НАВРЎЗ БАЙРАМИ

Sana01.01.1970
Hajmi
#103604
Bog'liq
НАВРЎЗ БАЙРАМИ


НАВРЎЗ БАЙРАМИ

Наврўз Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ халқларининг қадимий, анъанавий янги йил байрами. Наврўз байрами Ўрта Осиёда ислом дини қабул қилинмасдан анча илгарироқ мавжуд бўлган. Наврўз байрами ҳақида Абу Райҳон Берунийнинг «Китоб ат тақвим» («Тушунтириш») ва «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарларида маълумот берилади. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғотит турк» асарида баҳорга ва Наврўз байрамига бағишланган халқ лирик қўшиқларидан намуналар учрайди. Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» китобида Наврўз байрами ҳақида қимматли маълумотлар бор.


Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча билан кундузнинг баробар келиши йил боши ҳисобланган. Бу эски қуёш йили ҳисобида фарвардин ойининг аввалига (22 март) – кеча билан кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланиш, баҳорнинг бошланиш даврига тўғри келади. Буни кичик Наврўз байрами ёки оммавий Наврўз байрами дейилган. Фарвардиннинг олтинчи куни эса катта Наврўз байрами ёки махсус (хусусий) Наврўз байрами деб аталган. Анъанага кўра, кичик Наврўз байрамдан бошлаб ҳамма нарса амалга киради, деб, ҳисоблашган.
Наврўз байрамини пайдо бўлишини бизгача етиб келмаган қадимий паҳлавий китоблардаги маълумотлар асосида Абулқосим Фирдавсий ўзининг «Шоҳнома» асарида ярим афсонавий шоҳ Жамшид номи билан боғлайди. «Жамшид темир эритиб қурол ясашни, ип йигириб, тўқиб, кийим тикишни, уй, ҳаммомлар қуришни ихтиро қилади, сўнг кишиларни ўз қобилияти ва ҳунарига қараб гуруҳ-табақаларга ажратади. Ниҳоят, бир куни бир тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади, бу фарвардиннинг биринчи куни эди. Ҳамма жуда бахтиёр, ғаму-андуҳни унутиб, шу куни барча Жамшидни табриклайди ва байрам янги йил боши бўлиб анъанага айланиб қолади».
Тарихий манбаларга қараганда, Наврўз байрамини (Н.б.)1 ўтказиш ахмонийлар давридан бошлаб анъанага айланиб қолган ва Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон халқларида энг катта байрам ҳисобланган. Бу ўлкаларга ислом дини киритилган пайтда Н.б. таъқиқланган. Аммо подшо саройларида расмий сифатда байрам этилмаса-да, халқ ўз севган байрамини давом эттирган. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиё ва Эрон халқлари араб халифалиги ҳукмронлигидан қутилган давр (9-10 асрлар)дан бошлаб Н.б.ни ўтказиш яна расмий тус олган. Абу Райҳон Беруний «Ёдгорликлар» китобида маълумот беришича, байрам фарвардиннинг олтинчи куни, яъни катта Наврўзга қадар давом этган. Сосоний подшолари 6 кунда 6 тоифа халқни қабул этганлар ва тортиқлар улашганлар. Н.б. куни маҳбусларни озод қилиш анъанаси ҳам бўлган. Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» китобида ёзишича, Н.б.ни ўтказишнинг шоҳлар учун махсус тартиб қоидаси бўлган. Уй-жойларни тозалаш, кўкат ва гуллар билан безаш, ота-она, яқин кишилар билан дийдорлашиб келиш, марҳумлар қабрларини зиёрат қилиш кабилар оддий халқ орасида ҳам одат тусига кириб қолган. Тожик ва Эрон халқларида Н.б. дастурхонига номи «С» ҳарфидан бошланадиган етти хил овқат қўйиши («Хафтсин») одати бор. Бошқа халқлар сингари, ўзбеклар ҳам бу кунни қадим замонлардан буён янги йилнинг бошланиши деб қувонч билан қарши олганлар. Н.б.нинг бошланишидан бир неча кун илгари тайёргарлик кўрилган. Одатда Н.б.дан 15 кун олдин буғдой ёки арпани ундиришга қўйилган ва унинг майсасидан Н.б. кунлари сумалак қилинган. Ёшлар Н.б.ни кечаси билан ухламасдан эртак ва ҳикоялар айтишиб, ўйин-кулгу билан кутиб олишган. Н.б.нинг биринчи куни отчопар, улоқ, кураш сингари ўйинлар, сайил ўтказилган. Ёшлар баҳор ҳақида қўшиқ айтганлар. Агар Н.б. арафасида бирор киши вафот этган бўлса, дафн этиш кечиктирилган. Н.б.да мотам маросимлари ўтказилмаган.
Н.б.да кўкат чучвараси, ялпиз сомса каби янги таомлар пиширилган. Н.б. халқ ўртасида баҳор байрами бўлиб қолмоқда. Н.б. 70-йиллардан бошлаб Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида анъанавий тарзда кенг нишонланмокда. Яқин Шарқ мамлакатларида Н.б. расмий янги йил байрами ва йил боши ҳисобланади.
Наврўз – (мусиқада) – Ўн икки мақом тизимидаги овозлардан бири; бир неча шўъба номининг таркибий қисми. М: Ўн икки мақом тизимида Наврўзи ажам, Наврўзи apaб, Наврўзи баётий, Наврўзи хоро, Наврўзи Сабо каби шўъбалар бўлган.
Шашмақомнинг наср деб аталадиган шўъбалари қаторида Наврўзи Сабо, Наврўзи ажам ва Наврўзи хоро учрайди. Наврўзи Сабонинг тузилиши мураккаб бўлиб бир байт шеър билан куйланадиган 1-хати даромад, 2-3- хатлари миёнхат такрори, 4-хати дунаср, 5-хати миёнхат такрори, 6-7- хатлари Намуди Сегоҳ авжи, 8-хати яна миёнхат такрори, охирги хат туширим қисмларидан таркиб топган. Наврўзи сабодан кейин бошқа биринчи гуруҳ шўъбалардагидек тарона эмас, балки талқинча доира усулидаги шoхобчаси келади. Наврўзи сабо сегоҳ мақомининг Наврўзи хоро, Наво ва Дугоҳ мақомларидаги Ҳусайний шўъбасига оҳангдош. Мазкур шўъба Домла Ҳалим Ибодов ижросида юксак бадиий талқин ифодасини топган ва грампластинкаларга ёзиб олинган. Наврўзи ажам ҳам даромад билан бошланади. 2-3-хатлари миёнхат, 4-хати Намуди Насруллойи, 5-7-хатлари Турк авжи бўлиб, куйнинг асосий йўлига уланиб кетади. 8-хати тушириш қисмидан иборат. Наврўзи ажамдан кейин унинг таронаси ижро этилади. «Наврўзи ажам» номли халқ куйи ҳам мавжуд, унинг оҳанглари Шашмақомдаги Наврўзи ажамдан фарқ қилади. Наврўзи хоро, Наврўзи сабо шўъбасининг маълум кўриниши бўлиб, бунда Намуди сегоҳ тушириб қолдирилади, ўрнига дунасрдан авж сифатида фойдаланилади, Наврўзи хоро кетидан унинг учта таронаси ижро этилади ва Наврўзи ажам шўъбасига уланиб кетади.
Ўзбекистон ҳудудида наврўз номли гуллар ҳам учрайди.

Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling