давлат раҳбари юқорида айтган сўзларига хулоса қилиб, 2023 йилга Ўзбекистонда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном беришни таклиф қилди. Йиғилганлар ушбу таклифни гулдурос қарсаклар билан олқишлаб, қўллаб-қувватлади. Президент бунинг учун йиғилганларга миннатдорчилик билдирди.
«Инсон қадри деган ғояни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили деб эълон қилишимиз, агар [буни] чуқур таҳлил қилсак, жуда кўп ўйландик, нималар қўйиш мумкин, деб. Албатта, кечаги қилган ишимиз билан бугунгисининг давомийлиги, бардавомлиги бўлиши керак. Бардавомлик нуқтаи назардан, яна ва яна Инсон қадри деган ғоя йилларга қўшилиб давом этиши керак. Шунинг учун „Инсонга эътибор ва сифатли таълим“ [деб ном қўйдик]», — дея тушунтирди президент.
«[Инсонга] қачон эътибор бўлади? Таълим, таълим, таълим ва яна бир марта таълим. Мен олти йил олдин шу масалаларга чуқур эътибор қилиб, биринчи кундан бери таълимимиз ҳақида кўп гапираман. Агар таълим бўлса, билим бўлса, сифат ўзгаради. Таълим бўлмаса, сифат ўзгармаса, эътибор ҳам ўзгармайди», — деди Мирзиёев.
«Нима учун йилга бундай ном беряпмиз? Биз Ўзбекистонда олиб бораётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгилаганмиз. Аслида ҳам бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз бу — бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми? Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиш учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз», — деди давлат раҳбари.
Президентнинг таъкидлашича, таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир: «Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз айтганларидек, „Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади“. Шунинг учун ушбу соҳада бошлаган ислоҳотларимизни давом эттиришимиз, таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, сифатни ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал қилишимиз зарур».
Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларнинг «обрўи жойига қўйилса», мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари ва олийгоҳларда сифат ўзгаришларин амалга оширилса, «бутун ҳаракатларимиз икки-уч карра ўзгариши»ни айтиб ўтди. «Ютуқлар бизники бўлади, фақат билим керак. Билим керак, нимага десангиз, ҳар биримиз орқамизга қараб, қандай буюк аждодларнинг фарзанди эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак», — дея қўшимча қилди президент.
ТТБ бошлиғи : А.Р.Эшмуратов
Do'stlaringiz bilan baham: |