Давлат олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси параметрлари:
а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:
кундузги таълим шаклига – 115 343та;
сиртқи таълим шаклига – 36 211та;
кечки таълим шаклига – 6 325та;
б) магистрлар тайёрлаш бўйича – 12 914та;
в) нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмаси параметрлари 56та этиб тасдиқланиши мумкин.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриат кундузги таълим шакли бўйича 2 000та қўшимча давлат гранти ажратилади.
Қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 100 нафардан хотин-қизлар ўқиши учун маблағ ҳар йили маҳаллий бюджет қўшимча манбалари ҳисобидан;
молиявий барқарор давлат олий таълим муассасалари томонидан улар кенгаши қарорига асосан 50 нафаргача хотин-қизлар учун давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси тасдиқланади.
Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
зарурат бўлганда, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини киритиш ҳамда ташкил этиладиган янги олий таълим муассасалари қабул параметрларини белгилаш учун давлат буюртмаси параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар, шу жумладан республика олис ва бориш қийин бўлган туманларининг мутахассисларга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш учун олий таълим муассасалари бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул параметрларини белгилаш;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар таклифлари асосида олий таълим муассасаларининг (ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасалари бундан мустасно) нуфузи ва ҳудудий жойлашувини ҳисобга олган ҳолда, базавий тўлов-контракт қийматидан келиб чиқиб табақалаштирилган тўлов-контракт минимал миқдори ягона кўрсаткичларини таълим соҳалари бўйича белгилаш;
профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш давлат буюртмаси параметрларини тасдиқлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |