-аввалги, олдинги, “карион” – ядро, яъни ядроча) ва эукариотлар гуруҳи (эу-ҳақиқий асл чин, “карион-ядро”)га бўлиниб ўрганилмоқда.

Прокариотларга оид организмларнинг цитоплазмасида алоҳида ядро (мағиз) бўлмайди.

Прокориотларнинг ҳужайра деворида хитин ва целлюлоза бўлмай, гликопептид муреин деган модда бўлади. Прокориотларга кирувчи ўсимликларда ҳужайранинг митоз ва мейозга бўлиниши аниқланмаган. Уларда жинсий жараён учрамайди. Айрим вақтдагина конъюгация жараёни кузатилади.

Прокориотлар ўз ичига 3000 турни бирлаштиради. Улар асосан икки бўлимдан: увоқлилар ёки бактериялар ва кўк-яшил сувўтлардан иборат. Ҳужайрасиз тузилишга эга бўлган организмлар, яъни вируслар алоҳида гуруҳга ажратилади. Баъзи олимлар прокориотлар гуруҳини мустақил гуруҳга ажратадилар.

Ҳужайрасида ядро ажралиб турадиган организмлар-эукориотлар дейилади. Эукориотлар гуруҳининг ҳужайра цитоплазмаси таркибида ҳужайра оргенеллалари- митохондрий, пластидлар, Голджи аппарати бўлади. Ҳужайра девори хитин ва целлюлозадан иборат. Уларда турли даражада ривожланган жинсий ҳужайралар бўлади.

Эукориотлар иккита мустақил-ҳайвонлар ва ўсимликлар дунёсига бўлинади. Баъзи систематиклар замбуруғларни мустақил дунёга ажратадилар. Бунга асосий сабаб, замбуруғлар озиқланиш хусусияти жиҳатидан ҳайвонларга яқин туради. Замбуруғларнинг ассимиляция маҳсулоти гликоген бўлиб, крахмал бўлмайди.

Замбуруғлар қадимий организмлар бўлиб, органик дунё ўсимликлар ва ҳайвонлар дунёсига ажралмасдан олдин пайдо бўлган ва эволюция даврида сувдан чиқиб қуруқчиликда яшашга мослашган, уларнинг озиқланиши гетеротрофдир.

Замбуруғларнинг ҳужайра қобиғи хитин моддасидан ташкил топган, озиқни бутун тана юзаси орқали сўриб олади. Бундай озиқланишга осмотраф озиқланиш дейилади.

Замбуруғларнинг баъзи белгилари: ҳужайранинг тўхтовсиз ўсиши, кўпайиши ўсимликларга ўхшаш бўлганлигидан ҳам ботаниклар уларни ўсимликларга қўшиб ўрганадилар.

Прокориотларнинг кўпчилик вакиллари- гетеротроф, айрим вакиллари автотроф (пур-пур бактериялар, кўк-яшил сувўтлар) озиқланади. Баъзи вакиллари (бактериялар, увоқлилар, вируслар) паразитдир.

Эукориотларнинг кўпчилик вакиллари сув шароитида ўсишга мослашган. Уларнинг ҳужайрасида яшил ранг берувчи хлорофилл пигменти бўлиб, озиқланиши автотроф ёки фотоавтотрофдир. Айрим вакиллари қуруқликка мослашган бўлиб, баъзилари паразитдир.

Шилимшиқлар ва замбуруғлар гетеротроф организмлардан иборат бўлиб, сапротроф ёки паразитлик билан ҳаёт кечиради. Сапротрофлари сувда, паразитлари эса тупроқ ёки бошқа бирон субстрат организмда яшайди. Лишайниклар-тупроқ, дарахт пўстлоқларида ўсиб, симбионт ҳаёт кечиради.

Тубан ўсимликлар қуйидаги таксаномик категорияларга бўлинади: тур, туркум, оила, синф ва бўлим. Систематикада энг кичик таксаномик категория тур хисобланади.

Бир-бирига яқин бўлган турлар туркумларга бирлаштирилади. Туркумлар оилаларга, оилалар тартибларга ва синфларга, синфлар эса бўлимларга бирлашади.

Тубан ўсимликлар дунёси бир қанча илмий фанларга бўлиб ўрганилади. Микробиология, микология, вирусология, алгология ва лихенология.

Кейинги йилларда кўпчилик систематиклар бу фанларни яна ҳам аниқроқ фанларга бўлишни тавсия этадилар. Масалан, микология. Бу фан ўз навбатида қуйидаги фанларга бўлинади: замбуруғларнинг систематика, география, биология, физиология, генетика, экология ва эволюциясини ўрганадиган фанлар. Ўсимлик ва ҳайвонларга зарар етказадиган замбуруғлар ва уларга қарши кураш тадбирларини ўрганадиган фанга қишлоқ хўжалик микологияси дейилади.

Сувўтлар - Algae

Умумий таърифи. Сувўтлар қаттанали фотоавтотроф ўсимликлар бўлиб, сув муҳитида ўсади. Айрим вакиллари нам тупроқларда, дарахт пўстлоқларида ўсишга мослашган. Мазкур сувўтлар келиб чиқиши, фотосинтез аппарати (хроматофор ёки хлоропласт), фотосинтез маҳсулоти ва ҳужайрада тўпланиши, ҳаракатчан хивчинларнинг тузилишига қараб, қуйидаги бўлимларга ажратилади:


  1. Кўк-яшил сувўтлар- Cuanophyta;

  2. Яшил сувўтлар - Chlorophyta;

  3. Олтин тусли сувўтлар- Chrvsophyta;

  4. Диатом сувўтларDiatomae, Bacillariophyta;

  5. Сариқ яшил сувўтлар ёки тенг хивчинлилар бўлими - Xanthophyta;

  6. Пирофитсимон сувўтлар бўлмим – Pyrrophyta ,

  7. Эвгленасимон сувўтлар бўлими – Euglenophyta;

  8. Қизил сувўтларRhodophyta;

  9. Қўнғир сувўтлари бўлими - Phaeophyta.

Ҳозирги вақтда кўк-яшил сувўтлар бўлими прокариотларга қўшиб ўрганилади. Бунинг сабаби уларнинг ҳужайрасида мембрана такомиллашган, ядро, митохондрий, эндоплазматик тўр бўлмайди. Баъзи олимлар кўк-яшил сувўтларни цианобактерияларга қўшиб ўрганишни тавсия этадилар. Бошқа сувўтларнинг ҳамма бўлимлари эукариотларга бирлаштирилади. Эукариотларга кирувчи сувўтларнинг, ҳужайраси цитоплазматик мембрана билан ажралган бўлиб, тирик организмларнинг ҳамма хусусиятларига эга. Ҳужайра таркибида ядро, мито­хондрий, хлоропласт, Голжи аппарати каби органеллалари бўлиб, уларни эндплазматик тўр ўраб туради.

Эукариотларга кирувчи сувўтлар ҳар хил рангли, бир ҳужайрали хивчинлилардан келиб чиққан. Кейинчалик уларнинг эволюцияси параллел ўтган, шунинг учун у репродуктив ва вегетатив органларида ҳаракатчан стадиялар сақланиб қолган.



Эволюция жараёнида сувўтларнинг вегетатив қаттанаси (талломи) дифференциялланиб, морфологик жиҳатдан ҳар хил тузилган. Булар қуйидагича:

Монад—тузилган вегетатив тана, хивчинлари ёрдамида фаол ҳаракат қилади. Бундай вегетатив тана бир ҳужайрали сувўтларга хос. Монад ҳар хил ҳаракатчан (хивчинлари ёрдамида) ёки ценобий шаклда бўлади. Юқори даражада такомиллашган сувўтларнинг монад ҳужайраси жинссиз ва жинсий кўпайиш вазифасини бажаради (1-расм).

Ризоподий (амёбоид) шаклдаги вегетатив тана пўстсиз бўлиб, амёбага ўхшаш сохта оёқлар чиқариб ҳаракат силади.

Палмеллоид ёки капсал шаклдаги ҳаракатсиз ҳужайра шиллиқ билан ўралган бўлиб, узоқ муддатгача кўринмай сақланади, шамол билан узоқ-узоқларга тарқалади, қулай шароитга тушиб қолса, ўсиб кўпаяверади.

Коккоид тузилишли ҳаракатсиз ҳужайралар пўст билан ўралиб, бир-бирлари билан бирлашади ва колония ҳосил қилади.

Ипсимон тузилишли вегетатив ҳужайралар тўхтовсиз кўндалангига бўлиниб, тўсиқлар ҳосил қилади ва бўйига ўсади. Гетеротрихал тузилишли ипсимон вегетатив ҳужайра, бир ерга (субстратга) ўрнашиб, иккинчиси тикка ўса­ди.

Пластинкасимон талломли ҳужайралар энига ва узунасига бўлиниб ўсади.

Сифонли тузилишда вегетатив таллом ҳужайраларга бўлинмай, гўё бир гигант ҳужайрадек кўп ядроли бўлади. Масалан, вошерия.

Сифонокладал тузилишда вегетатив таллом кўп ядроли, ипсимон ёки бошқа шаклда бўлади.



1-расм. Сувўтлар бўлимлари орасида талломнинг такомиллашиб бориш даражаси.

Кўк-яшил сувўтлар ҳужайра тузилиши жиҳатидан бактерияларга яқин, лекин фотосинтез вақтида кислород ажратиши ва баъзи биокимёвий белгилари билан эукариотли сувўтларга яқинлашади. Шунга асосланиб, уларни фотосинтез этувчи бактериялар билан эукариотли сувўтлар ўртасидаги оралиқ дейиш мумкин.

Қизил сувўтлар пигмент тўплами, фотосинтез маҳсулоти ва хивчинли стадияларнинг йўқлиги жиҳатидан кўк-яшил сувўтлар билан алоқадор. Демак кўк-яшил сувўтлардан сўнг, қизил сувўтларни ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳужайра тузилиши. Кўпгина содда тузилган, монад шакл­даги сувўтларда ҳужайра мембрана ёки плазмолемма билан қопланган. Цитоплазма кўпчилик ҳолларда ҳужайра девори атрофида юпқа қават ҳосил қилади. Ҳужайранинг марказида вакуола жойлашган бўлиб, унда ҳужайра шираси тўпланади. Вакуола фақат кўк-яшил сувўтларидагина учрамайди.

Митохондрийлар ҳужайра мембранаси остида қат-қат бўлиб жойлашади. Қизил ва қўнғир сувўтларнинг митохондриясида ДНКнинг фибриллари борлиги аниқланган. Митохондрий ҳужайрада нафас олиш жараёнини бошқариб туради.

Голжи аппарати эндоплазматик тўрнинг охирги шохланиши бўлиб, ликопчасимон шаклда. У икки қатор мембранадан иборат. Ҳар қайси мембрана учида пуфакчалар жойлашган, улар ўз навбатида яна ҳам майдароқ пуфакчаларга бўлинади.

Ҳужайранинг юқорида келтирилган органеллаларидан ташқари, унда цитоплазманинг асосий қисми бўлган хлоро­пластлар ҳам бўлади. Сувўтларнинг хлоропластлари шакли жиҳатидан ҳар хил бўлиб, юксак ўсимликларникидан фарқ қилади. Хроматофоралар одатда цитоплазманинг ҳужайра пўсти билан ҳужайра мембранаси орасида жойла­шади. Улар шаклининг хилма-хиллиги билан характерланади. Масалан, хламидомонадаларда косачасимон, спигираларда лентасимон, диатомларда пластинка шаклида. Кўпчилик сувўтларда хлоропласт (хроматофора) шарсимон ва доначасимон бўлиб, миқдори кўп, фақат зигнемаларда у битта ёки иккита бўлиб, ҳужайранинг марказида жойлашади.

Сувўтларнинг кўпчилик вакилларида иккита, баъзан битта, тўртта ва ундан ҳам кўп хивчин бўлиши мумкин. Хивчин ҳужайранинг олд қисмида жойлашган бўлса, терминал, ёнида жойлашган бўлса, латерал хивчин дейилади.

Сувўтлар хивчинларининг узунлиги бир хил бўлса изокант хивчин, ҳар хил бўлса гетерокант дейилади. Агар хивчин бир хил тузилишли бўлса изоморф, ҳар хил тузилишли бўлса гетероморф дейилади. Гетероморф хивчинларнинг бири узун ва «шохланган» бўлса, қисқаси силлиқ бўлади. Шохланган хивчинлар ҳужайра мембранасининг тукчаларидан ҳосил бўлади, бу тукчалар мастигонем дейилади. Мастигонем мураккаб тузилишли ва ҳар хил шаклда бўлиши мумкин.



Кўпайиши. Сувўтларнинг кўпайиши вегетатив, жинссиз ва жинсий йўллар билан боради.

Вегетатив кўпайиш талломиинг бирон еридан узилиши натижасида содир бўлади. Бундай кўпайиш вақтида ҳужайра протопластида ҳеч қандай ўзгариш содир булмайди. Вегетатив кўпайишнинг энг оддий усули ипсимон сувўтларда учрайди. Бунда таллом бир неча жойидан бўлакларга (фрагментларга) ажралади. Узилган ҳужайра ўсишни давом эттиради.

Жинссиз кўпайиш махсус споралар ёрдамида боради. Кўпчилик сувўтларда жинссиз кўпайиш зооспоралар воситасида рўй беради. Зооспора яланғоч, протоплазма, битта ёки бир қанча ядро ёки хроматофорага эга. Зооспора монад шаклда, у ҳаракатчан, унинг ҳаракати (1—2—4) хивчинлари ёрдами­да амалга ошади. Ипсимон сувўти ҳужайраси бўлиниб битта йирик зооспора, бошқа сувўтларнинг ҳужайраси бир неча марта, яъни икки, тўрт, саккиз ва ундан ҳам ортиқ бўлиниб, зооспоралар ҳосил қилади.

Кўпчилик сувўтлар харакатсиз хивчинлари редукцияланган спора—аплоноспора воситаси билан ҳам кўпаяди. Қизил сувўтлар — моно- ва тетроспора, қўнғирсувўтларнинг диктиоталар тартиби ҳам тетроспоралар ёрдамида кўпаяди. Яшил сувўтлардан хлорококксимонлар тартибининг вакиллари она ҳужайра ичида жуда кўп бўлиниб, автоспоралар хосил қилади ва улар шу споралар воситасида кўпаяди.

Монад ва коккоид шаклдаги колонияли сувўтлар жинссиз кўпайиш вақтида қиз колония ҳосил қилади.

Жинсий кўпайиш кўк-яшил сувўтлардан ташқари ҳамма сувўтларда учрайди. Жинсий кў­пайиш гаметаларнинг бир-бири билан қўшилиши (копуляция этиши) натижасида содир бўлади. Гаметалар гаметангийда етилади ва сувга тушгандан сўнг қўшилиб, зигота ҳосил қилади. Зигота ичида дастлаб гаме­таларнинг цитоплазмаси (плаз­могамия), кейинчалик уларнинг ядролари (кариогамия) қўшилади. Пировардида уларнинг хромосомалари бирикиб, диплоидли фазага эга бўлган зи­гота ҳосил бўлади. Зигота тиним даврини ўтгандан сўнг, диплоидли ядроси редукцион (мейоз) бўлиниб, хромосомалар сони икки баробар камаяди. Шундан сўнг гаплоидли фаза бошланади.

Сувўтларнинг ҳаётида жинсий кўпайишнинг бир неча хили учрайди.



Жинсий кўпайишнинг энг содда хили изогамиядир. Бу жараён морфологик жиҳатдан фарқ қилмайдиган ҳаракатчан гаметаларнинг қўшилишидан содир бўлади (2-расм, 1).




Download 1.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling