4

Sana01.01.1970
Hajmi
#104289

4-МАВЗУ. ҲИССИЁТ
РЕЖА
1. Ҳиссиёт тўғрисида умумий тушунча. Ҳиссиётнинг ўзига хослиги. Эмоция, ҳиссиётнинг импрессив томони, эмоционал ҳаракатларнинг экспрессив томони, динамик стереотип, амбивалентлик.
2. Ҳиссиёт ва эмоционал ҳолатларнинг физиологик асослари. Одам ва ҳайвон эмоциялари. Ҳиссий ҳолатларнинг ифодаланиши. Ҳиссий кечинмаларнинг шакллари. Ҳиссий тон, кайфият, аффект, стресс холатлари. Юксак ҳислар. Праксик ҳислар, аҳлоқий ҳислар, эстетик ҳислар, интеллектуал ҳиссиётлар.
3. Шахс фидойилик туйғусини психологик бахолаш. Ватанпарварлик ҳис-туйғусини баҳолаш мезонлари.


4-THEME. FEELING
PLAN
1. A general understanding of emotions. The peculiarity of the sensation. Emotion, the impressive side of emotion, the expressive aspect of emotional action, dynamic stereotype, ambivalentness. Physiological principles of emotions and emotional states.
2. Human and animal emotions. Expression of emotional states. Forms of emotional experiences. Emotional tone, mood, affection, stress. The high senses.. Pracsik perceptions, moral perceptions, aesthetic perceptions, intellectual feelings.
3. Psychological evaluation of the individual's selflessness. Evaluation criteria for patriotism.


Таянч сўз ва иборалар: ҳиссиёт, ҳиссий ҳолатлар, ҳиссий тон, кайфият, аффект, стресс, юксак ҳислар, праксик ҳислар, аҳлоқий ҳислар, эстетик ҳислар, интеллектуал ҳиссиётлар


Ҳиссиёт ҳақида умумий тушунча
Ҳиссиёт ёки туйғу-эмоция шахс руҳий ҳаётининг шундай томонини, бунда ташқи таъсиротнинг характери ва шахснинг унга бўлган муносабатлари ифодаланади.
Баъзи предметлар, воқеалар, ҳаракатлар шахсни қувонтиради, ҳузурбағишлайди, хурсанд қилади. Баъзи предметлар эса шахсни хафақилади, меҳр-ғазабини қўзғайди, беҳузур қилади.
Ташқи таъсиротнинг характерига (ижобий ёки салбийлигига) қараб шахс унга нисбатан ўзининг муносабатини билдиради. Ташқи таъсиротнинг ёқимли томонлари шахсда ижобий муносабатларни вужудга келтиради. Маза қилиш, қойил қолиш, ҳузур-ҳаловат, севинч, қувонч, хурсандчилик каби ҳолатлар ижобий муносабатнинг кўринишларидир.
Ташқи таъсиротнинг нохуш, ёқимсиз томонлари шахсда салбий муносабатларни пайдо қилади. Ғазабланиш, ранжиш, хафалик, қўрқиш, беҳузур бўлиш кабилар салбий муносабатнинг кўринишидир.
Шахс ўзининг кундалик фаолиятида турли-туман ҳиссий ҳолатларни бошдан кечиради. Агар у хавф остда бўлса, қўрқувни ҳис қилади, муваффақиятга эришса завқланади, интилиш ва ҳаракатлари тўғри, унумли рўёбга чиқса қувонади, руҳи кўтарилади. Демак, шахсда турли ҳис-туйғуларнинг вужудга келиш манбаи унинг эҳтиёжлари, натижалари ва истакларидир.
Шахснинг ўз эҳтиёжларини қондириш йўлидаги ҳаракатларининг муваффақияти ижобий ҳисларни, унинг қийинчиликларга дуч келиши, мағлубиятга учраши эса салбий туйғуларни уйғотади.
Турли эмоциялар шахснинг хулқ-атворига ўзига хос ҳиссий оҳанг беради, беқарор кечинмаларни вужудга келтиради. Баъзан эса эмоциялар тўсатдан ва шиддатли пайдо бўлиб, тез ўтади.
Шуни ҳам таъсидлаш лозимки, эмоционал ҳолатлар одамларда турлича кечади. Баъзи одамларда бу ҳолдатлар барқарор, таъсирчан, чуқур кечса, айрим одамларда енгил ўтади. Шахслар ҳис-туйғуларининг чуқурлиги, кучи, барқарор ёки беқарорлиги билан бир-бирларидан фарқ қиладилар. Ҳар бир шахсдаги ҳиссиё ҳолатлар унинг бой ички дунёси, ғоявий йўналиши, эътиқод ва идеаллари билан боғлиқ бўлади.
Ижобий ҳис туйғулар шахснинг бутун вужудини қамраб олади, унинг ҳатини янада мазмунли, тўлиқ ва бахтиёр қилади. Бундай ҳислар шахсга қаноат бағишлайди.
Баъзи шахслар жуда бардошли бўладилар, уларнинг ҳис-туйғулари узоқ давом этадиган, барқарор характерга эга бўлади. Бошқа тарздаги кишиларда эса эмоционал ҳолатлар таъсирчан бўлади. Агар бу тарздаги шахс бировни севиб қолса, ўз севгисини фаол намоён қилади, севимли кишисига ҳаддан ташқари ғамхўрлик кўрсатади, ундан жонини ҳам аямайди. Уларда нафрат ҳисси ҳам кучли ва таъсирчан бўлади, бу ҳис уларга куч-қувват ва жасурлик бағишлайди.
Ҳис-туйғулар шахс тўғрисида, унинг психик ҳолатлари ва индивидуал хусусиятлари тўғрисида хулоса чиқаришга имкон беради. Ҳиссиётларнинг бир мақсадни кўзлаши, принсипиаллиги шахсни сўзи билан иши бир бўлган баркамол одамга айлантиради.
Ҳиссиётларда субъектливлик ва социаллик моҳияти мавжуддир. Ҳиссиётларга субъективлик моҳияти нуқтаи назаридан бериладиган баҳо ғамма вақт ҳам унинг социал моҳиятига тўғри келавермайди. Субъектив равишда нохуш, шахсни ранжитадиган кечикмалар социал эътибори билан ижобий ҳиссиёт бўлиб, азоб ҳисси билан кечирилади. Аммо социал моҳияти нуқтаи назаридан уялиш юксак ижобий ахлоқий ҳисдир. Агар интизомини бузган талаба ўқитувчи томонидан тартибга чақирилганда уялиб қизармаса, у энг юқори инсоний фазилатдан маҳрум бўлган бўлади. Ғазаб ёки нафрат субъект учун, салбий, нохуш ҳолатдир. Лекин ғазаб, нафрат душманига қаратилган, ахлоққа хилоф ҳаракатга, интизомсизлик, қонунбузарликка қаратилган бўлса, юксак ахлоқий ахлоқий ҳис сифатида ижобий моҳият касб этади. Шунинг учун ҳам ҳиссиётларга социал нутаи назардан ёндашганда юксак ғоявийлик, халқчиллик ва принсипиалликка асосланиш зарур. Бу жиҳатдан Баҳоуддин Нақшабндийнинг қуйидаги фикри алоҳида моҳият касб этади: «Ҳазрати Баҳоуддин, қаҳр билан толибга таъсир этиш тўғрими», деб сўзладилар. У киши шундай жавоб берди: Қаҳр, яъни ғазаб икки хил маънога эга бўлади, ҳақиқий қаҳр ғазаб камолот сифатидир. Бунда тарбияланувчини лойқайдлиги учун уни ғазаб билан тўғри йўлга йўналтирилади. Сабабсиз қаҳр-ғазабланиш зарарлидир».
Ғазаб ҳолатининг психологик моҳияти ҳақида Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асарида (Тошкент, «Ўқитувчи» нашриёти, 1992, 41-42 саҳифалар) махсус боб берилган. Олим одамни ғазаб ҳолати ёмон, оқибатларга бошлаши мумкинлигини уқтириб, босиқ, вазмин, кучли ирода эгаси бўлиш зарурлигини таъкидлайди. Жумладан у ёзади: «… ғазабни жабр ва зулм тариқила ишлатмасдан ниҳоятда ёҳтиёт бўлмоқ лозимдур. Нафснинг ғуруридан пайдо бўлган ғазаб инсонни оламлик азобларга гирифтор қиладур. Чунки бу шиддат ва ҳаракатнинг таъсири вужудингдаги қонни бузиб, ҳаракат қилдуриб, димоғига ҳужум қилиб, ақлни паришон қилурда кишининг ихтиёрини қўлидан олур ва бу сояда ўзини ёхуд бошқа бир кишини ҳасрат ва надоматга дучор қилур. Ғазаблик кишилар қанча ақл ва идрок соҳиби бўлса ҳам, ғазаб қони қўзғалган замонида ўзини тўхтатолмас, ақл ва идрокидан айрилуб, бир ёмон ишни қилуб қўяди, сўнгидан пушаймон бўлур».
Эмоционал ҳаракатлар барқарор ёки беқарорлиги нуқтаи назаридан қуйидаги уч гуруҳга ажратилади:
1. Бир неча ой ёки йиллаб давом этадиган узоқ муддатли ҳолатлар;
2. Кунлаб, ҳафталаб, ойлаб давом этадиган ҳолатлар;
3. Секундлаб, минутлаб, соатлаб давом этадиган ҳолатлар.
Эмоционал ҳолатларнинг бу тарзда уч гуруҳга бўлиниши уларнинг таъсир характери ва шахснинг индивиудал сифатларига боғлиқдир. Бир таъсирнинг ўзи ҳар қайси шахсга турлича куч билан ётади ва турли даражадаги ҳиссий ҳолатларни вужудга келтиради.
Турли ҳиссий ҳаракатларни вужудга келтирувчи сабаблар стимуллар ёки манбалар дейилади. Ижобий ҳиссий ҳолатлар ҳам, салбий ҳиссий ҳолатлар ҳам шахснинг ҳаракатларида ифодаланади. Баъзи эмоционал ҳолатлар шахсда кучли интилиш, фаол ҳаракатни юзага келтиради, баъзилари эса секинлик билан ўтади. Бунда интилиш жуда сус бўлади ёки бутунлай бўлмайди. Бу хилдаги пассив ҳиссиётлар сентименталлик деб юритилади. Синтементаллик ҳаракатсиз ҳиссиё ҳолат бўлиб, бунда шахс сўз билан чекланади, афсус, оҳ-воҳ, кўз ёшидан нари ўтмайди.
Шахсда қўзғалишларни юзага келишига қараб ҳиссиётлар стеник ва астник кабиларга бўлинади. Стеник ҳолатлар кучли ғайрат уйғотади, шижоатга сабаб бўлади. Масалан, кучли қувонч, қаттиқ ғазаб, жанговор руҳ, мардлик, ғалаба қувончи ва ҳ.к.
Шахснинг ҳаётий фаолиятини пайсайтирадиган, ғайратни сусайтирадиган ҳолатлар астеник ҳиссиётлардир. Қайғу-ҳасрат, умидсизлик, лоқайдлик, ғам, афсус, ажабланиш кабилар астеник ҳолатлардир.
Турли эмоционал ҳолатларнинг пайдо бўлиши асосида мия пўстлоғи остида рўй берадиган жараён-шартсиз рефлекслар ётади. Руҳий кечинмалар организмдаги физиологик ўзгаришлар билан доимо боғлиқдир. Одам турли руҳий ҳолатларни бошидан кечираётганида қон айланиши ўзгаради, юрак уриши сусаяди ёки тезлашади, нафас олиш ўзгаради, овқат ҳазм қилиш ва ички секресия безларининг фаолияти ҳамўзгаради. Бу ҳолатларнинг ташқи ифодаси ҳам рефлекторлик характерига эга.
Одам кучли қувноқлик, қаттиқ қўрқув, ғазаб каби ҳолатларни бошидан кечираётганида унинг ташқи қиёфасида ҳам жиддий ўзгаришлар юз беради, чеҳраси оқаради, қизаради нутқи бузилади ёки вақтинча йўқолади.
Кейинги вақтларда жиддийлик вазияти ёки стресс1 деб аталувчи кескин вазият туфайли юзага келадиган эмоционал ҳолатларни ўрганишга катта эътибор берилаяпти. Жиддийлик кишининг жисмоний ёки ақлий меҳнат қилаётган вақтида бирданига вазиятнинг ҳаддан ошиб кетиши ва ҳаттоки хавфли вазият бўлиб қолган вақтда ҳам тез зарурий чора топиш керак бўлиб қолганда вужудга келадиган ҳаракатдир. Жиддийлик ҳолатида юрак ишида, қон томирлари ва нафас олиш системасида анча ўзгаришлар юз беради. Лекин ички органларнинг қай даражада ўзгаришига қарамасдан, эмоциянинг мазмунини англаб бўлмайди. Масалан: томир уришининг тезлашиши кишининг бирор нарсадан қўрққанидан ҳам ёки шодланишидан ҳам бўлиши мумкин. Янада кучлироқ стресс ҳолатида кишининг ҳатти-ҳаракатларида тартибсизлик бўлиши, сўзлаганда адашиш, дудуқланиб қолиш, фикрлар мантиқий боғланмаган бўлиши мумкин.
Одатда стресс ҳолатининг жуда кучли бўлиши тескари реаксия бериши ҳам мумкин, яъни бош мия пўстлоғида умумий тормозланиш жараёнини вужудга келтириши, кишини пассивлаштириб, фаолиятини тамомила сусайтиради. Лекин жиддийлик (стресс) ҳолатининг нормал кўчишида кишининг ҳаётий тажрибаси, кучли иродаси, ғоявий жиҳатдан чиниққанлиги катта рол ўйнайди.
Ҳиссий ҳолатлар учун характерли бўлган физиологик жараёнларининг асоси мураккаб шартсиз ва шартли рефлекслардир. Шартли рефлекслар системаси катта мия ярим шарлари пўстида ҳосил қилинади ва мустаҳкамланади. Мураккаб шартсиз рефлекслар эса ярим шарларнинг пўстлоқ ости бўшлиқлари, мия стволига тегишли кўриш тепачалари ва нерв қўзғалишларини миянинг юқори бўлимларидан вегетатив нерв системасига ўтказиб берувчи бошқа марказлар орқали амалга оширилади. Демак, турли ҳиссий ҳолатлар ҳамма вақт мия пўсти ва пўстлоқ ости марказларининг биргаликдаги фаолияти натижасидир.
Одамда ҳиссий ҳолатлар юзага келиш тезлиги, кучи, давомийлиги жиҳатдан хилма-хи бўлади. Эмоционал ҳолатлар одамларда турлича тезлик билан пайдо бўлади, секин ёки тез алмашинади, ҳар бир шахснинг индивиудал имкониятлари билан боғлиқ ҳолда қўзғалади ва яна аслига қайтади.
Баъзи шахсларда, эмоционал ҳолатлар шундай тез ўтадики, унинг қай даражада тез юзага келгани ва ўтиб кетганини белгилаб бўлмайди. Иккинчи томондан, ҳиссий ҳолатнинг кучи вужудга келувчи туйғуларнинг моҳиятига – ёқимли ёки ёқимсизлигига ҳам боғлиқ бўлади.
Ҳиссиётнинг кучи шахснинг ахлоқий сифатларига таъсир этади. Эмоционал ҳолатлар туфайли одамда ахлоқий сифатлар кучаяди, идрок, хаёл ўзгаради, фикрий жараён жадаллашади. Баъзан эса кучли эмоционал кечинмалар туфайли одамнинг тафаккури бузилади, одам изтироб ҳолатига, қаттиқ ҳаяжонга йўлиқади. Натижада одам ножўя ҳаракатларга йўл қўяди, ўз шароитига тўғри баҳо бера олмайди.
Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, агар ҳиссиётлар одамнинг онги назоритда бўлса ижобий моҳият касб этади. Бундай ҳиссиётлар катта-катта тўсиқларни енга оладиган кучли ҳаракатларда ифодаланади.
Кучи жиҳатидан бўлгани сингари барқарорлиги жиҳатидан ҳам эмоционал кечинмалар бир-биридан фарқ қилади. Узоқ давом этувчи кечинмалар барқарор, қисқа муддат давом этувчи кечинмалар эса беқарор туйғулар деб юритилади.
Одам интилишларининг хилма-хиллиги туфайли унинг дунёқараши, эътиқоди ва майллари билан боғлиқ ҳолда унда чуқур мазмунли туйғулар бўлади. Чуқур туйғуларнинг изи хотирада узоқ вақт сақланади. Одатда тасодифий туйғулар беқарор бўлади ва хотирада узоқ сақланмайди. Умуман шахсда юзага келувчи туйғуларнинг кучи, барқарор ёки беқарорлиги ва чуқурлиги нерв системаси типига, эҳтиёжларга, таъсиротларнинг субъектив ва ижтимоий моҳиятига ҳамда унинг индивиудал хусусиятларига боғлиқдир.
Ҳиссиётларнинг тезлиги, кучи, барқарор ёки беқарорлиги ва чуқурлиги нуқтаи назаридан эмоционал ҳолатлар қуйидаги турларга бўлинади:
1. Кайфият;
2. Аффект;
3. Эҳтирос;
4. Руҳланиш.
Кайфият узоқ муддатли, ўртача кучга эга бўлган руҳий ҳолатдир. Одамдаги хурсандлик ёки ғамгинлик кайфияти маълум сабаблар асосида вужудга келади.
Шахснинг ўз фаолиятида ютуқларга эришиши унда яхши, тетик кайфиятни юзага келтиради, муваффақиятсизилиг эса, маъюслик, руҳий тушкунлик, ғамгинлик кайфиятини туғдиради.
Одамлар кайфиятнинг хурсандлик, хушчақчақлик, ғамгинлик, маъюслик, тушкунлик каби кўринишларга қараб хушчақчақ, очиқ, ғамгин, серташвиш бўладилар. Кайфият одамнинг барча психологик ҳолатларига ва ҳатти-ҳаркатларига эмоционал тус беради. Агар одамнинг кайфияти яхши бўлса, бу ҳол унинг бутун фаолиятига таъсир этади, одамга куч-қувват бағишлайди, унинг ишини янада сифатли ва унумли қилади. Ғамгинлик кайфияти эса одамнинг фаолиятига салбий таъси этади, унинг руҳини туширади, умидсизликка сабаб бўлади.
Одамнинг бетоблиги ҳам унинг кайфиятига салбий тус беради. Масалан, боши оғриган киши ҳеч вақт ўзининг димоғини чоқ деб ҳисобламайди, у ўзини нохуш ҳис қилади.
Одамда турли кайфият ҳолатларининг вужудга келиши унинг ғоявийлиги, эътиқоди, дунёқараши ва индивидуал хусусиятларига ҳамда иродалилигига боғлиқдир.
Одам ўзининг барча психологик ҳолатларни идроа қилиш имкониятига эга. Кучли ирода эгаси бўлган одамлар ўз кайфиятларини бошқара оладилар, ҳамма вақт уларнинг руҳи тетик, димоғи чоқ бўлиб юради, улар ўз кайфиятларининг қули бўлиб қолмайдилар. Иродаси мустаҳкам бўлмаган шасхларда кайфият тез бузилади, улар кайфиятнинг кўринишларини азоб ва қийноқ билан ўтказадилар.
Тез пайдо бўладиган ва қисқа муддат давом этадиган кучли эмоционал ҳолат аффектдир. Одам аффект ҳолатида ўзини билмай қолади, ҳатти-ҳаракатларини назорат қила олмайди. Тўсатдан юз берадиган кучли тарздаги қўрқув, ғазаб, аччиқланиш, қувонч кабилар аффек ҳолатидир. Бу ҳолат одамда тўсатдан пайдо бўлиб, баъзан ҳатто бир неча минут давом этади. Одамдаги бу ҳолат бақириш-чақириш, ҳайқириш тарзида намоён бўлади. Бу пайтда тафаккур фаолияти сусаяди, нутқ кескин равишда бузилади. Баъзи ҳолларда аффект ҳолати натижасида организмда кучли физиологик жараёндар юз беради, организм бўшашади, ҳаракат сусаяди.
Аффект ҳолатида одамнинг иродаси бўшашади, одам ўзини тута олмайди. Мустаҳкам иродали одамлар аффект ҳолатида ҳам ўзларини тута биладилар. Кучли хафалик ва қувонч ҳолатларини осонлик билан ўтказадилар, улар аффект ҳолатларига кам берилувчан бўладилар. Турли аффект ҳолатларига берилувчанлик ёки берилмаслик нерв системасининг хусусиятига ҳам боғлиқ бўлади. Қизғин темпераментли одамлар айниқса аффект ҳолатига берилувчан бўладилар.
Ота-оналар, ўқитувчилар, тарбиячиларнинг аффект ҳолатига кам берилувчан бўлиши мақсадга мувофиқдир. Фарзанд, ўқувчи ёки тарбияланувчи ёшлик, тажрибасизлик туфайли ножўя иш қилиб қўйиши мумкин. Бунда аффект ҳолатига тушган ота-она, ўқитувчи ёки тарбиячи нотўғри йўл тутиши, жазони меъёридан ошириш мумкинки, бу ҳол ёмон оқибатларга олиб келишгача бориб етади.
Тез пайдо бўладиган ва узоқ давом этадиган барқарор эмоционал ҳолат эҳтиросдир. Эҳтирос одамнинг ўз олдига қўйган мақсадига эришмоққа ғайрат билан интилишдан иборат бўлган зўр куч ҳисобланади.
Агар одамнинг эҳтирослари катта мақсадларга эришишга қаратилган бўлса, у ижтимоий моҳият касб этади ва катта янгиликларга олиб келади. К.Е.Сиалковский бутун умрини космосга учиш масалаларини илмий жиҳатдан ишлаб чиқишга сарфлади, шу эҳтирос билан яшади.
Эҳтирослар ижобий ва салбий моҳиятга эга бўладилар. Аниқ нарсага ёки воқеага қаратилган эҳтирослар ижобий эҳтирослардир. Билимга, санъатга, ҳунарга, меҳнатга бўлган эҳтирослар ижобий эҳтирослар жумласига киради. Ичкиликбозликка, қиморга, картабозликка, молпарастлик ва пулпарастликка бўлган эҳтирослар салби эҳтирослардир.
Салбий эҳтирослар жамиятга зарар келтиради, шахсни бебурд ва пасткаш кимсага айлантиради.
Фақат ижобий моҳиятга эга бўлган, аниқ мақсадга катта куч ва истак билан интилишидан иборат эмоционал ҳолат руҳланишдир.
Одам фаолиятининг муваффақиятли маҳсули уни руҳлантиради. Меҳнатга берилган баҳо, уни рағбатлантириш ҳам одамнинг руҳини кўтаради, тетиклаштиради.
Кайфиятнинг кўтаринки кўриниши бўлган руҳланиш баъзан қисқа, баъзан эса узоқ муддат давом этади. Руҳланиш бир шахсга, гуруҳга, жамоага ва бутун жамият аъзоларига тааллуқли бўлиши мумкин. Фанда эришилган, ҳаётда юз берган янгилик ва яратувчиликлар жамиятимиз аъзоларининг ҳаммасини баббаравар руҳлантиради.

Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling