Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Download 1.1 Mb.
|
312 07.06.2022
[ОКОЗ: 1.06.00.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонунчилик. Ижтимоий ҳимоя / 06.02.00.00 Ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғуртани бошқариш] [ТСЗ: 1.Ижтимоий-маданий масалалар / Ижтимоий суғурта, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 19 январдаги ПҚ-92-сон ва «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 20 январдаги ПҚ-96-сон қарорларига мувофиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган ёшлар билан «Ёшлар дафтари»ни юритиш орқали ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида интеллектуал соғлом рақобатни шакллантириш, талаба ва ёшларнинг билим ва салоҳиятини янада ошириш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мақсадида туман ва шаҳарларда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари (кейинги ўринларда — туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаси) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаларини (кейинги ўринларда — ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармаси) ташкил этиш ҳамда ушбу жамғармалар маблағларини қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин: Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг прогнози орттириб бажарилган қисмининг камида 15 фоизи миқдорида ҳар чоракда ажратиладиган маблағлар; жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимлари ушбу қарорда назарда тутилган манбалар ҳисобидан ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағларини ўз вақтида ва тўлиқ шакллантиришга шахсан масъул ҳисобланиши белгилаб қўйилсин. 4. Қуйидагиларни назарда тутувчи: Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар)лардаги «Ёшлар дафтари» жамғармалари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ: юридик шахс бўлмаган ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармасини ташкил этиш тартиби; ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларини шакллантириш тартиби; ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларини бошқариш ва улардан фойдаланиш; Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармаларини ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармасининг, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларини туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармасининг ишчи органи этиб белгилаш; «Ёшлар дафтари»ни юритиш орқали ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин: «Ёшлар дафтари»га киритилган ва моддий аҳволи оғир ёшларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш; «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга уларнинг давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш; «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий, психологик ҳимояга муҳтож ҳамда иқтидорли ва фаол ёшларга кўмаклашиш; «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик лойиҳалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш; ёшларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, беш муҳим ташаббус доирасидаги тадбирларни молиялаштириш ҳамда амалий ёрдамлар тўлиқ кўрсатиш орқали ёшларни «Ёшлар дафтари»дан чиқариш тартиби. 5. Белгилансинки: ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаларининг даромадлар ва харажатлар параметрларини, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни, иш режаларини тасдиқлаш ҳамда маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар)лардаги «Ёшлар дафтари» жамғармалари Васийлик кенгашлари томонидан амалга оширилади; Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари — тегишли ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармаси, туман (шаҳар) ҳокимлари — тегишли туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаси Васийлик кенгаши раиси ҳисобланади; ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармалари Васийлик кенгашлари аъзоларининг фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади. 6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) Кенгашларига ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармалари даромадларининг барқарор шакллантирилиши ва ўз вақтида молиялаштирилишини доимий назорат қилиб бориш тавсия этилсин. 7. Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар «Онлайн маҳалла» электрон платформасининг «Ёшлар дафтари» ахборот тизими билан; 2022 йил 1 сентябрга қадар «Ёшлар дафтари» ахборот тизимини тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин. 8. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан «Ёшлар портали» ахборот тизими негизида яратилган «Ёшлар мурожаати» электрон платформаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси билан интеграция қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 9. 2022 йил 1 июлдан бошлаб «Ёшлар мурожаати» электрон платформасига келиб тушган мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали тегишлилиги бўйича давлат органлари ва ташкилотларига юборилиши инобатга олинсин. Бунда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши бўйича тизимли мониторинг юритилиб, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳар чорак якунида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот киритиб борилади. 10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 20 январдаги ПҚ-96-сон қарорининг 6-бандига мувофиқ 2022 йилдан бошлаб ҳар йили интеллектуал олимпиада ташкил этилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 11. Олий таълим ташкилотларининг талабалари ўртасида интеллектуал олимпиадага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 12. Ташкилий қўмита (А. Саъдуллаев): бир ой муддатда олий таълим ташкилотларининг талабалари ўртасида интеллектуал олимпиадани ўтказиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин; амалиётда тўпланган тажрибаларни инобатга олган ҳолда 2023 йил 31 январга қадар олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида интеллектуал олимпиадани ўтказиш тартибини тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин; манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда интеллектуал олимпиадани ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича барча ташкилий ва ижодий ишларни мувофиқлаштирсин; интеллектуал олимпиаданинг республика босқичи ўтказиладиган жойни белгиласин ҳамда ҳакамлар ҳайъати таркиби, апелляция комиссияси аъзолари рўйхатини шакллантирсин; интеллектуал олимпиада материалларининг махфийлигини, олимпиаданинг белгиланган талаблар асосида ўтказилишини таъминласин; интеллектуал олимпиадага таълим йўналиши, соҳаси, мутахассислигидан қатъи назар, республикадаги барча олий таълим ташкилотлари талабаларини жалб этиш чораларини кўрсин; умумжамоа ҳисобида 1, 2 ва 3-ўринни қўлга киритган олий таълим ташкилотларини мукофотлаш турларини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти совғасини белгилаш ҳамда интеллектуал олимпиаданинг ғолиб ва совриндорларига топширилишини таъминласин; интеллектуал олимпиаданинг ғолиб ва совриндорларини ўз мутахассислиги бўйича кадрлар захирасига киритиш учун уларнинг рўйхатини Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига тақдим этиб борсин; интеллектуал олимпиаданинг ташкил этилиши, ўтказилиши ва натижаларини оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб бориш чораларини кўрсин. 13. Қуйидагилар: интеллектуал олимпиада иштирокчиларининг яшаш ва транспорт харажатлари — ушбу иштирокчилар таълим олаётган олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан; ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчиларни рағбатлантириш харажатлари — Ёшлар ишлари агентлиги орқали Давлат бюджетидан «Заковат» интеллектуал клуби» нодавлат нотижорат ташкилотига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилсин. 14. Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон шахмат федерацияси, Ўзбекистон шашка федерацияси билан биргаликда интеллектуал олимпиада давомида шахмат ва шашка мусобақаларини ўтказиш чораларини кўрсин. 15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Миллий гвардия билан биргаликда интеллектуал олимпиада тадбирлари ўтказиладиган объектлар ва уларнинг атрофидаги ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати, ёнғин ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширсин. 16. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати интеллектуал олимпиада ўтказиладиган ҳамда иштирокчилар жойлашган турар жойларда тиббий хизмат навбатчилигини ташкил этиш, юқори савияда тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек, уларни зарур тиббий анжомлар, дори воситалари билан таъминлаш чораларини кўрсин. 17. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин. 18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З. Саъдуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2022 йил 7 июнь, 312-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги 312-сон қарорига 1-ИЛОВА Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар)лардаги «Ёшлар дафтари» жамғармалари тўғрисида НИЗОМ 1-боб. Умумий қоидалар 1. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги «Ёшлар дафтари» жамғармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармаси), шунингдек, туман (шаҳар)лардаги «Ёшлар дафтари» жамғармаларини (кейинги ўринларда — туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаси) ташкил этиш, уларнинг маблағларини шакллантириш ва ушбу маблағлардан фойдаланиш тартибини белгилайди. 2. Ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорига, шунингдек, туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаси халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорига мувофиқ белгиланган тартибда шакллантирилади. 3. Ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаси юридик шахс ҳисобланмайди. Ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармасининг маблағлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ғазначилик бошқармаларида, шунингдек, туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармасининг маблағлари туман (шаҳар) ғазначилик бўлимларида алоҳида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларида йиғилади. 2-боб. Ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағларини шакллантириш манбалари 4. Ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармаси қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади: Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари прогнозининг орттириб бажарилган қисмининг камида 15 фоизи миқдорида ҳар чоракда ажратиладиган маблағлар; хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари; жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари прогнозининг орттириб бажарилган қисмининг камида 15 фоизи миқдоридаги маблағлар ҳар чоракда, биринчи навбатда, тегишли ҳудуднинг қўшимча манбалари нисбатан кам миқдорда шаклланган туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаларига ўтказиб бориш юзасидан таклифларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига киритиб борсин. 5. Туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаси қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади: ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармасидан ажратмалар; туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетлари прогнозининг орттириб бажарилган қисмининг камида 15 фоизи миқдорида ҳар чоракда ажратиладиган маблағлар; Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 24 ноябрдаги ПФ-6118-сон Фармонининг 12-бандида белгиланган тушумларнинг мазкур Фармонга 3-иловага мувофиқ миқдордаги маблағлар; хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари; жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар. 6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимлари ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган манбалар ҳисобидан ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағларини ўз вақтида ва тўлиқ шакллантиришга шахсан масъул ҳисобланади. 3-боб. Ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағларидан фойдаланиш 7. Ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари: тегишли ҳудуднинг қўшимча манбалари нисбатан кам миқдорда шаклланган туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаларига; Ёшлар ишлари агентлиги директори томонидан тасдиқланган календарь режада белгиланган маҳалла, сектор, туман (шаҳар) ва ҳудуд даражасидаги лойиҳалар, ёшлар фестиваллари, форумлар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни молиялаштиришга; маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун қўшимча шароитлар яратишга мўлжалланган енгил турдаги кичик кутубхоналар ва спорт объектларини барпо этиш ҳамда уларни замонавий жиҳозлашга; маҳаллалардаги ёшлар етакчилари учун ажратилган хизмат хоналарини моддий-техник жиҳозлар (мебель, планшет, компьютер тўплами, алоқа, интернет ва бошқалар) билан таъминлашга; қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган бошқа харажатларни қоплашга йўналтирилади. 8. Туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари: «Ёшлар дафтари»га киритилган ва моддий аҳволи оғир ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда — БҲМ) 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга; «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 75 фоизигача қисмини, бироқ бир ойгача, бир ойдан икки ойгача, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун тегишлича БҲМнинг 4, 8, 12 бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қисмини қоплашга; «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга уларнинг давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга; «Ёшлар дафтари»га киритилган, деҳқончилик ва томорқа хўжалигини юритиш билан шуғулланаётган ёшларга уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун БҲМнинг 8 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга; «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда 30 фоиз, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда қоплашга; «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилишга БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга; мамлакатимиздаги профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган, «Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандларининг, шунингдек, «Ёшлар дафтарига» киритилган ёшларнинг тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб беришга; ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларини ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича олти ойгача муддатли ўқув курслар учун ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга; ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олти ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга; «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг фуқаролик паспорти (биометрик паспорт) олиш бадалини қоплаб бериш; ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг маҳаллий босқичларида қатнашиш харажатлари учун БҲМнинг 4 бараваригача ҳамда халқаро босқичларида қатнашиш харажатлари учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга; «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёш оилаларнинг ўқувчи фарзандлари учун бир календарь йилида бир маротаба мактаб формаси ҳамда ўқув қуроллари учун харажатларини қоплаш; «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар ҳамда тенгдошлари орасида намуна кўрсатган фаол ёшларнинг мамлакатимиз бўйлаб туризм объектларига саёҳатлари учун меҳмонхона ва йўл харажатларини қоплаб бериш; ёшларга таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялар соҳасига ва фанларни ўқитишга ихтисослашган таълим ташкилотларининг уч ой муддатгача нотурар жой ижара харажатлари учун БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга; моддий аҳволи оғир бўлган 30 ёшдан ошмаган бемор фуқароларга мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда субсидия ажратишга; психологик маслаҳатга муҳтож ёшларга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари томонидан пулли психологик хизмат кўрсатилиши билан боғлиқ харажатларни қоплашга; ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ бадалини тўлиқ миқдорда қоплаш учун субсидия ажратишга; ёшларга янги турмуш қураётганда, ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратишга кафиллик беришга; ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда 12 ойгача турар жой ижараси учун субсидия ажратишга; Ёшлар ишлари агентлиги директори томонидан тасдиқланган календарь режада белгиланган маҳалла, сектор ва туман (шаҳар) даражасидаги лойиҳалар, ёшлар фестиваллари, форумлар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни молиялаштиришга; маҳалладаги ёшлар етакчисининг туман (шаҳар) Васийлик кенгашига киритган илтимосномасига биноан Кенгаш раиси Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармасига «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг муаммоларини «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан етарли даражада ҳал қилинганлиги тўғрисида ахборот беради. Мазкур ахборот асосида Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармаси тавсияси билан туман (шаҳар) жамғармасидаги мавжуд маблағлар ҳисобидан маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун қўшимча шароитлар яратишга мўлжалланган енгил турдаги кичик кутубхоналар ва спорт объектларини барпо этиш ҳамда уларни замонавий жиҳозлашга маблағ йўналтириш; қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган бошқа харажатларни қоплашга йўналтирилади. 9. Ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаларининг маблағлари ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида назарда тутилмаган мақсадларга йўналтирилишига, шунингдек, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга айнан бир турдаги субсидия ёки ижтимоий ёрдам (бир марталик моддий ёрдам бундан мустасно) бошқа манбалар ва жамғармалар томонидан кўрсатилганда тақдим этилишига йўл қўйилмайди. 10. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан, зарур ҳолларда, ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида назарда тутилган мақсадлар учун маблағлар ажратилиши мумкин. 11. Ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағларини шакллантириш, бошқариш ва улардан фойдаланиш мақсадида ушбу Низомга 1 ва 2-иловаларга мувофиқ таркибда Васийлик кенгаши (кейинги ўринларда — Васийлик кенгаши) тузилади. Васийлик кенгаши таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, шунингдек, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорига мувофиқ тасдиқланади. Васийлик кенгаши раиси ва аъзолари «Ёшлар дафтари» жамғармасини бошқариш бўйича фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Васийлик кенгаши раиси «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларини бошқарувчи ҳисобланади. 12. Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармасининг, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармасининг ишчи органи ҳисобланади. 13. «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари сарфлаш Васийлик кенгаши қарори асосида сарфланади. Васийлик кенгаши йиғилишлари ҳар ойда камида икки марта — ойнинг 15-санасигача ва охирги санасигача ўтказилади. 14. Васийлик кенгаши раиси Васийлик кенгаши йиғилишларига раислик қилади. 15. Васийлик кенгашлари қарорлари Васийлик кенгаши йиғилиши баёни билан расмийлаштирилади. 16. Васийлик кенгаши: «Ёшлар дафтари» жамғармасига умумий раҳбарлик қилади ва унинг фаолиятини назорат қилади; «Ёшлар дафтари» жамғармасининг даромад ва харажатлари йиллик параметрларини, уларнинг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни, шунингдек, «Ёшлар дафтари» жамғармасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлайди; «Ёшлар дафтари» жамғармасининг йиллик иш режаси ва дастурларини тасдиқлайди; «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларидан фойдаланишда шаффофликни таъминлайди; «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан алоҳида тадбирларни молиялаштириш тартибини белгилайди; «Ёшлар дафтари» жамғармасига ҳомийлик хайриялари, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари ва грантларини жалб қилишга кўмаклашади; «Ёшлар дафтари» жамғармасига юклатилган вазифаларни Васийлик кенгаши аъзолари ўртасида тақсимлайди; «Ёшлар дафтари» жамғармаси фаолиятига тааллуқли масалаларни кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади; «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади; «Ёшлар дафтари» жамғармаси фаолиятига алоқадор бошқа масалаларни кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади. 17. «Ёшлар дафтари» жамғармасининг ишчи органи: «Ёшлар дафтари» жамғармасининг йиллик иш режаси ва дастурларини ишлаб чиқади; Васийлик кенгаши йиғилиши кун тартибига киритиладиган масалаларни тайёрлайди, йиғилиш баённомасини юритади ва расмийлаштиради; Васийлик кенгаши аъзоларига Васийлик кенгаши йиғилишининг вақти ва ўтказиладиган жойи тўғрисида хабар беради; давлат томонидан бериладиган ижтимоий кўмак ва кўрсатиладиган моддий ёрдам тўғрисидаги маълумотларни «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг якка тартибдаги анкетасида қайд этиб боради; «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг мурожаатлари билан ишлайди ва кўриб чиқиш учун Васийлик кенгашига тақдим этади; Васийлик кенгаши томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат этувчига хабар юборади. Васийлик кенгаши қарори билан ишчи органга қўшимча вазифалар ҳам юкланиши мумкин. 4-боб. Ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисобот 18. Ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳисобот бўлимлари томонидан ҳар ойнинг 5-санасига қадар харажатлар тўғрисида, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) молия бўлимлари маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисми миқдори тўғрисида Ёшлар ишлари агентлигига маълумот бериб боради. 19. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) молия органлари томонидан бюджет ижроси ҳисоботини шакллантириш даврида тегишлича «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисоботи ҳам қабул қилинади. 20. Васийлик кенгаши раиси ҳар чоракда «Ёшлар дафтари» жамғармаси даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобот беради. 5-боб. Якунловчи қоидалар 21. Ҳудудий ва туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармаларининг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига олиб қўйилмайди. 22. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат молиявий назорати инспекциясининг ҳудудий бошқармалари мазкур Низом доирасида туман (шаҳар)ларда амалга ошириладиган ишлар учун ажратилган маблағлар самарали ва мақсадли ишлатилиши бўйича назорат ўрнатади. 23. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар)лардаги «Ёшлар дафтари»жамғармалари тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги «Ёшлар дафтари» жамғармаси васийлик кенгашининг НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
Download 1.1 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling