Збекистон Республикаси
Download 1.14 Mb.
|
Жами Пленум қарорлари 25.12.2022 йил2 дил
Қ А Р О Р Қ И Л А Д И :
1. Уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларга доир ишларнинг тўғри ҳал этилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда якка тартибда уй қуришнинг белгиланган тартибига қатъий риоя этилишини таъминлашда, муҳим аҳамиятга эга эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин. 2. Шуни назарда тутиш жоизки, уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ қуйидаги низолар судларга тааллуқлидир, хусусан: а) уйга ёки унинг бир қисмига (улушга) бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги; б) умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида бир неча шахсга ёки умумий биргаликдаги мулк ҳуқуқи асосида эр-хотинга тегишли уйдан улушни ажратиб бериш (уйни бўлиш) ҳақидаги; в) тегишли ҳокимиятдан рухсат олинган ҳолда уйнинг ва ёрдамчи иморатларнинг устига, ёнига қўшимча иморатлар қуриш ёки уларни қайта қуришларга нисбатан умумий улушли мулкнинг бошқа иштирокчиларини эътирозлари бўлганлиги ҳақидаги; г) уйдан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги; д) умумий улушли мулк бўлган уйдаги улушлари миқдорини ўзгартириш ҳақидаги; е) умумий улушли мулк бўлган уйдаги улушини имтиёзли асосда сотиб олиш ҳуқуқи ҳақидаги; ж) уйнинг олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва бошқа шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги; з) ўзбошимчалик билан қурилган уйга нисбатан қонунда назарда тутилган ҳолларда мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидагилар. 3. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги, шу жумладан ана шундай уйга нисбатан олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, мерос олиш билан, шунингдек уйни бўлиш билан боғлиқ даъволар, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс ёки бошқа манфаатдор шахс томонидан тақдим қилинганидан қатъи назар, судларга тааллуқли эмас. Бундай даъволар арз қилинганда, суд Фуқаролик процессуал кодекси (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 194-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан аризани қабул қилишни рад этади, агар иш қўзғатилган бўлса, шахсга тегишли давлат органига ушбу талаб билан мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтирган ҳолда ФПК 124-моддасининг 1-бандига асосан иш юритишни тугатади. (Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда). Айни вақтда шуни ҳам назарда тутиш зарурки, қонун ўзбошимчалик билан уй қурган шахснинг ва бошқа манфаатдор шахснинг даъвоси, агар талаб мулк ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган, хусусан қурилиш материалларига бўлган ҳуқуқни эътироф этиш, уйга киритиш, уйдан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида берилган бўлса, судлар томонидан кўриб чиқилишини истисно этмайди. 4. Уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича ишларни тез ва тўғри ҳал этилишини таъминлаш мақсадида судлар ишларни судда кўришга тайёрлаш босқичида даъвонинг предмети ва асосини ойдинлаштириши, низоли ҳуқуқий муносабатларнинг хусусиятини ҳамда мазкур низоли ҳуқуқий муносабатга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган қонунни аниқлаб олишлари зарур. Суд уйга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи далилларни (қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, олди-сотди, ҳадя шартномаси ва шу кабиларни), уйнинг ва ер участкасининг режасини тақдим этишни тарафларга таклиф қилиши ёки ўз ташаббуси билан уларни талаб қилиб олиши лозим. Уйдан улуш ажратиб бериш (уйни бўлиш), уйни қайта қуриш ва шу каби ишларни кўриб ҳал этишда суд ФПК 204-моддасининг 7-бандига мувофиқ, тарафларнинг фикрини инобатга олиб, қурилиш-техника экспертизасини тайинлаш ва мутахассис жалб этиш масаласини муҳокама қилади. (Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда). ФПК 49-моддасига мувофиқ зарур деб топилган ҳолларда, уйга бўлган мулк ҳуқуқи ҳақидаги низолар бўйича мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ҳокимият жалб этилмоғи лозим. (Олий суд Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда). 5. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилган янги уйга бўлган мулк ҳуқуқи Фуқаролик кодексининг 210-моддасига асосан давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан вужудга келади. Уй қурилиши тамом бўлгунига ва давлат рўйхатидан ўтказилгунига қадар уй маҳаллий ҳокимият органларининг рухсатисиз бошқа шахсга бегоналаштирилиши мумкин эмас. Уйни биргаликда қураётган эр-хотиннинг, иморат солувчининг оила аъзоларининг, шунингдек меросхўрларнинг даъвосига кўра суд қурилиши тугалланмаган уйни, агар унинг тайёр бўлганлик даражасини инобатга олиб, алоҳида қилиб ажратиб бериш мумкин бўлган қисмларини кейинчалик уларнинг мазкур шахслар томонидан қурилиши охирига етказилиши техник имкониятлари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш мумкин бўлса, бўлишга ҳақли. Қурилиши тугалланмаган уйни бўлишнинг имконияти бўлмаса, суд мазкур шахсларнинг қурилиш материалларига ҳамда уйнинг конструктив элементларига бўлган ҳуқуқини эътироф этиши мумкин. 6. Уйнинг бир қисмига нисбатан уй қурилишидаги иштирокка асосланган мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги низоларни ҳал этишда судлар шуни назарда тутишлари керакки, уй қуришда иморат солувчига ёт шахсларнинг иштирок этганлиги қурилган уйнинг бир қисмига нисбатан уларнинг мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун асос бўла олмайди. Бундай шахслар уй мулкдоридан қилган харажатларини қоплаб беришни талаб қилишга ҳақлидирлар. Айрим ҳолларда, судлар ишнинг барча ҳолатларини инобатга олиб, мазкур шахсларнинг уйнинг бир қисмига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиши мумкин. Бунда тарафларнинг ўзаро ҳақиқий муносабатлари синчковлик билан текширилиши, уй қурилишида уйнинг бир қисмига нисбатан мулк ҳуқуқи бор деб эътироф этилишига даъвогарлик қилаётган шахсларнинг иштирокида амалга оширилганлиги сабаблари, тарафлар ўртасида уйга нисбатан умумий мулкнинг вужудга келиши тўғрисида келишув бўлган-бўлмаганлиги аниқланиши зарур. 7. Иморат солувчига унинг оила аъзолари ёки қариндошларининг уй қуришда ёрдам берганлиги фактининг ўзи уларнинг уйнинг бир қисмига бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантириш учун асос бўла олмайди. Бундай даъво ана шу шахслар билан иморат солувчи ўртасида уйга нисбатан умумий мулкнинг вужудга келиши тўғрисида келишув бўлган ҳамда улар (шахслар) айни ана шу мақсадда уй қурилишига ўз меҳнат ва маблағларини қўшган ҳоллардагина суд томонидан қаноатлантирилиши мумкин. 8. Уйни қуришда иморат солувчининг оила аъзолари ёки унга ёт шахсларнинг иштирокига асосланган уйнинг бир қисмига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги низоларни ҳал этишда суд ер участкасини ажратиш ҳақида қарор чиқарган тегишли ҳокимиятни арз қилинган талабга муносабатини аниқлаши ва низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиши шарт. Ҳокимиятнинг низо бўйича фикри суд томонидан ишда мавжуд бўлган бошқа далиллар йиғиндиси билан биргаликда баҳоланади. Ушбу фикр билан келишмаган тақдирда суд бунинг сабабини ҳал қилув қарорида асослантириши лозим. 9. Никоҳ вақтида, яъни биргаликдаги турмуш даврида эр-хотин томонидан қурилган ёки қонунда белгиланган асослар билан қўлга киритилган уй, бу уйни қуриш учун ер участкаси улардан қайси бирига ажратиб берилганлигидан, уйни мулк қилиб олиш тўғрисидаги шартномада улардан қайси бирининг номи кўрсатилганлигидан ва уй кимнинг номига рўйхатдан ўтказилганлигидан қатьи назар, уларнинг умумий биргаликдаги мулки ҳисобланади. Эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулки бўлган уйни бўлиш тўғрисида низо келиб чиққан тақдирда, уйнинг улардан ҳар бирига тегишли улуши миқдори Оила кодексининг 28-моддасига мувофиқ белгиланади. Агар хотин (эр) уйдан ўз улуши учун пул компенсацияси олишга рози бўлса, эрга (хотинга) берилиши ёки уларнинг умумий улушли мулки қилиб қолдирилиши мумкин. Уй умумий улушли мулк қилиб қолдирилган тақдирда, суд ўзининг ҳал қилув қарорида уйнинг эр-хотиндан ҳар бирига тегишли улуши миқдорини кўрсатиши шарт. 10. Суд олди-сотди шартномаси асосида биргаликда олинган уйга нисбатан оила аъзоларининг умумий мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги даъвони, муайян ҳолатларни инобатга олган ҳолда агар бу шахслар (оила аъзолари) билан шартномада сотиб олувчи сифатида кўрсатилган оила аъзоси ўртасида уйни биргаликда сотиб олиш тўғрисида келишувга эришилганлиги ва ана шу мақсадда оила аъзолари уйни олишга ўз маблағларини қўшганликларини аниқласа қаноатлантириши мумкин. 11. Умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида бир неча шахсга тегишли бўлган уйдан улуш ажратиб бериш (уйни бўлиш) ҳақидаги низоларни кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Фуқаролик кодексининг 223-моддасига кўра, улушли мулк иштирокчиси ўз улушини умумий мол-мулкдан асл ҳолида ажратиб берилишини талаб қилишга ҳақли. Умумий улушли мулк иштирокчисининг талаби бўйича унга умумий мулк бўлган уйдан тегишли улушини ажратиб бериш (уйни бўлиш) уйнинг ва ёрдамчи иморатларни иштирокчининг улушига мутаносиб ҳамда кириш-чиқиши алоҳида бўлган қисмини унга мулк қилиб берилишини, шунингдек у умумий мулкдаги улушга бўлган ҳуқуқини йўқотганлигини англатишини инобатга олиб, суд бундай талабни, агар ажратиб берилаётган улуш уйнинг кириш-чиқиши алоҳида бўлган қисмини ташкил этса ёки уйнинг бу қисмини тегишинча қайта жиҳозлаш йўли билан алоҳида қилиб ажратиб қўйиш мумкин бўлсагина, қаноатлантиришга ҳақли. Уйнинг бир қисмини қайта жиҳозлаш йўли билан боғлиқ ҳолда ажратиб беришга, бундай жиҳозлаш архитектура ҳамда қурилиш нормалари ҳамда қоидаларига монанд бўлсагина, йўл қўйилади. 12. Мазкур ишларни амалга ошириш учун қилинган харажатлар Фуқаролик кодексининг 221-моддасига кўра, умумий улушли мулкнинг ҳар бир иштирокчиси мол-мулкни сақлаш чиқимларида улушига қараб қатнашиши шарт эканлиги сабабли суд томонидан тарафлар ўртасида уларнинг улушини инобатга олган ҳолда тақсимланиши керак. Шу билан биргаликда мулкдорларнинг моддий аҳволини ва эътиборга лойиқ бошқа ҳолатларини эътиборга олган ҳолда суд ушбу қоидадан чекиниши мумкин. 13. Агар улушни ажратиб бериш техник жиҳатдан мумкин бўлса-ю, ҳар бир мулкдорга тўғри келадиган улуш миқдоридан чекинишга тўғри келса, суд ажратиб берилаётган улуш миқдорини муайян ҳолатларни инобатга олган ҳолда кўпайтириши ёки камайтириши мумкин. Бунга ажралиб чиқаётган мулкдорнинг улушига қўшилган уй қисми учун ёки ажралиб чиқаётган мулкдор улушининг бошқа мулкдорларда қолдирилаётган қисми учун пул компенсацияси тўлаш шарти билан йўл қўйилади. Суд уйни бўлиш ҳақидаги низо бўйича ўзининг ҳал қилув қарорида уйнинг қайси қисми алоҳида қилиб ажратиб берилаётганини ҳамда бу қисм уйнинг қандай улушини ташкил этиши аниқ кўрсатиб ўтмоғи лозим. Ажралиб чиқаётган мулкдорга қайси ёрдамчи иморатлар берилиши ҳам қарорда ўз аксини топмоғи лозим. 14. Умумий улушли мулк иштирокчисининг уйга бўлган улушини асл ҳолида ажратиб беришнинг имконияти бўлмаган тақдирда, уйнинг унга тегишли қисми ўрнига, Фуқаролик кодекси 223-моддасининг олтинчи қисмига кўра, бошқа мулкдорлар томонидан пул суммасини тўлаш ёки бошқача компенсация тўланишига унинг розилиги билан йўл қўйилади. Айрим ҳолларда, суд уйга бўлган умумий улушли мулкнинг бошқа иштирокчилари зиммасига ажралиб чиқаётган мулкдорнинг розилиги бўлмаган тақдирда ҳам унга тегишли улуш учун юқорида кўрсатилган моддий ҳуқуқ нормасига мувофиқ пул суммаси ёки бошқача компенсация тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин бўлиб, суд бу ҳолатни ўзининг қарорида асослантирмоғи лозим. Пул компенсацияси, хусусан уйга бўлган умумий мулкда мулкдорнинг улуши арзимас бўлса ва амалда уни ажратиб бериш мумкин бўлмаса ҳамда мазкур мулкдор умумий мулкдан фойдаланишдан катта манфаатга эга бўлмаса (масалан, ажралиб чиқаётган мулкдор бу уйда яшамайдиган ва бошқа уй-жой майдони билан таъминланган бўлса), тўланиши мумкин. Умумий улушли мулк иштирокчисининг уйдан фойдаланишда катта манфаатга эга бўлиш ёки бўлмаслиги масаласини суд ҳар бир муайян ҳолатдан, тарафлар томонидан тақдим қилинган далиллар йиғиндисидан (хусусан, ёшига кўра уйдан фойдаланишга муҳтожлиги, саломатлик даражаси, болаларининг ёки бошқа оила аъзоларининг шу жумладан меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг борлиги ва ҳ.к.) келиб чиқиб ҳал қилади. Санаб ўтилган шартларнинг бирортаси бўлмаган тақдирда, суд умумий мулкнинг бошқа иштирокчиларига компенсация тўлаш мажбуриятини юклашга ҳақли эмас. Мулкдор пул компенсациясини олганидан сўнг умумий улушли мулк бўлган уйдаги улушига бўлган мулк ҳуқуқини йўқотади. 15. Ажралиб чиқаётган мулкдорга бериладиган пул компенсацияси уйнинг бўлинаётган пайтдаги ҳақиқий баҳосидан келиб чиқиб белгиланади. Агар тарафлар уйнинг баҳоси тўғрисида келишувга эриша олмасалар, у ҳолда уйнинг ҳақиқий баҳоси қурилиш-техника экспертизаси ўтказиш йўли билан белгиланади ва бунда қурилиш материалларига бўлган чакана (маҳаллий) баҳо, ташиш тарифлари, ўша жойдаги ишчи кучига тўланадиган ҳақ, уйнинг эскирганлик даражаси, шунингдек бошқа муайян ҳолатлар (уйни жойлашган ўрни, ободонлаштирилганлик даражаси ва бошқалар) ҳисобга олинади. 16. Суд уйни бўлиш тўғрисидаги келишув битимини тасдиқлашда, келишув битимининг қонунга зид ёки зид эмаслигини, бошқа шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилмаётганлигини, келишув битими шартларига мувофиқ уйни бўлишнинг техник имкониятлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текшириб кўриши шарт. 17. Умумий улушли мулк иштирокчисининг мол-мулкдаги улушини имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга ошириши билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судлар қуйидагиларга эътибор қаратишлари лозим: а) Фуқаролик кодексининг 223-моддасида, мол-мулкка бўлган умумий улушли мулк ҳуқуқи умумий мулкдан улуш асл ҳолида ажратиб берилиши билан бекор бўлиши назарда тутилганлиги туфайли, фуқароларнинг уйга нисбатан умумий улушли мулк ҳуқуқи шундай тартибда бекор бўлганидан кейин улар мазкур уйдан улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини ҳам йўқотадилар; б) имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи умрбод таъминлаш шарти билан уйни бошқа шахсга бериш шартномаси тузишда татбиқ этилмайди; в) имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи бузилган тақдирда, умумий улушли мулкнинг бошқа иштирокчиси сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзига ўтказишни суд тартибида талаб қилиш учун Фуқаролик кодекси 224-моддасида белгиланган уч ойлик муддат манфаатдор шахс ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ҳисобланади. 18. Агар тегишли ҳокимиятнинг рухсати ҳамда умумий улушли мулкнинг бошқа иштирокчилари розилиги билан уйнинг устига, ёнига қўшимча иморатлар қурилганлиги ёки уй қайта қурилганлиги натижасида уйнинг фойдали майдони кўпайганлиги ёхуд уй ҳар бир мулкдор улушининг аниқ миқдоридан чекинган ҳолда бўлинганлиги натижасида ўзгариш бўлганлиги ёки мулкдорлардан бирига уйнинг унга тегишли улуши учун пул компенсацияси тўланганлиги аниқланса, уйга бўлган умумий улушли мулк иштирокчиларининг даъвосига кўра уларнинг улушлари миқдори суд томонидан ўзгартирилиши мумкин. 19. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, умумий улушли мулк бўлган уйдан улушни асл ҳолида ажратиб бериш (уйни бўлиш) мумкин эмаслиги умумий улушли мулк иштирокчисининг уйдан фойдаланиш тартибини белгилаб бериш ҳақидаги талаб билан арз қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Бундай талабни ҳал этаётганда судлар, уйдан фойдаланишнинг амалда шаклланган ва умумий мулкдаги улушларга батамом мутаносиб келмаслиги ҳам мумкин бўлган тартибини, мулкдорлардан ҳар бирининг уйдан фойдаланишга бўлган эҳтиёжини ҳамда биргаликда фойдаланишнинг реал имкониятини инобатга олишлари зарур. Амалда уйдан биргаликда фойдаланишнинг имконияти бўлмаса суд мулкдорга компенсация тўлаш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши мумкин. Мулкдорга фойдаланиши учун кириш-чиқиш йўли алоҳида, шунингдек алоҳида бўлмаган яшаш хоналари ажратиб берилиши мумкин. Бундай ҳолда, уйга нисбатан бўлган умумий мулк ҳуқуқи тугатилмайди. Ёрдамчи иморатлар ва қурилмалар (пиллапоялар, йўлак-даҳлизлар, иситкич асбоблар ва шу кабилар) умумий фойдаланишда қолдирилиши мумкин. 20. Судлар уйнинг олди-сотди, ҳадя ва шу каби шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низоларни ҳал этишда Фуқаролик кодексининг битимларнинг ҳақиқий эмаслигига оид нормаларига амал қилишлари лозим. Амалда ер участкаси сотилганлигини ниқоблаш мақсадида тузилган олди-сотди, ҳадя, уй ижараси шартномалари ва бошқа шартномалар Фуқаролик кодекси 114-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган оқибатлар билан ҳақиқий эмас деб топилади. 21. Судлар уйнинг олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя ва ҳоказо шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низоларни кўришда шуни эътиборга олишлари лозимки, уйни бегоналаштиришда, уйнинг аввалги мулкдори билан ёрдамчи иморатларни бузиш ёки кўчириб олиб кетиш хақида келишилмаган бўлса, улар уй билан биргаликда янги мулкдорга ўтади. Шуни назарда тутиш керакки, уй билан бир бутунликни ташкил этувчи хўжалик мақсадида қурилган ҳар хил иморатлар (омборхона, ёзги ошхона ва шу кабилар) ёрдамчи иморатлар деб тушунилади. 22. Уйга ёки унинг қисмига бўлган мулк ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ талабларга Фуқаролик кодексининг 150-моддасида кўрсатилган уч йиллик умумий даъво муддати қўлланилади. Судлар шуни эътиборда тутишлари жоизки, Фуқаролик кодекси 153-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд ҳал қилув қарори чиқаргунга қадар берган аризасига мувофиқ қўлланилади. 23. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс мазкур қурилмага мулк ҳуқуқини ололмайди, ФК 212-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ўзбошимча қурилмага мулк ҳуқуқини белгилаш асоси ва шартлари мавжуд бўлган ҳолатлар бундан мустасно. Download 1.14 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling